Norma.uz

Дастур мақсади – аҳоли фаровонлиги ва ҳаёт сифатини янада оширишдир

Ўзбекистонда 2015–2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури қабул қилинди.

 

Мамлакатимизда транспорт коммуникациялари, замонавий телекоммуникация тизимларини ривожлантириш, муҳандислик-инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида Ўзбекистон миллий автомагистралининг 2 минг километрдан зиёд қисми қурилди ва реконструкция қилинди. Темир йўлларнинг умумий узунлиги 4,6 минг километрдан ошди ва уларнинг 34 фоизи электрлаштирилди. 16 минг километрдан ортиқ оптик толали алоқа тармоқлари бунёд этилди. Бугунги кунда 20 миллиондан зиёд абонент мобиль алоқадан фойдаланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорига мувофиқ қабул қилинган 2015–2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурининг ижроси мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми бўлади. Мазкур дастур автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, темир йўл ва ҳаво транспортини янада ривожлантириш, электр ва сув таъминоти тизимларини модернизациялаш, иқтисодиёт тармоқларига илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш каби кенг кўламли мақсад ва вазифаларни қамраб олган.

Давлатимиз раҳбари шу йил 16 январда бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, ривожланган инфратузилмани ташкил этмасдан, биринчи навбатда, ахборот-коммуникация тизими, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилишини тараққий эттирмасдан туриб, иқтисодиётимизни таркибий жиҳатдан ўзгартиришга эришиш мумкин эмас.

Дастурнинг асосий мақсади ушбу вазифаларни амалга оширишдир. Унга мувофиқ 2015–2019 йилларда 25 минг километрдан зиёд электр таъминоти тармоқлари ҳамда 5 мингта трансформатор пунктини қуриш ва модернизация қилиш режалаштирилган.

Мамлакатимиз ривожи, одамларнинг даромадлари ортиши билан аҳоли турмуш даражаси юксалиб бормоқда. Барча ҳудудларда маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ривожланмоқда, янги кичик корхоналар ташкил этилмоқда, аҳоли учун замонавий уй-жойлар кўпаймоқда. Тадқиқотларга қараганда, бугунги кунда юртимиздаги ­оилаларнинг 94 фоизи холодильниклар, 84 фоизи турли ошхона электр жиҳозларига, 63 фоизи кир ювиш машиналари, ярмидан кўпи компьютер, чангютгич, микротўлқинли печларга эга, учдан бир қисми кондиционерлардан фойдаланмоқда.

Булар жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларидир. Лекин электр энергияси истеъмолининг ортиши узатиш тармоқларига муайян қийинчилик туғдириши мумкин. Негаки, мавжуд қувватлар бундай кучланишга мўлжалланмаган.

Шу боис дастурда ҳудудлар кесимида электр энергиясини тақсимлаш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш доирасида «Ўзбектелеком» АКнинг «ЎзМобайл» филиали негизида миллий мобиль алоқа оператори тармоғини барпо этиш, оптик толали алоқа тармоқларини кенгайтириш, рақамли телевидениени ривожлантириш, коммутация марказларини модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Мобиль алоқа хизматларини кенгайтириш, жумладан, 4G технологияларини жорий этиш, маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказини яратиш кўзда тутилган. Бу соҳада умумий қиймати 800 миллион доллардан зиёд бўлган кўплаб лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

Дастур доирасида темир йўлларнинг қайта тикланиши ва электрлаштирилиши ҳам эътиборга молик. Хусусан, Самарқанд – Бухоро, Самарқанд – Қарши ҳамда Қарши – Термиз темир йўл участкалари электрлаштирилади. Бу ёнилғи сарф-харажатларига кетадиган маблағни тежаш билан бирга йўловчи ташишни кўпайтириш, туризмни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Самарқанд – Бухоро ҳамда Самарқанд – Қарши оралиғидаги темир йўл электрлаштирилгач, ушбу йўналишларда ҳам тезюрар поездлар ҳаракатланади. Бунинг учун яна иккита замонавий электропоезд харид қилиниши мўлжалланган.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК тизимида ҳам қатор ишлар амалга оширилади. Пойтахтимизда янги «Тошкент-4» халқаро йўловчи терминалини барпо этиш, компания авиапаркини замонавий авиалайнерлар билан янгилаш ва бойитиш лойиҳалари шулар жумласидандир. Умуман, бу соҳада бир миллиард доллардан зиёд қийматдаги лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

Мамлакатимизда йўл-транспорт инфратузилмаси замон талаблари асосида ривожлантирилаётгани самарасида иқтисодиётимиз жадал тараққий этмоқда. Мисол учун Қўнғирот сода заводи ёки Деҳқонобод калийли ўғитлар заводини олайлик. Маълумки, бу корхоналар юртимизнинг чекка ҳудудларида жойлашган. Агар замонавий йўл инфратузилмаси бўлмаса, уларни ишга тушириш, самарали ишлатиш мумкинми? Албатта, йўқ.

Шу боис дастурда замонавий йўллар қуришга алоҳида эътибор қаратилган. 2,5 минг километрдан ортиқ автомобиль йўлини таъмирлаш ва реконструкция қилиш белгиланган.

Дастурга мувофиқ, Ўзбекистон миллий автомагистралида олиб борилаётган қурилиш ва реконструкция ишлари тўлиқ якунланади. Андижондан Қўнғиротгача, Самарқанддан Термизгача бўлган автомобиль йўллари жаҳон стандартлари талабларига мос даражада янгиланади.

Шунингдек, 4 минг километрдан зиёд хўжаликлараро йўллар, қарийб 2 минг километр шаҳар, қишлоқ ва туман марказлари кўчалари таъмирланиши режалаштирилган.

Аҳоли турмуш даражасини юксалтириш мақсадида Дастурда ичимлик суви ҳамда канализация тармоқларини қуриш ва янгилаш бўйича ҳам муайян ишлар белгиланган. Жумладан, 8 минг километрдан ортиқ ичимлик суви, 350 километрдан зиёд санитар тозалаш тармоқларини модернизация қилиш мўлжалланган.

Ушбу дастурдаги мақсадларни амалга ошириш учун 9 миллиард доллардан ортиқ маблағ, жумладан, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестиция банки, Хитойнинг Эксимбанки каби йирик халқаро молия институтларининг инвестициялари йўналтирилиши кўзда тутилган.

 

2015–2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури пировард натижада мамлакатимиз саноат салоҳиятини ва аҳоли фаровонлигини янада оширади. Замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасининг барпо этилиши иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ва технологик янгилашга кенг шароит яратади, иқтисодиётнинг жадал ривожланишига туртки бўлади. Бунинг самарасида ташкил этиладиган янги иш ўринлари ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлади.

 

ЎзА.

Прочитано: 2142 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика