Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 3 / Йиллик ҳисоботга тайёрланамиз

2014 йил якунларига кўра ЖШДС, ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари бўйича солиқ ҳисоботи шаклларини тўлдиришга доир тушунтиришлар

 

Ўтган йили «Norma Ekspert» мутахассисларининг биринчи, иккинчи ва учинчи чораклар якунлари бўйича солиқ ҳисоботи шаклларини тўлдиришга доир тушунтиришларини* чоп этган эдик. Мазкур сонда эътиборингизга  ҳавола этилаётган тушунтиришлар  сизга 2014 йил учун ЖШДС, ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари бўйича йиллик ҳисоботларни тайёрлаш ва топширишда ёрдам беради ҳамда 2015 йилги ўзгартиришлар билан таништиради.


БУНИ ЁДДА ТУТИШ КЕРАК

«Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (4.12.2014 йилдаги ЎРҚ-379-сон, кейинги ўринларда – ЎРҚ-379-сон Қонун) билан Солиқ кодексига (Кодекс) 2014 йил учун йиллик ҳисоботни топшириш тартибига таъсир кўрсатувчи ўзгартишлар киритилди.

БИРИНЧИДАН, ўзгартишлар солиқ ҳисоботини топшириш усулига дахл қилди (ЎРҚ-379-сон Қонун 4-моддасининг 2-банди). Илгари солиқ тўловчилар солиқ ҳисоботини ўз хоҳишларига кўра шахсан олиб бориб бериш тартибида, почта орқали, Интернет бўйича электрон ҳужжат тарзида hisobot.uz, e-hisobot.uz ва otchet.uz сайтлари орқали тақдим этардилар. 2015 йил 1 январдан барча тадбиркорлик субъектлари танлаш ҳуқуқисиз бюджетга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоботни ДСИга электрон кўринишда (Интернет орқали) юборишлари лозим. Шу тариқа, ҳисоботни шахсан олиб бориб бериш ёки почта орқали юбориш имконияти чиқариб ташланди. Шунга эътиборни қаратиш керакки, янги тартиб асосий мақсади фойда олиш бўлган тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектлари – юридик ва жисмоний шахсларгагина тегишлидир.

Тадбиркорлик субъектлари ҳисобланмайдиган нотижорат ташкилотлари (НТ), илгаригидек, солиқ ҳисоботини ўзларига қулай бўлган ҳар қандай усулда – шахсан олиб бориш бериш, почта орқали ёки электрон ҳужжат шаклида тақдим этадилар. Ҳаттоки, агар НТ уставдаги асосий фаолиятидан ташқари тижорат фаолияти билан шуғулланаётган ёки бошқа даромадлар олаётган бўлса ҳам, унда танлаш ҳуқуқи сақланиб қолади.

ИККИНЧИДАН, ўзгартишлар жисмоний шахсларга улар учун асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар тўлайдиган юридик шахслар учун жорий қилинди (ЎРҚ-379-сон Қонун 4-моддасининг 18-банди). Илгари улар ДСИга истисносиз барча даромадлар олувчилар бўйича Тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўғрисида маълумотномани (кейинги ўринларда – Маълумотнома) тақдим этардилар. 2015 йил 1 январдан эса агар жисмоний шахсга асосий бўлмаган иш жойидан қуйидаги даромадлар тўланган бўлса, Маълумотнома тақдим этилмайди:

дивидендлар, фоизлар тарзидаги даромадлар (10%лик ставка бўйича солиқ солинади);

олувчининг ёзма аризасига асосан ЖШДСнинг энг юқори ставкаси (2014 йилда – 22%) бўйича солиқ солинадиган даромадлар;

ЖШДСнинг белгиланган энг кам ставкаси (2014 йилда – 7,5%) бўйича солиқ солинадиган даромадлар, уларга қуйидаги киради:

туман коэффициентлари бўйича тўловлар;

корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан қишлоқ хўжалиги ишларига (пахта йиғим-теримидан ташқари) юборилган жисмоний шахсларнинг шу ишларни бажарганликлари учун олган даромадлари;

мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар;

хусусий мулк ҳуқуқида жисмоний шахсларга тегишли кўчмас мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар.

Агар корхона 2014 йилда жисмоний шахсларга мазкур даромадлардан исталган бирини бир марталик, даврий ва доимий равишда тўлаган бўлса (тегишинча 10, 22 ёки 7,5% ЖШДС ушлаб қолинган ҳолда), 2015 йилда улар бўйича Маълумотнома тақдим этилмайди.

Жисмоний шахслар томонидан асосий бўлмаган иш жойидан олинган даромадлар бўйича Маълумотнома 2015 йил 30 январдан кечиртирмай тақдим этилади, агар:

ЖШДС шкала бўйича ушлаб қолинган бўлса (олувчининг энг юқори ставкани қўллаш тўғрисида аризаси мавжуд бўлмаганда);

ЖШДС ушлаб қолинмаганда, масалан, Кодекснинг 184-моддасига асосан олувчининг аризасига биноан моддий ёрдам тарзидаги даромадлардан ЖШДС ушлаб қолинмаган бўлса.

 

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН ДАРОМАД СОЛИҒИ БЎЙИЧА ҲИСОБОТ

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (бундан кейин – ЖШДС) бўйича солиқ ҳисоботи шакллари1 қуйидагиларни ўз ичига олади:

 

  • Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотлар (бундан кейин – Маълумотлар);
  • Маълумотларга 1-илова «Тўланган даромадлар ва ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда ШЖБПҲга бадаллар суммасининг расшифровкаси (бундан дивидендлар ва фоизлар мустасно)» (бундан кейин – Маълумотларга 1-илова);
  • Маълумотларга 2-илова «Тўланган дивидендлар ва фоизлар ҳамда ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасининг расшифровкаси» (бундан кейин – Маълумотларга 2-илова);
  • Маълумотларга 3-илова «Жисмоний шахсларга ҳисобланган даромадлар расшифровкаси» (бундан кейин – Маълумотларга 3-илова);
  • Маълумотларга 4-илова «Жисмоний шахсларнинг солиқ солишдан озод этилган даромадлари расшифровкаси» (бундан кейин – Маълумотларга 4-илова).

Шуни эслатиб ўтамизки, солиқ тўловчилар 3 ва 4-иловаларни фақат йил якунлари бўйича йиллик маълумотлар билан бирга тўлдирадилар ва солиқ органларига топширадилар. Шу тариқа, 2014 йил учун ДСИга Маълумотларнинг ўзи ва уларга 1–4-иловалар тақдим этилади.

 

Диққат!

2014 йил учун солиқ ҳисоботини топшириш муддатлари:

чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ва хорижий фирмалар ваколатхоналари – 2015 йилнинг 25 мартидан кечиктирмай;

бошқа хўжалик юритувчи субъектлар (давлат мулкини бошқариш органлари ва бюджет ташкилотлари бундан мустасно) – 2015 йилнинг 15 февралидан кечиктирмай.

 

Шунга эътиборни қаратиш керакки, 2014 йил учун ЖШДС бўйича ҳисоботни тўлдиришда Маълумотларда айрим кўрсаткичларни аниқлаш учун 1 ва 2-иловаларнинг кўрсаткичларидан фойдаланилади. Шу сабабли дастлаб ушбу шаклларни тўлдириш керак. Биз ўз тавсияларимизни аввал Маълумотларни тушунтиришдан бошлаб иловаларга ўтамиз.


ҲИСОБЛАНГАН ВА АМАЛДА ТЎЛАНГАН ДАРОМАДЛАР СУММАЛАРИ ҲАМДА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН ДАРОМАД СОЛИҒИНИНГ УШЛАБ ҚОЛИНГАН СУММАЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ МАЪЛУМОТЛАР

001-сатрда ҳисобот йили бошидан даромадлар олган жисмоний шахсларнинг сони кўрсатилади. Бу ерда корхона даромадни ҳисоблаб ёзган (тўлаган) ҳамма ходимлар, шу жумладан қуйидагилар ҳисобга олинади:

асосий иш жойи бўйича ходимлар – уларнинг меҳнат дафтарчалари корхона томонидан юритиладиганлар, шунингдек ташқи ўриндошлар;

фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича ижрочилар (ўз даромадларидан қатъий белгиланган солиқни мустақил равишда тўлайдиган якка тартибдаги тадбиркорлардан ташқари);

фақат ижара ҳақи ҳисоблаб ёзиладиган ижарага берувчилар, шу жумладан улардан мол-мулк ижарага олинган якка тартибдаги тадбиркорлар;

асосий бўлмаган иш жойидан моддий ёрдам тарзидаги даромадларни олувчилар;

ютуқли ўйинлар ва лотереялар ғолиблари;

2014 йилда даромад олган бошқа жисмоний шахслар.

 

002-сатрда 001-сатрдан асосий иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахсларнинг сони ажратилади.

 

003-сатрда 001-сатрдан асосий бўлмаган иш жойидан даромад олувчи шахсларнинг сони ажратилади. Уларга ташқи ўриндошлар, мулкий, моддий ёрдам тарзидаги ва бошқа даромадлар олувчилар, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишловчи шахслар (корхонада ишламайдиган муассислар, ижарага берувчилар ва бошқалар, совғалар олувчи ишламайдиган пенсионерлар ва бошқалар).

 

004-сатрда жисмоний шахсларга ҳисобланган даромадларнинг умумий суммаси – ялпи даромад кўрсатилади (Кодекснинг 171–178-моддалари), у 3-илованинг 01-«Даромадлар суммаси» устунидаги сатр кўрсаткичига тенг бўлиши керак.

Сатр кўрсаткичи жисмоний шахсларнинг даромадларини ҳисобга олиш учун фойдаланиладиган барча ҳисобварақлардаги (даромад турига қараб 6710, 6610, 6620, 6910 ва бошқа ҳисобварақлар ҳамда корхона ҳисоб сиёсатида назарда тутилган ҳисобварақлар кредити) суммаларни қўшиш йўли билан аниқланади. Яъни бу ерда даромадларнинг тўлиқ суммаси уларни қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар суммасига камайтиришларсиз кўрсатилади.

Кодекснинг 171-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ жисмоний шахсларнинг даромади ҳисобланмайдиган тўловлар ЖШДС бўйича ҳисоботни тўлдиришда инобатга олинмайди.

 

МИСОЛ. Корхона ходимига ноябрь ойи учун ҳисоблаб ёзилди:

иш ҳақи – 1 200 000 сўм;

овқатланишга қўшимча тўлов – 100 000 сўм;

шахсий автомобилидан хизмат мақсадларида фойдаланганлик учун компенсация – 400 000 сўм (ундан меъёр доирасидаги миқдор – 376 722,5 сўм (ЭКИҲнинг 3,5 баравари), меъёрдан ортиқча – 23 277,5 сўм);

бола туғилганлиги муносабати билан моддий ёрдам – 500 000 сўм (солиқ солинмайдиган миқдор – 1 153 260 сўм).

Санаб ўтилган тўловлардан шахсий автомобилдан фойдаланганлик учун меъёр доирасидаги компенсация – 376 722,5 сўм ходимнинг даромади ҳисобланмайди ва ЖШДС бўйича ҳисоботда кўрсатилмайди (Солиқ кодексининг 171-моддаси иккинчи қисмининг 8-банди).

Кодекснинг 179-моддаси 1-бандига асосан ЭКИҲнинг 12 баравари миқдоридаги (2014 йилда – 1 153 260 сўм эди) моддий ёрдам (500 000 сўм) суммасига ЖШДС солинмаса-да, бироқ ходимнинг даромади ҳисобланади ва тегишинча, ЖШДС бўйича ҳисоботда кўрсатилади. Шу тариқа, Маълумотлар ва Расшифровкани тўлдиришда ходимнинг даромади деб тан олинган қуйидаги тўловлар ҳисобга олинади:

иш ҳақи – 1 200 000 сўм;

овқатланишга қўшимча тўлов – 100 000 сўм;

меъёрдан ортиқча компенсация – 23 277,5 сўм;

моддий ёрдам – 500 000 сўм.

 

004-сатр кўрсаткичи 3-илованинг 01-сатридаги «Даромадлар суммаси» устуни кўрсаткичига тенг бўлиши лозим.

005-сатрда 004-сатрдан корхона томонидан ЖШДС ушланмаган моддий наф тарзидаги даромадлар суммаси ажратилади.

Корхона томонидан ёзма аризасига кўра у билан меҳнатга оид муносабатлар расмийлаштирилмаган жисмоний шахснинг моддий ёрдам тарзидаги даромадларидан ЖШДС ушланмайди (Кодекснинг 184-моддаси). Мазкур ҳолатда солиқни даромад олувчининг ўзи ДСИга топширган декларацияга асосан тўлайди.

 

006-сатрда Кодекснинг 179, 180-моддалари ва бошқа меъё­рий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ЖШДС солинмайдиган даромадлар суммаси кўрсатилади. Солиқ солишдан озод этилган даромадлар Маълумотларга 4-иловада имтиёзлар турлари бўйича алоҳида расшифровка қилинади. 006-сатрга мазкур илованинг 01-сатри кўрсаткичи кўчирилади.

 

007-сатрда қуйидаги даромадларни чегирган ҳолда ялпи даромаддан келиб чиқиб белгиланадиган ЖШДС бўйича солиқ солинадиган база кўрсатилади:

корхона Кодекснинг 184-моддасига мувофиқ ЖШДС ушламаган моддий наф тарзидаги даромадлар;

Кодекснинг 179, 180-моддалари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ солиқ солишдан озод этилган даромадлар.

Ушбу сатрнинг қиймати қуйидаги формулага кўра аниқланади:

007-сатр = 004-сатр – 005-сатр – 006-сатр.

 

МИСОЛ. 2014 йилда барча ходимларнинг ялпи даромади 96 000 минг сўмни ташкил қилди, шундан:

иш ҳақи ва мукофотлар – 95 200 минг сўм;

икки ходимга 8 март байрамига берилган совға қиймати – 800 минг сўм (ҳар бирига 400 минг сўмдан).

Шунингдек корхона 8 март байрамига ишламаётган пенсионер аёлга (собиқ ходимига) 400 минг сўмлик совға топширди, аризага кўра совға қийматидан солиқ ушлаб қолинмади.

2014 йилда барча жисмоний шахсларнинг ялпи даромади 96 400 минг сўмни (96 000 + 400) ташкил қилди, у Маълумотларнинг 004-сатрида кўрсатилади. Моддий ёрдам тариқасидаги даромад сифатида пенсионерга берилган совғанинг қийматидан (400 минг сўм) ЖШДС ушлаб қолинмайди ва Маълумотларнинг 005-сатрида кўрсатилади. Кодекснинг 179-моддаси 14-бандига асосан ҳар бир ходимга берилган қиймати ЭКИҲнинг 6 бараварига тенг бўлган (2014 йилда – 576 630 сўм) совғага ЖШДС солинмайди. Имтиёз суммаси (800 минг сўм) Маълумотларнинг 006-сатрида кўрсатилади. Солиқ солинадиган умумий даромад суммаси – 95 200 минг сўм (96 400 – 400 – 800) Маълумотларнинг 007-сатрида кўрсатилади. Ундан белгиланган шкала бўйича солиқ солинадиган даромадлар (95 200 минг сўм) алоҳида 008-сатрда ажратилади.

 

008–011-сатрларда 007-сатрдан ЖШДСнинг қандай ставкалари қўлланилишига қараб даромадлар алоҳида ажратилади.

 

008-сатрда 007-сатрдан белгиланган шкалада солиқ солинадиган даромадлар ажратилади. 2014 йил 1 январдан шкала бўйича ҳисоблаб чиқариш учун 96 105 сўм қабул қилинади.

2014 йил якунлари учун солиқ солинадиган даромаддан (ҳар бир ходим бўйича) ЖШДС суммаси қуйидаги шкала бўйича ҳисоб-китоб қилинади:

 

Солиқ солинадиган даромаднинг миқдори (сўм)

 

Солиқ суммаси (сўм)

 

5 766 300 (5 х 1 153 260) сўмгача

 

даромад суммасидан 7,5%

 

5 766 301 сўмдан 11 532 600 (10 х 1 153 260) сўмгача

 

432 472,50 сўм + 5 766 300 сўмдан ошувчи суммадан 16%

 

11 532 601 сўмдан ва ундан юқори

 

1 355 080,5 сўм + 11 532 600 сўмдан ошувчи суммадан 22%

 

 

009-сатрда 007-сатрдан тўлов манбаида 10%лик ставкада солиқ солинадиган дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлар кўрсатилади. Cолиқ солишдан озод этилган дивидендлар ва фоизлар мазкур сатрда кўрсатилмайди.

Тўланган дивидендлар ва фоизлар суммаси ҳамда улардан ушланган ЖШДС расшифровкаси Маълумотларга 2-иловада келтирилади.

 

010-сатрда 007-сатрдан ЖШДСнинг энг кам ставкасида (2014 йилда – 7,5%) солиқ солинадиган даромадлар ажратилади. Кодекснинг 181-моддасига мувофиқ уларга қуйидаги даромадлар киради:

баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудларда ишлаганлик учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган коэффициентлар бўйича қўшимча тўловлар тариқасидаги даромадлар;

корхоналар томонидан вақтинчалик қишлоқ хўжалиги ишларига юборилган жисмоний шахсларнинг шу ишларни бажаришдан олинган даромадлари, пахта йиғим-терими бўйича олинган даромадлар бундан мустасно. Пахта йиғим-терими бўйича олинган даромадларга Кодекснинг 179-моддаси 33-бандига асосан солиқ солинмайди;

кўчар ва кўчмас мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар;

жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар.

 

011-сатрда 007-сатрдан ЖШДСнинг энг юқори ставкасида (2014 йилда – 22%) солиқ солинадиган даромадлар ажратилади. Улар, одатда, асосий бўлмаган иш жойида ҳисобланган, олувчининг аризасига кўра энг юқори ставкада солиқ ушланган даромадлардир. Эслатиб ўтамизки, Кодекснинг 186-моддасига биноан энг юқори ставкадаги солиқ Кодекснинг 179, 180-моддаларида назарда тутилган имтиёзларни қўлламаган ҳолда ушлаб қолинади.

 

МИСОЛ. Корхона Навоий шаҳрида жойлашган. Корхона ходимларининг, шу жумладан ўриндош ходимларнинг ялпи даромади 2014 йилда 144 000 минг сўмни ташкил қилди, шундан:

иш ҳақи – 110 000 минг сўм, шу жумладан ўриндошларники – 18 000 минг сўм;

туман коэффициентлари бўйича тўловлар, шу жумладан ўриндошларники – 22 000 минг сўм;

ноқулай табиий иқлим шароитидаги иш стажига устамалар – 12 000 минг сўм.

Ўриндош ходимларнинг аризасига кўра уларнинг даромадларидан ЖШДС энг юқори ставкада ушлаб қолинади.

Шунингдек ҳисобот йилида муассисга 13 000 минг сўмлик дивидендлар тўланган.

Ўриндошларнинг иш ҳақидан ЖШДС энг юқори ставкада (22%) ушланган, туман коэффициентлари бўйича тўловлар бундан мустасно, уларга кимга тўланишидан қатъи назар (асосий иш жойи бўйича ходимларга ёки ўриндошларга) энг кам ставка бўйича солиқ солинади.

Солиқ солинадиган умумий даромадлар суммаси 157 000 минг сўм (144 000 + 13 000) – Маълумотларнинг 007-сатрида кўрсатилади. Улардан қуйидагилар ажратилади:

008-сатрда – солиқ солишнинг белгиланган шкаласи бўйича солиқ солинадиган даромадлар – 122 000 минг сўм (110 000 + 12 000);

009-сатрда – дивидендлар (13 000 минг сўм);

010-сатрда энг кам ставкада солиқ солинадиган даромадлар – туман коэффициентлари бўйича тўловлар (22 000 минг сўм);

011-сатрда энг юқори ставкада солиқ солинадиган даромадлар – ўриндошларнинг иш ҳақи – 18 000 минг сўм.

 

012-сатрда ШЖБПҲга бадаллар (6410-ҳисобварақ кредити) чегирилган ҳолда ЖШДСнинг ҳисобланган суммаси кўрсатилади.

Меҳнат фаолиятини меҳнат шартномалари бўйича амалга ошираётган фуқаролар (улар жумласига ишловчи пенсионерлар, ўриндошлар ҳам киради), шунингдек фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишларни бажарадиган фуқароларнинг даромадларидан ШЖБПҲга бадаллар солиқ солинадиган даромадларнинг 1%и миқдорида ушлаб қолинади (Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни қўшиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг2 1-банди, кейинги ўринларда – 1515-сон Низом). Тўлиқ ёки қисман ЖШДС солинмайдиган даромадлардан ШЖБПҲга бадаллар ҳисоблаб ёзилмайди.  

Сатрнинг қиймати Маълумотларга 1-илова 5-устунининг «Йил бошидан жами» сатри ва Маълумотларга 014-сатрнинг кўрсаткичларини қўшиш йўли билан аниқланади.

 

МИСОЛ. II гуруҳ ногирони бўлган ходимнинг 2014 йилдаги ялпи даромади 17 513,04 минг сўмни, шу жумладан иш ҳақи – 16 613,04 минг сўм, иш берувчи томонидан унинг амбулаторияда даволанишига тўлов – 900 000 минг сўмни ташкил қилди.

Ходим ҳар бир ой учун ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг даромад ЖШДСдан озод этиладиган имтиёзга эга. Чегириб ташланадиган йиллик сумма 4 613,04 минг сўмга (96 105 х 4 х 12) тенг. Кодекснинг 179-моддаси 3-бандига асосан иш берувчи томонидан амбулаторияда даволанишга тўланган суммага ЖШДС солинмайди.

12 000 минг сўмга (17 513,04 – 4 613,04 – 900) солиқ солиниши лозим. Бир йилда ушлаб қолинган ЖШДС суммаси 1 457 909 сўмни, ШЖБПҲга ажратмалар 120 000 сўмни (12 000 000 х 1%) ташкил қилади. ШЖБПҲга ажратмалар чегирилган ҳолдаги ЖШДС – 1 337 909 сўм Маълумотларнинг 012-сатрида, ШЖБПҲга ажратмалар – 120 000 сўм эса 017-сатрида кўрсатилади. 

 

Таъкидлаш жоизки, ходимларнинг ШЖБПҲга ихтиёрий бадаллари бюджетга тўланиши лозим бўлган ЖШДС суммасини камайтирмайди, чунки улар солиқ ҳисобидан эмас, балки ходимларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларидан ҳисобланади. Бироқ бунда мазкур бадалларга ЖШДС солинмайди (Кодекснинг 179-моддаси 31-банди) ва улар Маълумотларнинг 006-сатрида ва Маълумотларга 4-илованинг 037-сатрида имтиёзлар таркибида кўрсатилади.

 

013-сатрда 012-сатрдан белгиланган шкалада солиқ солинадиган даромадлардан ЖШДС суммаси ажратилади.

 

014-сатрда 012-сатрдан 2014 йилда дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлардан ҳисобланган ЖШДС ажратилади. Маълумотларга 2-илова 3-устунининг «Йил бошидан жами» сатри кўрсаткичи ушбу сатрга кўчирилади.

 

015-сатрда 012-сатрдан энг кам ставкада солиқ солинадиган даромадлардан ЖШДС суммаси ажратилади.

 

016-сатрда 012-сатрдан энг юқори ставкада солиқ солинадиган даромадлардан ҳисобланган ЖШДС суммаси келтирилади.

017-сатрда ШЖБПҲга мажбурий бадалларнинг ҳисобланган суммаси (6530-ҳисобварақ кредити) кўрсатилади. Сатрга Маълумотларга 1-илова 4-устунининг «Йил бошидан жами» сатри кўрсаткичи кўчирилади.

 

018-сатрда ЖШДС ва фуқароларнинг суғурта бадаллари чегирилган ҳолда ҳисоблаб ёзилган даромадларнинг умумий суммаси кўрсатилади. Сатрнинг қиймати қуйидагича аниқланади:

018-сатр = 004-сатр – 012-сатр – 017-сатр – фуқароларнинг ҳисоблаб ёзилган суғурта бадаллари (2014 йилда – 6,5%).

 

019-сатрда ЖШДС ва суғурта бадалларини чегирган ҳолда жисмоний шахсларга тўланган даромадларнинг умумий суммаси кўрсатилади. Сатр кўрсаткичи Маълумотларга 1-илова 6-устунининг «Йил бошидан жами» сатри ва Маълумотларга 2-илова 5-устунининг «Йил бошидан жами» сатри кўрсаткичларини қўшиш орқали аниқланади.

 

020-сатрда 2014 йилда бюджетга тўланган ЖШДСнинг умумий суммаси (ШЖБПҲга бадалларни чегирган ҳолда) кўрсатилади. Сатр кўрсаткичи Маълумотларга 1-илова 12-устунининг «Йил бошидан жами» сатри ва Маълумотларга 2-илова 8-устунининг «Йил бошидан жами» сатри қийматларини қўшиш билан аниқланади.

 

ЭСЛАТАМИЗ! Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қуйидагича тўланади:

жисмоний шахсларга даромадлар тўлашга пул маблағларини олиш учун хизмат кўрсатувчи банкка ҳужжатларни тақдим этиш билан бир вақтда;

тўлов натура ҳолида амалга оширилган ой тугаганидан кейин 5 кун ичида, агар бундай тўловга қонун ҳужжатларида рухсат берилган бўлса (Кодекснинг 188-моддаси).

 

 

ДИҚҚАТ! Тўлов топшириқномаси корхона ҳисобрақамида пул маблағлари мавжуд бўлмаган ёки етарли бўлмаган тақдирда ҳам банкка тақдим этилиши лозим. 2015 йилнинг 1 январидан солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик учун мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда, маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин ҳуқуқбузарликни бир йил давомида такрор содир этганлик учун ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (ЎРҚ-379-сон Қонуннинг 2-моддаси 1-банди).

 

021-сатрда Халқ банкига ўтказилган ШЖБПҲга бадаллар суммаси кўрсатилади. Унга Маълумотларга 1-илова 11-устунининг «Йил бошидан жами» сатри қиймати кўчирилади.

ЖШДСни тўлаш билан бир вақтда ШЖБПҲга ҳисобланган сумма ўтказилади (1515-сон Низомнинг 7-банди).


МАЪЛУМОТЛАРГА 1-ИЛОВА

Йиллик Маълумотларга 1-илова – Тўланган даромадлар ва ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда ШЖБПҲга бадаллар суммасининг расшифровкаси (бундан дивидендлар ва фоизлар мустасно) IV чорак учун тегишли операциялар амалга оширилган кунлар бўйича тўлдирилади. Дивидендлар ва фоизлар Маълумотларга 2-иловада алоҳида кўрсатилади.

Маълумотларга 1-илова тўлдирилаётганда Расшифровкада қуйидагиларни ҳисобга олиш керак:

Кодекс 171-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайдиган тўловлар кўрсатилмайди;

моддий наф тарзида ҳисобланган (тўланган) даромадлар иш ҳақи ҳисобланган (тўланган) ой учун ҳисобланган (тўланган) сумма билан биргаликда бир вақтнинг ўзида кўрсатилади;

хизмат сафарлари харажатларига бўнак тўланаётганда меъёрдан ортиқча ҳисобланган (тўланган) суткалик пуллар суммаси бўнак ҳисоботи қабул қилинган ой учун ҳисобланган (тўланган) сумма билан бирга кўрсатилади.

 

МИСОЛ. Суткалик пуллар ходимга 2014 йилнинг 28 октябрда берилган, бўнак ҳисоботини у 6  ноябрда тақдим этган, ноябрь ойи учун иш ҳақи унга 30-санада ҳисобланиб, 2 декабрда тўланган. Расшифровкада меъёрдан ортиқча суткалик пуллар иш ҳақи ҳисобланган сана – 30 ноябрда, уларнинг тўланиши эса улар берилган сана – 2 декабрда акс эттирилади.

МИСОЛ. 2014  йилнинг 28  ноябрида юбилейи муносабати билан ходим совға олди. Расшифровкада моддий ёрдам тарзидаги даромадни ҳисоблаб ёзишни ноябрь ойи учун иш ҳақини ҳисоблаш санасида, уни беришни эса – иш ҳақи тўлаш санасида акс эттириш керак бўлади.

 

Корхона жисмоний шахсларнинг даромадларидан ушланмалар қилади. Бир ходимнинг аризасига кўра иш ҳақи ипотека кредитини қоплашга йўналтирилиши; ижро варақаси бўйича алимент ушланиши, учинчиси фарзандининг ўқиши учун корхона тўлаган қарзни сўндириши керак. Кредитни сўндириш ёки алиментни тўлаш бўйича операцияни амалга ошириш санаси бўлиб ушбу мақсадларга уни ўтказиш санаси ҳисобланади. Ходимнинг корхона олдидаги қарзини (берилган қарз) сўндириш ҳисобига ушланмалар иш ҳақини тўлаш санасида акс эттирилади.

Мазкур тамойил корхона томонидан касаба уюшмаси аъзолари ҳисобланган ходимлардан аъзолик бадалларини ушлаб қолишда ҳам қўлланилади. Аъзолик бадаллари Расшифровкада мазкур ой учун иш ҳақи олинган (кассадан олинган, пластик карточкаларга ўтказилган) санада акс эттирилади. 

 

МИСОЛ. Корхона ҳар ойда ходимнинг иш ҳақидан ипотека кредитини сўндириш учун 400 минг сўм ва ижро варақаси бўйича алиментга даромадининг 25%ини ушлаб қолади. Ходимнинг ноябрь ойи учун умумий даромадлари суммасидан кредитни сўндириш учун банкка 400 минг сўм 2014 йилнинг 4 декабрида, алиментлар эса 5 декабрда ўтказилган. Расшифровкада IV чорак учун мазкур суммалар тегишли тарзда 4 ва 5 декабрда акс эттирилади.

 

ШЖБПҲга бадалларнинг (4-устун) ва бюджетга ЖШДСнинг (5-устун) ҳисобланган суммалари жисмоний шахсларнинг даромадларини ҳисоблаб ёзиш санасида (2-устун) кўрсатилади.

 

«Чорак бошига қолдиқ» сатрига ўтган чорак учун Расшифровканинг «Чорак охирига қолдиқ» сатрининг тегишли устунларидаги маълумотлар кўчирилади. Тегишинча, IV чорак учун Расшифровкага 2014 йилнинг III чораги учун Расшифровка кўрсаткичлари кўчирилади.

 

2-устунда жисмоний шахсларга 2014 йилда ҳисобланган (Кодекснинг 172–178-моддалари), ЖШДС (шу жумладан ШЖБПҲ) ва фуқароларнинг суғурта бадаллари чегирилган ҳолда, даромадларнинг умумий суммаси кўрсатилади.

 

3-устунда 2-устундан солиқ солинадиган, яъни Кодекснинг 179, 180-моддаларида ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ЖШДС бўйича имтиёзлар татбиқ этиладиган даромадлар чегирилган ҳолда даромадлар ажратилади. Устун кўрсаткичига асосий бўлмаган иш жойида тўланган, олувчининг аризасига кўра ЖШДС ушланмаган моддий наф тарзидаги даромадлар ҳам киритилмайди.

 

4-устунда ШЖБПҲга мажбурий бадалларнинг ҳисобланган суммаси кўрсатилади.

 

5-устунда ШЖБПҲга мажбурий бадаллар чегирилган ҳолда ҳисобланган ЖШДС кўрсатилади.

 

2–5-устунларга 2014 йилнинг IV чораги учун Расшифровканинг «Ой бошига қолдиқ» сатри бўйича суммалар 2014 йилнинг III чораги учун Расшифровканинг тегишли устунларидан «Чорак охирига қолдиқ» сатридан ўтказилади.

 

6-устунда жисмоний шахсларга пул маблағлари билан тўланган (шу жумладан пластик карточкаларга ҳисобланган, даромадлардан ушланмалар ва ўтказмалар, шунингдек моддий наф тарзидаги даромадлар) ҳамда натура шаклида берилган даромадларнинг умумий суммаси кўрсатилади.

 

7-устунда 6-устундан солиқ солинадиган даромадлар ажратилади.

 

МИСОЛ. Ходимга 2 000 000 сўм ишдан бўшатиш нафақаси ҳисоблаб ёзилди. Унинг солиқ солинадиган қисми 846 740 сўмни (2 000 000 – 96 105 х 12) ташкил қилади. 135 478 сўм  (шартли) ЖШДС ушлаб қолинди.

Ходимга тўланган 1 864 522 сўм (2 000 000 – 135 478) нафақа 6-устунда, унинг солиқ солинадиган қисми (846 740 сўм) – 7-устунда кўрсатилади.

 

8-устунда 6-устундан жисмоний шахсларга натура шаклида тўланган даромадлар суммаси ажратилади. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларигина натура шаклида иш ҳақи тўлашга ҳақлидирлар. Бироқ, иш ҳақини бундай усулда тўлашда улар фақат ходимларнинг ёзма аризасига кўра ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ва уни қайта ишлаш маҳсулотларинигина иш ҳақи ҳисобига бера оладилар (ВМнинг 19.03.2002 йилдаги 88-сон Қарори). Қолган корхоналарга иш ҳақини натура шаклида (ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот, харид қилинган товарлар билан ва ҳоказо) тўлаш тақиқланган, бироқ улар иш ҳақи тўлаш билан бирга совғалар, чипталар, йўлланмалар, бепул овқатланишга талонлар, ойлик йўл чипталари ва бошқаларни тақдим этишлари мумкин. Ўз ходимларига ва бошқа жисмоний шахсларга тўланган бундай даромадлар ҳам 8-устунда кўрсатилади.

Эслатиб ўтамиз, 8-устунда ишлари қатнов тусида бўлмаган ходимларга тўланган ойлик йўл чипталари қийматигина кўрсатилади, чунки ишлари қатнов тусида бўлган ходимлар учун уларнинг қиймати даромад ҳисобланмайди (Кодекснинг 171-моддаси иккинчи қисмининг 4-банди) ва тегишинча, ЖШДС бўйича ҳисоботда акс эттирилмайди. 

Ишлари қатнов тусида бўлмаган ходимларга берилган ойлик йўл чипталари қиймати Расшифровкада улар берилган санада кўрсатилади. Бунда мазкур тўловлардан солиқ ойлик йўл чипталари берилган ой тугаганидан кейин 5 кун ичида бюджетга ўтказилиши керак (Кодекснинг 188-моддаси).

 

МИСОЛ. Қатнов тусида бўлмаган ишда ишлайдиган ходимга 31 октябрда ноябрь ойи учун ойлик йўл чипта берилди. Расшифровкада унинг қиймати у берилган санада, яъни 31 октябрда акс эттирилади, ундан олинадиган солиқ эса корхона томонидан 5 ноябрдан кечиктирмай тўланиши лозим. 

 

9-устунда 6-устундан солиқ солинадиган, натура шаклида тўланган даромадлар ажратилади.

 

МИСОЛ. Ходимга юбилей муносабати билан 600 000 сўмлик мобил телефон совға қилинган (8-устунда кўрсатилади). ЭКИҲнинг 6 баравари (576 630 сўм) доирасидаги совғанинг қийматига ЖШДС солинмайди. Унинг солиқ солинадиган қисми – 23 370 сўм 9-устунда кўрсатилади.

 

10-устунда 6-устундан бўнак сифатида тўланган иш ҳақи суммаси кўрсатилади (уни тўлаш санасида).

 

11-устунда Халқ банкига ўтказилган ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси кўрсатилади.

 

12-устунда бюджетга тўланган, яъни ШЖБПҲга бадаллар чегирилган ҳолда (тўлов топшириқномаси ёзилган санада) ЖШДС суммаси кўрсатилади.

 

«Жами» сатрида Расшифровканинг тегишли устунлари бўйича маълумотларни жамлаш натижаси кўрсатилади.

«Чорак охиридаги қолдиқ» сатри 2, 3, 4 ва 5-устунларининг кўрсаткичлари Расшифровкага изоҳда келтирилган формулалар бўйича белгиланади:

2-устун = «Чорак бошидаги қолдиқ» сатрининг 2-устуни + «Жами» сатрининг 2-устуни – «Жами» сатрининг 6-устуни;

3-устун = «Чорак бошидаги қолдиқ» сатрининг 3-устуни + «Жами» сатрининг 3-устуни – «Жами» сатрининг 7-устуни;

4-устун = «Чорак бошидаги қолдиқ» сатрининг 4-устуни + «Жами» сатрининг 4-устуни – «Жами» сатрининг 11-устуни;

5-устун = «Чорак бошидаги қолдиқ» сатрининг 5-устуни + «Жами» сатрининг 5-устуни – «Жами» сатрининг 12-устуни.

«Йил бошидан жами» сатрида 2014 йилнинг III чораги «Йил бошидан жами» ва IV чораги «Жами» сатрларининг йиғиндиси кўрсатилади.

 

МАЪЛУМОТЛАРГА 2-ИЛОВА

Йиллик Маълумотларга 2-илова – Тўланган дивидендлар ва фоизлар ҳамда ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасининг расшифровкаси 2014 йилнинг IV чораги учун тегишли операциялар амалга оширилган кунлар бўйича тақдим этилади.

 

IV чорак учун Расшифровканинг «Чорак бошидаги қолдиқ» сатрига 2014 йил III чораги учун Расшифровканинг тегишли устунларидан «Чорак охиридаги қолдиқ» сатридан кўрсаткичлар кўчирилади.

 

2-устунда IV чорак учун ҳисобланган (ҳисоблаш санасида) дивидендлар ва фоизлар суммаси кўрсатилади.

 

Кодекснинг 22-моддасига мувофиқ дивидендлар:

акциялар бўйича тўланиши лозим бўлган даромад;

юридик шахс томонидан унинг муассислари ўртасида (иштирокчилари, аъзолари ўртасида уларнинг улушлари, пайлари, ҳиссалари бўйича) тақсимланадиган соф фойданинг ва (ёки) ўтган йиллардаги тақсимланмаган фойданинг бир қисми;

юридик шахс тугатилганда мол-мулкни тақсимлашдан олинган, шунингдек муассис (иштирокчи, аъзо) томонидан юридик шахсда иштирок этиш улушини (пайини, ҳиссасини) олгандаги даромадлар, бундан муассис (иштирокчи, аъзо) устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида киритган мол-мулкнинг қиймати чегирилади;

тақсимланмаган фойда устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш учун йўналтирилган тақдирда юридик шахс акциядорининг, муассисининг (иштирокчисининг, аъзосининг) қўшимча акциялар қиймати, акциялар номинал қийматининг ошиши, улуш (пай, ҳисса) қийматининг ошиши тарзида олинган даромадлари.

Фоизлар – ҳар қандай турдаги қарз талабларидан олинган даромад, шу жумладан облигациялар ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек депозит қўйилмалар ва бошқа қарз мажбуриятларидан олинган даромад.

 

3-устунда дивидендлар ва фоизлардан ҳисобланган ЖШДС кўрсатилади (10%лик ставка бўйича).

 

4-устунда ЖШДС чегирилган ҳолда дивидендлар ва фоизларнинг ҳисобланган суммаси кўрсатилади.

 

5-устунда тўланган дивидендлар ва фоизларнинг умумий суммаси кўрсатилади. Сатрнинг кўрсаткичи 6 ва 7-устунларнинг йиғиндиси сифатида аниқланади.

 

6-устунда пул шаклида тўланган – нақд пул билан берилган, муассиснинг ҳисобварағи ёки пластик карточкасига ўтказилган дивидендлар ва фоизлар кўрсатилади.

 

7-устунда натура шаклида, масалан, асосий воситалар, товарлар, ўз маҳсулоти ва бошқалар билан тўланган дивидендлар ва фоизлар кўрсатилади.

 

8-устунда бюджетга ўтказилган дивидендлар ва фоизлардан ЖШДС суммаси кўрсатилади.

МИСОЛ. Муассисга 13 000 минг сўм дивиденд ҳисобланди. Шундан 9 000 минг сўми пул билан тўланади, 4 000 минг сўмига эса корхонанинг ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот берилади.

Ҳисобланган сумма (13 000 000 сўм) Расшифровканинг 2-устунида акс эттирилади, дивидендлардан солиқ – 1 300 000 сўм 3 ва 8-устунларда кўрсатилади.

Муассисга тўланадиган дивидендлар суммаси – 11 700 000 сўм (13 000 000 – 1 300 000) Расшифровканинг 4 ва 5-устунларида кўрсатилади. Пул билан тўланадиган дивидендлар – 9 000 000 сўм 6-устунда, тайёр маҳсулот билан берилган дивидендлар 2 700 000 сўм (13 000 000 – 1 300 000 – 9 000 000) эса 7-устунда кўрсатилади.

 

«Жами» сатрида Расшифровканинг тегишли устунлари бўйича маълумотларни жамлаш натижаси кўрсатилади, «Чорак охиридаги қолдиқ» сатри 3 ва 4-устунларининг кўрсаткичлари эса қуйидагича ҳисоб-китоб қилинади:

3-устун = «Чорак бошидаги қолдиқ» сатрининг 3-устуни + «Жами» сатрининг 3-устуни – «Жами» сатрининг 8-устуни;

4-устун = «Чорак бошидаги қолдиқ» сатрининг 4-устуни + «Жами» сатрининг 4-устуни – «Жами» сатрининг 5-устуни.

 

«Йил бошидан жами» сатрида III чорак учун «Йил бошидан жами» ва IV чорак «Жами» сатрларининг йиғиндиси кўрсатилади.

 

МИСОЛ. Январь ойида аввалги ҳисобот йили якунлари бўйича МЧЖ муассисларига (3 нафар жисмоний шахсга) дивидендлар – 12 000 минг сўм ҳисоблаб ёзилди. Улардан ушлаб қолинган солиқ 1 200 минг сўмни ташкил қилди. Январь ойида пул билан 10 800 минг сўм дивидендлар тўланди.

Ноябрь ойида муассислардан бири МЧЖ таркибидан чиқиб кетди. Унинг дастлабки қўйилмаси 15 000 минг сўмга тенг эди, ҳисоб-китоблар бўйича ҳақиқатдаги улуш қиймати 22 000 минг сўмни ташкил қилди. Дивидендларга солиқ солиш мақсадида тан олинадиган дастлабки қиймат билан муассисга қайтарилаётган улуш ўртасидаги ижобий фарқ 7 000 минг сўмни (22 000 – 15 000) ташкил қилди. Ҳисоблаб ёзилган ва бюджетга тўланган солиқни (700 минг сўм) чегирган ҳолда ноябрь ойида муассисга 6 300 минг сўм тўланди.

IV чорак учун Расшифровкада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

ноябрь ойида содир этилган операциялар санаси бўйича 2-устунда – чиқиб кетаётган муассисга тўланган дивидендлар суммаси (7 000 000 сўм), 3 ва 8-устунларда – ЖШДС (700 000 сўм), 4, 5 ва 6-устунларда – тўланган дивидендлар суммаси (6 300 000 сўм);

«Жами» сатри бўйича 2-устунда – 7 000 000 сўм, 3 ва 8-устунларда – 700 000 сўм, 4, 5 ва 6-устунларда – 6 300 000 сўм;

«Чорак охирига қолдиқ» сатри бўйича 3 ва 4-устунларда ноль қўйилади, чунки чиқиб кетаётган муассис ва бюджет олдидаги қарзлар сўндирилган;

«Йил бошидан жами» сатри бўйича 2-устунда йил давомида ҳисоблаб ёзилган умумий дивидендлар суммаси – 19 000 000 сўм (12 000 000 + 7 000 000), 3 ва 8-устунларда – 2014 йилда ҳисоблаб ёзилган ва тўланган солиқ суммаси (1 900 000 сўм), 4, 5 ва 6-устунларда – ҳисоблаб ёзилган ва пул билан тўланган дивидендлар (17 100 000 сўм) кўрсатилади.

 

МАЪЛУМОТЛАРГА 3-ИЛОВА

Йиллик Маълумотларга 3-илова – Жисмоний шахсларга ҳисобланган даромадлар расшифровкаси Кодекснинг 172-178-моддаларида назарда тутилган жисмоний шахсларнинг барча даромадларини (ялпи даромад) очиб беради. У йил бошидан ортиб борувчи якун билан тўлдирилади. Маълумотлар «Йил бошидан даромадлар олган жисмоний шахсларнинг сони» ва «Даромадлар суммаси» устунлари бўйича киритилади.

01-сатрда жисмоний шахсларга 2014 йилда ҳисобланган даромадларнинг умумий суммаси кўрсатилади. Унинг қиймати 02, 03, 04 ва 06-сатрлар йиғиндиси сифатида аниқланади.

 

02-сатрда Кодекснинг 172-моддасига мувофиқ жисмоний шахсларнинг даромадлари суммасига қуйидагилар киради:

иш ҳақи (мансаб маошлари);

илмий даража ва фахрий унвон учун қўшимча тўловлар;

рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар (Кодекснинг 173-моддаси);

компенсация тўловлари (Кодекснинг 174-моддаси);

ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш (Кодекснинг 175-моддаси);

предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга тўловлар (бундан якка тартибдаги тадбиркорликдан олинган даромадлар мустасно);

юридик шахснинг бошқарув органи (кузатув кенгаши ёки бошқа шунга ўхшаш органи) аъзоларига юридик шахснинг ўзи томонидан амалга ошириладиган тўловлар;

мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, МХХнинг ҳарбий хизматчиларига, ички ишлар органларининг оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибига ҳамда ДБҚнинг ходимларига хизматни ўташи (хизмат мажбуриятларини бажариши) муносабати билан тўланадиган пул таъминоти, пул мукофотлари ва бошқа тўловлар.

 

021-сатрда 02-сатрдан фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга тўланган даромадлар суммаси ажратилади, 031-сатрда кўрсатиладиган ижарага беришдан олинган даромадлар бундан мустасно. 02-сатрда бўлгани каби якка тартибдаги тадбиркорларга улар мустақил равишда қатъий белгиланган солиқ тўлайдиган, тадбиркорлик фаолияти доирасида тўланадиган ҳисобланган даромадлар суммалари ҳисобга олинмайди.

 

022-сатрда 02-сатрдан юридик шахс томонидан ўз кузатув кенгаши ёки бошқа шунга ўхшаш бошқарув органи аъзоларига тўланган даромадлар суммаси кўрсатилади.

 

03-сатрда таркиби СКнинг 176-моддаси билан белгиланган қуйидаги мулкий даромадлар суммаси кўрсатилади:

фоизлар;

дивидендлар;

мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар;

жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар;

саноат мулки объектларига, селекция ютуғига берилган патент (лицензия) эгаси бўлган жисмоний шахснинг патентдан бошқа шахс фойдасига воз кечганда ёки лицензия шартномаси тузганда олган даромади;

роялти;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаганидан кейин хусусий корхона мулкдори, оилавий корхона иштирокчиси ҳамда фермер хўжалиги бошлиғи ихтиёрида қоладиган фойда суммаси.

 

03-сатрдан 031, 032, 033-сатрларда мол-мулкни юридик шахсга ижарага беришдан ҳисобланган даромадлар (031-сатр), шунингдек ҳисобланган дивидендлар (032-сатр) ва фоизлар (033-сатр) ажратилади.

Жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк ва автотранспортни ижарага беришдан олган даромадларига солиқ солишда шартнома бўйича ижара ҳақи суммасига ЖШДС солинади, бироқ у Президентнинг ПҚ-2099-сон Қарорига 25-иловада белгиланган ижара ҳақининг энг кам ставкаларидан келиб чиққан суммадан кам бўлмаслиги керак.

Агар ижара шартномаси амал қилишининг бошланиши ойнинг биринчи санасига ёки унинг амал қилишининг охири ойнинг охирги кунига тўғри келмаса, ижара тўловининг мазкур ой учун энг кам ставкалари ушбу ойда шартноманинг амал қилиш кунлари миқдорига мутаносиб равишда қўлланилади (МВ ва ДСҚнинг 28.03.2014 йилдаги ММ/04-01-32-14/246/246, 15/1-5434-сон қўшма хати). 

 

МИСОЛ. Корхона жисмоний шахсдан енгил автомобилни 10 ноябрдан ижарага олган. Шартнома бўйича ижара ҳақи ойига 300 минг сўмни ташкил қилади.

Ноябрь ойида энг кам ижара ҳақи ставкаси (220 минг сўм) шартнома амал қиладиган кунлар сони – 21 кунга (10 ноябрдан 30 ноябргача) мутаносиб равишда қўлланилади. Энг кам ставкадан келиб чиқиб ноябрь ойи учун ҳисобланган ижара ҳақи 154 000 сўмни (220 000 / 30 х 21), ҳақиқатдаги қиймати эса – 210 000 сўмни (300 000 / 30 х 21) ташкил қилади. Энг юқори суммадан ноябрь ойи учун ҳисобланган ЖШДС 15 750 сўмни (210 000 х 7,5%), декабрь ойи учун – 22 500 (300 000 х 7,5%) ташкил қилади. 031-сатрда ноябрь ва декабрь ойлари учун ижара ҳақи – 510 000 сўм кўрсатилади.

 

Жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинадиган даромад ҳужжат билан тасдиқланган унинг харид қийматидан сотиш баҳосининг ошиб кетиши сифатида аниқланади. Тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, бундай даромад сифатида инвентаризация қиймати билан сотиш баҳоси ўртасидаги фарқ, бошқа мол-мулкдан эса сотиш қиймати олинади. Бунда жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинадиган даромадларга ЖШДС солинмайди (Кодекснинг 179-моддаси 11-банди), қуйидагиларни сотишдан олинган даромадлар бундан мустасно:

қимматли қоғозларни, юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини (пайларини);

яшаш учун мўлжалланмаган жойларни.

Кетма-кет келадиган 12 ойлик давр ичида 1 мартадан ортиқ бўлмаган битим тузилган тақдирда, уй-жойларни реализация қилишдан олинадиган даромадларга ЖШДС солинмайди (Кодекснинг 179-моддаси 11-банди, 25.12.2013 йилдаги ЎРҚ-359-сон Қонун таҳририда). Уй-жойларни 12 ойлик давр ичида 1 мартадан ортиқ реализация қилинганда барча уй-жой объектлари реализациясини ҳисобга олган ҳолда солиқ солинадиган даромад аниқланади. Бундай тартиб 2014 йилнинг 1 апрелидан бошлаб тузилган битимларга нисбатан жорий этилади (МВ ва ДСҚнинг 28.03.2014 йилдаги ММ/04-01-32-14/246/246, 15/1-5434-сон қўшма хати). 2014 йилнинг 1 апрелига қадар кетма-кет келадиган 12 ойлик давр ичида 2 мартадан ортиқ битимлар содир этилганда турар жойни реализация қилишдан олинган даромадларга солиқ солинмас эди.

 

04-сатрда Кодекснинг 177-моддасида назарда тутилган қуйидаги моддий наф тарзидаги даромадлар суммаси кўрсатилади:

  • юридик шахс томонидан жисмоний шахс манфаатларини кўзлаб товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини, мулкий ҳуқуқларни тўлаш, шу жумладан:

жисмоний шахсларнинг болаларини мактабгача таълим муассасаларида ўқитиш, тарбиялаш;

коммунал хизматлар, ходимларга берилган уй-жой ҳақини, уй-жойдан фойдаланиш харажатлари ҳақини, ётоқхонадаги жойлар ҳақини ёки уларнинг ўрнини қоплаш қийматини тўлаш;

санаторий-курортларда даволаниш йўлланмалари қийматини, дам олиш, стационар ва амбулаторияга қатнаб даволаниш ҳақини ёки уларнинг ўрнини қоплаш қийматини тўлаш;

юридик шахснинг жисмоний шахс даромади бўлган бошқа харажатлари;

  • солиқ тўловчининг манфаатларини кўзлаб текинга (шу жумладан ҳадя шартномаси асосида) берилган мол-мулк, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар қиймати;
  • товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ходимларга реализация қилинадиган нархи ва уларнинг қиймати ўртасидаги салбий тафовут;
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ ходимларга темир йўл, авиация, дарё, автомобиль транспорти ва шаҳар электр транспортида юриш бўйича бериладиган имтиёзлар суммаси;
  • жисмоний шахснинг юридик шахс олдидаги қарзининг юридик шахс қарори билан ҳисобдан чиқарилган суммалари;
  • иш берувчи томонидан тўловлар ҳисобига тўланиб, ходимдан ушлаб қолиниши лозим бўлган, лекин ушлаб қолинмаган суммалар.

Юридик шахсдан олинган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати уларни олиш нархидан ёки таннархидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бунда акциз тўланадиган товарлар ёки ҚҚС солинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича улар қийматида акциз солиғи ва ҚҚСнинг суммаси ҳисобга олинади.

 

05-сатрда 04-сатрдан ЖШДС ушланмаган моддий наф тарзидаги даромадлар ажратилади, корхона меҳнатга оид муносабатларда бўлмаган жисмоний шахснинг ёзма аризаси асосида унинг моддий наф тарзидаги даромдларидан ЖШДСни ушлаб қолмасликка ҳақлидир (Кодекснинг 184-моддаси учинчи қисми).

 

06-сатрда қуйидаги бошқа даромадлар келтирилади (Кодекснинг 178-моддаси):

  • пенсиялар ва қонун ҳужжатларида белгиланган нафақалар;
  • стипендиялар;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хайрия ва экология жамғармалари томонидан жисмоний шахсларга бериладиган нафақалар ҳамда бошқа турлардаги ёрдам;
  • донорлик учун пул мукофотлари;
  • мусобақаларда, кўрикларда, танловларда совринли ўринлар учун бериладиган совринлар, пул мукофотлари;
  • ютуқлар;
  • грант берувчидан олинган грантлар, шу жумладан чет давлатлар грантлари бўйича олинган суммалар;
  • яратилган фан, адабиёт ва санъат асарлари (предметлари) учун жисмоний шахслар томонидан олинган даромадлар;
  • ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бериладиган ишдан бўшатиш нафақаси ва бошқа тўловлар;
  • моддий ёрдам тариқасида:

вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган тўловлар;

ходимга меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёхуд соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ тўловлар;

фавқулодда ҳолатлар муносабати билан бериладиган тўловлар;

мақсадли хусусиятга эга бўлган ҳамда ходимлар билан юз берган шахсий тусдаги воқеалар, ҳодисалар ва тадбирлар билан боғлиқ бўлган ҳамда бажариладиган иш натижаларига боғлиқ бўлмаган тўловлар;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзидаги тўловлар;

  • қонун ҳужжатларига мувофиқ уй-жой-коммунал хизматлари ҳақини тўлаш бўйича ҳар ойлик компенсация пул тўловлари;
  • ишламайдиган пенсионерларга юридик шахс томонидан тўланадиган тўловлар;
  • суғурта товони суммалари;
  • маънавий зарарни компенсация қилиш бўйича пул тўловлари.

ШЖБПҲга мажбурий ажратмалар бошқа даромадлар таркибида акс эттирилмайди.

 

МАЪЛУМОТЛАРГА 4-ИЛОВА

Йиллик Маълумотларга 4-илова – Жисмоний шахсларнинг солиқ солишдан озод этилган даромадлари расшифровкасида СКнинг 179, 180-моддалари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида солиқ солишдан озод этилган барча даромадлар кўрсатилади. У қуйидаги устунларда тўлдирилади: «Имтиёзларни қўллаган жисмоний шахслар сони» ва «Даромад суммаси».

 

01-сатрда жисмоний шахсларнинг солиқ солишдан озод қилинган даромадларининг умумий суммаси (имтиёзларнинг умумий суммаси) кўрсатилади. У 02 ва 05-сатрларнинг йиғиндиси сифатида белгиланади.

 

02-сатрда Кодексга мувофиқ солиқ солишдан озод қилинган даромадлар суммаси кўрсатилади. Унинг кўрсаткичи 03 ва 04-сатрларнинг йиғиндиси сифатида белгиланади.

Солиқ кодексига мувофиқ алоҳида турдаги даромадлар (Кодекснинг 179-моддаси), шунингдек жисмоний шахсларнинг айрим тоифалари (Кодекснинг 180-моддаси) солиқ солишдан озод қилинади. Бир қатор имтиёзлар – моддий ёрдам, совға ва ишдан бўшатиш нафақаларига имтиёзлар энг кам иш ҳақига каррали миқдорларда белгиланган. Бундан ташқари, Кодекснинг 180-моддаси иккинчи қисмига биноан айрим жисмоний шахсларнинг даромадлари олинган ҳар бир ой учун ЭКИҲнинг 4 баравари миқдорида солиқ солишдан озод қилинади.

Йил давомида бундай имтиёзларни ҳисоблаб чиқариш учун 1 январь ҳолатига амал қилган ЭКИҲ қўлланилади (2014 йилда – 96 105 сўм). Тегишинча, 2014 йилда юқорида айтиб ўтилган имтиёзларни ҳисоблаб чиқаришда солиқ солинмайдиган миқдор қуйидагиларни ташкил қилган:

моддий ёрдам бўйича – 1 153 260 сўм (96 105 х 12). Ходимнинг ёки унинг оила аъзосининг вафоти муносабати билан моддий ёрдам 2014 йил 1 апрелга қадар (I чоракда) тўланган тақдирда, имтиёз 1 922 100 сўм (96 105 х 20) суммасига, 1 апрелдан бошлаб – 1 153 260 сўмга қўлланилган (25.12.2013 йилдаги ЎРҚ-359-сон Қонун);

ишдан бўшатиш нафақаси бўйича – 1 153 260 сўм (96 105 х 12);

совға бўйича – 576 630 сўм (96 105 х 6).

Кодекснинг 180-моддаси иккинчи қисмида келтирилган айрим тоифадаги жисмоний шахсларнинг даромадлари қисман – ЭКИҲнинг 4 баравари доирасида солиқ солишдан озод қилинади. 2014 йилда имтиёз миқдори даромад олинган ой учун 384 420 сўмни (96 105 х 4) ташкил қилган.

Агар бир жисмоний шахс бир нечта, масалан, моддий ёрдам, қимматбаҳо совға, олинган дивидендлар бўйича имтиёзларни қўлласа, 02-сатрни тўлдираётганда қўлланилган имтиёзларнинг миқдоридан қатъи назар, у бир киши деб ҳисобланади.

 

03-сатрда 02-сатрдан Кодекснинг 179-моддасида назарда тутилган имтиёзлар ажратилади, ШЖБПҲга мажбурий бадаллар бундан мустасно. Унинг кўрсаткичи 031-03...-сатрларни қўшиш орқали аниқланади. Бунда 031 ва ундан кейинги сатрларда ҳар бир имтиёз бўйича СК 179-моддасининг аниқ банди ва имтиёзнинг мазмуни кўрсатилади.

 

04-сатрда 02-сатрдан Кодекснинг 180-моддаси бўйича имтиёзлар ажратилади. Унинг кўрсаткичи 041-04...-сатрларнинг йиғиндиси сифатида белгиланади. 041 ва ундан кейинги сатрларда ҳар бир имтиёз бўйича СК 180-моддасининг банди ва имтиёзнинг мазмуни кўрсатилади.

 

Имтиёзлар Кодекснинг 180-моддаси иккинчи қисмида келтирилган тасдиқловчи ҳужжатларга асосан ва асосий иш жойидагина қўлланилади. Асосий иш жойи мавжуд бўлмаган тақдирда, жисмоний шахсларнинг яшаш жойидаги солиқ органлари томонидан йиллик ялпи даромади тўғрисидаги декларацияга асосан имтиёзлар қўлланилади.

 

05-сатрда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган имтиёзлар асосида солиқ солишдан озод этилган даромадларнинг умумий суммаси кўрсатилади. Унинг кўрсаткичи 051-05...-сатрларнинг йиғиндиси сифатида белгиланади. Бунда 051 ва ундан кейинги сатрларда имтиёз қўлланилишига асос бўлган меъёрий ҳужжатнинг номи, санаси, рақами, шунингдек банди кўрсатилади.

 

Мазкур тушунтиришлар «Norma Ekspert» мутахассисларининг эксклюзив (хос) ишланмаси саналиб, «Практическое налогообложение» («Амалий солиқ солиш») ва «Малое предприятие: учет, налоги, право» («Кичик корхона: ҳисоб, солиқлар, ҳуқуқ») электрон маълумотнома тизимлари асосида тайёрланган. Уларни «Norma» газеталари бирлашган таҳририяти» МЧЖ ёки «Norma Ekspert» ХКнинг ёзма рухсатномаси билангина, шу жумладан электрон ОАВларда қайта босишга рухсат берилади.

 

СБХ»нинг 8.04.2014 йилдаги 14 (1026), 15.04.2014 йилдаги 15 (1027), 1.07.2014 йилдаги 27 (1039), 8.07.2014 йилдаги 28 (1040), 14.10.2014 йилдаги 41 (1053), 21.10.2014 йилдаги 42 (1054)-сонларида.

 

1МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 2-илова.

2МВ, ДСҚ ва МБ бошқарувининг АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

 

«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар

 

Давоми бор.

Прочитано: 5091 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика