Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 34 / Инвестициялар

Бизнес-ҳамкор топдик

 

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхонани (ХИИК) очиш жиҳатларини тушунтириб берсангиз.

1. Фоиз нисбатидаги ва валютадаги энг кам ҳиссалар қанча бўлиши керак?

2. ХИИК божхона божларидан озод қилинадими?

3. Қандай имтиёзларга эга?

4. Муассислар асбоб-ускуна билан ҳисса кирита оладиларми?

5. ХИИК дивидендларни қандай олади ва олиб чиқади?

6. Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтадими?

Х.Азимова, МЧЖ бош бухгалтери.

 

1

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона (ХИИК) Ўзбекистон қонун ҳужжатларига зид келмайдиган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклларда (МЧЖ, АЖ ва б.) тузилиши мумкин. ХИИК қатнашчиларидан бири чет эллик инвестор бўлиши шарт. Қуйидагилар чет эллик инвесторлар бўлиши мумкин:

√ чет эл давлатлари, чет эл давлатларининг маъмурий ёки ҳудудий органлари;

√ давлатлараро битимлар ёки бошқа шартномаларга мувофиқ ташкил топган ёки халқаро оммавий ҳуқуқ субъектлари бўлган халқаро ташкилотлар;

√ чет эл давлатларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил топган ва фаолият кўрсатиб келаётган юридик шахслар, бошқа ҳар қандай ширкатлар, ташкилотлар ёки уюшмалар.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона уни таъсис этиш йўли билан ёки илгари чет эл инвестициялари иштирокисиз таъсис этилган корхонада иштирок этиш улушини (пайини, акцияларини) ёхуд бундай корхонани бутунлай, шу жумладан, хусусийлаштириш жараёнида чет эллик инвестор томонидан сотиб олиниши натижасида ташкил этилиши мумкин («Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси).

Хўжалик юритувчи субъект ХИИК мақомига эга бўлиши учун:

● корхона устав капиталининг миқдори 150 минг АҚШ долларига эквивалент суммадан кам бўлмаслиги;

● устав капиталидаги чет эл инвестициялари улуши камида 30%ни ташкил этиши лозим.

Тегишинча, чет эллик инвесторнинг ҳиссаси камида 45 минг АҚШ долларини ташкил этиши керак.

 

2

Қуйидагилар божхона божларидан озод қилинади:

√ УФда чет эл инвестицияларининг улуши камида 33% бўлган ХИИК томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистонга олиб кириладиган мол-мулк. Имтиёз улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан 2 йил давомида («Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси) мол-мулк божхонада расмийлаштирилаётганда тақдим этилади. Ушбу мол-мулкка сертификатнинг мавжудлиги имтиёз олиш шартларидан бири ҳисобланади. Уни олиш тартиби ва шартлари Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинаётган мол-мулкни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 16.05.2011 йилдаги 136-сон қарори билан тасдиқланган) билан белгиланган;

√ ЎзР иқтисодиётига умумий суммаси 50 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлган тўғридан-тўғри инвестицияни амалга оширган чет эллик юридик шахслар томонидан олиб кириладиган товарлар, башарти олиб кирилаётган товарлар уларнинг ўз ишлаб чиқариш маҳсулоти бўлса;

√ ЎзР ҳудудига қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуналар, шунингдек бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, агар уларни етказиб бериш контракти шартларида назарда тутилган бўлса (БКнинг 297-моддаси).

Бошқа мақсадларда фойдаланилган (қайта сотиш, бартер бўйича айирбошлаш ва ҳоказо) мол-мулкка имтиёзлар суммаси пеня ҳисобланган ҳолда ундирилади (136-сон Низомнинг 26-банди).

 

3

Белгиланган рўйхат бўйича маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этувчи корхоналар, шу жумладан акциядорлик жамиятлари қуйидагиларни тўлашдан озод этилади:

√ юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини;

√ мол-мулк солиғини;

√ ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини;

√ ягона солиқ тўловини;

√ Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмаларни.

Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилувчи корхоналар учун имтиёзларни қўллаш тартиби ва шартлари Низом (АВ томонидан 26.08.2016 йилда 2822-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган.

ХИИК, санаб ўтилганларидан ташқари, Ўзбекистон корхоналари учун назарда тутилган имтиёзларнинг барча турларидан ҳам фойдаланади. Хусусан, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш, эҳтиёж юқори халқ истеъмоли товарларини ишлаб чиқариш, товарларни (ишларни, хизматларни) экспорт қилиш, технологик жиҳозларни импорт қилиш, инвестиция мажбуриятлари сифатида мол-мулкни бериш чоғида ва ҳ.к.

 

4

Барча турдаги моддий ва номоддий бойликлар ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар чет эл инвестициялари деб эътироф этилади. Чет эллик инвесторлар пул маблағлари ёки асбоб-ускуналар билан ҳисса қўшишга ҳақлилар («Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси).

 

5

Дивидендлар жамият қатнашчиларининг (акциядорлар умумий йиғилишининг) баённомаси (қарори) асосида соф фойдадан ҳисобланади. Дивидендларни тўлаш муддати ва тартиби корхона устави билан белгиланади.

Чет эллик инвесторларга чет эл валютасидаги пул маблағларини мамлакатимизга ва ундан ташқарига, солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлаш шарти билан, бирон-бир чеклашсиз эркин ўтказиш кафолатланади («Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси).

Хорижий инвестор фойдаси, дивидендлари ва бошқа даромадлари репатриация қилиниши учун хорижий валютани биржадан ташқари валюта бозорида сотиб олади. Бунда ваколатли банкка қўшимча равишда қуйидагилар тақдим этилади:

√ фойда тақсимланганлиги (акциядорлар умумий йиғилишининг қарори) ва дивиденлар тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат;

√ аудиторлик фирмаси ёки солиқ органининг хулосаси нусхаси;

√ конвертацияга маблағлар ҳисоб-китоби;

√ дивидендлар бўйича даромадга солиқ бўйича солиқ органлари томонидан тасдиқланган ҳисоб-китоб ва ушбу солиқ тўланганлиги тўғрисидаги тасдиқнома (Низом, ВМнинг 10.07.2001 йилдаги 294-сон қарорига 2-илова).

Дивидендлар тарзидаги даромадларга тўлов манбаида ушбу даромадларни олиш билан боғлиқ харажатларни чегирмаган ҳолда 10%лик ставкада солиқ солинади (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарор). Ўзбекистон билан чет давлат ўртасида пасайтирилган ставкани қўллаш ёки солиқдан тўлиқ озод қилиш тартибини белгиловчи шартнома имзоланиши мумкин.

Имтиёзларни қўллаш учун чет давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган ҳужжат бўлиши зарур. У Ўзбекистон қайси давлат билан солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи халқаро шартномага эга бўлса, ўша давлатда инвесторнинг резидентлиги борлиги фактини тасдиқлайди (Солиқ кодексининг ­155-моддаси).

АЖга инвестициялар киритган инвесторлар учун дивидендлар тарзидаги даромадлардан солиқ тўлашдан 2020 йил 1 январгача муддатга озод қилиш кўринишидаги имтиёз назарда тутилган (21.12.2015 йилдаги ПҚ-2454-сон қарор).

 

6

ХИИКни давлат рўйхатига олиш, шунингдек зарур рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тадбиркорлик субъектларига «бир дарча» принципи бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари томонидан амалга оширилади («Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси).

Рўйхатдан ўтказиш тартиби Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 9.02.2017 йилдаги 66-сон қарорига 1-илова) билан белгиланган.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхонани ўзи келган ҳолда рўйхатдан ўтказганлик учун бож миқдори ЭКИҲнинг 5 баравари ёки 500 АҚШ долларини ташкил этади. Интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтказганда – ЭКИҲнинг 2,5 баравари ва 250 АҚШ доллари. Рўйхатдан ўтказиш муддати – реал вақт режимида 30 дақиқадан кўп эмас.

Дарина АБУХОВИЧ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1501 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика