Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 37 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Монополияга қарши тартибга солишдаги янгиликлар

Товар ва молия бозорларидаги рақобат жараёнини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси жорий йилнинг 20 августида «Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини қабул қилди, у билан қуйидаги 5 та Низом тасдиқланди:

1) товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисида;

2) хизматларнинг молия бозорида монопол юқори ва монопол паст нархларни аниқлаш тартиби тўғрисида;

3) рақобатни чеклайдиган келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларни аниқлаш тартиби тўғрисида;

4) хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида;

5) хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ва бошқа мулкий ҳуқуқларни олишга доир битимларни кўриб чиқиш ҳамда бундай битимларни тузиш учун олдиндан розилик олиш тартиби тўғрисида.

 

ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАРНИНГ БОЗОРДАГИ УСТУН МАВҚЕИНИ ЭЪТИРОФ ЭТИШ ШАРТЛАРИ БЕЛГИЛАНДИ

Шуни эслатиб ўтамизки, «Рақобат тўғрисида»ги Қонун (6.01.2012 йилдаги ЎРҚ-319-сон, бундан ке­йин – Қонун) билан устун мавқени аниқлаш тамойили ўзгартирилиб, товарлар ва хизматлар бозорида уни аниқлашнинг янада аниқ мезонлари мустаҳкамланган, шунингдек хўжалик юритувчи субъектнинг бозордаги улуши пасайиши белгиланган эди (Қонуннинг 6-моддаси). Агар илгари товарлари ёки хизматлари улуши товар ёки молия бозорида 65% ва ундан юқори бўлган субъектнинг мақоми устун саналган бўлса, эндиликда Қонун устун мавқени эътироф этишнинг энг юқори даражасини пасайтирди. Эндиликда хўжалик юритувчи субъектнинг бозордаги товарлари ёки хизматлари улуши 50%га тенг ва ундан ортиқ бўлса, ёхуд 35-50% ҳажмида бўлса – хўжалик юритувчи субъектнинг товар бозоридаги улуши камида 1 йил мобайнида барқарор бўлиб турганда; бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) тегишли улушлар нисбий миқдорда бўлиб турганда; ушбу бозорга янги хўжалик юритувчи субъектларнинг киришига имконият бўлганда устун мақомга эга саналади.

Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари томонидан амалга оширилади.

Устун мавқе мавжудлигини аниқлаш 3 босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқич Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки унинг бир қисмида товар ёки молия бозори чегарасини, яъни товар ёки молиявий хизматнинг (шу жумладан бир-бирининг ўрнини босувчи) муомалада бўлиш чегараларини унинг истеъмолчилар томонидан эркин сотиб олиниши тамойили бўйича аниқлашни ўз ичига олади. Товарни эркин сотиб олиш тегишли минтақада аниқ товарни сотиб олиш имконияти; товар қийматига нисбатан транспорт харажатларининг қопланиши; товарнинг сифати, ишончлилиги ва бошқа истеъмол хусусиятларининг сақланиши; товарни олди-сотди, олиб кириш ва олиб чиқишга чекловлар (тақиқлар)нинг мавжуд эмаслиги; товар бозори чегаралари доирасида рақобатнинг тенг шарт-шароитлари мавжуд бўлганда таъминланади.

Сўнгра хўжалик юритувчи субъектлар ва (ёки) шахс­лар гуруҳининг бозор улушларини аниқлаш камида бир йиллик давр учун амалга оширилади, бозор улуши хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳининг аниқ товар бозоридаги савдо-сотиқлар ҳажмининг умумий ҳажмидаги иштирокини ифодаловчи кўрсаткич ҳисобланади.

Охирги босқич – бевосита хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш. Товар бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга ўз фаолиятини амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолати устун мавқе ҳисобланади.

Тегишли бозорда товар улушининг қуйидаги миқдорлари устун мавқе мезони ҳисобланади:

а) 50% ва ундан ортиқни ташкил этса;

б) 35%дан 50%гача ҳажмда бўлиб, хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг улуши 1 йил ва ундан ортиқ муддат мобайнида барқарор бўлиб турса ёхуд бозорда 20%дан ортиқ товарлар улуши бўлган хўжалик юритувчи субъект ёки шахс­лар гуруҳи йўқ бўлса.

Молиявий хизматлар кўрсатиш бошланган санадан бошлаб 2 йил мобайнида тегишли молия бозорида молиявий хизматларнинг аниқ турига ўхшаши мавжуд бўлмаган, биринчи марта бозорга маълум бир турдаги молиявий хизматлар бозорига кирган хўжалик юритувчи субъект молия бозорида устун мавқеини эгалловчи хўжалик юритувчи субъект сифатида кўриб чиқилмайди.

Устун мавқени эгаллаган деб эътироф этилган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилади. Реестр мазкур хўжалик юритувчи субъектлар ва шахслар гуруҳининг фаолияти мониторинги ва назоратини амалга ошириш, монополияга қарши ҳаракатларини чеклаш ва уларнинг олдини олиш ҳамда улар томонидан устун мавқеини суиистеъмол қилишига йўл қўймаслик учун юритилади.

Қонун ҳужжатлари билан нархларни тартибга солувчи орган томонидан нархлар белгиланган ҳолда товар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ёки нархларни тасдиқлашни (декларациялашни, келишишни) амалга ошириш зиммасига юкланган товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи Реестрга киритилмайди.

 

МОНОПОЛИСТ ТОВАРИНИНГ НАРХИ ДОИМ ҲАМ МОНОПОЛ БЎЛАВЕРМАЙДИ

Хизматларнинг молия бозорида монопол юқори ва монопол паст нархларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом (бундан кейин – 2-сон Низом) молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар ёки шахслар гуруҳларига тегишли.

«Рақобат тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ молия бозори банклар ҳамда бошқа кредит, суғурта ва ўзга молия ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган молиявий хизматнинг, шунингдек қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари хизматларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ёки унинг бир қисмидаги муомала доираси бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бўлинишига мос келмаслиги мумкин ва мазкур муомала доираси чегараларида бундай хизматни кўрсатиш имконияти мавжуд бўлади.

Молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг монопол юқори ва монопол паст нархлари Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (бундан кейин – Давлат рақобат қўмитаси) ҳамда унинг ҳудудий органлари томонидан аниқланади.

2-сон Низомга мувофиқ молия бозорида монопол юқори нарх молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг хизматларига нархларни бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан кўрсатиладиган хизматларга ўхшаш бўлган ва (ёки) ўзаро алмашинадиган хизматлар нархлари билан таққослаш йўли билан амалга оширилади. Агар молия бозорида 2 ёки ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи фаолият юритаётган бўлса, молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан кўрсатилаётган хизматлар нархи, агар ушбу нарх молия бозори чегаралари доирасида бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан белгиланган нархларнинг ўртача қийматидан 10%дан зиёдга ошса, монопол юқори нарх деб ҳисобланади. Агар молия бозорида фақат битта хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи фаолият юритаётган бўлса, ушбу хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи хизмати нархи хизматни кўрсатиш учун зарур бўлган харажатлар ва фойда миқдоридан ошса ҳамда ушбу хизматни кўрсатишдан асосланмаган фойда олиш имконини берса; кўрсатилаётган хизматнинг сифат тавсифлари пасайиши натижасида асоссиз харажатларни компенсация қилишга ёки қўшимча фойда олишга йўналтирилган бўлса, монопол юқори нарх ҳисобланади.

Хизматларнинг монопол паст нархи хизмат кўрсатиш учун зарур харажатлар қийматини қопламайдиган ва фойда олишни кўзда тутмайдиган, бунинг натижасида рақобатни чеклаш, бозордан рақобатчиларни сиқиб чиқариш ва рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид оқибатлари бўлган молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан белгиланган нарх ҳисобланади.

Молия бозорида монопол юқори ёки монопол паст нархлар мавжудлиги ва қўлланиши аниқланганда монополияга қарши орган белгиланган тартибда иш қўзғатади ҳамда монопол юқори ёки монопол паст нархлар қўллашни бартараф этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

 

РАҚОБАТНИ ЧЕКЛОВЧИ БИТИМЛАР ҚАТНАШЧИЛАРИ АНИҚЛАНИБ, ЖАЗОГА ТОРТИЛАДИ

Рақобатни чеклайдиган келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом (бундан кейин – 3-сон Низом) «Рақобат тўғрисида»ги Қонунни қўллаш нормаларини тартибга солади.

Маълумки, «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси хўжалик юритувчи субъектларнинг рақобатни чеклайдиган келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларни амалга оширишини тақиқлайди. Хусусан, сунъий равишда нархларни белгилаш, ишлаб чиқариш бозорини назорат қилиш каби битимларни амалга ошириши тақиқланган.

Бундай тақиқланган ҳаракатлар ва битимларга мисоллар келтирамиз. Айтайлик, хўжалик юритувчи субъектлар ўзаро келишиб олиб, бозорда ягона нарх ўрнатиб, истеъмолчини танлаш ҳуқуқидан маҳрум этишлари мумкин. Бир тараф бошқасига хом ашё етказиб бериб, бошқа ҳеч кимга уни бермаслиги ҳам тарафларнинг келишувига яна бир мисол бўлиши мумкин. Агар шундай битимлар расмийлаштирилган бўлса, уларни текшириш осон. Агар оғзаки бўлса, тақиқланган хатти-ҳаракатларни фош этиш учун уларни кузатиш, таҳлил қилиш зарур бўлади.

Тасдиқланган 3-сон Низомга мувофиқ  Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари зиммасига назорат қилиш функцияларини амалга ошириш чоғида келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар белгиларини фош этиш мажбурияти юкланган.

Кўрсатилган белгиларнинг мавжудлиги товар ва молия бозорларини, юридик ва жисмоний шахсларнинг, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мурожаатларини, оммавий ахборот воситаларининг хабарларини ҳамда тегишли органларнинг ушбу белгиларнинг мавжудлигини кўрсатадиган маълумотлардан иборат бўлган кўрсатмаларини ўрганиш давомида аниқланади.

3-сон Низомга мувофиқ қуйидагилар келишиб олинган ҳаракатларни ва рақобатни чеклайдиган битимларни амалга ошириш белгилари ҳисобланади:

нархларни бир вақтда ёки 30 кун мобайнида ошириш (пасайтириш);

ўхшаш товарни ишлаб чиқаришга ёки сотиб олиш ёхуд реализация қилишга харажатларнинг турли миқдорларида ягона нархларни белгилаш;

бозорда ягона нархларни белгилаш мақсадида товар қолдиқларини қўшимча баҳолаш;

ўхшаш товарларга бир хил нархлардан бир вақтда чегирмалар белгилаш;

бозорда танқислик ва нархлар юқори бўлган тақдирда келгусида товарларни қайта сотиш учун ишлаб чиқарилган, амалда сотиб олинган/импорт қилинган, товарларни бозорга етказиб бериш ҳажмларини камайтириш;

турли етказиб берувчилар томонидан реализация қилинаётган товарларга юқори нархларни сунъий тарзда сақлаб туриш;

бошқа харидорлар ёки сотувчилар билан шартнома тузилган худди шу шартларда муайян харидорлар ёки сотувчилар билан шартномалар тузишни рад этиш;

товарларни муайян минтақаларда сотишни тўхтатиш.

Шунингдек 3-сон Низом билан бундай далилларни аниқлашнинг асосий босқичлари белгиланган.

Товар етказиб бериш ҳажмларини келишиш, нархларни сунъий тарзда ошириш ёки пасайтириш тўғрисида аҳдлашув, бир хил прейскурантни ёки нархни тасдиқлайдиган буйруқ (протокол, фармойишни)ни қўллаш, товарларни ишлаб чиқариш ёки сотиш ҳажмларига чеклашлар (квоталар) белгилаш келишиб олинган ҳаракатларни ва битимларни амалга ошириш ҳолатларининг далиллари ҳисобланади. Бунда далиллар бевосита ва билвосита бўлиши мумкин.

Шартномалар шартларини, счётлар, юк хатлари, прейскурантлар, тўлов топшириқномалари, қарорлар (шу жумладан протоколлар), хатлар ва шу кабиларни ўрганиш давомида аниқланадиган келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларнинг ҳужжатли тасдиғи рақобатни чеклайдиган битимлар тузиш бевосита далиллар ҳисобланади. Келишиб олинган ҳаракатлар ва битимларни тасдиқловчи билвосита далиллар муайян даврда бозорда ёки савдолар жараёнида хўжалик юритувчи субъектларнинг хатти-ҳаракатини қиёсий таҳлил қилиш давомида аниқланади.

Келишиб олинган ҳаракатлар ёки битимлар белгиларини аниқлаган тақдирда монополияга қарши орган рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли.

Монополияга қарши органга ахборотни тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик, ишончсиз ёки сохта маълумотлар тақдим этганлик учун хўжалик юритувчи субъектлар, давлат бошқаруви органлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик шахсларнинг бирлашмалари ва уларнинг мансабдор шахслари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс­нинг (МЖТК) 178-моддаси ва Жиноят кодексининг (ЖК) 183-моддасига мувофиқ жавоб берадилар.

Монополияга қарши органга ахборот тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд уларга била туриб ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тақдим этиш мансабдор шахсларга иш ҳақининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТК 178-моддасининг биринчи қисми).

Монополияга қарши органга ахборот тақдим этмаслик ёки била туриб ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тақдим этиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, ЭКИҲнинг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖК 183-моддасининг биринчи қисми).

 

УСТУН МАВҚЕИНИ СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛГАНЛАРНИ МАЖБУРИЙ ТАРЗДА БЎЛИШЛАРИ МУМКИН

Хўжалик юритувчи субъектнинг устун мавқеини суиистеъмол қилишини бартараф этиш, шунингдек товар ёки молия бозорида соғлом рақобат муҳитини шакл­лантириш зарурати мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқаришга эҳтиёж туғдиради. Бунинг учун битта хўжалик юритувчи субъект негизида товар ва молия бозорларини тўйинтиришга, товарлар, ишлар ва хизматларнинг истеъмол хусусиятларини яхшилашга, уларнинг рақобатбардошлилигини оширишга кўмаклашувчи иккита ёхуд бир нечта алоҳида субъект ташкил этилади. Илгари хўжалик юритувчи субъектга нисбатан бозордаги устун мавқеини суиистеъмол қилишини бартараф этиш бўйича қўлланган чора-тадбирлар самара бермаган тақдирда мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш чораси қўлланади.

Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом табиий монополиялар субъектларига татбиқ этилмайди.

Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш Монополияга қарши орган ҳамда унинг ҳудудий органлари томонидан амалга оширилади.

Хўжалик юритувчи субъектни бўлиш натижасида бўлинаётган хўжалик юритувчи субъект негизида, унинг фаолиятини тўхтатган ҳамда унинг ҳуқуқлари ва вазифаларини янгидан ташкил этилаётган хўжалик юритувчи субъектларга берган ҳолда, бир нечта хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этилади.

Хўжалик юритувчи субъектни ажратиб чиқаришда, унинг фаолиятини тўхтатмаган ҳолда, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг бир қисмини уларга бериш билан бир ёки бир нечта хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этилади.

Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисидаги қарор, ҳар бир аниқ ҳолатда, тармоқнинг, ишлаб чиқариш жараёнининг хусусиятини, ишлаб чиқарилаётган товарлар, амалга оширилаётган ишлар ва хизматлар, бошқарувни ташкил этиш турини ҳисобга олган ҳолда, уни бўлиш ёки ажратиб чиқариш имконияти ва мақсадга мувофиқлиги кўп томонлама баҳолангандан кейин қабул қилиниши мумкин.

Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисида қарорни Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини кўриб чиқиш бўйича махсус комиссия қабул қилинади. Унинг қабул қилган қарори асосида монополияга қарши орган томонидан 10 кун муддатда хўжалик судига хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисида даъво аризаси киритилади.

Хўжалик суди томонидан ижобий қарор чиқарилган тақдирда хўжалик юритувчи субъектларни бўлиш ёки ажратиб чиқариш тартиботи қарорда назарда тутилган талабларни ҳисобга олган ҳолда ва унда белгиланган муддатда мулкдор ёки у вакил қилган орган томонидан бажарилиши керак.

Хўжалик судининг хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисидаги қарори суд белгилаган муддатларда бажарилмаган тақдирда хўжалик суди монополияга қарши орган даъвоси бўйича, қонунда белгиланган тартибда хўжалик юритувчи субъектни бўлиш ёки ажратиб чиқаришни амалга ошириш бўйича хўжалик юритувчи субъект бошқарувчисини тайинлайди. Мазкур вазиятда суд томонидан бўлиш балансининг тасдиқланиши янгидан пайдо бўлаётган хўжалик юритувчи субъектларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.

Бўлиш ва ажратиб чиқариш тартиботларини ўтказиш харажатлари бўлинаётган хўжалик юритувчи субъект томонидан қопланади.

 

ҚАЙСИ БИТИМЛАРНИ ТУЗИШ УЧУН МОНОПОЛИЯГА ҚАРШИ ОРГАННИНГ ОЛДИНДАН РОЗИЛИГИНИ ОЛИШ ТАЛАБ ЭТИЛАДИ

Хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ва бошқа мулкий ҳуқуқларини олишга доир битимларни кўриб чиқиш ҳамда бундай битимларни тузиш учун олдиндан розилик олиш тартиби тўғрисидаги низом (бундан кейин – 5-сон Низом) билан розилик олишни талаб этувчи юридик ва жисмоний шахслар иштирок этадиган операциялар ва унинг таомиллари аниқ белгиланган.

Ушбу Низом:

бир ёки бир нечта битимлар натижасида инвестор томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар)ни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни олишга;

устав фонди (устав капитали) кўпайтирилган тақдирда устав фондига (устав капиталига) хўжалик юритувчи субъектнинг акциялари (улушлари) ёки мол-мулкини олинаётган акциялар (улушлар) пакети учун тўлов ҳисобига киритишга;

қўшимча акцияларни чиқариш йўли билан акциядорлик жамияти ёки улушлар кўпайтирилган тақдирда – масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият устав фондининг (устав капиталининг) бирламчи миқдори ўзгартирилганда – муассис акциялари (улушлари) пакетининг кўпайишига;

хўжалик юритувчи субъектнинг акцияларини (улушларини) совға, қарзни тўлаш тарзида беришга;

унга олдиндан розилик сўраладиган битим тузилгунгача жисмоний шахс бошқа хўжалик юритувчи субъектнинг акциялари (улушлари)га эга бўлган тақдирда жисмоний шахс томонидан (акциялар (улушлар)ни олишга татбиқ этилади.

Битимларни амалга ошириш жараёнида рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини Давлат рақобат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органлари назорат қилади.

5-сон Низомга мувофиқ хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялари (улушлари) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олишдан аввал монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш зарур. Агар битимларни тузиш пайтида товар бозорида фаолиятни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлардаги тегишли активларнинг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушум энг кам ойлик иш ҳақининг 100 000 баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд битим қатнашчиларидан бири товар бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи шахс ҳисобланса, шундай қилиш зарур. Бу шарт «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси билан мустаҳкамланган.

Битимни амалга ошириш пайтида кредит ва бошқа молия ташкилотлари активларининг жами баланс қиймати энг кам миқдорига талабларнинг ўрнатилишини қимматли қоғозлар бозорини монополияга қарши бошқаришдаги янгилик деб ҳисоблаш мумкин. Чунончи, молия бозорида ўз фаолиятини амалга оширадиган субъектлар битим қатнашчиларидан бири молия бозорида устун мавқени эгаллаганда ёхуд активларининг жами баланс қиймати 5-сон Низомда назарда тутилган миқдордан ошганда, хусусан:

банкларга нисбатан – 450 млн АҚШ доллари;

суғурта компанияларига нисбатан – 25 млн АҚШ доллари;

лизинг компанияларига нисбатан – 3 млн АҚШ доллари;

нобанк кредит ташкилотларига ва қимматли қоғозлар бозорининг профессионал қатнашчиларига нисбатан – 400 минг АҚШ доллари бўлганда, розилик олиш зарур.

5-сон Низом билан монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш керак бўлган яна бир қатор шартлар белгиланган. АЖ акцияларини (МЧЖдаги улушларни) харид қилиш битимини амалга ошириш натижасида инвестор умумий йиғилиш қарорлари қабул қилинишига таъсир кўрсатиш имконини берадиган уларнинг муайян миқдорини тасарруф этиш ҳуқуқини оладиган ҳоллар шулар жумласига киради. Шу ўринда илгари улушлар (акциялар) ҳажмининг 35 фоизли чегараси амал қилганини эслатиб ўтамиз, ундан ошган тақдирда битимни амалга оширишга олдиндан розилик олиш мажбурияти юзага келар эди. Бунда улушларни (акцияларни) қўшимча равишда харид қилиш ҳам сотиб олинаётган пакет ҳажмидан қатъи назар, розилик олишни талаб этар эди.

Эндиликда инвестор АЖнинг акцияларини олиш бўйича битимларни тузиш учун олдиндан розилик олиши зарур бўлади, натижада қуйидагиларни тасарруф этиш ҳуқуқини олади:

биринчидан, устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг 35 ва ундан ортиқ фоизини тасарруф этиш ҳуқуқини олади, агар бунгача инвестор мазкур акциядорлик жамияти устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг 35 фоиздан камини тасарруф этган бўлса;

иккинчидан, устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг 50 фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олади, агар бунгача инвестор мазкур акциядорлик жамияти устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг камида 35 фоизини ва кўпи билан 50 фоизини тасарруф этган бўлса;

ва, учинчидан, устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг 75 фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олади, агар бунгача инвестор мазкур акциядорлик жамияти устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг камида 50 фоизини ва кўпи билан 75 фоизини тасарруф этган бўлса.

Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларни олиш бўйича битимларни тузиш учун инвесторга қуйидагиларни тасарруф этиш ҳуқуқини берадиган монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш зарур бўлади:

1) ушбу жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларнинг 50 фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олганда, агар бунгача у мазкур жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларнинг 50 фоизидан камини тасарруф этган бўлса;

2) улушларнинг учдан икки қисмидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олганда, агар бунгача у мазкур жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларнинг камида 50 фоизини ва кўпи билан учдан икки қисмидан камини тасарруф этган бўлса.

Қуйидаги хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушларни) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олиш бўйича битимни тузишга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги аризасини Давлат рақобат қўмитаси кўриб чиқади:

республиканинг барча ҳудудида ёки бир нечта минтақаларида ўз фаолиятини амалга оширса;

агар хўжалик юритувчи субъект ва инвестор ёки шахслар гуруҳи ҳисобланадиган инвесторлар республиканинг турли минтақаларида жойлашган бўлса;

хорижий инвесторлар олса.

Республиканинг тегишли ҳудудида ўз фаолиятини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олишда монополияга қарши органнинг ҳудудий органларига ариза билан мурожаат қилиш керак бўлади.

5-сон Низом билан ҳужжатларни тақдим этиш ва битим тузишга розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилиш таомили ҳам белгиланган, у қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб бир йил мобайнида тузилиши керак. Битим кўрсатиб ўтилган муддатда тузилмаган тақдирда монополияга қарши органнинг қарори ўз кучини йўқотади.

Ҳужжат билан инвестор хўжалик юритувчи субъектнинг акциялари (улушлари) ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини олдиндан розилик олмасдан олгани ҳолати аниқланса, монополияга қарши органга унга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисида иш қўзғаш ҳуқуқи берилган.

Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши тўғрисидаги ишларни Монополияга қарши органнинг махсус комиссияси кўриб чиқади, у ишни моҳиятига кўра кўриб чиқиш натижаларига қараб акцияларга (улушларга) ва бошқа мулкий ҳуқуқларга эгалик қилишга розилик бериши ёки буни рад этиши мумкин. Бироқ, қабул қилинган қарордан қатъи назар, олдиндан розилик олмасдан акцияларни (улушларни) олганлик учун Махсус комиссия инвесторга ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солади (МЖТК 178-моддасининг учинчи қисми).

Инвесторга берилган кўрсатма белгиланган муддатда бажарилмаган тақдирда монополияга қарши орган олдиндан розилиги берилмаган битимни ҳақиқий эмас деб эътироф этиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилиши шарт.

Бундан ташқари, 5-сон Низомда у татбиқ этилмайдиган шахслар ва битимлар рўйхати келтирилган, у:

хўжалик юритувчи субъект томонидан устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз акциялари (улушлари) сотиб олинган;

хўжалик юритувчи субъект – акциядорлик жамияти, унинг устав фонди (устав капитали) ҳажми сақланган тақдирда, бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга айлантирилган;

хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар) ишончли бошқарувга берилган, шунингдек (улушлар) кейинчалик уларни қайта сотиш мақсадида устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар) инвестиция воситачилари томонидан олинган;

устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар) ёки бошқа мулкий ҳуқуқлар Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ олинган ҳолларга тааллуқли.

Шунингдек хўжалик юритувчи субъект ташкил этилганда унинг муассисларига ҳамда жисмоний шахс томонидан биринчи марта тузилаётган битимларга монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги талаб этилмайди.

Кўрсатилган Низом кучга кириши билан «Тошкент» РФБ ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчилари инвесторларни АЖ устав капиталидаги акцияларни олиш тартибига риоя этиш зарурати ҳақида хабардор қилишлари керак, акциялар бўйича битимларни рўйхатга олувчи депозитарийлар эса:

битимни (битимларни) рўйхатдан ўтказиш, ушбу инвесторнинг акцияларга бўлган ҳуқуқларини ҳисобга олиш ва тасдиқлаш депозитарий томонидан амалга ошириладиган ҳолларда, унинг (уларнинг) натижасида инвестор хўжалик юритувчи субъект устав фондидаги акцияларнинг 35 ва ундан кўп фоизини инвестор оладиган акциялар билан бир ёки бир нечта битимларни рўйхатдан ўтказишда монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги инвесторда мавжудлигини текширишлари;

инвестор томонидан монополияга қарши органнинг олдиндан олинадиган розилиги тақдим қилинмаган тақдирда, юқорида кўрсатилган битимни рўйхатдан ўтказишни рад этишлари шарт.

Прочитано: 4487 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика