Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 17 / Долзарб мавзу

Халқаро стандартларни қўллаб...

 

Жорий йил апрель ойининг бошида «Baker Tilly Uzbekistan» компаниялар гуруҳи* Ўзбекистон Банк-молия академияси билан ҳамкорликда Халқаро давра суҳбатини ташкил этди. Муҳокама қилинган мавзулар – «IFRS 9 «Молиявий дастаклар» янги халқаро стандартини қўллашнинг долзарб масалалари» ва «Замонавий IT-аудит ва ахборот ҳимояси».

 

Халқаро молиявий ҳисобот стандартларининг (ХМҲС) жорий этилиши – корпоратив бошқарув самарадорлиги, инвестицион жозибадорлик, бизнеснинг рақобатбардошлиги ва очиқ-ойдинлиги ошишининг муҳим омилидир. Корпоратив бошқарув самарадорлигини баҳолаш билан ХМҲСга мувофиқ тайёрланган ҳисобот бир-бирига узвий боғлиқ. Бу табиий ҳол бўлиб, уни банк соҳасида қўлласа бўлади.

Президентнинг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари орасида қуйидаги чора-тадбирлар белгиланган:

● илғор халқаро тажрибада қўлланиладиган инструментлардан фойдаланган ҳолда пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш;

● банк тизимини ислоҳ қилишни чуқурлаштириш ва барқарорлигини таъминлаш, банкларнинг капиталлашув даражаси ва депозит базасини ошириш, уларнинг молиявий барқарорлиги ва ишончлилигини мустаҳкамлаш, истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлашни янада кенгайтириш;

● халқаро иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, етакчи халқаро ва хорижий молиявий институтлар билан алоқаларни кенгайтириш, инвестиция муҳитини такомиллаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва муҳими уларнинг самарадорлигини ошириш.

Халқаро молиявий ҳисобот стандартларини жорий этмасдан ушбу чора-тадбирларни амалга ошириб бўлмайди.

ХМҲСнинг асосий вазифаларидан бири – иқтисодиёти ва бошқарув механизмлари турлича бўлган мамлакатлар банклари ва компаниялари молиявий ҳисоботининг қиёсланишини таъминлаш. ХМҲСни қўллаш халқаро даражадаги банк ва молия сектори вакилларининг замонавий билимларини ва юқори профессионал фаолият кўникмаларини ривожлантиришни талаб этади.

Компанияларда, айниқса банк секторида ахборот технологиялари жорий этилганлиги ва улардан фойдаланиш тобора кенгайиб бораётганлиги муносабати билан маълумотлар тизимларининг заифлиги ошади. Тўғридан-тўғри молиявий йўқотишлар хатари ва таҳдиди ошади. Жаҳон амалиётида банкларнинг тўлов тизимларига кибер-ҳужумлар сони тезкор ошаётгани кузатилмоқда. Хатарларни аниқлаш ва сифатини идентификациялаш учун эса IT-аудитга эҳтиёж юзага келади.

Банкларнинг IT-тизимлари мустаҳкамлиги ва, шу жумладан ХМҲС бўйича ҳаққоний молиявий ҳисобот тақдим этиш воситасида фаолиятининг очиқ-ошкоралиги ўзаро узвий боғлиқ. Хавфсиз IT-тизимлардан фойдаланиш банклар ва компаниялар молиявий ҳисоботи ишончлилиги, очиқ-ошкоралиги ва ўз вақтида тайёрланишини қўшимча равишда кафолатлайди. ­IT-аудитнинг яхши натижалари компания ва банкларнинг салмоқли захираларини тежаб, молиявий аудитни янада сифатли, тезкор ўтказиш имконини беради.

Шу сабабли давра суҳбатининг асосий мақсади мазкур соҳаларда мавжуд илғор амалиёт билан таништириш бўлди. Давра суҳбати давомида IFRS 9 «Молиявий дастаклар» янги халқаро стандартини қўллаш, банкларнинг инвестиция фаолиятини кенгайтириш ва капиталлаштирилишини ошириш, ахборот хавфсизлиги ва маълумотлар ҳимояланишини таъминлаш, сифатли IT-аудит ўтказиш ва хатарларни баҳолашга доир долзарб масалалар, шунингдек инвестиция дастурларини амалга ошириш, реал ва банк сектори корхоналари инновацион фаолиятини инвестицион қўллаб-қувватлашнинг устувор йўналишлари, банклар молиявий ҳисоботининг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш чора-тадбирларини такомиллаштириш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Ушбу йўналишлар, амалиётнинг гувоҳлик беришича, глобал молиявий бозорлар ривожланиши ва интеграциялашуви, шунингдек банклар ишида компаниялар ва жисмоний шахслар билан ахборот тизимларидан фойдаланилиши сабабли айни замонавий банклар мутахассислари учун алоҳида аҳамиятга эга.

Давра суҳбати ишида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, шунингдек Ўзбекистондаги J.P.Morgan (АҚШ), Commerzbank (Германия) сингари халқаро банклар, Ўзбекистондаги Халқаро молиявий корпорация вакиллари, банк-молия органларининг етакчи мутахассислари, банклар ходимлари, республикамиздаги етакчи иқтисодий олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари таркиби, катта илмий ходим изланувчилар ва магистрантлари қатнашдилар.

Муҳокама қилинган мавзулар нафақат Ўзбекистон банклари вакиллари, балки ички аудит, IT-бўлимлар ва молиявий хизматлар департаментлари раҳбарлари, шунингдек манфаатдор идоралар (Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ва б.) ходимлари учун ҳам қизиқарли бўлди.

Халқаро экспертларнинг нуфузли делегацияси мамлакатимиз банк тизимини Жаҳон банки ва Халқаро молиявий корпорация мезонларига биноан ислоҳ қилиш ва либераллаштириш соҳасидаги ютуқларни ижобий баҳолади.

Ўтган йил октябрида эълон қилинган «Doing Business 2016» йиллик ҳисоботига кўра, бизнес юритиш шароитлари бўйича Ўзбекистон ­87-ўринни эгаллади. Рейтинг кўрсаткичлари бўйича 189 мамлакат орасида 54 босқичга кўтарилди. Кейинги 3 йил ичида кредитлаш шароитлари бўйича мамлакатимиз рейтинги 112 босқичга яхшиланди, яъни республикамиз 154-ўриндан 42-ўринга кўтарилди. Халқаро экспертлар қайд этганидек, бу Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланиши учун мақбул имкониятлар яратилганлиги ҳамда халқаро ҳамжамият томонидан инвестиция иқлимини яхшилаш фаолияти, мамлакатимиз банк-молия соҳасидаги ислоҳотлар юқори баҳоланганидан далолат беради. 2017 йилда ва яқин истиқболда банкларнинг молиявий барқарорлиги ва инвестицион фаоллигини мустаҳкамлаш республика банк тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналиши бўлиб қолади. Давра суҳбати қатнашчилари Ўзбекистон Банк-молия академиясининг мамлакатимиз банк-молия тизимини юқори малакали раҳбар кадрлар билан таъминлашдаги самарали фаолияти ва муҳим ролини ҳам қайд этдилар.

 

√ Иштирокчининг фикр-мулоҳазалари:

 

«Baker Tilly Uzbekistan» бошқарувчи ҳамкори Олег Даминов:

– Ўзбекистон 11 йилдан буён ЯИМ ҳажмини йилига 8%дан ортиқ даражада оширган ҳолда иқтисодиёт соҳасида умумэътироф этилган улкан ютуқларни намоён этмоқда. Глобал молиявий турбулентлик, қатор мамлакатлардаги рецессия аломатлари юзага келиши ва иқтисодий кўрсаткичлар сезиларли даражада пасайиши шароитида Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини мунтазам такомиллаштира бориб, иқтисодий жиҳатдан ҳар томонлама ва изчил ўсиш сиёсатини амалга оширмоқда. Сўнгги кунларда қабул қилинган аҳамиятга молик қарорлардан бири – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ташкил этилганлиги бўлиб, бу инвестиция фаолияти учун янада қулай шароит яратиш жараёнида янги босқичга ўтганликдан далолат беради. Халқаро молиявий институтлар ва етакчи хорижий банклар билан инвестицион ҳамкорликни диверсификациялаш ва ривожлантириш зарурати алоҳида белгиланди. Шу муносабат билан глобал молиявий тизимдаги ўзгаришлар ва унинг ривожланиши ҳақида ўз вақтида ахборот бериш, шу жумладан молиявий дастакларни тартибга солиш ва ҳисобини юритиш тартибини шарҳлаш муҳим ва зарур деб ҳисоблаймиз. 

 

Халқаро давра суҳбати ишининг якунларига кўра илмий-амалий тавсиялар ва таклифлар қабул қилинди, улар Ўзбекистон банк сектори янада ривожланиши ва модернизацияланишида кўмак бериши шубҳасиз.

 

Ўз ахборотимиз.

 


*Дунёнинг 147 мамлакатида фаолият юритувчи, жаҳондаги энг йирик «Baker Tilly International» аудиторлик-консалтинг тармоқларидан бирининг офиси ҳисобланади.

Прочитано: 1596 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика