Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 37 / Қонун ижодкорлари нималар устида ишлашмоқда

«Тадбиркорлик субъектларини суд орқали ҳимоя қилиш янада мустаҳкамланиши муносабати билан Ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилиняпти

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Насимжон АЛИМОВ мазкур қонун лойиҳасига оид ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

 

– Фикримча, бизнесни қўллаб-қувватлаш йўли фақат иқтисодий соҳада амалга оширилиши керак эмас. У тадбиркорлик фаолияти субъектларининг суддаги ҳимоясини таъминлашга ҳам эҳтиёж сезади. Бундай ҳимоя давлат органлари, шу жумладан назорат қилувчи органларнинг ҳам тадбиркорлик тузилмалари фаолиятига аралашишини чеклаш борасидаги устувор йўналишни давом эттириш имконини беради.

Тегишли миллий қонун ҳужжатларини, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг суддаги ҳимояси масалаларини ҳуқуқий тартибга солишнинг чет эл тажрибасини ўрганиб ҳамда таҳлил қилиб, Хўжалик процессуал кодексининг (ХПК) 23-моддасини қуйидаги иккинчи қисм билан тўлдиришни таклиф қиламиз: «Хўжалик судига якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган фуқаролар иштирокидаги низоларга доир ишлар ҳам, тегишли талаблар уларнинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиққан ҳолларда, тааллуқлидир».

Бу нима беради? – Кўрсатилган тоифадаги ишларнинг тааллуқлилик муаммоси ҳал этилади, зеро ҳозирги вақтда суд амалиётида якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган фуқароларнинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқадиган талабларга оид ишларни кўришда ягона ёндашув мавжуд эмас. Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган фуқаролар билан фуқаролик, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатларнинг бошқа субъектлари ўртасида юзага келадиган низоларни ҳал этиш тизими тартибга солинади.

ХПК 110-моддасининг иккинчи қисмига кўра суд буйруғи судья томонидан 2 нусхада имзоланади, улардан бири ишда қолади, бошқаси хўжалик судининг гербли муҳри билан тасдиқланиб, ундирувчига берилади. Шу муносабат билан қарздор – тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни тўлиқ таъминлаш учун суд буйруғининг лозим даражада тасдиқланган нусхаси қарздорга ҳам юборилиши белгиланган тартибни ўрнатиш таклиф қилиняпти.

Шунингдек ХПК ва Фуқаролик процессуал кодексига (ФПК) хўжалик судлари томонидан сайёр суд мажлисларини ўтказиш мумкинлиги тўғрисидаги меъёрни киритиш таклиф қилинди. Шу тариқа, республиканинг олис вилоят (туман)ларида жойлашган тадбиркорлик субъектлари учун одил судлов таомилида иштирок этиш шароитлари мақбуллаштирилади ва, энг муҳими, уларнинг транспорт харажатлари анча камаяди.

ХПКнинг 156 ва 173-моддаларини қуйидагиларни назарда тутадиган меъёр билан тўлдириш таклиф этиляпти:

ишда иштирок этишга жалб этилмаган, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд қарор қабул қилган шахслар:

хўжалик судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бериш (протест келтириш)га;

хўжалик судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ҳамда апелляция инстанциясининг қарори устидан кассация шикояти беришга ҳақлидир.

Уларни апелляция ва кассация шикоятлари бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхатига киритиш юридик-техник нуқтаи назардан тўғридир. Мазкур меъёр ушбу тоифадаги шахсларнинг субъектив ҳуқуқлари ҳимоясининг ишончли кафолатига айланади. Шунингдек ХПКнинг 170 ва 188-моддаларига тегишли ўзгартиришлар киритиш талаб этилади.

ФПКнинг 310, 320, 346 ва 3481-моддаларига ишда иштирок этишга жалб этилмаган, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд қарор қабул қилган шахс­ларнинг суднинг қарори қонуний, асосли ва адолатли эканлигини текшириш ҳақидаги шикоят (ариза) билан мурожаат қилиш, апелляция ва кассация шикоятлари бериш, биринчи инстанция судининг ажримлари устидан апелляция тартибида шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган ўзгартиришлар киритилиши ҳам мантиққа мувофиқдир. Судлар томонидан уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари масаласининг ҳал этилиши ҳам ҳал қилув қарорлари, ажримлар ва қарорларни бекор қилиш учун асос ҳисобланади.

«Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (24.12.1998 йилдаги 717-I-сон) 19-моддасида назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан судга ёки бўйсуниш тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиниши мумкинлиги назарда тутилган. Бунда шикоятни бериш назорат қилувчи орган мансабдор шахсининг ҳаракатларини тўхтатиб қўймайди, ушбу ҳаракатлар доим ҳам тўғри бўлавермайди, айниқса, агар улар устидан шикоят қилинганда. Текширув жараёнида текширилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг ҳуқуқлари бузилиши мумкин. Шу боис хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ва уларга қўшимча кафолатлар яратиш мақсадида текширилувчи хўжалик юритувчи субъект томонидан судга шикоят берилганида мазкур ҳаракатларни ёки қарорларни тўхтатиб қўйиш таклиф этиляпти.

«Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонуннинг (16.10.2006 йилдаги ЎРҚ-64-сон) 32-моддасида агар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бошқача шартлашмаган бўлсалар, даъвони таъминлаш чораларини кўришга йўл қўйилади. Даъвони таъминлаш масаласи ҳакамлик суди жойлашган ердаги ёхуд жавобгар жойлашган ердаги ёки яшайдиган жойдаги ёинки жавобгарнинг мол-мулки турган жойдаги ваколатли суд томонидан ХПК ёки ФПК белгилаган тартибда кўрилади.

Давлат суди томонидан даъвони таъминлаш тўғрисида ажрим қабул қилинган тақдирда ҳакамлик судининг даъвони таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги ажрими ўз кучини йўқотади. Агар даъвони таъминлашга доир чоралар дарҳол кўрилмаса, жавобгар ўз мол-мулкидан маҳрум бўлиши мумкин. Ушбу ҳолда ҳакамлик судининг даъвони таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги ажримини ижро этиш мумкин бўлмайди, унинг қарорини ижро этиш ғоятда қийинлашади. Айни шу сабабли ҳакамлик суди томонидан даъвони таъминлаш чораларини кўриш тўғрисида ажрим қабул қилинишининг зарурлигини истисно этадиган тегишли ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинди.

Агар буларнинг ҳаммаси ҳисобга олиниб, қонун тарзида қабул қилинса, судларда ишлар сифатли, сансалорсиз кўрилади ва тадбиркорлик субъектларининг суддаги ҳимояси янада самаралироқ бўлади.

Маъруф УСМОНОВ,

бош маслаҳатчимиз.

Прочитано: 2844 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика