Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 39 / Божхона

Алоҳида синчковлик билан кўздан кечирдилар

 

Яқинда турмуш ўртоғим билан Дубайдан қайтиб келдик, у ерда ҳунармандлар халқаро кўргазмасида қатнашдик. Божхона назоратидан ўтаётганимизда бизни инспектор тўхтатиб, уяли алоқа телефонларимизни беришни талаб қилди. Уларнинг ичидаги маълумотларни узоқ ва алоҳида синчковлик билан ўрганди. Кўргазмада бўлажак миниатюралар устида ишлашни кўзлаб қизиқарли асарлар, араб тилидаги доно фикрларни суратга олган эдик. Бу ҳақда божхона инспекторини хабардор қилдик. Бизни бир соат ушлаб турдилар. Кейин божхоначи кўргазмада олинган айрим суратларни ўчиришга мажбур қилди.

Божхоначининг хатти-ҳаракатлари ва талаблари қанчалик ҳуқуқий ҳисобланади?

Ш.Шоолим.

 

– «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, божхона органларининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистоннинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва ўз ваколати доирасида унинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш;

божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш;

божхона назоратидан ўтказилиши керак бўлган товарлар ва транспорт воситалари шундай назоратдан ўтказилишини таъминлаш;

божхона ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг, шу жумладан контрабанданинг олдини олиш, уни аниқлаш ва уларга чек қўйиш.

Божхона кодексининг 13-моддасига мувофиқ, божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ҳар қандай кўчар мол-мулк, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси, валюта бойликлари ва бошқа қимматли қоғозлар, электр, иссиқлик энергияси ва энергиянинг бошқа турлари, интеллектуал мулк объектлари, транспорт воситаси товар ҳисобланади. Кодекснинг 21-моддасида эса божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари божхона назоратидан ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтказилиши кераклиги белгиланган.

Божхона кодексининг 188-моддасига мувофиқ, божхона назоратининг шакллари ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш, оғзаки сўров, ахборот олиш, божхона кўздан кечируви, товарларнинг тамғаланганлигини текшириш, божхона кўриги, шахсий кўрик, божхона идентификациялаши, божхона кузатуви, бинолар ва ҳудудларни текшириш, товарларни ва транспорт воситаларини ҳисобга олиш, уларни ҳисобга олиш тизимини текшириш ҳамда ушбу товарларни ва транспорт воситаларини инвентаризация қилиш, товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назорати ҳисобланади.

Кодекснинг 189-моддасига мувофиқ, божхона органлари божхона назорати шаклларини қўллашда танлаб олиш принципига асосланади ва божхона назоратининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлайдиган шакллари билан чекланади. Божхона назорати шаклини танлаш божхона органининг мансабдор шахси томонидан белгиланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 30.07.1997 йилдаги 374-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тўғрисидаги низом (4-илова) тасдиқланган. Унинг 9-бандига кўра, ДБҚ органлари юкланган вазифаларни самарали бажариш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда бир қатор ҳуқуқларга эга бўлади. Шу жумладан, божхона назоратидан ўтказилиши керак бўлган товарлар ва транспорт воситалари кўздан кечирилиши (қайта кўздан кечирилиши)ни ҳамда уларга ҳужжатлар тақдим этилишини талаб этиш; товарлар ва транспорт воситаларини кўздан кечириш (қайта кўздан кечириш), етарлича асослар мавжуд бўлганда эса – жисмоний шахсларни шахсан кўздан кечириш.

Бундан ташқари, Товар ва транспорт воситаларининг божхона кўздан кечируви ҳамда уларни божхона кўригидан ўтказиш бўйича йўриқномада (АВ томонидан 11.09.2015 йилда 2714-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланишича, божхона кўриги товарлар, транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтишнинг қонунийлигини аниқлаш, уларни ҳисобга олиш, бож, солиқлар, йиғимлар ундириш, шунингдек олиб кириш, олиб чиқиш ҳамда транзит қилиш тақиқланган товарларни божхона чегараси орқали ўтишининг олдини олиш учун амалга оширилади.

Президентнинг «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон) 5-иловада белгиланишича, давлат ва ижтимоий тузумни қўпоришга, ҳудудий яхлитлик, сиёсий мустақиллик ва давлат суверенитетини бузишга йўналтирилган, уруш, терроризм, зўравонлик, миллий устунлик ва диний нафрат, ирқчилик ва унинг турлари (антисемитизм, фашизм)ни тарғиб қилувчи босма асарлар, қўлёзмалар, клишелар, суратлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино-, видео- ва аудиомаҳсулотлар, граммпластинкадаги ёзувлар, овозли материаллар, шунингдек порнографик мазмундаги материалларни республика ҳудудига олиб кириш тақиқланади.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси божхона органлари республикамизнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда миллий маънавият ва мафкурамизга зид бўлган, деструктив, экстремистик ва террористик ғояларни ўз ичига олган, конституциявий тузумга қарши йўналтирилган аудио- ва видеомаҳсулотлар олиб кирилиши, обороти ва тарқатилишига қарши курашишга алоҳида эътибор бермоқдалар, ушбу йўналишда муайян натижаларга эришилди.

Шуни ҳам маълум қиламизки, мурожаатингизда баён этилган ходимнинг хатти-ҳаракатидан норозилигингиз ўрганиб чиқилиб, шахсий таркиб билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Фуқаролар билан хушмуомала бўлиш зарурлиги, ходимлар қабул қилинаётган қарорлар асослилигини йўловчиларга тушунтиришга мажбур эканликлари ҳақида кўрсатма берилди. Ушбу йўналишдаги ишлар назорат остига олинди.

 

Равшан ТОЖИЕВ,

«Тошкент АЭРО» ихтисослаштирилган
божхона комплекси
бошлиғи.

 

Таҳририятдан. Вазирлар Маҳкамасининг 20.01.2014 йилдаги 10-сон қарори билан Диний мазмундаги материалларни давлат диншунослик экспертизасидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (2-илова) тасдиқланган. Унга мувофиқ, диний мазмундаги материаллар деганда «дунёдаги турли динларнинг асослари, тарихи, мафкураси, таълимоти ва шарҳлари ҳамда маросимларини ўтказиш амалиётини акс эттирувчи китоблар, рисолалар, журналлар, газеталар, варақалар ва бошқа босма нашрлар, аудиовизуал асарлар (теле-, кино- ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзмалари, мультфильмлар, аниме, хэнтай ва шу кабилар), ахборот ташувчи электрон жисмлар (дискетлар, CD, DVD дисклари, Интернет тармоғида жойлаштирилган материаллар ва шу кабилар)» тушунилади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 1206 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика