Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 3 / Солиқ солиш

Ферма ёрдамчи ишлаб чиқариш сифатида

 

МЧЖ колбаса ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади (ХХТУТ коди – 18211). Президентнинг ПҚ-1047-сон қарорига асосан имтиёздан фойдаланиб, 50%га камайтирилган ставкада ЯСТ тўлаймиз. Имтиёзлар бўшайдиган маблағларни ишлаб чиқаришни техникавий қайта жиҳозлаш ва модернизациялашга, шу жумладан, янги лабораториялар барпо этиш ва мавжудларини жиҳозлашга, янги маҳсулот турлари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга, шунингдек хом ашё базасини ривожлантиришга мақсадли тарзда йўналтириш шарти билан берилган. 8840-ҳисобварақда жамғарилган бўшаган маблағлар ҳисобига ферма сотиб олдик, энди ферма учун йирик қорамол, машина ва ускуналар сотиб олмоқчимиз. Келгусида ўз ишлаб чиқаришимизни гўшт (энг зарур хом ашё) билан таъминлаш учун хом ашё базасини яратиш мақсадида бу мулкнинг ҳаммасини фермер хўжалиги тарзида барпо этмоқчи бўлган шуъба корхонанинг устав фондига киритмоқчимиз.

Ферма, фермер хўжалиги учун йирик қорамол, машина ва ускуналар сотиб олишга сарфланган суммани хом ашё базасини ривожлантиришга маблағ сарфлаш сифатида мақсадли имтиёзлар ҳисобига ҳисобдан чиқариш мумкинми?

О.Клишчук,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

Фақат корхона доирасида

Йўқ, бўшаган имтиёзли маблағлардан мақсадли фойдаланиш доирасида маблағларни бошқа корхонанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтира олмайсиз.

МЧЖ фермер хўжалигини барпо эта олмайди. Фермер хўжалигини фақат фермер-жисмоний шахс ташкил этиши мумкин, у фермер хўжалигига тегишлича алоҳида мол-мулк ажратиб беради ва уставини тасдиқлайди («Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 4, 6-моддалари).

Солиқ имтиёзларига келсак, улар Президентнинг 26.01.2009 йилдаги ПҚ-1047-сон қарорига асосан гўшт ва сутни қайта ишлашга ихтисослашаётган кичик тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган. Уларни тақдим этишдан асосий мақсад – ушбу соҳадаги корхоналарни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш.

Ушбу имтиёзни қўллаш натижасида бўшайдиган маблағлар ишлаб чиқаришни техникавий қайта жиҳозлаш ва модернизациялашга, шу жумладан, янги лабораториялар барпо этиш ва мавжудларини жиҳозлашга, янги маҳсулот турлари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга ва хом ашё базасини ривожлантиришга йўналтирилиши шарт ­(ПҚ-1047-сон қарорнинг 8-банди).

Мақсадли маблағлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулкни бошқа юридик шахснинг балансига бериш имтиёзли маблағлардан белгиланмаган мақсадда фойдаланиш деб ҳисобланади. Шуъба корхона эса мустақил балансга эга бўлган алоҳида юридик шахсдир (ФКнинг 67-моддаси).

Имтиёзли маблағлардан белгиланмаган мақсадда фойдаланилган тақдирда, ушбу сумма ўрнатилган тартибда пеня ҳисобланган ҳолда бюджетга ундириб олинади (Солиқ кодексининг 30-моддаси).

Саволингиз юзасидан тушунтириш беришни сўраб Молия вазирлигига мурожаат этдик. Молия вазирлигининг фикрича, солиқ солишдан бўшаган маблағлар ушбу имтиёзни қўлловчи корхона доирасида белгиланган мақсадларга йўналтирилиши керак. Тегишинча, солиқ солишдан озод қилинган маблағларни бошқа корхонадаги янги маҳсулот турлари ишлаб чиқаришни ва хом ашё базасини ўзлаштиришга йўналтириш улардан белгиланмаган мақсадда фойдаланиш деб қаралади.

 

Қандай қилиб имтиёзни сақлаб қолиш мумкин?

Солиқ имтиёзини сақлаб қолиш ва бўшаган маблағлардан белгиланган мақсадда фойдаланиш учун сизнинг МЧЖ базасида асосий ишлаб чиқаришни зарур хом ашё билан таъминлайдиган ёрдамчи ишлаб чиқаришни (йирик қорамол боқиладиган фермани) ташкил этишни тавсия қиламиз. Гўшт саноати соҳасида (ХХТУТ коди – 18211) кичик бизнес субъектлари учун ходимларнинг чекланган сони 200 кишини ташкил этади. Бу сизнинг МЧЖга кичик корхона мақомини йўқотмаган ҳолда штатни ёрдамчи ишлаб чиқариш учун ходимлар билан тўлдириш имконини беради.

Бўшаган имтиёзли маблағлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулк – ферма, йирик қорамол, машина ва ускуналар МЧЖ балансининг тегишли ҳисобварақларига кирим қилиниши керак.

Асосий ишлаб чиқариш ёки корхонанинг асосий фаолияти учун ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи ҳисобланадиган ишлаб чиқаришларнинг харажатлари ҳақидаги ахборот ­2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» ҳисобварағида умумлаштирилади.

2310-ҳисобварақ дебетида маҳсулот ишлаб чиқариш билан бевосита боғлиқ тўғридан-тўғри харажатлар акс эттирилади. 2310-ҳисобварақ кредитида ишлаб чиқарилиши тугалланган маҳсулотнинг ҳақиқатдаги таннархи суммалари акс эттирилади. Бу суммалар 2310-ҳисобварақ кредитидан 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» ҳисобварақлари билан корреспонденцияда ҳисобдан чиқарилади.

 

Сизнинг мисолда асосий ишлаб чиқаришни гўшт билан таъминлаш бўйича ёрдамчи ишлаб чиқаришни (фермани) ташкил этишни бухгалтерия ҳисобида қуйидаги проводкалар билан акс эттириш мумкин:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Ёрдамчи ишлаб чиқаришда (фермада) фойдаланиладиган асосий воситаларнинг эскириши акс эттирилди

 

2310

 

0211–0299

 

Ёрдамчи ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун материаллар сарфи акс эттирилди

 

2310

 

1010–1090

 

Маҳсулот олиш учун молларни сўйиш акс эттирилди

 

2310

 

1110, 1120

 

Етказиб берувчилардан (сув, буғ, энергия ва ҳ.к.) ёрдамчи ишлаб чиқаришга ТМБ ва хизматлар келиб тушиши акс эттирилди

 

2310

 

6010, 6990

 

Ёрдамчи ишлаб чиқариш ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш;

суғурта харажатлари;

давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар акс эттирилди

2310

 

6710

6510

6520

Ёрдамчи ишлаб чиқариш харажатлари асосий ишлаб чиқариш маҳсулоти таннархига киритилди

 

2010

 

2310

 

Ёрдамчи ишлаб чиқаришдан тайёр маҳсулот кирим қилинди (агар гўшт, сут тайёр маҳсулот тарзида четга сотилса)

 

2810

 

2310

 

 

2310-ҳисобварақдаги таҳлилий ҳисобни харажатлар элементлари ва моддалари ҳамда маҳсулот турлари (гўшт, сут ва ҳ.к.) бўйича юритиш мумкин.

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1940 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика