Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 37 / Аудитор хабарномаси

Аудит халқаро стандартлар даражасида бўлади

Аудиторлик хизматлари соҳасини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишларидан бири улар сифатини халқаро аудиторлик стандартларига ўтиш йўли билан ошириш ҳисобланади. Ушбу жараённинг долзарблиги Президентнинг «2011–2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида» (26.11.2010 йилдаги ПҚ-1438-сон) қарори билан белгиланган. Хусусан, мазкур ҳужжатда Ўзбекистоннинг энг йирик корхоналарида аудитни халқаро стандартлар асосида ўтказиш зарурлиги тўғрисидаги қарор мустаҳкамланган.

 

Ушбу шароитда Ўзбекистон аудиторлик ташкилотлари олдида кўрсатилаётган хизматлар даражасини халқаро стандартларнинг талабларига мувофиқлаштириш учун жадал ошириш вазифаси турибди. Муваффақиятли фаолият юритаётган маҳаллий компания халқаро даражага чиқишининг энг самарали йўлларидан бири унинг амалдаги халқаро тузилмага интеграциялашуви бўлиши мумкин.

 

Яқинда мустақил аудиторлик фирмалари KRESTON INTERNATIONAL халқаро тармоғининг аъзоси бўлмиш «DOK-AUDIT» МЧЖ аудиторлик компанияси корпоратив бренддан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди. Шу муносабат билан компания ўзининг номини «KRESTON TASHKENT» МЧЖга ўзгартирганлигини эълон қилди.

 

Компания Ўзбекистон бозорида 2002 йилдан бери ишлайди, барча тоифадаги хўжалик юритувчи субъектларга, шу жумладан устав капиталида давлат улуши бўлган компанияларга аудиторлик хизматлари кўрсатади. 2012 йил якунлари бўйича DOK-AUDIT компанияси Ўзбекистон аудиторлик фирмалари ўртасида «А++» рейтинг классификацияси билан 4-ўринни эгаллади. Мухбиримиз «KRESTON TASHKENT» МЧЖ бош директори Евгения ИНДИНА билан келгусида ривожланиш истиқболлари ва аудиторлик компаниялари халқаро тармоғига аъзоликнинг маҳаллий аудиторлик ташкилоти учун афзалликлари тўғрисида суҳбатлашди.

 

– Евгения Ароновна, мустақил аудиторлик ташкилотлари KRESTON INTERNATIONAL халқаро тармоғи тўғрисида сўзлаб берсангиз. Нима учун айни уни танладингиз?

 

– Мустақил аудиторлик фирмаларининг KRESTON INTERNATIONAL халқаро тармоғи 1971 йилда ташкил этилган ва бугунги кунда у энг жўшқин ривожланаётган тармоқлардан бири бўлиб, дунёдаги етакчи аудиторлик компаниялари ўртасида 13-ўринни эгаллайди. Тармоқ дунёнинг 105 мамлакатида мижозларнинг катта миқдорига кенг доирада аудиторлик хизматлари кўрсатади. 21 000 малакали мутахассис ушбу хизматларнинг юқори сифатли бўлишини таъминлайди.

 

KRESTON INTERNATIONAL учун тармоқ аъзоси бўлган барча компанияларда иш сифатининг бир хилдаги даражасини таъминлаш муҳим, фақат иш сифатини текшириш натижалари бўйича маҳаллий компанияга тармоққа кириш ва бренддан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

 

Жаҳон аудиторлик ҳамжамиятига интеграцияланишнинг турли вариантларини синчиклаб таққослагандан кейин биз аввало халқаро сифат стандартларига мувофиқ бўлишни қатъиян талаб қилганлиги учун KRESTON INTERNATIONALнинг таклифини қабул қилдик. Бундан ташқари, мустақил ташкилотлар тармоғига аъзо бўлиш, халқаро компанияга бутунлай қўшилиб кетишдан фарқли равишда, маҳаллий компанияга ХАСга зид бўлмаган, бироқ Ўзбекистон молия тизимининг хусусиятларини янада тўлиқроқ ҳисобга оладиган ички фирма стандартларига риоя этиш имконини беради.

 

– Халқаро тармоққа кириш сизнинг компаниянгизга қандай афзалликлар беради?

 

– Асосий афзаллик – тармоқ ресурсларидан фойдалана олиш. Ўз фаолияти давомида KRESTON INTERNATIONAL турли минтақаларда, шунингдек иқтисодиётнинг турли секторларида мижозларга хилма-хил аудиторлик хизматлари кўрсатишнинг бой тажрибасини тўплаган. Шу сабабли, тармоқ аъзоси сифатида биз ушбу халқаро тажрибадан ўз фаолиятимизда фойдаланиш имкониятига эга бўламиз.

 

KRESTON INTERNATIONALнинг ички сиёсати, таомиллар ва ички фирма стандартларини бажариши етакчи мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган ва кўп йиллик амалий қўллаш мобайнида синаб кўрилган тайёр услубиятлардан фойдаланиш имкониятини беради.

 

Бундан ташқари, тармоқ ичида хилма-хил ахборотни интенсив айирбошлаш узлуксиз давом этади. Турли компаниялар вакилларининг хилма-хил конференция ва учрашувларини ўтказишдан ташқари, тармоқ аъзолари аудит, бухгалтерия ҳисоби ва бошқа соҳадаги аҳамиятли воқеалардан хабардор қилинади. Барча компанияларнинг ходимлари иштирок этишини кўзлаган ҳолда тақдимотлар, тренинг ва веб-семинарлар ташкил этилади. Ушбу тренингларда иштирок этиш учун Интернетга уланиш ва инглиз тилини билишгина зарур холос.

 

Ва ниҳоят, сифатнинг белгиланган юқори стандартларига риоя этишни талаб қиладиган тармоқдаги фаолият, бу ички назорат таомиллари ёрдамида мунтазам равишда текширилади, кўрсатаётган хизматларимизнинг сифати, уларнинг доимо такомиллаштириб борилиши ва халқаро стандартларга мувофиқлиги хусусида бизда ишонч туғдиради.

 

KRESTON INTERNATIONALга аъзо бўлиш таомили тўғрисида сўзлаб берсангиз.

 

– KRESTON INTERNATIONALнинг асосий мезони кўрсатилаётган хизматларнинг халқаро аудит стандартларига ва биринчи навбатда сифат стандартлари ва этика кодексига мувофиқлик ҳисобланади.

 

Бундан ташқари, аъзо бўлаётганда компания ички фирма стандартларининг тармоқ стандартларига мувофиқлик даражаси, компания ташкилий тузилмасининг бажарилаётган вазифаларга айнан ўхшашлиги, ходимларнинг малакаси, компаниянинг бўлғуси имкониятлари баҳоланади.

 

2011 йилда биз KRESTON INTERNATIONALнинг ҳар томонлама текширувидан ўтдик ва натижаларга кўра унинг аъзолари таркибига киритилдик. Шу билан бирга бир қатор тавсиялар берилди, улар бизга ички назорат тизимини такомиллаштиришда ёрдам берди.

 

– Тармоққа кириш натижасида компаниянинг тузилиши ва иш концепциясида нималар ўзгарди?

 

– 2011 йилда биз «катта тўртлик» компанияларидан бирида кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлган малакали аудитор раҳбарлигида алоҳида сифатни назорат қилиш департаментини ташкил қилдик. Ушбу департамент фақат услубият ва ички назоратни ўтказиш масалалари билан шуғулланади, у хизматлар кўрсатиш жараёнидан бутунлай чиқарилган.

 

Шу тариқа биз ушбу департаментни бутунлай мустақил қилдик, бу эса назорат сифатини анча оширди. Илгари назоратни аудиторларнинг ўзлари бирйўла иккиёқлама чизмада ўтказиб, бир-бирларининг ишини текширардилар. Нохолислик бўлиши эҳтимоли туфайли бундай усул етарлича самарали бўлмасди.

 

Шунингдек KRESTON INTERNATIONAL тармоғининг тавсияларига амал қилиб, ишга доир аудиторлик ҳужжатларини тайёрлаш тизимини уни тайёрлаш бўйича ҳам, таснифлаш ва сақлаш таомиллари бўйича ҳам анча такомиллаштирдик. Электрон нусхаларни сақлаш талабларига қўшимча тарзда биз алоҳида хонада махсус архив ташкил этиб, унга киришни чекладик.

 

Ушбу тадбирларнинг ҳаммаси кўрсатаётган хизматларимизнинг сифатини сезиларли равишда ошириш ва уларнинг нафақат миллий, балки халқаро аудит стандартлари талабларига ҳам мувофиқлигини таъминлаш имконини берди. Ушбу хулосаларни 2013 йилда Молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон БАМУ ўтказган текширувлар ва KRESTON INTERNATIONALнинг назорат шарҳи ҳам тасдиқлади, унинг натижалари бўйича биз корпоратив бренддан фойдаланиш ҳуқуқини олдик.

 

Хулоса ўрнида шуни таъкидламоқчиманки, мустақил аудиторлик компанияларининг KRESTON INTERNATIONAL халқаро тармоғига аъзо бўлиш нафақат кўрсатилаётган хизматлар даражасини халқаро стандартлар талабларига қадар юксалтириш имконини беради, балки уни шу даражада ушлаб туриш ва ривожлантириш мақсадида саъй-ҳаракат қилишни ҳам талаб этади.

 

Мухбиримиз Ольга КИРЬЯКОВА

суҳбатлашди.

Прочитано: 2692 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика