Norma.uz

Аукционда – «олтин» рақамлар

 

Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасининг янги веб-сайтида оширилган тўлов ставкаси бўйича автотранспорт воситалари учун давлат рақами белгиларини сотиш бўйича дастлабки лотлар қўйилди. 2 иш куни ичида 500 дан ортиқ харидорлар рўйхатдан ўтказилди, 17 000 дан ортиқ фойдаланувчилар ташриф буюрди.

 

Биржанинг янги электрон савдо майдончаси Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорини (31.08.2017 йилдаги 683-сон) ижро этиш доирасида ишга туширилди.

Рақам белгисини Биржа орқали сотиб олиш механизми қандай ишлашини пойтахтимизда ўтказилган матбуот анжуманида намойиш этдилар.

3 хил нарх тоифасида тақдим этилган «чиройли» рақамларни амалда харид қилиш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. ЎзРТХБ савдо директори Азиз Абдуғаниевнинг таъкидлашича, avtoraqam.uzex.uz сайти жуда содда ва шаффоф қилиб ишлаб чиқилган, уни ҳар ким, ҳатто тажрибасиз интернет-фойдаланувчи ҳам ишлата олади. Унда сотувга қўйилган рақамлар, уларни қўйиш санаси, бошланғич қиймати билан танишиш, буюртмалар бор-йўқлигини ва лотнинг жорий нархи қанчалигини, шунингдек уларнинг ҳар бири бўйича савдолар тугатиладиган сана ва вақтни билиб олиш мумкин.

– Тизимни ишлаб чиқиш чоғида Биржанинг онлайн-аукционлар ўтказишдаги тажрибаси ҳам ҳисобга олинди, унда «охирги сонияда» ставкани оширувчи харидорлардан турли хил эътирозлар келиб тушар эди, – дея қўшимча қилди Азиз Абдуғаниев. – Шу сабабли ушбу майдончада савдолар тугашидан 10 дақиқа аввал ставка оширилган тақдирда уларнинг лот бўйича якунланиши автоматик равишда яна 10 дақиқага узайтирилади. Қўйилган дастлабки лотлар 19 сентябрда сотилади.

Сотиб олиш таомили қуйидаги босқичлардан таркиб топган:

1) ЎзРТХБ веб-сайтида рўйхатдан ўтиш ҳамда биржанинг Ҳисоб-китоб-клиринг палатасига гаров пулини Woy-Wo тўлов тизими орқали тўлаш лозим. Харидорлар тўлайдиган гаров пули миқдори авторақам бошланғич нархининг 10%ини ташкил қилади;

2) аукционнинг avtoraqam.uzex.uz сайтида ўзига ёққан рақамни танлаб, унга ставка қилиш;

3) аукцион боришини реал вақт режимида кузатиш зарур. Дастлабки лотлар 12 кунга қўйилди. Бироқ келгусида авторақамлар бўйича савдоларни 3 кун давомида ўтказиш режалаштирилмоқда;

4) агар ставкангиз орқада қолдирилса, уни ошириш мумкин. Бунда биринчи тоифадаги (энг «чиройли») рақамлар учун аукциондаги 1-қадам бошланғич нархнинг 3%ини, иккинчи ва учинчи тоифадагилари учун 1%ини ташкил этади;

5) аукцион ғолиби битим рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб 5 иш куни ичида молиявий мажбуриятларини қоплаши керак. Харидор бу талабни бажармаса, унинг гаров пули автоматик равишда жарима сифатида республика бюджетига ўтказиб юборилади. Биржа хизматлари учун воситачилик йиғими миқдори битим суммасининг 5%ини ташкил этди. Ушбу сумма битимни рўйхатдан ўтказиш пайтида харидордан ундирилади;

6) сотиб олинган рақамнинг ҳақи тўлиқ тўланган пайтдан бошлаб 10 кун ичида уни ЙҲХББ бўлинмасида расмийлаштириш зарур. Харидорнинг айби билан ушбу муддатга риоя этилмаса, битим бекор қилинади. Унинг қийматининг 50%и жарима сифатида республика бюджетига ўтказиб юборилади, 50%и эса харидорга қайтарилади.

Онлайн-аукционда қатнашиш қоғоз ҳужжатлар айланмасини буткул истисно этади. Мижоз аукционда ютиб чиқиб, ҳақ тўласа, яшаш жойидаги ЙҲХББ бўлинмасига келиб, паспортини тақдим этган ҳолда рақамни олиш ҳуқуқини изҳор қилишининг ўзи кифоя. Бунда юридик ва жисмоний шахслар учун биржа аукциони механизми деярли бир хил.

Давлат рақами белгиларини сотувчилар – Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ бўлинмалари 100 га яқин авторақамларни сотувга қўйдилар, уларнинг сони кун сайин ошиб боради. Агар дастлабки кунларда фақат учинчи тоифадаги лотлар қўйилган ҳамда улар Тошкент ва пойтахт вилояти харидорларига мўлжалланган бўлса, келаси ҳафтадан бошлаб биринчи тоифадаги – «олтин» рақамлар қўйила бошлайди. Йил охиригача жами 18 000 тага яқин (ҳамма тоифадаги ва мамлакатимизнинг барча минтақалари учун) рақам белгиларини электрон савдога қўйиш режалаштирилмоқда.

– Аукцион савдоларига тайёрлаб бўлинган рақамларгина қўйилмоқда, – деди анжуманда ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати раҳбари Акмал Юнусов. – Бинобарин, ғолиблар уларни олишда ҳеч қандай муаммога тўқнаш келмайдилар.

Айни пайтда «Avtoraqamlar» мобил иловаси ишлаб чиқилиб, ишга туширилди. Унинг ёрдамида буюртма бериш ҳам, аукцион боришини кузатиш ҳам мумкин бўлади. Яқин орада савдолар қатнашчиларига улар даъвогар бўлаётган лот бўйича янги ставкалар ҳақида хабарлар олиш имконини берувчи смс-хабар бериш хизмати ҳам ишга туширилади.

 

Саида Жонизоқова, «Norma Online» мухбири.

Прочитано: 1490 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика