Norma.uz
Норма маслахатчи / 2017 йил / № 17 / Бизнинг маслаҳатлар

Етказиб бериш кечиктирилгани учун пеня

 

Олди-сотди шартномасида маҳсулотни унинг учун олдиндан аванс суммаси тўлангандан сўнг 10 календарь куни мобайнида етказиб бериш белгиланган. Масалан, олдиндан тўлов 2017 йил 6 мартда амалга оширилган, маҳсулот етказиб берилиши лозим бўлган муддат эса 17 мартда тугайди. Агар етказиб берувчи ўз етказиб бериш мажбуриятини 18 март куни бажарса, кечиктирилган 1 кун учун шартномага асосан пеня ҳисобланадими?

А.Ибрагимов.

Жиззах вилояти.

 

– Ҳа, пеня ҳисобланади. Бироқ, 1 кун учун эмас, 2 кун учун ҳисобланади.

Пеня неустойка шаклларидан бири ҳисобланиб, қарздор ўз мажбуриятларини бажаришни кечиктириб юборганида тўланади ва кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоизда ҳисоблаб чиқарилади (ФКнинг 261-моддаси 1 ва ­3-қисмлари).

Қонун ҳужжатларида ёки битимда белгиланган, шунингдек суд томонидан тайинланадиган муддат календарь сана билан ёхуд йиллар, ойлар, ҳафталар, кунлар ёки соатлар билан ўлчанадиган вақт даврининг ўтиши билан белгиланади. Муддат муқаррар юз бериши керак бўлган воқеани кўрсатиш билан ҳам белгиланиши мумкин (ФКнинг 145-моддаси). Вақт даври билан белгиланган муддат календарь санадан кейинги ёки унинг бошланиш куни деб белгиланган воқеа юз берганидан кейинги кундан ўта бошлайди (ФКнинг 146-моддаси). Фикримизча, ушбу нормаларга асосланиб, Олий хўжалик суди Пленумининг қарорида ҳам ўз тушунтиришларида мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун пенянинг ҳисобланиши мажбуриятни бажариш муддати тугаган куннинг эртасидан бошланиши кўрсатилган (15.06.2007 йилдаги 163-сон қарорнинг 16-банди).

Шу боис сиз баён қилган ҳолда маҳсулот етказиб беришнинг муддати 2017 йил мартнинг 17 кунида эмас, балки 16 кунида тугайди ва, бинобарин, пеня кечиктирилган 2 кун учун ҳисобланади.

Пеня ҳисобланиши қуйидаги формула бўйича амалга оширилади: қарз суммаси пеня миқдори кечиктириб юборилган кунлар сони = пеня суммаси.

 

МИСОЛ. 50 млн сўмлик товарларни етказиб бериш шартномаси тузилди. Унга кўра, товарларни етказиб бериш муддати улар ҳақи олдиндан тўлангандан кейин 10 календарь кундан кечиктирилмаслиги керак. Аванс 2017 йил 6 мартда тўланган. Белгиланган муддатнинг сўнгги куни шу ойнинг 16 кунига тўғри келган. Товарлар эса сотиб олувчига 18 мартда етказиб берилган.

Тарафлар шартномада «товарларни етказиб бериш муддатлари кечиктириб юборилган ҳолларда, товар етказиб берувчи сотиб олувчига кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлайди, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси етказиб берилмаган товарлар баҳосининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги лозим» деб келишганлар.

Бу ҳолда пенянинг ҳисоб-китоби қуйидагича бўлади:

Пеня = 50 млн сўм х 0,5% х 2 кун = 500 минг сўм.

 

Пеняни ундириш мақсадида сиз етказиб берувчига нисбатан ёзма талабнома билдиришга ҳақлисиз (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси 1-қисми, кейинги ўринларда – Қонун). Борди-ю, етказиб берувчи томонидан сиз талаб этган суммани тан олганлиги тўғрисидаги ёзма хати тақдим этилса, бироқ у сумма 20 кун муддатда тўланмай қолса, сиз ушбу хат асл нусхасини акцептсиз (сўзсиз) тўлов талабномаси билан бирган сизга хизмат кўрсатаётган банкка топширишингиз мумкин (Қонуннинг 18-моддаси 5-қисми; АВ томонидан 03.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатга олинган Низомнинг 40-банди, 41-банди 3-хатбошиси ва 47-банди, кейинги ўринларда – Низом). Тўлов талабномангиз банкингиз орқали етказиб берувчига унга хизмат кўрсатаётган банкка тушгач, талаб этилган сумма (пеня) тўловчининг маблағлари (сиз талаб этган пеня суммасида) унинг розилиги бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, акцептсиз ҳисобдан чиқарилади ва ҳисобрақамингизга ўтказилади (Низомнинг 56-банди 1 ва 2-хатбошилари ва 57-банди).

Агар етказиб берувчидан рад жавобини олган ёки талабномага белгиланган муддатда (талабнома олинган кундан бошлаб 1 ой ичида) жавоб олмаган тақдирингизда, шунингдек шартномангиз юзасидан талабнома билдирмай хўжалик судига даъво аризаси беришингиз мумкин (Қонуннинг 18-моддаси 1-қисми ва 19-моддаси).

Ва ниҳоят, кредитор сифатида сиз пеня суммасидан воз кечишга ҳам ҳақлисиз.

 

Камол Музаффаров,

«Norma Online» етакчи эксперти.

Прочитано: 1853 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика