Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 37 / Солиқ маслаҳатчиси тушунтиради

«0» даражали ҚҚС ҳақида нима биласиз?

«СБХ»нинг 25.08.2015 йилдаги 33-34 (1097-–1098)-сонларида ҚҚС бўйича салбий фарқни қайтариш масаласини ёритган эдик. Шундан сўнг таҳририятимизга ноль даражали ҚҚС масалаларида ҳам батафсилроқ тушунча беришимиз сўралган мурожаатлар келиб туша бошлади. Шунинг учун бу сонда ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинадиган оборот ҳақида гаплашамиз.

Ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинадиган оборот масаласи Солиқ кодексининг 38-боби билан тартибга солинади. Бу солиқ солинадиган маҳсулотларни реализация қилишда корхона ҚҚС тўламаслигини англатади. Бундай ставка қўлланилганда таъминотчиларга тўланган ҚҚС суммаси ҳисобга қабул қилинади. Яъни корхона ноль даражали ставка билан солиқ солинадиган оборотлар бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) харидоридан ҚҚС ундирмайди, бироқ хом ашё, материаллар, ишлар ва хизматлар етказиб берувчиларга уларни амалга ошириш билан боғлиқ тўланган ҚҚС суммаларини ҳисобга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қуйида ҳисоб-китобларда ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси қўлланиладиган вазиятларни кўриб чиқамиз. 

 

ТОВАРЛАРНИ ЭКСПОРТ ҚИЛИШ

Товарларни чет эл валютасида экспортга реализация қилиш (қимматбаҳо металлар бундан мустасно) оборотига ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинади.

Товарларнинг Ўзбекистон божхона ҳудудидан четга чиқарилиши (уларни қайта четдан келтириш мажбуриятисиз) товарлар экспорти ҳисобланади. Божхона экспорт режимининг бошқа божхона режимларидан асосий фарқи ана шунда. Бинобарин ноль даражали ставкани қўллаш мақсадида товарлар ҳар қандай хорижий валютада экспорт қилиниши мумкин.

Товарнинг Ўзбекистон божхона ҳудудидан четга чиқарилиши ва хорижий валютада тўлов олиниши товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишда ноль даражали ставкани қўллаш учун аниқловчи омил бўлади.

Товарларни экспорт қилишда ноль даражали ставка қўлланиши учун уларнинг экспорт қилиниш далили тасдиқланиши зарур. Солиқ кодексининг 213-моддасига асосан, қуйидагилар ана шундай тасдиқ бўлиб хизмат қилади:

 контракт (белгиланган тартибда тасдиқланган контракт нусхаси);

 экспорт режимида товарлар чиқарилишини амалга оширувчи божхона органининг қайдини ўз ичига олган БЮД;

 Ўзбекистон божхона ҳудудидан ўтказиш пунктида жойлашган божхона органининг қайдини ўз ичига олган, товарлар белгиланган мамлакатга жўнатилишини тасдиқловчи товарга илова қилинадиган ҳужжатлар.

Экспортёрлар (ҚҚС тўловчилар) ўз маҳсулотларига ҳам, экспортга қайта сотиш учун харид қилинган реализация қилинадиган товарларга ҳам ноль даражали ставкани қўллашлари мумкин. Бунда Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари билан ўзгача қоидалар белгиланган тақдирда, халқаро шартномалар меъёрлари қўлланилади.

Товарни экспорт қилишда экспортдан олинган валюта тушуми корхона ҳисобварағига кирим қилинган тақдирдагина ҚҚС суммаси ҳисобга қабул қилинади.

БЮД экспорт қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактура ҳисобланади.

 

МИСОЛ. Маҳсулотни хорижий валютага экспорт қилишда олинган даромад миллий валютада ҳисобланганда 12 000 минг сўмни ташкил қилди. Ҳисобот даври учун олинган ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚС 78 минг сўмни ташкил қилди.

Ноль даражали ставканинг қўлланилиши шуни англатадики, маҳсулотни хорижий валютага экспорт учун реализация қилишда ҚҚС нолга тенг бўлади, мазкур маҳсулотни ишлаб чиқариш учун фойдаланилган моддий ресурслар бўйича ҚҚС суммаси (78 минг сўм) эса тўлиқ ҳисобга қабул қилинади, яъни унинг ўрни бюджет ҳисобидан тўлдирилади.

Воситачилар жалб қилинган ҳолда товарларни экспорт қилишда ҳам ҚҚС бўйича ноль даражали ставка қўлланилади. 

 

ЧЕТ ЭЛ ДИПЛОМАТИК ВАКОЛАТХОНАЛАРИГА РАСМИЙ ФОЙДАЛАНИШИ УЧУН РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИНАЁТГАН ТОВАРЛАРГА СОЛИҚ СОЛИШ

Чет эл тарафи ўзаролик принципига амал қилган тақдирда, чет эл дипломатик ваколатхоналари ҳамда уларга тенглаштирилган ваколатхоналарнинг расмий фойдаланиши учун, шунингдек бу ваколатхоналар дипломатик ва маъмурий-техник ходимларининг, шу жумладан улар билан бирга яшаётган оила аъзоларининг, агар улар Ўзбекистон фуқароси бўлмасалар ҳамда республикада доимий яшаётган бўлмасалар, шахсий фойдаланиши учун реализация қилинаётган товарларга (ишларга, хизматларга) ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинади.

Ташқи ишлар вазирлигининг (ТИВ) Дипломатик сервис хизмати томонидан кейинчалик чет эл дипломатик ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарга реализация қилиш учун олинаётган товарларга (ишларга, хизматларга) ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинади.

Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишда ноль даражали ставка қўлланилиши татбиқ этиладиган Ўзбекистонда аккредитация қилинган чет эл дипломатик ваколатхоналарининг ва дипломатик ваколатхоналарига тенглаштирилган халқаро ташкилотларнинг рўйхати ТИВ томонидан тасдиқланади.

 

МИСОЛ. Корхона ҚҚС тўловчи ташкилотлар буюртмалари бўйича офис мебелини ишлаб чиқаради. Ҳисобот даврида хорижий дипломатик ваколатхонасининг (ТИВ рўйхатига киритилган) 48 000 минг сўм қийматга тенг буюртмаси бажарилди, Ўзбекистондаги корхоналарга ҚҚС ҳисобга қабул қилинмаган ҳолда 23 000 минг сўмлик мебель реализация қилинди.

Ишлаб чиқариш учун харид қилинган материаллар бўйича ҚҚС суммаси олинган ҳисобварақ-фактураларга асосан 35 000 минг сўмни ташкил этди.

Ўзбекистондаги корхоналарга реализация қилинган мебелга белгиланган тартибда ҚҚС солинади, ҚҚС суммаси 4 600 минг сўмни (23 000 х 20 %) ташкил этади.

Хорижий дипломатик ваколатхоналарга маҳсулотлар етказиб бериш – бу ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинадиган оборот бўлиб, тегишли равишда, бундай маҳсулот етказиб беришлар бўйича ҚҚС ставкаси нолга тенг. Ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган маҳсулотни реализация қилишда маҳсулот етказиб берувчи белгиланган тартибда ҳисобварақ-фактура ёзиб беради.

Маҳсулот етказиб берувчилардан ҳисобварақ-фактура билан олинган материаллар бўйича ҚҚС (35 000 минг сўм) (шу жумладан ҚҚС ноль даражали ставкаси билан реализация қилинадиган мебеллар ишлаб чиқариш учун фойдаланилган материаллар бўйича ҳам) тўлиқ миқдорда ҳисобга киритилиши лозим.

Шундай қилиб, ҳисоблаб ёзилган ҚҚС суммаси 4 600 минг сўмни, ҳисобга киритиладиган солиқ суммаси эса – 35 000 минг сўмни ташкил этди. Мазкур суммалар ўртасидаги фарқ – манфий (30 400 минг сўм) бўлиб, Солиқ кодексининг 41-бобида белгиланган тартибда солиқ тўловчига қайтарилиши лозим. 

 

«БОЖХОНА ҲУДУДИДА ҚАЙТА ИШЛАШ» БОЖХОНА РЕЖИМИГА ЖОЙЛАШТИРИЛГАН ТОВАРЛАРНИ ҚАЙТА ИШЛАШ БЎЙИЧА СОЛИҚ СОЛИШ

Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, «божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимига жойлаштирилган товарларни қайта ишлаш бўйича бажарилган ишларга (кўрсатилган хизматларга), агар қайта ишлаш маҳсулотлари Ўзбекистоннинг божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиладиган бўлса, ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинади.

Бундай режимга жойлаштирилган товарларни қайта ишлаш бўйича бажарилган ишларга (кўрсатилган хизматларга), агар кейинчалик қайта ишлаш маҳсулотлари божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ «эркин муомалага чиқариш» режимига жойлаштириладиган бўлса, белгиланган ставка бўйича ҚҚС солинади.

Товарларни қайта ишлаш деганда қуйидагилар назарда тутилади:

 товарлар ўзини қайта ишлаш ёки мазкур товарларга ўзига хос хусусиятини йўқотган ҳолда ва бошқа фойдаланиладиган товарларга, уларни қайта ишлаш маҳсулотларида сақлаб қолган ҳолда қайта ишлов бериш;

 янги товарларни ишлаб чиқариш, шу жумладан қайта ишлаш маҳсулотларида товарларнинг асосий хоссаларини сақлаб қолган ҳолда уларни монтаж қилиш, йиғиш ва қисмларга ажратиш;

 товарларни таъмирлаш, шу жумладан уларни қайта тиклаш, замонавийлаштириш ва тартибга келтириш, товарларнинг шикастланган ёки эскирган таркибий қисмлари (элементлари)ни алмаштириш ёки қайта тиклаш, шунингдек нуқсонларини бартараф қилиш;

 товарларни қайта ишлашга кўмаклашувчи ёхуд уни енгиллаштирувчи бошқа товарлардан тўлиқ ёки қисман фойдаланиш.

 

МИСОЛ. Корхона хорижий компания билан хом ашёни қайта ишлаш учун шартнома тузади: буюртмачи томонидан берилган материалдан ўрин-кўрпа ғилофлари тикишни амалга оширади. 12 минг АҚШ доллари қийматига тенг материал «божхона ҳудудида қайта ишлаш» режимида олиб кирилган. Тикиш бўйича ишлар қиймати 10 минг АҚШ доллари (Марказий банкнинг бажарилган ишлар ҳужжати имзоланган пайтдаги курси бўйича сўмга қайта ҳисоблаганда 25 000 минг сўм)ни ташкил этади, мазкур ишларни бажариш учун 1 200 минг сўмга (шу жумладан ҚҚС – 200 минг сўм) иплар ва бошқа зарур материаллар харид қилинган. Ишлар тугаллангандан сўнг маҳсулотларнинг ҳаммаси Ўзбекистон ҳудудидан четга чиқарилган.

 

 

Тикув бўйича ишлар қийматига ноль даражали ставка бўйича ҚҚС ҳисоблаб ёзилади, фойдаланилган материаллар бўйича ҚҚС эса ҳисобга қабул қилинади.

Т/р

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

1

 

Қайта ишлаш учун материаллар олинган

 

$12 000

 

003

 

 

2

 

Тикув бўйича харажатлар ҳисобдан чиқарилган

 

 

2010

 

1000 ва б.

 

3

 

ҚҚС ҳисобга киритилган

 

200 000 сўм

 

44106410

 

60104410

 

4

 

Бажарилган ишлардан олинган даромад акс эттирилади

 

25 000 сўм

 

4010

 

9030

 

5

 

Ишлар таннархи ҳисобдан чиқарилган

 

 

9130

 

2010

 

6

 

Буюртмачидан олинган материал ҳисобдан чиқарилган

 

$12 000

 

 

003

 

 

ХАЛҚАРО ЙЎНАЛИШДА ТАШИШЛАРГА СОЛИҚ СОЛИШ

Халқаро йўналишда ташишлар бўйича кўрсатиладиган қуйидаги хизматларни реализация қилиш оборотига ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинади:

транзит юкларни Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ташиш. Транзит юкларни ташиш жумласига юкнинг транзитини амалга ошириш учун чет эллик шахслар билан тўғридан-тўғри тузилган шартномалар ёки халқаро (идоралараро) транспорт битимлари ҳамда божхона органларининг мазкур транзит юклар ҳақиқатда олиб кирилганлиги ва олиб чиқилганлиги тўғрисида белгилари мавжуд бўлган тақдирда, республика ҳудуди орқали чет эл транзит юкларини ташиш ва уларга хизмат кўрсатишга доир хизматлар киради;

йўловчилар, багажлар, юклар ва почтани халқаро йўналишда ташиш. Агар жўнатиш пункти ёки тайин этилган пункт республика ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлса, ташишлар ягона халқаро ташиш ҳужжатлари асосида расмийлаштирилган тақдирда, халқаро йўналишларда ташиш ҳисобланади.

Юк ташувчи томонидан ноль даражали ставка юк ташиш тўғрисидаги контракт, Ўзбекистон божхона органи белгиларига эга божхона декларацияси асосида қўлланилади. Юк транзитида божхона декларациясининг асл нусхаси юк жўнатувчида қолади, юк ташувчи божхона органидан БЮД нусхасини олиши лозим, мазкур ҳужжат нусхаси ҚҚС ноль даражали ставка қўлланилиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон божхона ҳудуди орқали транзит билан ташиладиган товарлар учун, Халқаро йўл орқали юк ташиш Конвенциясига асосан, БЮД тўлдирилмайди.

Юк жўнатиш пункти ёки юк белгиланган (тайинланган) пункт Ўзбекистон ташқарисида жойлашган ва юк жўнатилиши ягона халқаро юк ташиш ҳужжатлари билан расмийлаштирилган тақдирда, бундай юк ташиш халқаро юк ташиш ҳисобланади.

Агар юк ташиш бир неча транспорт ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган бўлса, у ҳолда фақат Ўзбекистон ташқарисида бевосита юк ташишни амалга ошираётган транспорт ташкилоти томонидан йўловчилар, багаж, юклар ва почта ташишнинг бошланиш жойи халқаро юк ташишнинг бошланиш жойи деб эътироф этилади. Тегишли равишда, Ўзбекистон ҳудудига бир неча юк ташувчилар томонидан йўловчилар, багаж, юклар ва почта ташилишида Ўзбекистонга уларни бевосита етказиб берадиган транспорт ташкилоти томонидан амалга ошириладиган юк ташишгина халқаро ҳисобланади.

 

АҲОЛИГА КЎРСАТИЛАЁТГАН КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАРГА СОЛИҚ СОЛИШ

Сув таъминоти, канализация, санитария-тозалаш, иссиқлик таъминоти, газ таъминоти бўйича аҳолига кўрсатиладиган хизматларга, шу жумладан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари аҳоли номидан оладиган ана шундай хизматларга ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинади.

Бундан ташқари яна қуйидагиларга ҳам ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинади:

 «Ўзбекенгилсаноат» ДАК корхоналари томонидан тўқимачилик ярим фабрикатлари (йигирилган ип, газламалар, тўқилган полотно ва пахта йигириш чиқиндилари)ни, мазкур ярим фабрикатлардан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг экспортга йўналтирилишини ҳисобга олган ҳолда, ички бозорда ЭАВга реализация қилишда;

 маҳсулот тақсимланиши тўғрисидаги келишув бўйича ишларни бажаришда қатнашаётган инвесторлар ва/ёки операторларга юридик шахслар – резидентлар томонидан бериладиган товарлар (ишлар, хизматлар)га (Солиқ кодексининг 256-моддаси учинчиқисмининг 4-банди).

 

«Soliq Kalkulyatori» СМТ мутахасcислари тайёрлади.

Прочитано: 3310 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика