Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 39 / Божхона

МДҲ кинологларининг «Тошкент учрашувлари

 

Жорий йилнинг 10–16 сентябрь кунлари пойтахтимиз МДҲга аъзо давлатлардан ташриф буюрган божхоначиларга мезбонлик қилди – Миллий кинология марказида кинология соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган бир қатор нуфузли тадбирлар бўлиб ўтди.

 

 

Хусусан, ҳафталик доирасида МДҲ давлатлари божхона хизматлари раҳбарларининг кинология фаолияти бўйича Ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўлинмалари бошлиқлари қўмитаси Ишчи гуруҳининг ўн еттинчи мажлиси, МДҲ давлатлари божхона маъмуриятлари кинология хизматларининг кўпкураш бўйича VII мусобақаси, Наркотик воситаларни излаш учун хизмат итларини тайёрлашда янги замонавий услубларни қўллаш масалалари бўйича амалий семинар ҳамда Ўзбекистон ва Беларусь божхонаси кинология хизматлари вакилларининг икки томонлама ишчи учрашувлари ўтказилди.

Миллий кинология маркази ва Олий ҳарбий божхона институтининг амалий машғулотлар майдонида 3 кун давомида бўлиб ўтган кўпкураш бўйича VII мусобақада 13 нафар кинолог ўз хизмат итлари билан багаж ва қўл юкида, енгил ва юк автотранспорт воситаларида, хоналарда гиёҳванд воситаларни қидириш, буйруқларга бўйсуниш каби бир нечта йўналишларда ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди. Кинологларнинг профессионал тайёргарлигига баҳо берилган мазкур мусобақалар шунчаки беллашув эмас, балки хизмат итларини тайёрлашда янги билим ва кўникмаларни намойиш қилишнинг ўзига хос майдончаси вазифасини ҳам бажарди.

Наркотик воситаларни багажлардан излаб топишда қирғизистонлик, енгил автомашиналардан излаб топишда ўзбекистонлик, юк автомашиналари, бино ва иншоотлардан излаб топишда эса россиялик кинологлар тенгсиз эканлигини исботлашди. Якуний натижаларга кўра «Қора», «Майкл» ва «Квикс» лақабли хизмат итлари билан мусобақада иштирок этган 3 нафар кинологдан иборат Ўзбекистон жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. Итларининг итоаткорлиги, буйруқларни аниқ бажариши ва бошқа жиҳатлари билан баҳоланган Россия ва Беларусь кинологларига кейинги ўринлар насиб этди.

Беларусь, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон кинология хизматлари раҳбарларининг иштирокида бўлиб ўтган амалий семинар эса кинология соҳасида янги замонавий билимлар билан ўзаро ўртоқлашиш ва тажриба алмашишда муҳим роль ўйнаши шубҳасиз.

Кинология соҳасида халқаро ҳамкорлик борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режаларга бағишланган матбуот анжуманида Ўзбекистон ДБҚ Миллий кинология маркази директори А.Турсунов журналистларга батафсил ахборот берди.

 

Қисқа сатрларда

√ 2017 йилнинг 8 ой давомида Миллий кинология маркази ўқув курсларида жами 160 нафар маҳаллий кинолог таҳсил олди. Давлат божхона хизмати органлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши олдини олишда хизмат итлари ёрдамида 105 та ҳолатда 94 кг дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари аниқланди. 26 та ҳолатда 12 та қурол, 34 дона ўқ-дори, 563 та гильза, 2 450 та капсула, 77,2 грамм порох ва 50 грамм дробнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

√ Ўтган йилдан Марказ фаолиятида янги йўналиш – хизмат итлари кўмагида валюта қимматликларини излаб топиш жорий қилинган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида хизмат итлари кўмагида 7,5 минг АҚШ доллари, бошқа давлатлар нақд хорижий валюталарининг ноқонуний айланмаси олди олинди.

 

Бизнинг маълумотнома

√ 1996 йилда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ташаббуси билан ташкил қилинган Миллий кинология маркази кинолог мутахассислар ва хизмат итларини тайёрлашга ихтисослашган;

√ Марказнинг замонавий талаблар ва жаҳон андозаларига тўла жавоб беришини инобатга олиб, Жаҳон божхона ташкилоти унга минтақавий кинология маркази мақомини берган;

√ Ташкил этилганидан сўнг ўтган 20 йилдан ортиқ муддат давомида Марказ нафақат республикамизда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида инспектор-кинолог ва хизмат итларини тайёрловчи таянч ўқув марказига айланди. Унинг зиммасига нафақат ДБҚ, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар учун малакали кинологлар ва хизмат итларини тайёрлаб бериш, қайта тайёргарликдан ўтказиш, кинологлар малакасини ошириш ва кинология соҳасида ўқув-услубий базани яратиш вазифаси юклатилган;

√ Ўтган йиллар мобайнида БМТ Тараққиёт дастури, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи комиссиясининг Марказий Осиё давлатлари чегараларини бошқариш ва гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишининг олдини олишга кўмаклашувчи БОМКА Ривожлантириш дастурининг турли лойиҳалари доирасида Миллий кинология марказида ташкил этилган минтақавий ўқув курсларида нафақат республикамизнинг, балки Афғонистон, Эрон, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон каби ўнлаб давлатларнинг 165 нафар кинологлари ўқитилиб, 164 бош хизмат итлари тайёрлаб берилган;

√ Марказнинг 15 нафар инструкторлари Австрия, Венгрия, Россия, Франция, Япония ва Қозоғистонда ўз малакаларини ошириб қайтишди.

 

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.

Прочитано: 1440 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика