Norma.uz
Норма маслахатчи / 2017 йил / № 17 / Паспорт масалалари

Набирам учун таклифнома

 

2014 йилда қизим таклифнома виза бўйича ЖАРга кетиб, у ерда турмушга чиқди. 2015 йил апрелда ўғилли бўлди. У – ЖАР фуқароси, қизим – Ўзбекистон фуқароси. Ҳозир, ўғли бироз улғайгач, уйга меҳмонга келмоқчи. Таклифномани расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар зарур?

Равиль Г.

 

– Набирангиз таклифномангиз бўйича хорижий фуқаро мақомида келиши мумкин. Бунинг учун яшаш жойингиздаги ТШИИББ хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига ­(ХЧКваФРБ)* мурожаат этишингиз зарур, бу ерда белгиланган шаклдаги ариза-анкетани 2 нусхада тўлдирасиз (Тартиб, ВМнинг 21.11.1996 йилдаги 408-сон қарорига 1-илова).

ХЧКваФРБ ижобий қарор қабул қилганда хорижий фуқаронинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши учун бўлиш муддати кўрсатилган рухсатнома билан билдиришномани берадилар. Ушбу билдиришнома Ўзбекистон ТИВ Консуллик бошқармасига тақдим этилади, у эса уни Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасасига юборади. У ерда хорижий фуқаролар республикамизга кириш учун виза оладилар.

Меҳмонларингиз Ўзбекистонга келган заҳоти кириш визаси амал қиладиган муддатга сиз пропискадан ўтган жойдаги ХЧКваФРБда рўйхатдан ўтишлари шарт.

Хатингизга қараганда, қизингизнинг кириш стикери амал қилиш муддати ўтган. Эслатиб ўтаман, стикернинг амал қилиш муддати чет элда тамом бўлиши Ўзбекистон Республикасига киришда, шунингдек бир хорижий давлатдан бошқасига сафар қилишда жавобгарликка тортиш учун асос бўлмайди, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган хорижий давлатлардан бошқа хорижий давлатларга сафар қилиш бундан мустасно (Тартибнинг I бўлими 7-банди, ВМнинг 6.01.1995 йилдаги 8-сон қарорига 1-илова).

Қизингиз Ўзбекистонга келиши билан хорижга чиқишга рухсат берувчи янги ёзувни (стикерни) расмийлаштириш учун мурожаат қилиши керак.

 

 

ФҲДЁдан – паспорт столига

 

Яқинда уйландим, аёлим фамилиямга ўтди. Паспортни алмаштириш учун паспорт столига келганимизда 3 ЭКИҲ миқдорида жарима (никоҳ рўйхатдан ўтказилганидан кейин бир ой ичида келмаганимиз учун) ва паспорт алмаштирганлик учун давлат божини (0,5 ЭКИҲ) тўлашимиз кераклигини айтдилар. Паспорт столи ходимларининг гапи тўғрими?

Р.Қосимов.

Тошкент ш.

 

– Паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши ЭКИҲнинг 3 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 223-моддаси). Фуқаролар Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 9.04.1999 йилда 698-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 96-бандига мувофиқ ҳам бунинг учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Шу тариқа, паспорт столи ходимлари қонун доирасида ҳаракат қилганлар, жарима миқдори ҳақиқий бўлмаган паспорт билан яшаганлик учун белгиланган ва маъмурий жарима (3 ЭКИҲ – 449 325 сўм) тўғри қўлланган.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросига биометрик паспорт берганлик учун энг кам иш ҳақининг 50%и миқдорида давлат божи ундирилади (ВМнинг 3.11.1994 йилдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Ставкалар).

 

Ўжар қариндош

 

Мен Тошкентдаги узоқ қариндошимнинг уйида 1998 йилдан буён доимий пропискадан ўтган эдим, бироқ 2005 йилда янги паспорт олганимдан кейин у ўзида пропискадан ўтишимга йўл қўймади. Кейинчалик эса мени хабардор қилмай, уй дафтаридан умуман ўчиртириб ташлади. Янги паспортим бор, бироқ унга пропискадан ўтганлигим ҳақида штамп қўйилмаган. Пропискамни тиклаш ёки ҳеч бўлмаса ота-онамникида ёки хотиним билан яшаётган жойда пропискадан ўтишим учун қонуний асосда ҳисобдан чиқишимга имкон борми? Ҳозир хотиним билан унинг номига расмийлаштирилган шаҳарнинг бошқа туманидаги квартирада яшаяпман. Болалар ҳам шу ерда пропискадан ўтказилган. Бу ҳолатда қандай йўл тутишим мумкин?

Михаил С.

Тошкент ш.

 

– Биринчи навбатда Тошкент шаҳар манзил-маълумотлар бюросига мурожаат қилиб, пропискада бор-йўқлигингизни текшириб кўришингиз керак.

Агар манзил маълумотномасида сизга ҳисобдан чиқариш санаси ва сабабини кўрсатсалар, узоқ қариндошингиз пропискадан ўтган жойдаги паспорт столи бошлиғига мурожаат қилишга ва розилигингизсиз рўйхатдан чиқарилганлигингиз тўғрисидаги манзил маълумотномасини кўрсатишга ҳақлисиз. Ҳисобдан чиқиш учун фуқаролар яшаш жойидаги ИИБга қуйидагиларни тақдим этадилар:

ҳисобдан чиқиш сабаби ва жойини кўрсатган ҳолда ички ишлар органи раҳбарияти номига эркин шаклдаги ариза;

► паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

► ҳисобдан чиқарилганлиги ҳақида мудофаа ишлари бўлимининг белгиси қўйилган ҳарбий ҳисоб ҳужжатлари;

► уй дафтари ёки 4–5-сон прописка карточкаси, хонадон карточкаси;

► давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.

Фуқароларни уларнинг ҳозирлигисиз ҳисобдан чиқариш турар жойга бўлган ҳуқуқдан маҳрум этиш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорига асосан, шахс бедарак йўқ бўлган деб топилганда, нотариал тасдиқланган ишончнома бўйича, ички ишлар органларининг сўровига кўра, маъмурий тартибда кўчириш ҳақидаги прокурор санкцияси билан амалга оширилишини қайд этиб ўтмоқчиман (698-сон Йўриқноманинг 48-банди).

Агар берилган манзил маълумотномасида ҳанузгача узоқ қариндошингизда доимий пропискада турган бўлсангиз, паспорт хизмати раҳбари ушбу вазиятни ҳал этишда ёрдам бериши керак. У ёзма мурожаатингизга кўра қариндошингизни таклиф этиши ва унга ҳисобдан чиқариш тартибини тушунтириши шарт. Сўнгра хотинингизникида доимий пропискадан ўтишингиз учун паспортингизга доимий прописка тўғрисидаги, кейин эса ҳисобдан чиқарилганлигингиз тўғрисидаги штампни қўйишлари лозим.

 

Олий ўқув юртининг илтимосномасига биноан

 

Мен Тошкент вилоятида пропискадан ўтган эдим. Ҳозир Тошкент ахборот технологиялари университетида ўқийман. Юнусобод туманидаги талабалар уйида вақтинча пропискадан ўтдим. Яшнобод туманидаги хонадонда ёки талабалар уйида яшашим мумкинми?

А.Азизов,

талаба.

 

– Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган фуқаролар ўқиш даврига ҳисобга олинади. Бунда таълим муассасаси томонидан фуқаронинг ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатидан нусха (16 ёшга тўлмаган шахслар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, 35 х 45 мм ўлчамли 2 та фотосурат) ва турар жой (талабалар уйи) билан таъминланганлиги тўғрисида маълумотнома ҳудудий ХЧКваФРБга тақдим этилади. Юқорида кўрсатилган ҳужжатлар билан бирга ҳисобга олиш учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция ҳам юборилади (АВ томонидан 28.06.2016 йилда 2804-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 13-банди).

Талаба бошқа турар жойда яшаш истагини билдирганда, таълим муассасасининг хати ва қуйидаги тегишли ҳужжатлар асосида у танлаган жойидаги ХЧКваФРБ томонидан ҳисобга олинади (Йўриқноманинг 14-банди):

► белгиланган шаклдаги ариза;

► паспорт;

► контракт бўйича ҳарбий хизматчининг ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг шахсий гувоҳномаси (казармалар, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);

► 16 ёшга тўлмаган шахслар учун – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва 35 х 45 мм ўлчамли 2 та фотосурат;

► уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериши тўғрисидаги аризаси (розилиги) (Йўриқномага 2-илова);

► турар жой учун ҳужжатларнинг нусхалари;

► ҳисобга олинганлик учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция (қариялар ва ногиронларнинг интернат-уйларида яшовчи қариялар ва ногиронлар, шунингдек мактаб-интернатлар, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг тўлиқ давлат таъминотида бўлган ва ётоқхоналарда яшовчи ўқувчиларидан ташқари);

► турар жойнинг ёхуд унинг бир қисмининг ижара шартномасининг ёки турар жойдан ёхуд унинг бир қисмидан текин фойдаланиш шартномасининг нотариал тасдиқланган нусхаси.

Агар яқин қариндошингизникида (ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари) турсангиз, шартнома талаб қилинмайди. Ушбу ҳолатда қариндошлик даражасини тасдиқлайдиган ҳужжатлар тақдим этилади.

Агар яқин қариндошлар уй-жойни нотариал тартибда тасдиқланган шартнома асосида фойдаланишга берган бўлсалар, ҳисобда туриш учун унинг нусхаси тақдим этилиши керак. Бунда уларнинг яқин қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари талаб этилмайди (Йўриқноманинг 4-банди).

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma Online» эксперти.

 


*Президентнинг 10.04.2017 йилдаги ПФ-5005-сон Фармонига мувофиқ, Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига ўзгартирилди. Ушбу қоида Фармон «Халқ сўзи» газетасининг 11.04.2017 йилдаги 71 (6765)-сонида расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.

Прочитано: 2333 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика