Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 12 / Божхона

Соғлом рақобатга соя солиб...

 

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини таъминлаш мақсадида хориждан дори воситалари, тиббий буюмлар, шунингдек, тиббиёт асбоб-ускуналари ҳамда юртимизда дори воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун хом ашёларни олиб келиш учун муайян божхона тўловларидан кенг кўламли имтиёзлар қўллаб келинмоқда.

 

Шунга қарамай, мазкур қулайликлардан унумли фойдаланиш ўрнига, тадбиркорликнинг сохта йўлини афзал билган айрим кимсалар божхона назоратидан яширин равишда фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий буюмларни олиб ўтишга уринишади ва бу билан нафақат соғлом рақобат муҳитига путур етказиш, балки, энг ачинарлиси, юртдошларимиз саломатлигини хавф остига қўйишдек қалтис «бизнес»га қўл уришади.

Пойтахтлик Г.У. хоним Деҳлидан қайтаётиб, тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган 390 дона кўз учун мўлжалланган дори воситаларини яширинча олиб ўтишга уринган пайтда аэропортда тўхтатиб қолинди.

Истанбулдан қайтишган А.У., У.Х. хоним, Л.А., Х.Я., шунингдек Деҳлидан учиб келган А.Т. дори воситаларини яширин равишда божхона чегарасидан олиб ўтишга уринган пайтда фош қилинди. Ушбу қонунбузарлик ҳолатларида жами қиймати 4 млн сўмликдан ортиқ 405 дона дори воситалари борлиги аниқланган.

Туркиядаги сафарини якунлаб, мамлакатимизга келган хорижий фуқаро В.С. ҳам республикамиз божхона қоидаларини бузишга уринган. У на йўловчи божхона декларациясида, на оғзаки сўровлар пайтида маълум қилмаган 37 дона стоматология пломбаларини олиб киришга уринган экан.

«Москва–Тошкент» рейси бўйича парвозини якунлаган А.Т.га тегишли багаж «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари томонидан божхона кўригидан ўтказилганда, ушбу шахснинг бу кўриклардан «гунг ҳолда» ўтиб, 150 дона сунъий эшитиш мосламаларини ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлгани аниқланди. Божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилмоқчи бўлган юкларнинг қиймати салкам 153 млн сўмлик бўлиб, мазкур тиббий буюмлар тегишли ўрамларсиз олиб кирилаётган эди. Шу боисдан ҳам дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бўйича мутахассислар мазкур сунъий эшитиш мосламаларини Ўзбекистон Республикасида қайд этилган дори воситалари ва тиббий буюмлар Давлат реестрига киритилганлиги тўғрисида маълумот бериш ҳамда таҳлил ишлари олиб бориш имкони йўқ деган тўхтамга келишди. Ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

Эслатиб ўтамиз!

«Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, дори воситалари ва тиббий буюмларни экспорт ва импорт қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Сифатсиз, қалбакилаштирилган, республикамизда рўйхатдан ўтказилмаган дори воситалари ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини импорт қилиш тақиқланади.

Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 8.06.2016 йилдаги 191-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ, жисмоний шахслар шахсий фойдаланиш учун турли номдаги 10 тагача дори препаратларидан иборат дори воситалари ва уларнинг ҳар бири учун 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори воситалари, шунингдек 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмларни олиб киришлари ёки чиқишлари мумкин.

Бу жараёндаги энг муҳим талаблардан яна бири шундаки, божхона чегаралари орқали шахсий мақсадларда олиб ўтилаётган дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчининг ўрамида бўлиши керак.

«Тошкент Аэро» ИБК

Ахборот хизмати.

Прочитано: 1752 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика