Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 47 / Сизнинг ҳуқуқингиз

Меҳнатга лаёқатсиз ота-она қандай қилиб фарзандларидан алимент ундириши мумкин

 

Алимент деганда кўпинча ота-онанинг вояга етмаган фарзандларига таъминот бериши тушунилади. Бироқ пенсия ёшига яқинлашган ота-оналарнинг меҳнат қобилияти пасаяди, соғлиғи заифлашади. Ана шунда улғайган фарзандлар кекса ота-оналарига ғамхўрлик қилишлари даркор. Ота-оналар билан фарзандлар ўртасидаги муносабатлар ихтиёрий ёрдам ва кўмакни назарда тутади, албатта. Бироқ улғайган фарзандларнинг ҳаммаси ҳам ўз мажбуриятларини тўлақонли бажаради деб бўлмайди. Бундай ҳолларда ота-оналар ўз таъминотлари учун тўловларни суд орқали ундириб олишлари мумкин.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлардан эҳтиёжманд ва меҳнат қобилиятини йўқотган ота-оналари учун алимент ундиришнинг суд тартиби қандай?

 

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли шахсларнинг ўз ота-онасига ғамхўрлик қилиш мажбурияти Конституциянинг 66-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган. Оила кодексида ҳам худди шу қоида қайд этилган (ОКнинг 109-моддаси). Бу фуқароларнинг асосий мажбуриятларидан бири. У ахлоқий принциплардан келиб чиқади ва ёрдамга муҳтож ота-оналарга ҳар томонлама кўмак беришга йўналтирилган.

Ота-оналар фақат вояга етган (18 ёшдан катта) болаларидан алимент ундиришлари мумкин. Бундан ташқари, болалар меҳнатга лаёқатли бўлишлари керак. Яъни уларда ногиронлик бўлмаслиги, улар пенсия ёшига етмаган бўлишлари шарт.

Бунда фарзандликка олинган болалар барча шахсий ва мулкий ҳуқуқларда фарзандликка олувчининг ўз фарзандларига тенглаштирилади. Шу сабабли меҳнатга лаёқатли ёшга етган болалардан ота-оналари ҳам, фарзандликка олувчилари ҳам алимент талаб қила оладилар.

Қонунга биноан меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ота-оналарини таъминлаш мажбурияти сўзсиз ижро этилади ва болаларининг моддий аҳволига боғлиқ эмас. Аслида алимент миқдорини белгилашда бу ҳолат инобатга олинади. Яъни ота-оналар ҳар қандай ҳолатда таъминот беришни талаб қилишга ҳақли.

Хуллас, ота ёки она бир вақтнинг ўзида меҳнатга лаёқатсиз ва ёрдамга муҳтож бўлса, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандларидан алимент олишга ҳақли. Шу сабабли суднинг ҳал қилув қарорида ушбу иккала фактни тасдиқловчи исбот-далиллар келтирилиши шарт. Улардан бири бўлмаса, даъвони қондиришни рад этишлари мумкин.

Қуйидагилар меҳнатга лаёқатсиз деб ҳисобланади:

√ 55 ёшга тўлган аёллар;

√ 60 ёшга тўлган эркаклар;

√ ногиронлар.

Яшаш учун етарли маблағга эга бўлмаган шахслар ёрдамга муҳтож деб тан олинади. Суд ҳар бир алоҳида вазиятда ёрдамга муҳтожлик далилини ишнинг аниқ ҳолатларини инобатга олган ҳолда белгилайди.

Ота ёки онанинг алимент олишга муҳтожлиги қуйидаги омиллардан келиб чиқиб белгиланади:

√ моддий аҳволи;

√ мавжуд даромадлари даражаси (масалан, пенсия миқдори, мол-мулкни рентага топширишдан даромади, дивидендлар олиши ва ҳ.к.);

√ меҳнатга лаёқатли турмуш ўртоғининг бор-йўқлиги;

√ турмуш ўртоғи моддий ёрдам бериш-бермаслиги;

√ бошқа шахслар моддий ёрдам бериш-бермаслиги.

Одатда, овқатланиш, коммунал хизматлар ҳақини тўлаш, дори-дармонларга даромадлари етмайдиган шахслар ёрдамга муҳтож деб тан олинади.

 

Тўловлар миқдори

Низо мавжуд бўлганда таъминот миқдори фарзандларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади. Бунда ундириладиган энг кам сумма ЭКИҲнинг 1/3 қисмидан кам бўлмаслиги керак. Энг юқори миқдори белгиланмаган.

Мазкур тоифадаги низо узил-кесил ҳал бўлгунга қадар судья вақтинча тўлаб турилиши лозим бўлган суммани кўрсатиб, ажрим чиқариши мумкин.

Ота-она талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганлигидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олиши лозим.

 

Тўлашдан озод қилиш

Агар жавобгар илгари отаси ёки онаси уни таъминлаш ва тарбиялаш мажбуриятини бажармаганлигини исботласа, суд болани бундай ота ёки онага таъминот бериш мажбуриятидан озод қилиши мумкин (ОКнинг 113-моддаси).

Қуйидагилар ушбу далилнинг исботи бўлиши мумкин:

√ ота ёки она алимент бўйича суднинг ҳал қилув қарорини ижро этмаган бўлса, мажбурий ижро органларининг маълумотномаси;

√ маҳалла қўмитаси томонидан тасдиқланган қўшниларнинг далолатномаси ва б.

 

Бу – муҳим! Ота-онанинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлиги болаларни уларни таъминлаш мажбуриятидан тўлиқ озод қилиш учун асос ҳисобланади. Бу суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан тасдиқланади (ОКнинг 81-моддаси).

 

Шунингдек қуйидаги ҳолларда суд тартибида ундириладиган алиментни тўлаш тугатилади:

√ даъвогарнинг меҳнатга лаёқати тикланганда;

√ алимент олувчи ёрдамга муҳтож бўлмай қолганда;

√ тарафлардан бири вафот этганлиги муносабати билан.

 

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув

Фарзандлар билан ота-оналар ўртасида таъминот суммаси ва тўлаш тартиби тўғрисида келишув тузиш – масалани ҳал этишнинг энг қулай ва мослашувчан усули. У ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. Кўрсатилган шаклга риоя қилмаслик келишувнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

Нотариал тартибда тасдиқланган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ижро варақаси кучига эга бўлади. Яъни тарафлардан бири ундан бош тортса, келишувни мажбурий ижро этиш учун тақдим этиш мумкин.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тарафларнинг ўзаро розилиги билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. У қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳам ўша шаклда амалга оширилади. Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувнинг бажарилишини бир тарафлама рад қилишга ёки унинг шартларини бир тарафлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволида жиддий ўзгаришлар юз берганда, бироқ келишувни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида улар ўзаро келиша олмаганда, манфаатдор тараф тегишли даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Суд келишувни ўзгартириш ёки бекор қилиш масаласини ҳал қилишда тарафларнинг эътиборга лойиқ ҳар қандай манфаатини ҳисобга олишга ҳақли.

 

Судга мурожаат қилиш

Алимент олиш учун фуқаролик ишлари бўйича судга даъво билан мурожаат қилиш зарур. Судда кўрилишга тегишлиликка доир умумий қоидалардан келиб чиқилса, таъминот учун маблағлар ундириш ҳақидаги даъво жавобгарнинг яшаш жойи бўйича берилади. Яшаш жойи номаълум бўлган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки бўлган жой ёки унинг охирги яшаш жойи бўйича тақдим этилиши мумкин. Ўзбекистонда яшаш жойига эга бўлмаган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки бўлган жой ёки охирги маълум бўлган мамлакатда яшаш жойи бўйича берилиши мумкин.

Даъво тақдим этаётганда қўйилган талабларнинг ҳисоб-китобини чиқариш зарур.

Солиқ кодексининг 329-моддасига мувофиқ, даъвогарлар алимент ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод қилинади.

 

Тўламаганлик учун жавобгарлик

Вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб 3 ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслиги ЖКнинг 123-моддасига кўра жиноий жавобгарликка тортилишларига олиб келади. Бунинг учун ЭКИҲнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари назарда тутилган.

 

Ленара Хикматова,

«Norma Online» эксперти.

 

Прочитано: 1679 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика