Norma.uz

Текшириб кўрган маъқул

 

Нима сабабдан ЎзРнинг Москва шаҳридаги консуллик бўлимида манзилли чиқиш варақаси билан қизиқадилар? Масалан, уни шахсан эмас, паспортимни қариндошларимга жўнатиб олганман. Ахир варақа ҳақиқийку.

П.Ўрмонов.

 

– Чиқиш ҳужжатлари яшаш жойи бўйича ички ишлар органларига топширилади. Белгиланган тартибни бузган шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган маъмурий жазога тортиладилар.

Чиқиш учун фуқаролар қуйидагиларни шахсан тақдим этишлари шарт:

√ чиқиш сабаби ва жойини кўрсатган ҳолда ички ишлар органи раҳбари номига эркин шаклда ёзилган ариза;

√ паспорт ёки туғилганлик тўғрисида гувоҳнома;

√ мудофаа ишлари бўйича бўлимнинг ҳисобидан чиқарилганлиги ҳақида белги қўйилган ҳарбий ҳисоб ҳужжатлари;

√ уй дафтари ёки 4–5-сон прописка карточкаси, квартира карточкаси.

√ давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция.

Фуқароларнинг чиқиши турар жойга бўлган ҳуқуқдан маҳрум қилиш, шахсни бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорига кўра, нотариал тасдиқланган ишончнома бўйича, ички ишлар органларининг сўровига биноан, маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисидаги прокурор санкцияси билан ҳам амалга оширилади (АВ томонидан 9.04.1999 йилда 698-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 48-банди).

Шу тариқа, консуллик муассасаси ходимлари яшаш жойи бўйича манзилли чиқиш варақасини қандай қилиб (шахсан келмай) олганингиз билан ҳақли равишда қизиқмоқдалар. Агар чиқиш юқорида кўрсатилган тартибни бузган ҳолда амалга оширилган бўлса, у ноқонуний ҳисобланади.

Шуни ҳам қайд этиб ўтишимиз зарурки, манзилли чиқиш варақаси қатъий ҳисобот ҳужжати ҳисобланмайди ва унга қалбаки чиқиш штампларини қўйиш мумкин.

 

Қатъий ҳисобдаги ҳужжат

 

Мен паспортимни йўқотиб қўйиб, бу ҳақда ариза топширдим ва янгисини олдим. Йўқолган паспорт топилди. Паспортлардан бирини топширишим керакми? Агар керак бўлса, қайси бирини – эскисиними ёки янгисини? Бунда менга нисбатан жарима санкциялари қўлланадими?

А.Р. Тошкент ш.

 

Йўқолган паспортни топганда яшаш жойингиздаги паспорт столига ариза билан мурожаат қилишингиз ва эски паспортни қайтаришингиз зарур. Ҳужжатингиздан ғаразли ниятда фойдаланилишининг олдини олиш мақсадида шуни билишингиз лозимки, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг қатъий ҳисобидаги ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, шунингдек автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, худди шунингдек уларни нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш, уларни яшириш ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда содир этилган бўлса, ЭКИҲнинг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) паспорт, ҳарбий билет ёки бошқа муҳим шахсий ҳужжатларга нисбатан ёхуд ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларга нисбатан содир этилган бўлса;

б) оғир оқибатларга сабаб бўлса, ЭКИҲнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖКнинг 227-моддаси).

Йўқолган паспорт ўрнига янгисини олаётганингизда паспортни йўқотганлик учун жаримани тўлаб бўлгансиз.

 

Фақат бир марта

 

Паспортимнинг муддати ўтган, уни алмаштириш учун топширмоқчиман. Паспортимда отам бўйича миллатим кўрсатилган. Алмаштириш чоғида уни онамнинг миллатига ўзгартиришим мумкинми?

Г.Усеинов. Тошкент ш.

 

– Паспортдаги миллати тўғрисидаги ёзув ота-онасининг миллатига мувофиқ қайд этилади. Ота-она турли миллатга мансуб бўлса, биринчи марта паспорт берилаётганда паспорт олувчининг хоҳишига кўра отаси ёки онасининг миллати бўйича қайд этилади. Кейинчалик фуқаронинг ёзма аризасига биноан миллати ҳақидаги ёзув ота ёки онанинг миллатига ўзгартирилиши мумкин, бироқ 1 мартадан ортиқ эмас (Низомнинг 14-банди, 26.02.1999 йилдаги ПФ-2240-сон Фармонга 2-илова).

16 ёшда паспорт олган ва отангизнинг миллатини (ота-она турли миллатга мансуб бўлган ҳолда) танлаган бўлсангиз, биометрик паспорт олаётганда онангизнинг миллатини олиш ҳуқуқига эгасиз.

 

Сабаб бўлса

 

Милиция ходимлари шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни, хусусан, яшаш гувоҳномасини олиб қўйишга ҳақлимилар?

П.Халилов.

 

Хорижий фуқародан ёки фуқаролиги бўлмаган шахсдан яшаш гувоҳномасини ёки фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини олиб қўйиш ман этилади, ҳибсга олинган ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган ёхуд суриштирув, дастлабки тергов ёки суд органи томонидан қамоққа олинган ҳоллар бундан мустасно. Бу ҳолда ҳужжат унинг эгасининг истиқомат жойидаги ички ишлар органларига юборилиши керак. Уни бошқа шахсга бериш ёки гаровга олиб туриш тақиқланади.

Ҳибсдан озод қилинганда ёки жазони ўтаб бўлгандан кейин яшаш гувоҳномаси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси унинг эгасига қайтарилади (Низомнинг 32, 36-бандлари).

Ходимларнинг ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлари устидан яшаш жойингиздаги ТИИБ бошлиғига шикоят қилишингиз мумкин.

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 491 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика