Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 47 / Хўжалик юритиш қоидалари

Ортиқча тўловни қандай қайтариш мумкин

 

Корхонамизда вино-ароқ маҳсулотлари билан савдо қилиш ҳуқуқини берувчи лицензия учун йиғим бўйича 8 млн сўмдан зиёд ортиқча тўлов юзага келди.

Мазкур лицензиядан воз кечганимиз сабабли, бу ҳақда тегишли органларни ўз вақтида хабардор қилганмиз, июнь ойида ушбу пул маблағларимизни ҳисоб-китоб счётимизга қайтаришни сўраб ДСИга мурожаат қилдик. ДСИ аризамизни қабул қилди, солиштириш далолатномаси тузилди, бизни ҳокимликка жўнатдилар. У ерда бизни молия бўлимига, у ердагилар – лицензиялаш бўлимига ва у эса – қайтиб ДСИга йўллади. Шундан сўнг яна 2 марта ДСИга my.soliq.uz сайти орқали мурожаат қилдик. Бунга жавобан ДСИ барча ҳужжатлар ҳокимликка топширилганлигини хабар қилди. Ўз навбатида ҳокимлик бу уларнинг иши эмаслигини, ҳаммасини ДСИга қайтарганликларини айтмоқда. 4 ойдан буён улар ўртасида овораю сарсон бўлиб юрибмиз.

Ушбу масала юзасидан қаерга мурожаат қилайлик? Пул маблағларини қайтариш билан ким шуғулланиши керак?

С.Шапанова, бош бухгалтер.

 

– Ортиқча тўланган пул маблағларини қайтариш ҳақидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилишингиз лозим.

 

Бу қандай йиғим

Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилувчи корхоналар товарларнинг айрим турлари (алкоголли маҳсулотлар) билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни ҳар ойлик савдо учун ЭКИҲнинг 5 баравари миқдорида тўлашлари шарт (Солиқ кодексининг 345–347-моддалари; 27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорга 22-илова). Ушбу йиғим мажбурий тўлов ҳисобланади ва маҳаллий солиқлар сирасига киради.

Йиғим ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмасдан тўланиши шарт. Ушбу қоидага риоя этилганда йиғим бўйича ортиқча тўлов юзага келмаган бўлар эди. Бироқ ортиқча тўлов ҳосил бўлган ва у қайтарилиши керак.

 

Йиғим қаерга тўланган

Йиғимлар Ягона ғазна ҳисобварағига келиб тушади (АВ томонидан 28.07.2017 йилда 2907-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 1-банди). Сўнгра маблағлар Молия вазирлиги Ахборот тизимида Низомда белгиланган тартибда тақсимланади.

 

Ортиқча тўловни ким, қачон ва қандай қайтаради

Товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимнинг ортиқча тўланган суммалари солиқ тўловчининг ёзма аризаси, шу жумладан унинг шахсий кабинети орқали юборилган аризаси асосида, солиқ органларига тегишли ариза берилган санадан эътиборан 30 иш куни ичида қайтарилади (Солиқ кодексининг 58-моддаси).

Бюджет тизими бюджетлари даромадларининг касса ижроси тўғрисидаги йўриқномада (АВ томонидан 30.03.2016 йилда 2771-сон билан рўйхатдан ўтказилган) Ягона ғазна ҳисобварағига келиб тушадиган, ортиқча тўланган тўловларни қайтаришнинг қадамма-қадам таомили назарда тутилган.

Товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимнинг ортиқча тўланган суммалари тўловчининг аризаси ҳамда ваколатли солиқ органларининг хулосасига асосан мазкур солиқ органлари томонидан тегишли туман (шаҳар) ғазначилик бўлинмасига хулоса ва тўлов ҳужжати тақдим қилиш йўли билан қайтарилади (Йўриқноманинг 34-банди).

Тегишинча, ортиқча тўланган тўловлар суммаларини қайтариш учун Йўриқномага 8-иловада назарда тутилган шаклдаги ариза билан туман ДСИга мурожаат қилишингиз керак эди. Сўнгра солиқ органлари хулосани молия органларига йўллашлари шарт бўлган. Молия органлари ўз навбатида ДСИ хулосасини олгандан кейин 30 кундан кечиктирмай, хато равишда тўланган суммани қайтаришлари лозим.

Туман ДСИнинг ҳаракатсизлиги устидан юқори турувчи органга шикоятни солиқ тўловчи ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан 30 кун ичида бериши мумкин. Шикоят у олинган кундан эътиборан 30 кундан кечиктирмасдан кўриб чиқилади (Солиқ кодексининг 124, 125-моддалари).

Юқори турувчи органга мурожаат қилиш муддати ўтганлиги сабабли судга мурожаат қилиш зарур деб ҳисоблаймиз.

 

Суд – охирги инстанция

Пул маблағларини олиш чоғида йўлингиздаги ғовларни инобатга олган ҳолда ортиқча тўланган пул маблағларини қайтариш тўғрисидаги ариза билан тегишли иқтисодий судга мурожаат қилишни тавсия этамиз.

Шунингдек ўз ҳуқуқларингиз ҳимоя қилинишини сўраб ва тегишли давлат органларининг ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлари устидан шикоят билан прокуратура ёки судга мурожаат қилишга ҳақлисиз.

 

Абдураҳмон Бахтиев, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1617 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика