Norma.uz
Норма маслахатчи / 2017 йил / № 33 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Дастурхонингиздаги – пишлоқ! Бироқ...

 

Пишлоқни кўпчилик хуш кўради, унинг навларини бирма-бир санаб берадиганлар ҳам бор. Айниқса, хуштаъм, яхши пишлоқ олдида ҳар қандай ирода ҳам бўшашади. Пишлоқпазлик – нозик иш, у эътиборсизликни кўтармайди, балки маҳорат ва меҳнатсеварликни талаб қилади. Бироқ ҳамма вақт ҳам брак маҳсулот ишлаб чиқарувчилар бўлган, улар сифатсиз пишлоқ чиқараверганлар. Ўтган асрнинг 70-йилларида ана шундай жиноят ишини текширишни Минск вилояти Крупа туманининг прокурор ёрдамчиси В.Н.Демидовичга топширишган эди. Мазкур воқеани у ҳикоя қилиб берган.

 

Пишлоқ қандай қилинади

Ҳар қандай товар ёки маҳсулотнинг сифат кўрсаткичини истеъмолчининг талаби белгилайди. Бироқ харидорлар ёғ-пишлоқ заводларидан бири ишлаб чиқарган пишлоқни бирданига олмай қўйишди. Сотиб олганлар ҳам кетидан сотувчиларга унинг сифати бўйича норозиликлар билдиришарди. Бундан ташқари, туман прокуратурасига ана шу ёғ-пишлоқ заводи кўп миқдорда сифатсиз пишлоқ ишлаб чиқарганлиги тўғрисида ариза келиб тушди.

Прокуратура халқ назорати ва ОБХСС ходимлари билан биргаликда текширув ўтказди, унинг натижасида ушбу далиллар тасдиқланди. Текширув материаллари бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Терговчи мутахассислар ёрдамида пишлоқ тайёрлаш технологиясини, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи, ҳужжатлар айланишини ўрганиб чиқди. Биринчи навбатда у ҳужжатли тафтишни тайинлади, унда, тафтишчи бухгалтер билан бир қаторда технолог мутахассислар иштирок этдилар.

Аниқланишича, заводда хом ашё пишлоқ ва мой ишлаб чиқарувчи цехларда қайта ишланган. Меҳнатни ташкил этиш ва маҳсулот тайёрлаш бўйича умумий раҳбарликни завод директори С. ва лаборатория бошлиғи, бир вақтнинг ўзида техник назорат бўлимига бошлиқ бўлган П. амалга оширганлар. Завод бош техниги М. ускунадан узлуксиз ва техник жиҳатдан тўғри фойдаланиш устидан доимий назоратни олиб бориши, уни талаб даражасидаги аниқлик билан ишчи ҳолатда сақлашни таъминлаши шарт эди.

Завод лабораторияси пишлоққа яроқли сутни текширувдан ўтказган. Цехда пишлоқ каллаклари тайёрланганидан кейин у пишлоқ ертўласига топширилган, бу ерда у давлат стандартига кўра 60 кун мобайнида етиштирилган. Етилганидан кейин заводнинг эксперт комиссияси пишлоқни сифати ва кимёвий кўрсаткичларига кўра текширган, сўнгра пишлоқ каллаклари маркировкаланган ва парафин қобиғи билан қопланган.

Технологияни ўрганиш пишлоқ тайёрлашга оид зарур ҳужжатлар, ишлаб чиқариш лабораторияси ҳужжатларини ўз вақтида олиб қўйиш, сўров ва бошқа тергов ҳаракатларини изчил ўтказиш имконини берди. Технолог мутахассислар ёрдамида технологик линия ва совутиш қурилмаси кўздан кечирилди.

 

Агар технология бузилса...

Дастлабки тергов иши ёғ-пишлоқ заводида пишлоқ тайёрлаш технологияси мунтазам равишда бузилаётганлиги тўғрисида хулоса чиқариш учун асос берди, зеро совутиш қурилмаси ёмон, тўхтаб-тўхтаб ишламоқда эди. У ўз вақтида профилактик таъмирланмаган. Аммиак ва хлорли кальций олиш ҳамда уни етказиб бериш чоралари кўрилмаганлиги туфайли совутиш қурилмаси туз эритмасининг паст концентрацияси билан ишлаган ва зарур ҳарорат режими таъминланмаган. Чунончи, агар технологияга кўра ташқи етилтириш +10 дан +14 градусгача ҳароратда юз бериши керак бўлса, заводда июлдан октябрга қадар пишлоқ ертўласида ҳарорат +15 дан +17 Цельсий градусигача бўлган, айрим кунлари эса у бундан ҳам юқори бўлган.

Сифатсиз хом ашёдан фойдаланиш ва етилтиришнинг ҳарорат режими бузилганлиги натижасида заводда 236,7 тонна сифатсиз пишлоқ ишлаб чиқарилган. Бу эса ишлаб чиқарилган пишлоқ умумий миқдорининг 19,4%ини ташкил этган, бу билан давлатга 142,8 минг сўм зарар етказилган. Шунча кўп миқдорда сифатсиз пишлоқ ишлаб чиқарилганлиги боис завод уни етказиб бериш режасини бажармади, натижада 11,9 минг сўм жарима санкцияси ундирилган.

Техник назорат бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи ва завод директори С. таътилда бўлганда унинг ўрнини босадиган, ишлаб чиқариш лабораториясининг бошлиғи П. ҳам сифатсиз пишлоқ тайёрлашга дахлдор эди. У ишлаб чиқариш жараёнини тегишли назорат қилишни таъминламади, технология бузилишига лоқайд бўлди.

Завод тайёрлаган пишлоқнинг сифатсизлиги ва унинг давлат стандартига мувофиқ келмаслигини билиб туриб С. ва П. бир неча марта уни йирик туркумларда истеъмолчиларга юборишган. Илова қилинувчи ҳужжатларда унинг давлат стандарти талабларига мувофиқ келиши кўрсатилган. Истеъмолчилар эса пишлоқни брак қилганлар ва қайта ишлаш учун эритилган пишлоқлар заводига юборганлар. Истеъмолчилар жами 11,7 минг сўмлик 25 тонна пишлоқни бракка чиқарганлар.

 

Ким айбдор?

Сифатсиз пишлоқни оммавий тарзда тайёрлаганлик ва уни истеъмолчиларга етказиб берганлик учун жавобгарликдан бўйин товлашга уриниб, С. ва П. бу ҳол уларга боғлиқ бўлмаган турли сабабларга кўра юз берган деб кўрсатганлар. Бироқ уларнинг важлари иш бермади. Пишлоқ тайёрловчи завод ишчилари С. ва П. ишни тегишли даражада ташкил этиш чораларини кўрмаганликлари, сифатсиз пишлоқ ишлаб чиқарилаётганлиги тўғрисида ишчиларнинг гап-сўзларини эътиборга олмаганликларини баён этдилар.

Завод бош механиги М. ва директори С. бирлашма омборларида мавжуд бўлмагани туфайли совутиш қурилмаси учун аммиак ва хлорли кальций олиб келинмаганлигини айтишди. Бироқ бирлашма ходимлари сўроқ қилингач маълум бўлдики, кимёвий моддалар билан таъминлаш масаласини завод умуман қўймаган ҳам, ваҳоланки, уларсиз сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин эмас эди. Ушбу кимёвий моддаларни етказиб беришга ёзма буюртманомалар бўлмаган.

С. ва П. истеъмолчиларнинг пишлоқни бракка чиқарганларига қўшилмай, унинг таҳлили органолептик равишда, яъни ташқаридан кузатиш ва таъмини синаб кўриб, амалга оширилганлиги, бундай баҳолаш субъективизмни истисно қилмаслигини айтдилар. Бу важ ҳам ўтмади. Технологик экспертиза технологик жараёнлар қўпол равишда бузилганлигини аниқлади, бунинг натижасида сифатли пишлоқ ишлаб чиқариб бўлмас эди. Буни ўз кўрсатмаларида пишлоқпаз ишчилар ҳам тасдиқладилар.

Иш йиғмажилдига маҳсулотни сифати бўйича қабул қилиш далолатномалари ва қабул қилишни амалга оширадиган истеъмолчиларни ва товар экспертизалари бюроси экспертларини сўроқ қилиш баённомалари киритилди.

Завод бухгалтериясидан истеъмолчиларнинг сифатга доир барча рекламациялари, жарималар тўланиши тўғрисидаги ҳужжатлар олинди.

Совутиш қурилмаларини тайёрлаш бўйича мутахассис билан маслаҳатлашувдан кейин техник экспертиза тайинланди ва ўтказилди. Уни ҳал этишга бутун бир қатор масалалар қўйилди, жумладан компрессорлар бузилишининг сабаблари ва бузилиш вақти, шунингдек талаб қилинадиган туз эритмаси бўлмаганда совутиш тизимлари ва компрессорлар ишлай олиш-олмаслиги кўриб чиқилди.

Эксперт хулосасидан маълум бўлишича, ёғ-пишлоқ заводида аммиакли совутиш қурилмаларини ўрнатиш ва хавфсиз фойдаланиш қоидаларининг талаблари бажарилмаган. Ушбу қоидаларга кўра, концентрацияси 1,22 кг/л бўлган эритмада ишлаш зарур эди, бироқ 1,12 кг/л эритмада ишлаган. ­АВ-100 компрессори эса ўзининг техник маълумотларига кўра кўрсатилган эритма концентрациясида пишлоқ етилиши мақбул режимини таъминлай олмас эди. Бундай шароитларда завод маъмурияти пишлоқ ишлаб чиқаришни тўхтатиши керак эди.

Шу тариқа, завод раҳбариятининг ўз мажбуриятларига жиноий-совуққон муносабатда бўлганлиги исботланди. Улар жиноий жавобгарликка тортилдилар. Уларга давлатга етказилган зарарни қоплаш тўғрисида даъво тақдим этилди.

Тўғри, пишлоқ сифати маҳсулотларни кам солиш (оддий қилиб айтганда – ўғирлик) ҳисобига ёмонлашмаган эди. Шу сабабли завод раҳбарлари талон-торожда айбланмади ва ғаразгўйлик асослари истисно этилди.

Минск вилоятининг жиноий ишлар бўйича суд ҳайъати томонидан завод директори С., лаборатория мудираси (айни вақтда техник назорат бўлими бошлиғи) П. ва бош техник М. совуққонлик ҳамда сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқарганлик учун ҳукм қилди. Суд судланувчиларнинг ҳаммаси илгари судланмаганлиги, болалари борлиги, жиноятни биринчи марта содир этганлиги ва ғаразгўйлик мақсадига эга бўлмаганлигини ҳисобга олди. Шу сабабли улар ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилиндилар. Зарарни қисман қоплаш учун завод директори С. дан 6 000 сўм, лаборатория мудири П. дан 5 000 сўм, бош механик М. дан – 3 000 сўм ундирилди.

 

Ҳозирги кунда ҳатто пишлоқ ҳидини ҳам бермайдиган, сарёғ сингари суриладиган, кўпинча ғоятда тахир маза берадиган ва, умуман олганда, жуда ҳам бемаза бўлган турли хил пишлоқларни татиб кўриб, беихтиёр уларни тайёрлаш чоғида нафақат технологик жараёнлар бузилиши, балки яхши мазали пишлоқнинг асоси бўлиши керак бўлган маҳсулотлардан фойдаланилмаслиги хусусидаги фикрга келамиз...

 

Ольга Маршанская.

Прочитано: 1716 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика