Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 41 / Қарз мажбуриятлари

Қарз берувчи вафот этса

 

Бизнинг МЧЖ – ЯСТ тўловчи (ИФУТ коди – 23130) 2013 йилда жисмоний шахсдан 183 млн сўм миқдорида фоизсиз қарз олган. Молиявий қарз шартномасининг амал қилиш муддати – пул маблағлари тўлиқ қайтарилгунча деб белгиланган. 2016 йил давомида жисмоний шахснинг пластик карточкасига пул ўтказиш йўли билан 107 млн сўм қайтарилди. 1.01.2017 йилга келиб заём бўйича қарз 76,45 млн сўмни ташкил этди. 2017 йилда: 24.01.2017 йилда – 10 млн сўм, 27.02.2017 йилда – 20 млн сўм қайтарилди. МЧЖ қарзининг қолдиғи – 46,45 млн сўм. 2017 йил августда қарз берувчи тўсатдан вафот этди, МЧЖ унга бутун қарзини тўлашга улгурмади.

1. Қарз қисман қайтарилганда қарз берувчининг 2017 йил I, II ва III чоракларидаги фоизсиз қарз бўйича даромади қандай аниқланади?

2. Қарз берувчи вафот этган бўлса, қарзни қайтаришнинг қандай вариантлари мавжуд? Масалан, унинг оиласига. Бухгалтерияда расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар зарур?

3. МЧЖ муассиси:

вафот этган кишининг оиласига кейинчалик шахсий даромадларидан (нақд пулда) тўлаш мажбурияти билан қарзнинг қолдиғини ўз номига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қила оладими? Агар шундай қилиш мумкин бўлса, ушбу операцияни (ҳужжатлар, проводкалар) бухгалтерияда қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин;

3 йиллик даъво муддати ўтишини кутиш мақсадга номувофиқлиги муносабати билан қолган қарз суммасини қайтармаслик ва уни бошқа даромадларга ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қила оладими? Бунинг учун қандай ҳужжатларни расмийлаштириш зарур?

Н.Красильникова, МЧЖ бош бухгалтери.

 

Қарз берувчига фоизли даромад тўлаш мажбуриятисиз заём олинаётганда қарз олувчининг даромади заёмни олиш санасидаги МБ томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади (Солиқ кодексининг 135-моддаси 4-қисми).

ЯСТ бўйича ҳисобот даври чорак ҳисобланиши сабабли қарз олувчининг фоизсиз қарздан текин фойдаланиш ҳуқуқидан олган даромади ҳар чоракда ортиб борувчи якун билан аниқланиши лозим.

Ҳисобот даври мобайнида у қисман қайтарилганда даромад ундан фойдаланиш даврида заём бўйича қарзнинг қолдиғидан келиб чиқиб аниқланади.

Сизнинг ҳолатда 2017 йил I чорагида қарз олувчи қуйидаги миқдордаги фоизсиз қарздан фойдаланган:

76,45 млн сўм – 23 кун (1.01.2017 йилдан 23.01.2017 йилгача);

66,45 млн сўм (76,45 – 10) – 34 кун (24.01.2017 йилдан 26.02.2017 йилгача);

46,45 млн сўм (66,45 – 20) – 33 кун (27.02.2017 йилдан 31.03.2017 йилгача).

Қарз олинган санада (2013 йил) МБ томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкаси йиллик 12%ни ташкил этар эди.

2017 йил I чорагида қуйидаги ҳисоб-китобга кўра қарз олувчининг даромади ≈ 1 824,8 минг сўмни ташкил этади:

76,45 млн сўм х (12% / 365 кун х 23 кун) ≈ 578,1 минг сўм;

66,45 млн сўм х (12% / 365 кун х 34 кун) ≈ 742,8 минг сўм;

46,45 млн сўм х (12% / 365 кун х 33 кун) ≈ 503,9 минг сўм.

2017 йил II чорагида қарз сўндирилмаган, унинг қолдиғи бўйича ҳисоблаб чиқарилган қарз олувчининг даромади:

46,45 млн сўм х (12% / 365 кун х 91 кун) ≈ 1 389,7 минг сўмни ташкил этади.

Фоизсиз қарз бўйича даромад суммаси – 3 214,5 минг сўм (1 824,8 + 1 389,7) I ярим йиллик учун ЯСТ ҳисоб-китобига ортиб борувчи якун билан киритилади.

Заём бўйича қарз тўлиқ сўндирилмагунча келгуси даврлар якунларига кўра қарз олувчининг даромади худди шу тартибда ҳисобланади.

 

2

 Фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, кредиторнинг мажбурият бўйича ҳуқуқлари унинг меросхўрларига ўтади (ФКнинг 318-моддаси). Мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради (ФКнинг 1113-моддаси).

Ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса, амалга оширилади (ФКнинг 1112-моддаси). Қонун бўйича меросхўрлар ворисликка ФКнинг ­1135–1141-моддаларида назарда тутилган навбат тартибида чақириладилар. Мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

Мерос очилган жойдаги нотариус (меросхўрнинг илтимосига кўра) берадиган гувоҳнома меросга бўлган ҳуқуқни тасдиқлайди. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан ­(яъни мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг) 6 ой ўтганидан кейин берилади. Агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин (ФКнинг 1146-моддаси).

Шу тариқа, заём бўйича қарз қолдиғини қарз берувчи жисмоний шахснинг меросхўрларига тўлашга мажбурсиз. Бунда меросхўрлар нотариус томонидан берилган меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этганларидагина уларга қарзни тўлашга ҳақли бўласиз. У тегишли бухгалтерия ёзувлари учун асос бўлиб ҳам хизмат қилади.

Бир нечта меросхўр меросга бўлган ҳуқуқ соҳиби бўлиши мумкинлиги боис суд муҳокамалари эҳтимолининг олдини олиш мақсадида қарз шартномаси бўйича қарзни қайта расмийлаштирмасликни ва кўрсатилган гувоҳнома тақдим этилгандан кейингина уни тўлашни тавсия этамиз. Меросхўрлар ўртасида низолар юзага келганда ана шундай муҳокамалар бошланиши мумкин.

 

3

Муассис сиз таклиф этган қарорлардан биронтасини: вафот этган қарз берувчининг оиласига кейинчалик шахсий даромадларидан қарзни тўлаш мажбурияти билан қарзнинг қолдиғини ўз номига ўтказиш тўғрисида ҳам, фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ даъво муддати (ФКнинг ­150-моддаси) ўтгунча заём бўйича қолган қарз суммасини қайтармаслик тўғрисида ҳам қарор қабул қилишга ҳақли эмас.

Фақат 3 йиллик даъво муддати ўтгач, агар шу давр мобайнида қарз берувчининг меросхўрларидан уни тўлаш ҳақида аризалар (даъво аризалари) келиб тушмаса, заём бўйича қарзни бошқа даромадларга ҳисобдан чиқара оласиз. Бу ҳолда даъво муддати мерос очилган кундан, яъни мерос қолдирувчи (қарз берувчи) вафот этган кундан эътиборан ҳисобланади.

Фоизсиз заём бўйича қарз тўлиқ сўндирилгунча Солиқ кодексининг 135-моддасига мувофиқ қарз берувчининг даромадини аниқлашингиз ва уни ЯСТ бўйича солиқ солинадиган тушум таркибига киритишингиз шарт.

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1753 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика