Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 08 / Долзарб мавзу

Меҳмонхоналарга – хорижий валюта

 

2017 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий фуқаролар ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий турар жойига эга бўлмаган, фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳмонхона хизматларига ҳақни фақат эркин алмаштириладиган валютада тўлашади.

 

Ўзбекистон – архитектура ёдгорликлари хазинаси, Буюк Ипак йўли марказларидан бири. Хива, Самарқанд ва Бухорода қадимий Шарқнинг аслини кўриш мумкин. Мамлакатимизда сақланаётган маданий ва тарихий қадриятлар кўплаб хорижий сайёҳларни ўзига жалб этади.

Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Президентнинг 2.12.2016 йилдаги ­ПФ-4861-сон Фармони билан ўрта муддатли истиқболда туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсадли вазифалари ва устувор йўналишлари белгиланди.

Меҳмонхона хўжаликлари, туризм комплекслари, туризм базалари, дам олиш зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар ва туристлар камида бир кечага тунайдиган бошқа объектлар жойлаштириш воситалари деб аталади. Жойлаштириш воситаларида турувчиларнинг вақтинча яшаши ва овқатланишини таъминлаш билан боғлиқ хизматлар эса меҳмонхона хизматлари дейилади (Низом, ВМнинг 11.11.2003 йилдаги 497-сон қарорига 1-илова).

2017 йил 1 январдан бошлаб хорижий фуқаролардан меҳмонхона хизматлари ҳақини фақат хорижий валютада қабул қилиш мумкин. Бу қоидалар Ўзбекистонда доимий турар жойига эга бўлмаган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам татбиқ этилади.

Ушбу тартиб жорий этилгунга қадар меҳмонхоналар ўз хизматлари ҳақини мижозлардан фақат миллий валюта – сўмда қабул қилишга ҳақли эдилар. Хорижий меҳмонларга хизмат кўрсатиш учун меҳмонхоналарда тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчалари ташкил этилган эди. Меҳмонхона мижозлари меҳмонхона хизматлари ҳақини тўлашдан олдин нақд валютани сўмга айирбошлар, шундан кейингина тўловни меҳмонхона кассасига тўлар эдилар.

Меҳмонхоналарга нақд хорижий валютани қабул қилиш тақиқланган эди. Мижоз фақат халқаро тўлов ёки кредит карточкаси воситасида хорижий валютада ҳақ тўлаши мумкин эди.

Энди меҳмонхоналарга нақд хорижий валютани мустақил равишда қабул қилиш имконияти берилди. Уни қабул қилиш, ҳужжатлар билан расмийлаштириш, инкассация қилиш таомили, фойдаланиш тартиби ва бошқа жиҳатлар анчагина саволларни юзага келтириши мумкин. Шу сабабли меҳмонхона хизматларини кўрсатишда хорижий валютадаги тўловларнинг қабул қилинишини ташкил этиш тартиби қандай эканлигини аниқлаштиришга уриниб кўрамиз.

Амалиётда кўпинча хорижий ва маҳаллий туризм фирмалари меҳмонхона билан сайёҳларга хизмат кўрсатиш шартномаларини тузадилар. Мижозлар туризм фирмасидан йўлланма (ваучер) сотиб оладилар, яъни меҳмонхонадаги яшаш ва айрим қўшимча пулли хизматлар (одатда нонушталар, трансферлар) ҳақини олдиндан тўлайдилар. Меҳмонхона кўрсатилган хизматлар ҳақини банк ўтказмаси орқали бевосита туризм фирмаларидан олади. Меҳмонхона йўлланма бўйича ҳақи тўланган хизматлар рўйхатига кирмайдиган хизматларни кўрсатганда қўшимча тўлов бевосита мижозлардан одатда нақд пул билан ёки кредит картасидан қабул қилинади.

 

Тўловларни нақд хорижий валютада қабул қилиш усуллари

Тўловларнинг нақд хорижий валютада қабул қилинишини икки хил усулда ташкиллаштириш мумкин:

1) меҳмонхона мижозларидан нақд валютани қабул қилиш ва келгусида уни корхонанинг ҳисобрақамига ўтказиш хизматларини кўрсатиш юзасидан хизмат кўрсатувчи банк билан шартнома тузиш;

2) корхонада хорижий валютани қабул қилувчи махсус ўрнатилган, унинг тўловга қобиллигини аниқловчи техник воситалар билан жиҳозланган кассани ташкил этиш.

Биринчи усул камхарж. Бироқ унинг асосий камчилиги шундаки, мижоз меҳмонхона хизматлари ҳақини жойнинг ўзида тўлай олмайди. Бунинг учун банкка боришига тўғри келади. Ҳатто банк муассасаси яқин орада жойлашган бўлса ҳам, бу хорижий сайёҳлар меҳмонхона сервисига баҳо беришида салбий акс этиши мумкин.

Шу сабабли ҳам аксарият меҳмонхоналар иккинчи вариант – хорижий валютани ўз валюта кассасида мустақил равишда қабул қилишни афзал кўрадилар. Бундай касса Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахслар томонидан чет эл валютасида касса операцияларини юритиш тартибида (АВ томонидан 22.01.1999 йилда 611-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – Тартиб) назарда тутилган талабларга жавоб бериши керак.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларидан келиб чиқиб, нақд валюта тушуми ҳаракатининг қуйидаги алгоритмини қуриш мумкин:

1. Хорижий сайёҳ меҳмонхона ҳисобварағига кўра кассага нақд валюта тўлайди.

2. Кассир қабул қилинган валютанинг тўловга қобиллигини текширади ва уни кассага кирим қилади. Нақд валютани қабул қилишда мажбурий равишда НКМ қўлланиши ва мижозга чек берилиши керак.

3. Иш куни охирида кассир кассага келиб тушган нақд валюта тушумини белгиланган тартибда банкка топшириш учун инкассация хизматига тақдим этади.

4. Банк инкассаторлардан тушумни қабул қилади ва уни меҳмонхонанинг транзит ҳисобварағига ўтказади.

5. Банк кейинги иш кунидан кечиктирмай меҳмонхонага транзит ҳисобвараққа валюта тушуми келиб тушганлиги ҳақида билдиришнома юборади.

6. Меҳмонхонанинг тўлов топшириқномаси асосида банк транзит ҳисобвараққа ўтказилган валюта тушумининг 25%ини мажбурий равишда сотади.

7. Банк валюта тушумининг қолган 75%ини меҳмонхонанинг валюта ҳисобварағига ўтказади, сотилган валютанинг сўмдаги эквивалентини эса унинг ҳисоб-китоб рақамига ўтказади.

Кўриб турганимиздек, нақд валюта тушуми ҳаракатининг чизмаси жуда оддий. Бироқ у ишлаши учун ҳар бир босқичини қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ташкил этиш зарур. Уларнинг ҳар бирини тартиби билан кўриб чиқамиз.

 

Банкда валюта ҳисобварағини очамиз

Тартибга кўра, хорижий валютада келиб тушган нақд тушумни сақлаш ва валюта ҳисобварағига ўтказиш учун банкка топшириш зарур. Тегишинча, бунинг учун биринчи навбатда уни очиш лозим. Валюта операцияларини амалга оширишга ҳақли бўлган исталган банкда ҳисобварақ очиш мумкин.

Валюта ҳисобварағини очиш учун ваколатли банкка белгиланган шаклда ариза топширилади. Аризага юридик шахс давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхалари, таъсис ҳужжатлари (таъсис шартномаси, устав), шунингдек уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар нусхалари илова қилинади. Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар таъсис ҳужжатларининг нусхалари нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Банкда имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақчалар расмийлаштирилади. Уларга пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларини имзолаш ваколати берилган шахсларнинг паспортлари (ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар) нусхалари, шунингдек уларга ушбу ваколатларни берувчи ҳужжат (буйруқ, баённома) илова қилинади.

Муҳр изи мавжуд бўлганда у варақчага қўйилади. Шу ўринда кичик бизнес субъектлари фаолиятни думалоқ муҳрсиз амалга ошириш ҳуқуқига эгаликларини эслатиб ўтамиз.

Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 27.04.2009 йилда 1948-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан батафсил танишиб чиқиб, банкда ҳисобварақларни очиш тартиби ҳақида билиб олиш мумкин.

Шу банкнинг ўзида (валюта ҳисобварағи очилган банкда) хорижий валютадаги транзит ҳисобварақни ҳам очиш зарур. Хорижий валютадаги тушум аввал транзит ҳисобвараққа ўтказилади, сўнгра мажбурий сотиш амалга оширилгандан кейин қолган қисми асосий валюта ҳисобварағига ўтказилади.

Валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотиш тартибини қуйироқда кўриб чиқамиз.

 

Валюта кассасини жиҳозлаймиз

Нақд хорижий валюта билан боғлиқ операциялар унга нисбатан муай­ян талаблар белгиланган валюта кассаси орқали амалга оширилиши шарт.

Валюта кассаси алоҳида хонада жойлашган бўлиши керак. Касса хонаси тўлиқ ажратилган бўлиши, операция вақтида касса эшиги ичкаридан қулфланадиган бўлиши шарт. Касса ишига алоқаси бўлмаган шахсларнинг унга кириши ман этилади.

Агар алоҳида валюта кассасини ташкил этишнинг имкони бўлмаса, уни сўм операцияларига доир касса билан бир хонага жойлаштириш мумкин. Бунда хорижий валютани сўм маблағларидан ажратилган ҳолда сақлаш учун алоҳида темир жавон (сандиқ)лар ёки сейфлар бўлиши шарт.

Касса кўрсатилган талабларга мувофиқ жиҳозланганда сайёҳлар учун муайян ноқулайликлар юзага келиши мумкин. Чунки меҳмонхоналарнинг аксарияти амалда тўловни ресепшен – меҳмонларни қабул қилиш зонасида қабул қилади.

Валюта кассаси қуйидагилар билан жиҳозланиши шарт:

♦ назорат-касса машинаси (НКМ);

♦ детектор – купюралар ҳақиқийлигини текшириш учун техник асбоб;

♦ хорижий валюталарнинг ҳақиқийлигини ва тўловга яроқлилигини аниқлаш учун фарқлаш белгилари каталоглари (маълумотномалар).

 

Назорат-касса аппаратлари

Хорижий валютани қабул қилиш учун НКМ оддийсидан ҳеч нимаси билан фарқланмайди. Фақат НКМнинг дастурий таъминотига тегишли ўзгартиришлар киритилади. Бунинг учун касса машиналарига техник хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган ташкилотга мурожаат қилиш зарур.

Эркин сотувдаги НКМни харид қилиш мумкин. У янги ёки ишлатилган бўлиши мумкин, бироқ «Ўзстандарт» агентлигида сертификатланган бўлиши шарт. Касса аппарати русуми Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланишга рухсат берилган НКМ давлат реестрига (НКМ реестри ДСҚнинг soliq.uz расмий сайтида жойлаштирилган) киритилган бўлиши керак.

НКМ фаолият амалга ошириладиган жойдаги солиқ органларида албатта ҳисобга қўйилган бўлиши лозим. Масалан, корхона Тошкентда рўйхатдан ўтказилган, унинг меҳмонхонаси эса Самарқандда жойлашган бўлса, НКМни Самарқанд шаҳар ДСИда рўйхатдан ўтказиш зарур.

НКМни қандай рўйхатдан ўтказиш ва қўллаш ҳақида «Назорат-касса машиналари: мақсади ва қўллаш тартиби» мақоласида ўқинг («СБХ»нинг 13.09.2016 йилдаги 37-сони).

 

Детекторлар

Купюралар ҳақиқийлигини текшириш учун техник асбобларни (детекторларни) эркин сотувда харид қилиш мумкин.

Бунда қалбаки пул ясовчилар ҳам сохталаштириш имконини ошириб, инновацион ҳимоялаш технологиялари билан ҳамнафас ривожланаётганини инобатга олиш лозим. Шу муносабат билан мутахассислар валюта кассасини қалбаки пулларнинг энг такомиллашган намуналарини ҳам фош этиш имконини берувчи детекторларнинг замонавий русумлари билан жиҳозлашни маслаҳат берадилар.

Валюталарнинг автоматик детекторлари бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳимоялаш аломатларига кўра купюраларнинг ҳақиқийлигини автоматик режимда ўта аниқлик билан текширишга қодир. Уларнинг ишлаш принципи жуда оддий – купюра махсус механизм воситасида аппаратга киритилиб, сўнгра бир қатор датчиклар орқали ўтади, шундан кейин детектор диод нурли индикация, овозли сигнал ёрдамида ёки корпус экранида тегишли кодли ва матнли хатони кўрсатиб, валютанинг ҳақиқийлиги ҳақидаги хулосасини беради.

Айни пайтда валютанинг муайян турини текшириш учун, шунингдек мультивалюта детекторлари мавжуд. Мультивалюта детектори хотирасига тегишли валюталарнинг намуналари олдиндан киритиб қўйилади.

Валюталар автоматик детекторларининг барча русумлари купюраларни текшириш ва ҳисоблаш натижалари (купюра номинали, текширилган банкноталар сони, умумий суммаси ва, табиийки, ҳақиқийликни текшириш натижаси) ҳақидаги батафсил ахборотни акс эттирувчи дисплейлар билан жиҳозланган.

Шу тариқа, банкноталарнинг автоматик детекторлари ёрдамида валюталарнинг ҳақиқийлигини комплекс текшириш энг самарали ҳисобланади.

Янги технологиялар банкноталарнинг тўловга қобиллигини автоматик режимда текшириш имконини беради. Бундай детекторларни қўллаш махсус кўникма ва маҳоратни талаб этмайди, бу эса кассирларни ўқитишга маблағ ва вақтни тежаш имконини беради.

Корхона раҳбари касса жиҳозланиши ҳамда нақд хорижий валюта сақланишини таъминлаш учун жавобгар бўлади.

 

Инкассация учун шартнома тузамиз

Аҳоли билан нақд пулда ҳисоб-китоб қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар нақд тушумни ҳар куни МБ инкассация хизматлари орқали банкка топширишлари шарт.

Агар тушум суммаси 1 ЭКИҲдан, кичик тадбиркорлик субъектлари учун эса 20 ЭКИҲдан ошса, тушум фақат инкассация хизмати орқали банкка топширилади.

Агар кундалик нақд тушум кўрсатилган миқдорлардан кам бўлса, уни инкассация хизмати орқали ёки банкларнинг кундузги ва кечки кассаларига мустақил равишда (шахсан олиб бориб) топшириш мумкин. Бундай тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 11.12.1997 йилдаги 548-сон қарорида белгиланган.

Бугунги кунга келиб қонун ҳужжатларида хўжалик юритувчи субъектларнинг хорижий валютадаги нақд тушумни банкка топширишига доир алоҳида тартиби назарда тутилмаган.

Бироқ хорижий валюта ҳақида сўз бораётганлиги боис, валюта қимматликларини сақлаш ва ташиш чоғида бут сақланишини таъминлаш мақсадида мутахассислар уни инкассация хизмати орқали банкка топширишни тавсия этадилар.

Бунинг учун инкассация хизмати ва хизмат кўрсатувчи банк билан хорижий валютадаги тушумни инкассация қилиш ҳақида шартнома тузиш зарур. НКМни солиқ органларида рўйхатдан ўтказишда ушбу шартноманинг нусхаси ҳам керак бўлади.

 

Кассирни тайинлаймиз

Хорижий валютадаги операцияларни юритиш учун корхонанинг алоҳида буйруғи билан кассир тайинланади, уни Чет эл валютасида касса операцияларини юритиш тартиби билан тилхат олиб таништириш керак.

Кассир билан якка тартибдаги тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилади. У қабул қилиб олган барча қимматликлар сақланиши учун тўлиқ моддий жавобгар бўлади.

Кассир ўзига топширилган вазифани бажаришни бировга ишониб топшириши ёки айрим вазифаларини бошқа шахслар зиммасига юклаши ман этилади.

Зарурат туғилганда кассир вазифасини бажариш корхона раҳбарининг ёзма буйруғи асосида якка тартибдаги тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома тузилганидан кейин бошқа ходим зиммасига юклатилиши мумкин.

Корхонанинг касса ҳужжатларига имзо чекиш ҳуқуқига эга бўлган бухгалтерлари ва бошқа ходимлари валюта кассаси кассири вазифасини бажаришлари мумкин эмас.

 

Қандай валютани қабул қилиш мумкин

Сотилган товарлар, ишлар ва хизматлар ҳақини тўлаш учун барча турдаги валюта ҳам қабул қилинавермайди. Қонун ҳужжатлари билан Ўзбекистонда хорижий валютанинг фақат 5 та турини қабул қилишга рухсат берилган:

♦ АҚШ доллари;

♦ Англия фунт-стерлинги;

♦ евро;

♦ Швейцария франки;

♦ Япония иенаси.

Яъни меҳмонхоналар хорижий валюталарнинг бошқа турларини, масалан, Россия рубли ёки Қозоғистон тангасини қабул қила олмайдилар (АВ томонидан 12.08.2002 йилда 1165-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

 

Валютанинг тўловга яроқлилигини аниқлаймиз

Кассир нақд хорижий валютани қабул қилаётганда биринчи навбатда унинг тўловга яроқлилигини текшириши шарт.

Нақд чет эл валютасига оид операцияларни амалга ошириш қоидаларининг (АВ томонидан 17.08.2000 йилда 957-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 23, 24-бандларида банкноталарнинг бир қатор тўловга яроқлилик ва зарарланганлик аломатлари назарда тутилган. Бироқ амалда тижорат банклари мижозлардан арзимас шикаст етган хорижий валюталарни ҳам қабул қилишдан бош тортишларини ҳисобга олиш лозим.

 

Нақд валюта қабул қилиниши ва берилишини расмийлаштирамиз

Кўрсатилган меҳмонхона хизматлари учун мижозлардан нақд валютани қабул қилиб олаётганда албатта НКМ чеки берилади. Иш куни охирида нақд тушумнинг бутун суммасига кирим ордери ёзилади. Агар валюта кассаси хорижий валютанинг бир нечта турини қабул қилса, валютанинг ҳар бир тури учун алоҳида кирим ордери расмийлаштирилади.

Кирим касса ордерининг тасдиқланган шакли Тартибга 1-иловада келтирилган.

Мижозга қайтим бериш керак бўладиган ҳолатлар учраши мумкин. Ушбу ҳолатлар учун корхона кассасида валюта маблағларининг муай­ян қолдиғи бўлиши керак. Кассадаги маблағлар қолдиғи лимитини хизмат кўрсатувчи банк билан келишиш зарур. Бунда касса қолдиғида турли номиналдаги купюралар сақланишини таъминлаш керак. Бу мижозга қайтимнинг керакли суммасини қийинчиликсиз беришга имкон яратади.

Агар мижозга илгари хорижий валютада тўлаган тўловни (ёки унинг бир қисмини) қайтариш керак бўлиб қолса, кассадаги нақд валютани бериш учун Тартибга 2-иловага мувофиқ шаклда чиқим касса ордери расмийлаштирилади. У валютани олувчи номига шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат) асосида ёзиб берилади. Чиқим ордерини корхона раҳбари ва бош бухгалтер (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) имзолайдилар.

Кирим ва чиқим касса ордерлари, уларга илова қилинадиган квитанциялар ва бошқа ҳужжатларни қўлда ёки техник воситалар ёрдамида тўлдириш мумкин. Улардаги ёзувлар тўғри ва аниқ бўлиши лозим. Уларга тузатишлар киритиш, ўчириб ёзиш, оқ бўёқ ишлатиш ман этилади.

Кирим ва чиқим касса ордерларини бухгалтерия тўлдириб, кейин кассирга топширади. Кассир уларнинг ҳақиқийлигини ва тўғри тўлдирилганлигини текшириб, нақд валютани қабул қилади ёки кассадагисини беради.

Касса ордерлари улар кассага топширилишидан аввал кирим ва чиқим касса ҳужжатлари рўйхатини юритиш дафтарида қайд этилади. Рўйхатга олиш дафтарини қоғоз нусхаси кўчирилган ҳолда тегишли дастурий таъминот билан таъминланган компьютерларда электрон шаклда юритишга рухсат этилади.

 

Касса дафтари

Келиб тушган ва берилган нақд хорижий валюта касса дафтарида ҳисобга олиниши шарт. У қоғоз нусхаси кўчирилган ҳолда тегишли дастурий таъминот билан таъминланган компью­терларда электрон шаклда юритилиши мумкин.

Хорижий валютадаги операциялар бўйича алоҳида касса дафтари юритилади.

Тартибда хорижий валютадаги операциялар бўйича фақат битта касса дафтари бўлиши назарда тутилади.

У варақлар сони бўйича рақамланган, тикилган, сурғуч ёки мастика билан муҳрланган ҳамда корхона раҳбари ва бош бухгалтерининг имзолари билан тасдиқланган бўлиши керак. Токи рухсатсиз ёки бекитиқча варақ қўйиш (олиш)нинг иложи бўлмасин.

Валюта операциялари бўйича касса дафтарига ёзувлар 2 нусхада қора қоғоз (нусха кўчириш қоғози) орқали киритилади. Варақларнинг иккинчи нусхалари (йиртиб олинадиган) кассирнинг ҳисоботи бўлиб хизмат қилади. Варақларнинг биринчи нусхалари касса дафтарида қолади.

Дафтарга тузатишлар киритиш зарур бўлса, улар кассир ва бош бухгалтер (ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс) имзолари билан тасдиқланиши шарт.

Кассир ҳар бир ордер бўйича хорижий валюта олинган ёки берилганидан кейин буни дарҳол касса дафтарига ёзиб қўяди. Иш куни охирида кассир кун давомида бажарилган операцияларга якун ясайди, касса қолдиғини ҳисоблаб чиқаради ва бухгалтерияга кассир ҳисоботи сифатида иккинчи йиртма варақни кирим ва чиқим касса ҳужжатлари билан бирга топширади ва бу ҳақда касса дафтарига имзо қўйдиради.

Касса операциялари тўғри амалга оширилишини назорат қилиш корхона бош бухгалтери (унинг вазифасини бажарувчи шахс)нинг зиммасига юклатилади.

 

Тушум инкассацияси

Келиб тушган нақд хорижий валюта сақлаш ва валюта ҳисобварақларига қайд этиш учун ваколатли банкка топширилади. Нақд хорижий валютани банкка топшириш усулларини ваколатли банк корхона билан келишган ҳолда белгилайди.

Нақд пул тушумини инкассация қилиш тартиби Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир йўриқномада (АВ томонидан 27.06.2008 йилда 1831-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган.

Инкассация ўтказиш учун корхона қуйидагиларни амалга ошириши:

♦ корхонанинг қисқартирилган номини кўрсатган ҳолда пломбирнинг аниқ изи туширилган пломба намуналарини бериши (агар тушум банкка топширилса – 2 нусхада, инкассаторлик пунктига топширилса – 3 нусхада);

♦ керакли миқдордаги инкассация халталарини сотиб олиши шарт.

Инкассация бўлими бошлиғи ва банкнинг касса мудири берилган намуналарни текширгач, тасдиқланган пломба намуналарининг 1 нусхаси корхонага берилади. Инкассатор пулли халталарни қабул қилиш вақтида, унга ушбу намуна кўрсатилади.

Инкассаторларга пул тушумини топшираётган вақтда кассир ҳар бир халта учун илова қайдномасини қора қоғоз орқали 3 нусхада тўлдириб беради:

1-нусхаси – инкассация халтасининг махсус чўнтагига солинади;

2-нусхаси (юкхат) – пул тушуми солинган халта билан бирга инкассаторга берилади;

3-нусхаси (квитанция) – корхонада қолади.

 

Кредит карталари воситасида ҳақ тўлаш

Президентнинг ПФ-4861-сон Фармони билан Марказий банкка тижорат банклари билан биргаликда туризм инфратузилмаси объектларининг валюта тўловларини қабул қилиш терминаллари билан жиҳозланишини таъминлаш тавсия этилди. Бугунги кундаги ҳолатга кўра хорижий валютадаги тўловларни қабул қилиш терминалларини қўллашнинг алоҳида тартиби норматив даражада белгиланмаган.

Хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шу жумладан меҳмонхоналар учун аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда тўлов терминалларини мажбурий қўллаш тартиби жорий этилган (ВМнинг 24.09.2004 йилдаги 445-сон қарори).

Тўлов терминалларини қўллаш тартиби Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисидаги махсус низом (АВ томонидан 27.07.2009 йилда 1986-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган.

Тўлов терминаллари ва дастурий таъминотни (банк пластик карточкалари бўйича тўловларни амалга оширувчи тизимга уланиш) корхонага хизмат кўрсатувчи тижорат банки етказиб беради. Корхона раҳбари тижорат банкида асосий депозит ҳисобварағини очган кундан бошлаб ёки тўлов терминалини ўрнатиш мажбурияти вужудга келган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида банкка тегишли ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

Тижорат банки тўлов терминалларидан фойдаланишга доир шартнома (битим) тузади ва ариза келиб тушган кундан бошлаб бир ой давомида тўлов терминалини ажратади.

Кассир тўлов терминалини қўллаш тартибини билиши шарт.

Хизматлар тўлов терминаллари орқали реализация қилинганда мижозларга терминал чеки албатта берилиши керак. Терминаллар чеклари квитанцияларга тенглаштирилади ва реализацияга доир операцияларни ҳисобга олиш мақсадида бирламчи ҳужжатлар деб тан олинади.

 

Тушумни валюта ҳисобварағига қайд этиш тартиби

Мижозлардан, шу жумладан банк ўтказмаси, нақд ёки терминал орқали келиб тушган меҳмонхонанинг валютадаги бутун тушуми дастлаб транзит валюта ҳисобварағига қайд этилади.

Валютадаги тушум транзит валюта ҳисобварағига қайд этилгандан кейин ваколатли банк кейинги иш кунидан кечиктирмасдан корхонага белгиланган шаклдаги хабарномани (ҳисобварақдан кўчирмани илова қилган ҳолда) юборади.

Хабарномага жавобан корхона (меҳмонхона) 5 иш куни давомида банкка валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотиш учун топшириқномани тақдим этиши шарт.

Меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш жойлари хорижий фуқароларга кўрсатиладиган туризм хизматлари учун тушадиган хорижий валютадаги тушумнинг 25%ини мажбурий сотадилар (ПФ-4861-сон Фармоннинг 10-банди).

Валюта мажбурий сотилгандан кейин транзит ҳисобварақда қолган маблағлар (келиб тушган тушумнинг 75%и) меҳмонхонанинг валюта ҳисобварағига, сотилган хорижий валютанинг сўмдаги эквиваленти эса асосий ҳисоб-китоб рақамига ўтказилади.

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибининг (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон қарорига 1-илова) 3-банди «е» кичик бандига мувофиқ, кичик тадбиркорлик субъектлари ўзлари ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотишдан тушадиган валюта тушумини мажбурий сотишдан озод қилинган.

Бироқ меҳмонхоналарнинг валютадаги тушумига доир тегишли ўзгартиришлар ҳанузгача ушбу ҳужжатга киритилмаган. Кичик корхоналар меҳмонхона хизматларини кўрсатганда келиб тушадиган валютадаги тушумга нисбатан ушбу имтиёзни қўллаш имконияти масаласи очиқлигича қолмоқда.

 

Долзарб масалалар

Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ­ПФ-4861-сон Фармони эълон қилиниши муносабати билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ушбу соҳа вакиллари билан, пойтахтдаги меҳмонхона хўжаликлари иштирокида бир қатор ишчи кенгашларни ўтказди.

Ушбу учрашувлар давомида отельерлар ва туроператорлар хорижий фуқароларни жойлаштирганлик учун эркин алмаштириладиган валютадаги тўлов қабул қилинишига оид саволлар бердилар. Уларнинг айримларини келтириб ўтамиз.

 

Агар хорижлик меҳмонни жойлаштирганлик учун тўловни ЭАВда қабул қилиш зарур бўлса, у турган даврда фойдаланган қўшимча хизматлар ҳақини қандай тўлайди?

– Жойлаштириш учун тўлов валютада (хоҳ карточка бўйича, хоҳ нақд бўлсин) қабул қилиниши шартлиги тайин, қўшимча хизматларга нақд тўлаганда фақат сўм, терминал бўйича эса – исталган валюта олинади.

 

Кичик корхоналарга валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан озод қилиш тарзида берилган имтиёз сақланадими, Фармон кучга киргани муносабати билан хизмат кўрсатувчи банкнинг уни сотишни талаб қилиши тўғрими?

– МБ вакилининг фикрича, имтиёз сақланади, кичик корхоналар аввалгидек валюта тушумининг 25%ини мажбурий сотишдан озод қилинган.

 

Меҳмонхона хўжалиги валютадаги операциялар бўйича касса дафтарини юритишга мажбурми? Бу шундай касса дафтарлари бир нечта (ҳар бир валюта учун алоҳида) бўлиши кераклигини англатадими? 

– «Валюта» касса дафтари бўлиши зарур, бироқ бир нечта бундай дафтарни юритиш масаласи етарлича тартибга солинмаган.

 

ЭАВдаги тўловни махсус жиҳозланган хоналарда қабул қилиш талаби (темир эшиклар, панжаралар, сигнализация ва ҳ.к.) қанчалик ўринли, ахир аксарият меҳмонхоналар тўловни ресепшенда қабул қилишлари сабабли бу амалда ноқулайликларни юзага келтиради?

– Йиғилиш президиуми айрим ноқулайликлар мавжудлигини эътироф этди ва бу масала ҳам келгусида кўриб чиқилиши зарурлигини таъкидлади.

 

Кичик бизнес корхоналарига мансуб меҳмонхона хўжаликлари валютадаги тушумни банкларга шахсан бориб топширишларига йўл қўйиладими?

– Бу масала ҳам ҳали тартибга солинмаган. Ҳозир бўлган мутахассисларнинг фикрича, мазкур вазиятда валютанинг мустақил равишда инкассация қилинишига йўл қўйиб бўлмайди.

Учрашув давомида отельерларни ташвишлантирувчи бошқа кўпгина саволлар ҳам берилди. Уларнинг айримларига жавоблар дарҳол берилган бўлса, тилга олинган бошқа муаммолар алоҳида кўриб чиқиш мақсадида белгилаб олинди. Учрашув мобайнида Марказий банк вакили анча саволларга жавоб берди. Шу аснода валютадаги маблағларни қабул қилиш билан боғлиқ кўпгина амалий жиҳатларга эътибор берилиши ҳамда улар йўриқномалар кўринишида ёхуд мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимчалар ва тузатишлар киритиш тарзида ҳал этилиши қайд этилди. Бундан ташқари, барча меҳмонхона хўжаликларига хорижлик меҳмонларни (турувчиларни) жойлаштирганлик ва уларга қўшимча хизматлар кўрсатганлик учун тўлов ундириш тартиби ҳақида хабардор қилиш тизими ҳақида фикрлаб кўриш тавсия этилди.

 

Материални «Norma Online» эксперти Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ  

«Elan Express» туризм фирмаси директори Ольга ЧЕБОТКОВА билан ҳамкорликда тайёрлади.

Прочитано: 1888 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика