Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 38 / Нуқтаи назар

Солиқларни мақбуллаштириш ва валюта бозорини либераллаштириш: хатога йўл қўймасак бўлди

 

Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини (7.02.2017 йилдаги ПФ-4947-сон Фармон) амалга ошириш юзасидан мамлакатимизда фаол иш олиб борилмоқда. Ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда, давлат органлари янгича ишлай бошлади, қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг аниқ натижалари амалиётда ўз аксини топмоқда.

Айни пайтда матбуотда, экспертлар ҳамжамиятида Ҳаракатлар стратегиясининг қандай амалга оширилаётгани кенг муҳокама қилинмоқда. Давлат органларида янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари устида қизғин иш олиб борилмоқда.

Қуйида Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган айрим иқтисодий вазифаларни ҳал этиш йўллари хусусидаги нуқтаи назарлардан бири муҳокама тарзида келтирилмоқда.

 

Тадбиркорнинг уч таянчи. Иккитаси – бор! Учинчиси-чи?

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар, биринчидан, бизнес субъектларини рўйхатдан ўтказиш механизми борасида; иккинчидан, улар фаолиятини маъмурий тартибга солиш соҳасида яратилди: текширишлар қисқартирилди, статистик ва молиявий ҳисоботлар соддалаштирилди, электрон ҳукуматга ўтилди, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлар билан профилактика, тушунтириш ишлари олиб бориш ва уларга ташкилий ёрдам кўрсатиш мажбуриятлари юкланди ва ҳ.к.

Бироқ солиқ солиш соҳасида, солиқлар, мажбурий тўловларнинг ставкалари катта эмасдек кўринса-да, кўп сонли солиқ имтиёзлари ва преференцияларига қарамай, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича шароитларни етарлича мақбул деб бўлмайди.

Нима учун ўзбекистонлик эркаклар асосан импорт кўйлак киядилар, ваҳоланки айни пайтда пахта ўзимизники, енгил саноат эса, «Ўзбекенгилсаноат» АЖ эълон қилаётганидек, толага чуқур қайта ишлов бериб, сифатли газлама ишлаб чиқаришни ўзлаштирган? Нега эркаклар кўйлакларини ишлаб чиқарувчи тикув корхоналари йўқ ҳисоб ёки жуда кам? Бу кўп қўл меҳнатини талаб қилиши, кўпроқ одам ёллашга, меҳнатга ҳақ тўлаш фонди бўйича 15% ёки 25% ягона ижтимоий тўлов тўлашга ҳамда суғурта бадаллари билан қўшиб ҳисоблаганда иш ҳақидан 31%гача даромад солиғи (ЖШДС) ушлаб қолишга тўғри келиши учун эмасмикин!?

Банкдан ташқари салмоқли нақд пул айланмаси бўлганда тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш борасида яратилган мақбул шароитлар охир-оқибат чекланган ижтимоий-иқтисодий самара беради. Демак, рўйхатдан ўтказиш ва маъмурий тартибга солиш бобида мавжуд қулайликлар солиқ тизимини мақбуллаштириш чора-тадбирлари билан тўлдирилиши зарур.

Умуман олганда, кичик тадбиркорлик учун имтиёз ва преференциялар тизими шундай йўлга қўйилганки, муваффақиятли ишлаётган кичик бизнес йириклашиши, йирик бизнеснинг эса шундайлигича қолишига рағбат йўқ.

Хусусан, муваффақиятли ишлаётган кичик тадбиркорлик вакили ўз бизнесини кенгайтириш – янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, янги иш ўринларини яратиш имконига эга бўлса ҳам, ундан фойдаланмайди. Ё яхлит бизнесини бўлиб ташлаб, бир нечта кичик корхона ташкил этади ёки ғайриқонуний чизги бўйича ишлаб, ходимларининг бир қисмига маошни енг ичида («конвертда») бера бошлайди. Акс ҳолда, ­яъни қонуний равишда йирик корхоналар тоифасига ўтса, 15% ўрнига 25% ЯИТ тўлашига, ЯСТ ўрнига умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишига тўғри келади.

Кичик тадбиркорлик субъектлари учун имтиёз ва преференциялар тизимига шундай тузатиш киритиш лозимки, муваффақиятли ишлаётган кичик бизнеснинг йириклашиши фойда келтирмай қўймасин, йирик бизнес эса йириклигича қолсин ва «майдалашиш» унга наф келтирмайдиган бўлсин.

 

Бош иқтисодий муаммо

Банкдан ташқари ноқонуний нақд пул айланмаси муаммоси мамлакатимиз иқтисодиётига хос хусусият бўлиб қолди. Бу муаммо келгусида иқтисодий ўсиш учун энг жиддий тўсиқ бўлиши мумкин.

Корхоналардаги, айниқса савдо, хизматлар соҳаси ва кичик ишлаб чиқаришдаги нолегал ходимлар – бугунги кунимизнинг оддий воқелигига айланган. Нолегал бандлик банкдан ташқари айланма сабабчиси ҳам, оқибати ҳамдир: нолегал ходимларга маош «конвертда» берилади, бунинг учун эса ҳисобга олинмаган нақд тушум бўлиши керак (сабаб); банкдан ташқари айланманинг мавжудлиги нолегал ходимларни ишга ёллаш имконини беради (оқибат).

Банкдан ташқари ноқонуний нақд пул айланмаси товарларни нолегал ишлаб чиқариш, нолегал импорт, нолегал бандлик, нолегал савдонинг инъикосидир. Пластик карточкалардан фойдаланиш банкдан ташқари масса ўсишини тизгинлаб туради албатта, бироқ муаммони ҳал этмайди. Нолегал айланма легал сегмент ҳисобига мунтазам таъминланади: аҳолининг расмий нақд маошидан бир қисми доим хуфия тадбиркорнинг истеъмол товарлари ва хизматларига сарфланади.

Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ноқонуний пул массаси ўсишига туртки бўлувчи асосий сабаб – солиқ солишдан қочишга интилиш. Жисмоний, юридик шахслардан ундириладиган солиқларнинг амалдаги ставкалари мажбурий тўловлар (ЯИТ, Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ва ҳ.к.) ставкалари билан жамликда легал яратувчан тадбиркорлик учун рағбатлантирувчи омилларни заифлаштиради ва молиявий имкониятларни чеклайди.

Солиқ солиш ҳақида сўз борганда солиқлар билан бир қаторда мажбурий тўловларни ҳам назарда тутиш лозим. Аввало бу – ягона ижтимоий тўлов (йирик корхоналар учун – 25%, кичик корхоналар учун – 15%) ва фуқароларнинг Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари (8%). Улар Солиқ кодекси билан тартибга солинади ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқароларнинг даромадларини камайтиради.

Даромад солиғининг энг юқори даражаси – 23%. Жисмоний шахсларнинг даромадларидан суғурта бадаллари (8%) билан бирга тўғридан-тўғри солиқ ундирувининг юқори даражаси жисмоний шахсларнинг даромадларидан 31%ни ташкил этади.

Молиявий имкониятлари, иқтисодий-ҳуқуқий маданият даражаси, онглилиги, менталитетига кўра аксарият ўзбекистонлик тадбиркорларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан 25 ёки 15 фоизлик ЯИТни, яна ходимларига ҳисобланган иш ҳақидан 31 фоизлик солиқни ихтиёрий равишда тўлашга рағбати йўқроқ. Улар кўпроқ хуфиёна, нолегал ишлашни афзал кўрадилар.

Қатор ривожланган мамлакатларда солиқ тизими банкдан ташқари айланма салмоғи кам бўлган шароитда амал қилади, уларда меҳнат ва бизнесдан ундириладиган солиқлар даражаси мамлакатимиздагидан юқори. Бунда, мантиқан, солиқлар тўланганидан кейин қоладиган даромад қисми жисмоний шахсларнинг тирикчилигини, бизнесда фойда кўриш даражасини таъминлайдиган ва бизнинг шароитимизда кўзга ташланиб қолаётганидек қонунчиликни бузишга туртки бўлмайдиган кўринади.

 

Кемага тушганнинг жони бир

Асосий иқтисодий муаммони ҳал этиш чора-тадбирларини амалга оширишнинг бош принципларидан бири хуфия тадбиркорликни ижтимоий ихтилофсиз легал тадбиркорликка ўтказиш принципи бўлиши даркор. Хуфия тадбиркорлик, афсуски, иқтисодиётнинг узвий таркибий қисмига айланган шароитда иқтисодий-ҳуқуқий рағбатлантириш чора-тадбирлари (амнистия қилишга қадар) жазолашдан кўра самаралироқ бўлиши мумкин.

Табиийки, ушбу принцип давлат мулкини ўғирлаш, тақиқланган товарлар айланмаси, одам савдоси, алкоголли маҳсулотларни яширин ишлаб чиқариш сингари ва бошқа жиноий бизнеснинг ижтимоий хавфли турларига нисбатан қўлланмайди.

Қанчалик мураккаб туюлмасин, муаммони оғриқсиз, «шок»ларсиз ҳал этиш мумкин ва шарт. Изчил, аста-секинлик билан, нима бирламчи, нима иккиламчи эканлигини англаган ҳолда. Муайян давр мобайнида. Зеро Ҳаракатлар стратегияси бутун 5 йилга мўлжалланган!

Барча асосий муаммоларни бозор романтизмига берилиб бир лаҳзада, қисқа муддатда, бунинг устига комплекс равишда ва дарҳол ҳал этишга уринишлардан сақланиш лозим.

Энг аввало иқтисодиётни макродаражада холисона, чуқур, батафсил молиявий таҳлилдан ўтказиб, унинг натижалари асосида тегишли амалий чора-тадбирларни кўриш керак. Ушбу чора-тадбирларни кўриш зарурати аллақачон етилган, улар ишлаб чиқариш камайишига, у ёки бу тузилмалар камситилишига, халқаро ташкилотларнинг салбий муносабатига олиб келмайди.

 

Валюта бозори – сунъий муаммо

Мамлакатимиз Президентининг «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (2.09.2017 йилдаги ПФ-5177-сон, бундан кейин – ПФ-5177-сон Фармон) билан жорий йилнинг 5 сентябридан юридик ва жисмоний шахслар жорий халқаро операциялар бўйича тўловларни амалга ошириш учун банкларда чет эл валютасини эркин сотиб олишлари ва сотишлари мумкинлиги кафолатланди, миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курсини белгилашда фақатгина бозор механизмларини қўллаш белгиланди.

Мазкур ҳужжатда параллель валюта бозори, кўп сонли курсларнинг мавжудлиги, ЭАВга катта талаб сингари ва бошқа валюта бозоридаги муаммоларни бартараф этишга доир чора-тадбирларнинг бутун бир комплекси назарда тутилган.

Шуни қайд этиш лозимки, бу муаммолар нолегал тадбиркорлик сабабли банкдан ташқари сўмдаги ноқонуний нақд пул айланмасининг кўзгудаги акси эди. Юқорида тилга олинган Фармонни тасдиқлашдан олдин қуйидаги мақсадларга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилингани бежиз эмас:

1) нақд пул маблағлари тўлиқ ҳисобга олиниши ва банк айланмасига жалб этилишини таъминлаш1;

2) солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ юкини пасайтириш ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш2;

3) молия ва солиқ органлари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг самарали ҳамкорлиги асосида Давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш ва солиқ солинадиган базани кенгайтириш3.

ПФ-5177-сон Фармонга расмий шарҳ мазмунига эътибор қаратиш муҳим. Унда қайд этилишича, валюта сиёсатидаги ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан пул-кредит, солиқ-бюджет (таъкид – муаллифники) ва иқтисодий сиёсатнинг бошқа соҳаларида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг самарали мувофиқлаштирилишига боғлиқ.

Солиқ солишга янгича ёндашувлар ҳамда солиқлар ва мажбурий тўловларнинг янги ставкалари 2018 йилдан назарда тутилиши ва жорий этилиши мумкин.

Шу сабабли, фикримизча, мамлакатимиз Президенти ва Ҳукуматининг солиқларни мақбуллаштиришга доир қарорларидаги вазифалар бажарилишига қараб, хусусан, 2018 йилги солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси хуфия тадбиркорликни легал йўлга ўтказиш, банкдан ташқари ноқонуний пул айланмасини қисқартиришга имкон берувчи солиқ солишга янгича ёндашувларга асосланиладиган бўлса, валюта бозорини либераллаштириш ва ПФ-5177-сон Фармондаги мақсадларга эришиш учун тўлиқ шарт-шароит яратилиши мумкин.

Шу муносабат билан Президентимизнинг 20.07.2017 йилдаги Ф-4999-сон фармойиши асосида Республика солиқ тизимини янада такомиллаштириш бўйича доимий фаолият юритувчи эксперт комиссиясининг ташкил этилиши ўз вақтидаги ва муҳим қадам ҳисобланади.

Ушбу Эксперт комиссиясини ташкил этишдан мақсад, хусусан, хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳолининг солиқ юкини янада пасайтириш, солиқларнинг рағбатлантирувчи ролини кучайтириш, солиқ тўловчиларнинг солиқ тизимига бўлган ишончини ошириш ва шу асосда солиқ солиш базасини кенгайтириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш ҳисобланади.

Солиқ солишнинг номақбул тизимини сақлаган ҳолда фақат монетар соҳа – пул муомаласи, конвертация механизми, валюта айирбошлаш операциялари тартиби, валюта интервенцияси ва бошқаларга дахл этувчи валюта бозорини барқарорлаштириш чора-тадбирлари чекланган ва вақтинчалик самара бериши мумкин.

Айтайлик, барқарорлаштириш фонди сифатида валюта захираларининг бир қисми курс мувозанатига эришиш учун бозорга чиқарилса, асосий иқтисодий муаммо ҳал этилмаган шароитда сунъий равишда ушлаб туриладиган муваққат барқарор курс параллель иқтисодиётнинг янада кенгайишига ва мамлакатдан капитал чиқиб кетишига замин яратиши мумкин. Зеро номақбул солиқ солиш шароитида хўжалик юритувчи субъектлар валюталар курси барқарор бўлганда ва конвертация кафолатланганда ҳам нолегал соҳада ишлашга ва даромадларини декларацияламасликка интиладилар.

Хўжалик юритувчи субъектлар валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширганда ташқи иқтисодий фаолиятдаги бир қатор чекловлар олиб ташланган 2003 йил тажрибасини эслаш мақсадга мувофиқ. Шу йилда бир неча ой давомида валюта бозори нисбатан барқарорлашишига эришилди, ягона валюта курси деярли таъминланди. Бироқ солиқларни либераллаштириш, тадбиркорликни легаллаштириш йўли билан банкдан ташқари пул айланмасини қисқартириш юзасидан етарли чора-тадбирлар кўрилмади. Оқибатда валюта бозори муаммолари тўлалигича ҳал этилмай қолди.

Солиқларни мақбуллаштириш чора-тадбирлари эса кўп соҳалар – енгил саноат, агросаноат сектори ва бошқалардаги легал тадбиркорлик ривожланишида илдамлашувни таъминлай олади. Нолегал бизнеснинг қисқариши банкдан ташқари айланма қисқаришига ва ЭАВга нолегал талаб камайишига олиб келади.

 

Қаловини топсанг...

Солиқ солиш усуллари, солиқлар ва мажбурий тўловлар ставкаларини қайта кўриб чиқиш йўли билан солиқ солиш тизимини мақбуллаштириш солиқ солишга ёндашувда шаклланган қолиплардан воз кечишни тақозо этади.

Ана шундай шаклланган қолиплардан бири – даромадларга эмас, балки тушумга солиқ солиниши. Хусусан, ягона солиқ тўлови (ЯСТ) тушумга фоизда белгиланган ва айни пайтда аксарият кичик ишлаб чиқариш корхоналари учун 5%ни, чакана савдо корхоналари учун 4%ни ташкил этади.

Бундай усулда, биринчидан, корхонанинг даромадларига эмас, харажатларига кўпроқ солиқ солинади. Корхона паст рентабелли бўлиши ёки умуман фойда кўрмаслиги мумкин, бироқ солиқ тўлаши шарт. Иккинчидан, солиқ ставкаси камдек кўринади.

Буни қуйидаги шартли мисол ёрдамида кўрсатиш мумкин.

«А» корхонаси – 5%лик ставкада ЯСТ тўловчи шартли бирликларда қуйидаги кўрсаткичларга эга:

 

Вариантлар

 

Тушум

 

Таннарх

 

Ҳақиқий фойда (тушум минус таннарх)

 

ЯСТ суммаси (тушумдан 5%)

 

ЯСТ суммасининг ҳақиқий фойдага нисбати, %

 

I

 

120

 

100

 

20

 

6

 

33,3

 

II

 

130

 

100

 

30

 

6,5

 

21,7

 

III

 

150

 

100

 

50

 

7,5

 

15

 

 

Мисолдан кўриниб турганидек, солиқлар даражаси паст кўринса-да, аслида тадбиркор ҳақиқатда оладиган даромадга (фойдага) нисбатан бир неча баробар кўп.

Шаклланган иккинчи қолипягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ҳисобга олмасдан меҳнатга солиқлар даражасининг баҳоланиши. Аслида уларнинг ставкаси йил сайин ошмоқда (2016 йилда – 7,5%, 2017 йилда – 8%). ЖШДСдан фарқли равишда, ушбу мажбурий тўлов солиқ солинмайдиган энг кам миқдорга эга эмас, иш ҳақининг биринчи сўмидан бошлаб ундирилади. Шу сабабли 2016 йилда 800 минг сўмлик иш ҳақидан ЖШДСдан ташқари яна 60 минг сўм суғурта бадаллари ундирилган, ушланманинг умумий суммаси 64 минг сўм эмас, балки 124 минг сўмни, айрим мутахассислар таъкидлаганларидек, 8% эмас, балки 15,5%ни ташкил этган.

Солиқ кодекси «солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни белгилаш, жорий этиш, ҳисоблаб чиқариш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига тўлаш билан боғлиқ муносабатларни ... тартибга солади» ­(1-модда). Солиқ кодексининг 13-моддасига мувофиқ эса солиқ тўловчилар зиммасига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти юклатилган жисмоний шахслар, юридик шахслардир.

Бинобарин, солиқ ушланмаси даражасининг ҳисоб-китоби солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган мажбурий тўловлар ҳисобга олингандагина тўғри бўлиши мумкин.

Шаклланган учинчи қолип – энг кам иш ҳақи – ЭКИҲ иқтисодий дастагини қўллашдаги муаммолар. 2017 йилда у 149 775 сўмни ташкил этади. Кўплаб солиқлар, давлат божлари ставкалари, молиявий санкциялар ва бошқа иқтисодий нормативлар ЭКИҲга боғланган.

Ушбу иқтисодий дастакнинг номи унинг миқдорига мувофиқ келмайди: 149 775 сўм энг кам иш ҳақи миқдори ҳисобланмайди. Ҳар бир ходим ўз меҳнати учун қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланганидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиш ҳуқуқига эгадир (Меҳнат кодексининг 16-моддаси). Иш берувчилар ходим белгиланган иш вақтида тўлиқ ишлаганда унга 149 775 х 2,476 = 370 842,9 сўмлик суммадан кам бўлмаган иш ҳақи ҳисоблаб ёзишлари шарт.

ЭКИҲни бир сўмгача аниқлик билан минггача яхлитламай белгилаш амалиётининг шакллангани ҳисоб-китоб қилишда техник ноқулайликлар ва қоидабузарликлар юзага келишига сабабчи бўлади. Хусусан, у ёки бу тўлов ЭКИҲга каррали улушда, масалан, давлат божи ЭКИҲнинг 0,5 баравари миқдорида белгиланган ҳолларда деярли муомаладан чиққан пул бирликларида (тийин, 1 сўмдан 50 сўмгача номиналга эга купюраларда) ҳақ тўлаш зарурати юзага келади.

2015 йилдан кичик корхоналар учун ЯСТ ставкасини 25%дан 15%гача камайтириш солиқ юкини пасайтиришдаги муҳим чора бўлган эди. Бироқ бу чора тизимли тарзда амалга оширилмади – бошқа солиқлар ва мажбурий тўловлар ставкалари ва ундириш усулларини қайта кўриб чиқмасдан қабул қилинди. У нолегал тадбиркорлик ва банкдан ташқари ноқонуний айланма даражасига жиддий таъсир кўрсатмади.

Натижада мамлакатимиз солиқ тизимида кўп сонли имтиёзлар мавжудлигига ва ставкалар унча юқори эмасдек кўринишига қарамай, бюджетдан ташқари жамғармаларга мажбурий тўловларни қўшганда солиқ ундирувлари даражаси аксарият хўжалик юритувчи субъектларни қисман ёки тўлиқ нолегал ишлашга мажбур қилади.

Қуйидаги чизги ишлайди: катта солиқлар – даромадларни яшириш ва солиқ солишдан бўйин товлаш – нақд пул: биринчидан, нақд ЭАВ бозорига босим ўтказувчи ишлаб чиқаришдаги оборот ва савдо капитали, иккинчидан, тирикчиликни таъминлаш воситаси сифатида ойлик маошнинг «конверт» усули... Иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги (масалан, янги иш ўринлари яратиш, бандликни таъминлаш соҳасидаги) салбий оқибатларни қўшган ҳолда чизгини яна давом эттириш мумкин.

ЖШДСни мақбуллаштириш вариантларидан бири сифатида қуйидаги шкалани кўриб чиқиш мумкин:

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари

Солиқ солинадиган даромад миқдори

 

Солиқ ставкаси

 

750 000 сўмгача

 

даромад суммасидан 0%

 

750 001 сўмдан 1 500 000 сўмгача

 

750 000 сўмдан ортиқ сумманинг 7,5%и

 

1 500 001 сўмдан 3 000 000 сўмгача

 

1 500 000 сўм + 1 500 000 сўмдан ортиқ сумманинг 17%и

 

3 000 001 сўм ва ундан юқори

 

3 000 000 сўм + 3 000 000 сўмдан ортиқ сумманинг 25%и

 

 

Юридик шахсларга солиқ солиш тизимидаги нуқсонлардан бири – ишлаб чиқариш корхоналари учун солиқ ставкасининг савдо фаолиятидаги ставкалар даражасидан юқори этиб белгилангани.

Хусусан, чакана савдо корхоналари учун ЯСТ ставкаси жойлашган жойига қараб 1%дан 4%гача доирада табақалаштирилган:

аҳолиси сони 100 минг киши ва ундан ортиқни ташкил этадиган шаҳарларда – 4%;

бошқа аҳоли пунктларида – 2%;

бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда – 1%.

Кичик ишлаб чиқариш корхоналари учун жойлашган жойидан қатъи назар ЯСТ ставкаси 5%га тенг. Яъни ишлаб чиқариш корхоналарининг ставкаси чакана савдо учун белгиланганидан юқори – шаҳарларда чорак қисмга, қишлоқ жойларда – 2,5 баравар, бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда – 5 баравар.

Ушбу ҳолат бошқалари билан биргаликда ишлаб чиқариш тадбиркорлиги ривожланишига ғов бўлувчи омил ҳисобланади. Ишлаб чиқариш савдо соҳасига қараганда кўпроқ капитал қўйилмаларни талаб этиши маълум, у савдо фаолиятидан кўра анча кўпроқ иш ўринларини ярата, ижтимоий жиҳатдан кўпроқ наф келтира олади.

Бинобарин, солиқларнинг мақбуллаштирилиши хуфиёна тадбиркорлик ва банкдан ташқари ноқонуний пул айланмасига барҳам бериш ва ижтимоий жиҳатдан масъулиятли, қонуний, яратувчан тадбиркорликни шакллантиришнинг энг муҳим шартидир.

 

Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ,

иқтисод фанлари номзоди.

 


1Президентнинг 15.02.2017 йилдаги «Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2777-сон қарори.

2Президентнинг 18.07.2017 йилдаги «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5116-сон Фармони.

3Вазирлар Маҳкамасининг 29.06.2017 йилдаги «Маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириш захираларини аниқлаш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 445-сон қарори.

Прочитано: 1980 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика