Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 25-26 / Бизнес ечими

Ҳар бир МЧЖда ходимлар алоҳида ҳисобланади

 

1-сон жамият (МЧЖ) 2-сон МЧЖ устав капиталида 98% улушга эга, 2%и жисмоний шахсга тегишли. 1-сон МЧЖ улушини кўпайтириш мақсадида 2-сон МЧЖ устав фондига асосий воситаларни бериш режалаштирилмоқда. Шунда жисмоний шахснинг улуши арзимас бўлиб қолади. 1-сон МЧЖ фаолият тури – қурилиш, 2-сон МЧЖники – хизматлар.

1. Агар 1-сон МЧЖ улуши 98%дан ортиқ бўлса, унинг ходимлари чекланган сонини аниқлашда 2-сон МЧЖ ходимлари сони ҳам ҳисобга олинадими?

2. Бу ҳолда иккала корхона солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллаши учун чекловлар борми? Иккала корхона ЯСТ тўловчилари бўлиб қола оладими?

П.Фикаян,

бош бухгалтер.

 

1

Йўқ, 1-сон МЧЖ ходимлари сонини аниқлашда, устав фондида устунлик билан иштирок этишига қарамай, 2-сон МЧЖ ходимлари сони ҳисобга олинмайди.

ЯСТни тўловчилар қуйидагилардир:

● қонун ҳужжатларида белгиланган ходимлар сони мезонига кўра микрофирмалар ва кичик корхоналарга кирувчи корхоналар (айрим истисноларни ҳисобга олмаганда);

● ходимларнинг сонидан қатъи назар:

савдо ва умумий овқатланиш корхоналари, шу жумладан таъминот-сотиш ташкилотлари;

лотереялар ташкил қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш доирасидаги юридик шахслар.

Микрофирмалар ва кичик корхоналарнинг ходимлари сони мезонлари «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун ва ВМнинг 24.08.2016 йилдаги 275-сон қарорига мувофиқ белгиланади.

Ходимларнинг сони ҳисобот йили учун уларнинг ўртача йиллик сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Бунда ўриндошлик, пудрат шартномалари ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишга қабул қилинган ходимларнинг, шунингдек унитар корхоналарда, ваколатхоналар ва филиалларда ишлаётганларнинг сони ҳам ҳисобга олинади (Солиқ кодексининг 350-моддаси; Қонуннинг 5-моддаси 2-қисми).

Таърифларга мурожаат этамиз:

ваколатхоналар ва филиаллар – юридик шахснинг алоҳида бўлинмаларидир, агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, юридик шахслар ҳисобланмайди. Улар ўзларини ташкил этган юридик шахс томонидан мол-мулк билан таъминланадилар ҳамда у тасдиқлаган низомлар асосида иш олиб борадилар. Уларнинг раҳбарлари юридик шахс томонидан тайинланади ҳамда унинг ишончномаси асосида иш олиб боради (ФКнинг 47-моддаси);

унитар корхона (УК) юридик шахс, тижорат ташкилоти ҳисобланиши ва устав асосида фаолият юритишига қарамай, унга ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи берилмаган. УКнинг фирма номида унинг мол-мулкининг эгаси кўрсатилган бўлиши керак. УКнинг мол-мулки унга хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида тегишли, бўлинмасдир ва у қўшилган ҳиссалар (улушлар, пайлар) бўйича, шу жумладан корхона ходимлари ўртасида ҳам, тақсимланиши мумкин эмас (ФКнинг 70-моддаси).

Ваколатхона, филиал ва унитар корхона ўзларига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи берилмаганлиги жиҳатидан ўхшашдир.

Масъулияти чекланган жамият:

► давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс мақомига эга бўлади;

► ўзининг мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкка эга бўлади;

► ўз номидан ҳуқуқларни олиши, мажбуриятларга эга бўлиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин;

► ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига қарашли барча мол-мулк билан жавобгар бўлади («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси).

Кўриб турганимиздек, масъулияти чекланган жамият унитар корхона, ваколатхона ёки филиал мезонларига буткул тўғри келмайди.

Сизнинг ҳолатда ҳар хил фаолият турларини: 1-сон МЧЖ – қурилиш, 2-сон МЧЖ – хизматларни амалга оширувчи иккита мустақил МЧЖ ҳақида сўз бормоқда.

Бинобарин, ҳар бир МЧЖдаги ходимларнинг чекланган сони алоҳида ҳисобланиши керак.

 

2

Сизнинг ҳолатда, ходимларнинг чекланган сони тасдиқланишидан ташқари, солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллаш учун бошқа чекловлар назарда тутилмаган.

Агар ходимларнинг белгиланган сони мезонига риоя этилса, иккала корхона ЯСТ тўловчиси бўлиши мумкин.

Айрим микрофирмалар ва кичик корхоналар учун чекловлар назарда тутилган.

ЯСТ қуйидаги микрофирмалар ва кичик корхоналарга татбиқ этилмайди:

● акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқаришни ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни қазиб олишни амалга оширувчи микрофирмалар ва кичик корхоналарга, бундан махсус печлардан фойдаланган ҳолда энергия тежайдиган замонавий технологиялар асосида пишиқ ғишт ишлаб чиқарувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар мустасно;

● ягона ер солиғи ва қатъий белгиланган солиқ тўлаш назарда тутилган фаолият доирасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналарга;

● маҳсулот тақсимотига оид битимлар иштирокчиси бўлган микрофирмалар ва кичик корхоналарга.

Яна бир муҳим жиҳат: юридик шахсни микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига киритишда унинг асосий фаолият (ихтисослиги) турига тўғри келадиган ходимлар сонининг мезони қабул қилинади (Солиқ кодексининг 350-моддаси).

 

Анжелика НАМ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1907 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика