Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 37 / Божхона

Иллатга қарши курашишда ҳамкорлик

 

Давлат божхона қўмитасининг ­«Тошкент-Аэро» ИБК томонидан Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари уюшмаси, Тошкент давлат юридик университети ҳамда пойтахт шаҳар Адлия бошқармаси билан ҳамкорликда «Коррупцияга қарши курашишда нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликнинг аҳамияти» мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.

 

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ мазкур иллатга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бугунги кунга келиб республикамизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва аниқ тизими шаклланди.

2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни кучга киргани эса бу борадаги муҳим қадам бўлди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган мазкур Қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.

Давра суҳбатида Тошкент давлат юридик университети Халқаро оммавий ҳуқуқ кафедраси ўқитувчиси Р.Ҳакимов миллий қонунчиликда мазкур иллатга қарши курашиш борасида жорий этилган нормалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари уюшмаси раиси, божхона тизимида узоқ йиллар хизмат қилган фахрий Д.Кудриддинов коррупцияга қарши курашишда божхона хизмати фахрийлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Таъкидланганидек, Уюшма Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда жойлардаги божхона бошқармаларида ёш божхоначилар учун маънавий-маърифий суҳбатларни ташкиллаштириб келаётир. Учрашувларда республикамизда божхона тизимига қаратилаётган юксак эътибор хусусида тўхталиб ўтилди.

Пойтахтдаги Хўжа Аҳрор Валий жомеъ масжиди имом-хатиби С.Рустамов Ислом динида халқ мулкига кўз олайтирмаслик ҳақидаги ҳукмлар ҳақида сўз юритди. Дарҳақиқат, ҳалоллик, поклик, ростгўйлик каби фазилатлар инсон учун ўз умрини хотиржам, осойишта ва фаровонликда ўтказишининг муҳим кафолати эканлиги эслатиб ўтилди. Порахўрлик, мансаб суиистеъмолликлари сингари иллатлар динимизда қанчалик тақиқ остига олингани оят ва ҳадислар асосида батафсил тушунтириб берилди.

Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бўлими ходими А.Бердиев «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун коррупцияга қарши курашишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ вакиллари ва фуқароларнинг иштирок этиши механизмлари ҳақида сўз юритди.

Зеро, бу институтлар жамиятда жамоат назорати қарор топишида, адолат мувозанати таъминланишида ўзига хос ўрин тутиб келмоқда. Уларнинг жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи коррупция иллатига қарши курашишда иштирок этиши шу йўналишдаги фаолият самарадорлигининг ошишига хизмат қилади.

Давра суҳбатида асосий эътибор божхона органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишларга қаратилди. Божхона органлари шахсий таркиби ўртасида қонунбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳамда божхона органлари сафларини нопок ходимлардан тозалаш борасида аниқ йўналишга эга бўлган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

«Тошкент-Аэро» ИБК томонидан 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида 80 га яқин профилактик учрашувлар, якка тартибдаги тарбиявий ишлар ва суҳбатлар ўтказилган бўлиб, уларнинг 12 таси бевосита пойтахт маҳаллаларида ташкил қилинди.

 

Диққат!

«Тошкент-Аэро» ИБКда узлуксиз фаолият юритувчи «Ишонч телефони» (тел: 120-86-30) жорий қилинган бўлиб, у орқали фуқаролар божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан хабар беришлари мумкин.

Бундан ташқари, «Тошкент-Аэро» ИБКнинг барча ТИФ ва чегара-божхона постларидаги мавжуд мониторлар орқали йўловчилар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун доимий равишда коррупциянинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлантирувчи ижтимоий видеороликлар намойиши йўлга қўйилган.

 

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.

Прочитано: 1348 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика