Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 12 / Муаммони муҳокама қиламиз

Солиқ тўловчи ҳақли бўлса-чи?

 

Солиқ кодексининг 11-моддасида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин қилиниши (унинг ҳақлиги презумпцияси) белгиланган. Бироқ амалиётда ушбу қоидадан фойдаланишнинг ҳар доим ҳам имкони бўлавермайди. Экспертлар мазкур қоидани фаолроқ қўллаш йўлларини таклиф этадилар.

 

Презумпция – акси исботланмагунга қадар адолатли деб тан олинадиган тахмин. Моҳиятан олганда, қарор қабул қилиш учун далилий ва юридик асослари етарли бўлмаган амалдор ушбу қоидага риоя этиши керак. Бир қарашда бу ҳаётдан жуда узоқдек кўринади. Аммо аниқ низолар якунида презумпция муҳим аҳамият касб этади.

Масалан, 2017 йил 1 январдан Солиқ кодексининг 135-моддаси 4-қисми амал қила бошлади1.

Уни ўқиган солиқ тўловчилар ва солиқ органлари мазмунини ҳам, қўллаш тартибини ҳам турлича талқин қилишлари мумкин.

 

Айрим солиқ тўловчиларнинг позицияси

 

Солиқ органларининг позицияси

 

Ушбу норма янги ҳисобланади ва 2017 йил 1 январдан Солиқ кодексига киритилди, шу сабабли ўтган даврларга, яъни 2016 йил 31 декабргача татбиқ этилиши мумкин эмас (Солиқ кодексининг 3-моддаси)

 

Мазкур қоида шу пайтгача мавжуд бўлган Солиқ кодексидаги умумий нормаларни аниқлаштирди, холос. Солиқ кодексининг 135-моддаси маъноси асосида солиқ органлари фоизлар йўқлигига ёхуд қарз бўйича фоиз камлигига қарздорнинг текин олинган мулкий наф тарзидаги даромади деб қараши амалиёти илгари ҳам мавжуд бўлган. Бунда мантиқ қуйидагича: қайта молиялаштириш ставкасидан паст қилиб қарз берилаётган экан, бу битимдан зарар кўрилади, чунки қайтарилган пул инфляция сабабли камроқ харид қобилиятига эга бўлади. Фоизсиз ёхуд ушбу ставкадан паст бўлган фоиз билан қарз беришга рози бўлган шахс қарздорга МБ ставкаси ўртасидаги фарқни ҳадя этган бўлади. Қарздор наф кўради – демак, солиқлар ҳам солинади

 

Ушбу норма ўтган даврларга татбиқ этилмаслигини ҳисобга олган ҳолда:

агар шартнома ушбу қоида кучга киргунга қадар тузилган бўлса, ҳатто қарз 2017 йил 1 январдан кейин қайтарилса ҳам, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўланмайди;

фоизсиз қарздан фойдаланганлик учун илгари тўланган солиқлар қайтарилиши ёхуд улар ҳисобга киритилиши керак

Агар қонун солиқ органлари илгари ҳам тўғри хатти-ҳаракат қилганларини тасдиқласа:

шартнома тузилган сана муҳим эмас: фоизсиз қарздан фойдаланганлик учун юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи илгари ҳам, ҳозир ҳам тўланиши керак;

бундай вазиятда солиқларнинг бирон-бир йўл билан қайтарилиши ҳақида сўз юритиш ўринсиз

 

Солиқ қонунчилиги ноаниқлиги сабабли иккита қарама-қарши позиция юзага келган. Бу вазиятда солиқ тўловчининг пул тўлаши презумпция қўлланиши ёки қўлланмаслигига боғлиқ. Бир қарашда Солиқ кодексининг 11-моддасига мувофиқ низо солиқ тўловчининг фойдасига ҳал этилиши керак.

Бироқ солиқ органлари солиқ тўловчининг ҳақлигини тан олмасалар керак. Сабаби – солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар бартараф этиб бўлмайдиган деб ҳисобланиши мезонлари Солиқ кодексининг 11-моддасида қайд этилмаган. Муаммони батафсилроқ тавсифлашга уриниб кўрамиз:

1) қонун ҳужжатларида қарама-қаршилик ёки ноаниқлик қачон мавжуд деб тан олиниши тушунарсиз: солиқ тўловчи қонунни солиқ органларининг позициясидан фарқланувчи ҳолда тушунгандами ёхуд бу далилни солиқ ёки бошқа давлат органларининг ўзлари тан олгандами;

2) қарама-қаршилик ва ноаниқликни бартараф этишга уриниб кўриши лозим бўлган давлат органлари ва мансабдор шахслар белгиланмаган. Буни жойлардаги солиқ инспекторлари, солиқ органлари раҳбарияти қилишга ҳақлими ёхуд ДСҚнинг бутун тизими юқори ва амалда олий давлат ҳокимияти органларидан тушунтиришлар олиши керакми;

3) солиқ ва бошқа давлат органлари қўллайдиган қонунни талқин қилишда қанчалик эркин эканликлари ҳақида аниқ кўрсатма берилмаган. Чунончи, қонуннинг иккита нормаси ўртасидаги қарама-қаршиликлар юқори ва қуйи, умумий ва махсус НҲҲ нисбати қоидалари бўйича жойларда ҳал этилиши мумкин («Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси). Солиқ кодексининг ноаниқ нормаларини шарҳлашга эса фақат битта давлат органи – Конституциявий суд ҳақли («Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 43-моддаси 2-қисми). Бироқ фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари унга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эмас. Солиқ органларининг ўзи ҳам бунга ҳақли эмас;

4) солиқ тўловчининг солиқ органлари билан низосида учинчи арбитр – иқтисодий ёки маъмурий суд2 қатнашгандагина презумпцияни қўллашга рухсат берилиши мумкин. Солиқ кодексининг нормасини ноаниқ ёхуд қарама-қарши деб тан олиш ва презумпцияни қўллаш ҳуқуқи фақат иқтисодий ёки маъмурий судларга тегишлими? Эҳтимол, ижроия ҳокимияти органлари ҳам бунга ҳақлидирлар?

Бундай мавҳум вазиятда солиқ органларининг оддий ходимлари масаланинг ечими учун жавобгарликни зиммаларига олишни истамасликлари табиий, сабаби тегишли ваколатга эгаликларига ўзлари ишонмайдилар. Оқибатда ҳаммасини бюджет фойдасига ҳал қилиш осонроқ, асосийси – қулайроқдир.

Бироқ, фикримизча, қонуннинг ҳар бир нормаси ишлаши керак. Шу сабабли, агар кўпинча қўлланмаётган бўлса, уни албатта жонлантириш керак. Бунинг учун ишни солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида қарама-қаршилик ёки ноаниқлик борлигини тан олиш учун мезонларни белгилашдан бошлашни таклиф этамиз. Бошқалар қатори улар қуйидагилар бўлиши мумкин:

солиқ органларининг ўхшаш вазиятларда турли қарорлар қабул қилиши;

ваколатли давлат органларининг биргина саволга турлича жавоб бериши;

иқтисодий ва маъмурий судларнинг биргина масала юзасидан бир-бирига зид амалиёти;

ваколатли давлат органлари ҳузуридаги эксперт кенгашларининг тегишли хулосалар бериши.

 

Биргина мақолада муаммони қамраб олиб бўлмаслигини инобатга олган ҳолда ўқувчиларимизга ҳам norma.uz сайтидаги шарҳларида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишни таклиф этамиз. Конструктив ғоялар умумлаштирилиб, қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритишга доир таклифлар сифатида киритилиши мумкин.

 

Абдураҳмон БАХТИЕВ ва Самир ЛАТИПОВ,

«Norma Online» экспертлари.

 


1У бошқа моддалар билан бирга юридик шахсларнинг солиқ тўланиши керак бўлган фойдаси ҳисобланишини тартибга солади.

2Суд тизими ислоҳ қилиниши муносабати билан процессуал қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилгунга қадар бундай ишларни қайси суд кўришини аниқ айтишнинг имкони йўқ.    

 

Прочитано: 1523 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика