Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 12 / Солиқ солиш

Ипакчилар учун имтиёзлар

 

Корхонамиз (ЯСТ тўловчиси) табиий ип газлама ва ипак қурти пилласига ишлов бериш йўли билан ипак матолар ишлаб чиқаради. Бошқа корхона (ЯСТ тўловчиси) тут ипак қурти уруғини етиштиради ва етказиб беради. Иккала корхона учун пилла етиштиришда асосий хом ашё бўладиган тутзорлар улкан аҳамиятга эга. Биз тут дарахти экиладиган майдонларни барпо этиш учун ер участкаси ажратишни илтимос қилиб маҳаллий давлат ҳокимияти органларига мурожаат қилдик.

Асосий хом ашё – пилла етиштириш мақсадида фойдаланиладиган тутзорлар учун ер участкаси ажратилганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади? Ушбу фаолият юзасидан солиқ имтиёзлари мавжудми, улардан қандай фойдаланиш мумкин?

М.Қосимов,

МЧЖ раҳбари.

 

– Янги ер участкасини олиб, ЯСТ тўловчиси сифатида ер солиғининг 3 баравари суммасидан келиб чиқиб ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоб-китоб қилаётганда ушбу майдонни ҳисобга олишингиз керак.

ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда Солиқ кодексининг 282-моддаси 2-қисмига мувофиқ 3 йил давомида солиқ солинмайдиган ер участкалари ҳисобга олинмайди (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 3-банди). Улар жумласига, бошқалар қатори, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъи назар, янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ер участкалари киради.

Кузда ўтказилган янги кўчатлар учун бериладиган имтиёз муддатини ҳисоблаб чиқариш кейинги йилнинг 1 январидан эътиборан бошланади, баҳорда ўтказилган кўчатлар учун эса жорий солиқ даврининг 1 январидан эътиборан бошланади.

Яъни ажратилган участкага шу баҳорда тут эксангиз, 2017 йил 1 январдан бошлаб 3 йил давомида ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоб-китоб қилишда ушбу майдонни инобатга олмаслигингиз мумкин.

Агар шу йил кузда эксангиз, 2018 йил 1 январдан бошлаб имтиёздан фойдаланишингиз мумкин.

Муайян шароитда тут етиштириш учун ер участкаси олгандан кейин танлаш ҳуқуқисиз ягона ер солиғини тўловчи қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчисига айланишингиз мумкинлигига эътиборингизни қаратамиз.

Бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берадиган корхоналар солиқ солиш мақсадида қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар жумласига киради:

ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш ёхуд ер участкаларидан фойдаланган ҳолда фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш асосий фаолият тури бўлган;

қишлоқ хўжалигини юритиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўзларига белгиланган тартибда берилган ер участкаларига эга бўлган;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш улуши реализация қилиш ёки қайта ишлаш учун олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ўз ичига олувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлаш умумий ҳажмида камида 50%ни ташкил этадиган (Солиқ кодексининг ­362-моддаси).

Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичига (ИФУТ) мувофиқ кўп йиллик экинларни (тут) ўстириш, шунингдек ипак қуртини боқиб кўпайтириш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига киради.

 

Масалан, корхона тут ипак қурти уруғини етиштириш ва етказиб бериш билан шуғулланади. Тут дарахтлари экилган майдонга эга, уни етиштириш учун асосий хом ашёни ундан олади. Сотиладиган ипак қуртининг бир қисмини корхона маҳаллий аҳолидан сотиб олади. Агар солиқ даври (календарь йил) якунларига кўра ўзи етиштирган ипак қуртини сотишдан тушумнинг улуши сотиб олинганидан кўп бўлса, солиқ солиш мақсадида корхона қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчи деб ҳисобланади.

 

Ягона ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби Солиқ кодексининг 57-бобида белгиланган.

Қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқарувчилар – ЯЕСни тўловчилар учун Солиқ кодексининг 282-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ер солиғи бўйича имтиёзлар ҳам татбиқ этилади. Яъни тут экиб, ЯЕСни тўлашга ўтсангиз, Солиқ кодексининг 282-моддаси 2-қисми 25-бандига мувофиқ ер солиғини тўлаш бўйича имтиёздан ҳам фойдалана оласиз.

Газлама ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ва фақат уни сотишдан тушумга эга бўлган корхона, агар ўз хом ашёси билан таъминлаш мақсадида қўшимча фаолият сифатида пилла етиштираётган бўлса, ЯСТ тўлайди.

Агар корхона ипак қурти уруғини сотишдан ҳам, газламалар ишлаб чиқаришдан ҳам тушумга эга бўлса, бошқа гап. Бу ҳолда қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчиларнинг мезонларига мувофиқ келганда алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолияти доирасида ЯЕС ва газламалар сотиш бўйича тушумдан ЯСТ тўлаш зарур (Солиқ кодексининг 363-моддаси).

 

Замира ЖЎРАЕВА,

«Norma Online» эксперти.

 
Прочитано: 2746 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика