Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 19 / Солиқ солиш

Бино эгаси иккита бўлганда мол-мулк ва ер солиғи қандай тўланади?

Ҳокимнинг қарори билан икки нафар жисмоний шахсга 2012 йил охирида яшаш учун мўлжалланмаган уч қаватли бинони биргаликда қуриш учун ер участкаси ажратилди. Уни қуриш 2014 йил февралигача давом этди. Ҳозирда менга тегишли бўлган биринчи қават қабул қилинишга тайёр. Бошқа жисмоний шахс эгаси бўлган иккинчи ва учинчи қаватларда хоналар ичидаги пардозлаш ва бўяш ишлари қолди.

Биринчи қаватнинг давлат қабул далолатномасини имзолаш учун солиқ инспекциясига бориб келганимдан кейин уч кун ўтгач менга ДСИдан қўнғироқ қилиб, участка ажратилган 2012 йилдан бошлаб ер солиғини тўлашимни сўрашди. Бутун ер солиғини фақат биринчи қават эгаси тўлаши керакми ёки унинг суммаси 3 қаватга бўлинадими? Мол-мулк солиғи ва ер солиғи қанча миқдорда, қандай ва қайси кундан бошлаб тўланади?

Хосият Йўлдошева.

 

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ МОЛ-МУЛКИДАН ОЛИНАДИГАН СОЛИҚ

– Мулкида солиқ солинадиган мол-мулки (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар, иншоотлар) бўлган жисмоний шахс­лар мол-мулк­ка солинадиган солиқ тўлов­чиларидир (Солиқ кодексининг (СК) 272-моддаси).

У солиқ солинадиган база ва белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиқиб ҳисоб­ланади. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган – «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан белгиланадиган солиқ солиш объектларининг инвентаризация қиймати солиқ солинадиган базадир (СКнинг 274-моддаси). Солиқ солиш объектининг баҳоси мавжуд бўлмаса, қонун ҳуж­жатлари билан белгиланадиган мол-мулкнинг шартли қиймати қабул қилинади (Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон Қарорига 18-илова).

Янги иморатлар, бинолар ва иншоотлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ улар барпо этилган йилдан кейинги йил бошидан эътиборан тўланади (СКнинг 277-моддаси).

Сизнинг хатингиздан биринчи қаватни 2014 йилда рўйхатдан ўтказганингиз маълум бўлади. Тегишинча, мол-мулк солиғини сиз 2015 йил бошидан тўлайсиз.

Солиқни мол-мулкка оид ҳужжатлар унинг номига расмийлаштирилган шахс тўлай­ди. Агар мол-мулк бир нечта мулкдорнинг улушли мулкида бўлса, солиқни уларнинг ҳар бири ушбу қурилмалар, жойлар ва иншоотлардаги ўз улушига мутаносиб равишда тўлайди (СКнинг 277-мод­даси).

Агар кўчмас мулкка ўзининг мулкдорлик ҳуқуқларини ҳар бир жисмоний шахс алоҳида-алоҳида рўйхатдан ўтказган бўлса, у мол-мулкнинг ўзига тегишли қисми учун солиқ тўлайди. Бунда яшаш учун мўлжалланмаган жойлар бў­йича солиқ юридик шахс­лар учун белгиланган ставка бўйича тўланади (СКнинг 276-моддаси).

Кўчмас мулкка бўлган ҳу­қуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган солиқ солиш объекти жойлашган ердаги солиқ органларига ҳар йили 1 февралгача объектнинг 1 январга бўлган ҳолатига кўра инвентаризация қийматини ва унинг мулкдорини кўрсатган ҳолда маълумот тақдим этади. Солиқни солиқ органлари солиқ солиш объектларининг инвентаризация қиймати ва белгиланган солиқ ставкасидан ҳисоблайдилар. Улар солиқ тўловчи жисмоний шахсларга солиқни тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномасини солиқ суммаси ва тўлаш муддатларини кўрсатган ҳолда ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширишади. Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар ҳар йили тўланиши керак (СКнинг 277-моддаси).

 

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН ЕР СОЛИҒИ

Мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар ер солиғини тўловчилардир (СКнинг 287-моддаси). У ер участкаси ажратилганидан кейинги ойдан эътиборан, ундан фойдаланиш далилидан қатъи назар, тўланади (СКнинг 294-моддаси).

Солиқ сизга ажратилган, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ­ларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган – «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан белгиланган ер участкаси майдони ва белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланади (СКнинг 289-моддаси). Тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган ер участкала­ри учун у жисмоний шахслардан юридик шахслар учун белгиланган ставкалар бўйича ундирилади ҳамда уларга СКнинг 290-моддасида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди (СКнинг 291-моддаси).

Хатингиздан ер участкаси сизга тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган деб хулоса қилиш мумкин. Тегишинча, сиз солиқни ер участкаси ажратилган ойдан кейинги ойдан бошлаб, ундан фойдаланиш далилидан қатъи назар, юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш учун белгиланган ставкалар бўйича тўлашингиз керак. Чунончи, агар участка сизга 2012 йил ноябрида ажратилган бўлса, унинг учун солиқни сиз 2012 йил декабридан тўлай бошлайсиз. Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари Президентнинг 30.12.2011 йилдаги ПҚ-1675-сон (2012 йилга), 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон (2013 йилга), 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон (2014 йилга) қарорларига 19-иловада тасдиқланган ва оммавий ахборот воситаларида чоп этилган. Улар ер участкаларининг жойлашган жойи­га боғлиқ.

Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи суммаси солиқ органлари томонидан ҳисобланади, улар ер солиғи суммаси ва уни тўлаш муддатлари кўрсатилган тўлов хабарномасини солиқ тўловчиларга ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширадилар (СКнинг 293-моддаси).

Солиқ ҳисоб-китоби ушбу ҳолда ер участкасига ­доир ҳужжатлар қандай расмийлаштирилганлигига ҳам боғлиқ, яъни: у бир нечта мулкдорнинг улушли мулкидами ёки ҳар бир жисмоний шахсга алоҳида-алоҳида участка ажратилганми.

Бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, Солиқ кодексида, мол-мулк солиғида бўлганидек, ер участкасига биргаликда эгалик қилганда ер солиғини ҳисоблаш меъёр­лари мавжуд эмас. Бироқ ушбу солиққа айнан ўхшаб, ер солиғи ҳисоб-китобида худди ўша қоида қўлланади. Яъни ер участкаси бир нечта мулкдорнинг улушли мулкида бўлса, уларнинг ҳар бири солиқни мол-мулкдаги ўз улушига мутаносиб равишда тўлайди, бу ер солиғи суммасига ҳам татбиқ этилади. Агар ҳар бир мулкдорга алоҳида ер участкаси биркитилган бўлса, ҳар бир солиқ тўловчи ўзи учун рўйхатдан ўтказилган ер қисмига солиқ тўлайди.

Ер солиғини жисмоний шахслар ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар ҳар йили тўлашлари керак (СКнинг 294-моддаси).

 

Наталья ЗУЕВА,

экспертимиз.

Прочитано: 2358 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика