Norma.uz

Пенсияни алмаштириш

 

1140 рақамини териб, пенсия таъминотига доир масалаларни ҳал этиш, маслаҳат олиш ёки Пенсия жамғармасидаги керакли бўлимнинг манзили, телефон рақамини билиб олиш мумкин. Шу сонни ўқиб, бевосита алоқа қандай ишлаётгани ҳақида маълумотга эга бўласиз.

Одатдагидек, газетхонларнинг саволларига ЎзР МВ ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг мутахассиси жавоб беради.

 

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва ntv@norma.uz электрон манзилларига йўлланг.

 

 

 

Мутахассис тушунтиради

 

Пенсияни алмаштириш

 

Кекса киши ўз хоҳишига кўра пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтишга ҳақли. ЎзР МВ ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев бунинг учун нималар зарурлиги ҳақида ҳикоя қилади.

 

– ПЖга пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш ҳақида мурожаат қилганда янги ҳужжатларни йиғиш зарурми ёки пенсия йиғмажилдидаги ҳужжатлардан фойдаланиладими? Бундай ҳолда пенсияни ҳисоблаб чиқариш қоидалари қандай, бунда янги эга бўлинган стаж ҳисобга олинадими?

– Бу пенсия йиғмажилдида зарур ҳужжатлар бор-йўқлигига боғлиқ. Пенсияни бир туридан бошқа турига ўтказаётганда янги пенсия айни пайтда амал қилаётган қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ тайинланади.

Масалан, айни пайтда бунинг учун меҳнат фаолиятининг охирги 10 йили мобайнидаги иш ҳақи тўғрисида маълумотнома зарур. Тегишинча, пенсия йиғмажилдида бундай ҳужжат бўлмаса, уни тақдим этиш керак бўлади.

Бир вақтнинг ўзида шуни ҳисобга олиш лозимки, ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейинги иш вақти ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ҳисоблаб чиқариш учун иш стажига киритилади.

Тегишинча, аризада сўралган пенсия турини тайинлаш учун зарур ҳужжатлар тақдим этилиши керак (Низомнинг 12–14-бандлари, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).

 

МИСОЛ. Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини (ёки пенсиянинг бошқа турини) ёшга доир пенсияга ўтказаётганда иш стажини, шу жумладан махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат; иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома; ариза берувчининг жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини (2005 йил 1 январдан кейин) тақдим этиш зарур.

Ногирон болани парваришлаш ёки 80 ёшга тўлган қарияга қараб туриш ва бошқа ҳолатларда (олий таълим муассасасида ўқиш, армияда хизмат қилиш, декрет таътилида бўлиш ва ҳ.к.) тасдиқловчи маълумотномалар тақдим этилади. Агар устама ҳақ ва қўшимча тўлов олиш ҳуқуқи бўлса, бу ҳақдаги маълумотномаларни (агар пенсия йиғмажилдида бўлмаса) ҳам тақдим этиш лозим.

 

Бундан ташқари, зарур ҳолларда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчи оила аъзолари сони ўзгаришини тасдиқлайдиган ҳужжатлар тақдим этилади (252-сон Низомнинг 136-банди).

Ёшга доир пенсияни ногиронлик пенсиясига ўтказишда пенсионер ушбу даврда эга бўлган иш стажи ва иш ҳақи ҳисобга олинмайди. Ногиронлик пенсиясини ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи илгари ёшга доир пенсияни тайинлашдан олдинги ишнинг охирги 10 йилидан келиб чиққан ҳолда, ногиронлик пенсиясини тайинлаш вақтида амалда бўлган қонун ҳужжатларида назарда тутилган пенсияни ҳисоблаш учун иш ҳақи ва иш стажини ҳисоблаш шартлари қўлланган ҳолда аниқланади.

Илгари шахснинг ёшига доир тайинланган пенсияни пенсияларнинг бошқа турларидан биттаси бўйича тўловнинг тўхтатилиши муносабати билан тиклашда ҳам худди шу қоидалар амал қилади.

– Ҳужжатлар қанча муддатда кўриб чиқилади?

– Пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказиш тўғрисидаги ариза Пенсия жамғармаси бўлими томонидан 10 кун муддатда кўриб чиқилади (252-сон Низомнинг 137-банди).

– Қандай ҳолларда ПЖ пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказишни рад этиши мумкин?

– Пенсия жамғармаси бўлими қуйидаги ҳолларда пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказишни рад этиши мумкин:

 янги турдаги пенсиянинг миқдори тўланаётганидан камроқ бўлса;

 янги турдаги пенсияни олиш ҳуқуқи бўлмаса.

Бошқа турга ўтказиш рад этилган тақдирда, Пенсия жамғармаси бўлими тегишли қарор чиқарилгандан кейин 5 кундан кечикмай рад этиш сабаблари, қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби кўрсатилган ҳолда бу тўғрисида пенсионерга хабарномани бериши ёки юбориши шарт. Тақдим этилган барча ҳужжатларнинг асл нусхалари улар олинганлиги тўғрисидаги тилхат билан пенсионернинг қўлига қайтарилади (252-сон Низомнинг 138-банди).

 

Маълумот учун!

Санаторийга КЕЛГАН ногиронлар ва кексалар йўлланмадан ташқари ПАСПОРТ ва САНАТОРИЙ-КУРОРТ КАРТАСИГА эга бўлишлари керак.

 

 

Бевосита алоқа

 

Алло, эшитамиз

 

Бу йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинган. Жорий йилнинг февралидан пенсия ёшидаги кишилар ҳам ўзларини ташвишлантираётган саволлар билан бевосита мурожаат қилиш имконига эга бўлдилар. Энди 1140 қисқа рақами орқали республиканинг исталган нуқтасидан Пенсия жамғармасининг Ижроия аппаратига қўнғироқ қилиш мумкин.

 

Фуқароларнинг пенсия таъминотига тааллуқли ва ишонч телефонига келиб тушадиган саволлари қисқа муддатларда кўриб чиқилиб, юксак даражада ижро этилмоқда. Бевосита линия ишлаётган бутун вақт мобайнида қарийб 5 860 та ариза келиб тушди. Уларнинг барчаси кўриб чиқиш учун топширилди.

Июнда фуқаролардан 1 018 тадан ортиқ мурожаат келиб тушди, уларнинг 786 таси – оғзаки, 232 таси алоҳида назорат остига олинди.

Уларнинг мониторинги фуқароларнинг ижро учун қабул қилинган шикоятлари кўпроқ Тошкентга, Тошкент, Фарғона, Андижон, Самарқанд ва Бухоро вилоятларига тўғри келишини кўрсатди.

Алоҳида назорат остида бўлган аризаларнинг (232 та) ярмидан кўпи кўриб чиқилиб, аризачиларга тушунтиришлар ва юридик маслаҳатлар берилди. Қолган аризалар ижро этиш босқичида.

61 та мурожаат юзасидан қонун ҳужжатлари доирасида ёрдам кўрсатилди. Қуйидагилар шулар жумласидандир.

■ «SMS-Pensiya» интерактив хизматига уланган Андижон вилоятидаги пенсионер пенсиясининг 50%и банк пластик карточкасига ўтказилганлиги ҳақида хабар олди. Унинг шикояти ўрганиб чиқилганда Пенсия жамғармаси Пахтаобод тумани бўлими ходимининг айби билан июнда пенсия суммасининг ярми ҳақиқатан банк пластик карточкасига ўтказилганлиги аниқланди. Хато тузатилди, унга йўл қўйган ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланди.

■ Пенсия тайинлаш учун барча зарур ҳужжатларни январь ойидаёқ топширган Тошкентдаги фуқаро шу пайтгача тўланиши керак бўлган пенсияни олмаганлигидан шикоят қилди. Унинг мурожаати натижасида 7 йилу 6 ойлик умумий иш стажини ҳисобга олган ҳолда тўлиқ бўлмаган стаж шароитида пенсия тайинланди. Хатога йўл қўйган ходимга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий жазо чораси қўлланди.

Наманган вилоятидаги пенсионер ҳам июнь учун пенсия бесабаб тўланмаганлигидан шикоят қилди. Мурожаат ўрганилганда Пенсия жамғармаси Чуст тумани бўлими ходими йўл қўйган техник хато туфайли пенсионернинг фамилияси тўлов қайдномасига киритилмаганлиги аниқланди. Натижада пенсия тўланди, ушбу ходим билан тузилган меҳнат шартномаси эса бекор қилинди.

Бухоро вилоятидан келиб тушган мурожаат ўрганилганда почта алоқаси ходимининг эътиборсизлиги сабабли пенсия суммаси тўланганлиги ҳақидаги ахборот компьютер базасига хато равишда киритилганлиги, бунинг оқибатида фуқаро пенсия тўланганлиги ҳақида SMS-хабар олганлиги, бироқ амалда бундай бўлмаганлиги аниқланди. Масала ҳал этилди. «Ўзбекистон почтаси» АКга хатога йўл қўйган ходимга нисбатан интизомий чоралар кўриш учун хат йўлланди.

Ишонч телефонига мурожаат қилган аризачи муаммоларини ҳал этиш имконига эга бўлиб қолмай, пенсия қонунчилигидаги ислоҳотлар, пенсияларни тўлаш тартиби, илк бор тайинлаш учун зарур ҳужжатлар, пенсионерлар учун янги жорий этилган интерактив хизматлар («SMS-Pensiya»), Пенсия жамғармаси бўлимларининг манзиллари ва улар билан алоқа боғлаш ҳақида ахборот олиши ҳам мумкин.

Амалиётнинг кўрсатишича, бу тарзда бевосита алоқа қилиш фуқаролар, юридик шахслар ва Пенсия жамғармаси ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди. Бу эса ўз навбатида жойнинг ўзида самарали қарорлар қабул қилиш ва муаммоларни тезкор бартараф этиш имконини беради.

 

pfru.uz сайти хабарларидан.

 

Маълумот учун!

«SMS-Pensiya» хизматига уланиб, пенсиялар ҳамда нафақалар миқдорлари ва тўланиши ҳақида ­МАЪЛУМОТЛАР олиш мумкин. Бунинг учун ўз телефонингиздан шахсий счётингиз рақамини (НЛС) териб, 10711 рақамига сўров жўнатинг – *НЛС*1*RU#.

«SMS-Pensiya» хизматига уланиш ва ундай фойдаланиш БЕПУЛ.

 

 

Расмий жавоб

 

Нафақа олиш ҳуқуқи

 

Газетангизда боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳақидаги «Бир киши ҳамма учун» («Норма маслаҳатчи»нинг 18.07.2017 йилдаги 28-сони) материалини ўқиб чиқдим. Демак, фақат стаж бўлганда бундай пенсияни олиш мумкин экан-да. Стаж бўлмаса-чи? Бу ҳолда нима қилиш керак?

С.Заниева. Тошкент ш.

 

– Ҳақиқатан ҳам, иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Уларнинг ижтимоий таъминланиш тартибини Вазирлар Маҳкамаси белгилаб қўяди («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддаси 4-қисми). Хусусан, улар нафақалар олиш ҳуқуқига эга.

Боқувчисини йўқотганлик нафақаси миқдорини ҳисоблаш тартиби Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 7.04.2011 йилдаги 107-сон қарорига 2-илова) билан белгиланган.

Вафот этганнинг оила аъзоларига нафақа миқдори вафот этган фуқаро олган ёки олиш ҳуқуқига эга бўлган нафақага фоиз нисбатида қуйидаги миқдорларда белгиланади:

а) оиланинг 3 ва ундан ортиқ меҳнатга лаёқатсиз аъзосига – нафақанинг 100%и;

б) оиланинг меҳнатга лаёқатсиз 2 аъзосига – нафақанинг 75%и;

в) оиланинг меҳнатга лаёқатсиз 1 аъзосига – нафақанинг 50%и.

 

МИСОЛ. Агар вафот этган киши 292 940 сўм миқдорида болаликдан ногиронлик нафақасини олган бўлса, боқувчисини йўқотганлик нафақасининг миқдори қуйидаги тартибда ҳисоблаб чиқарилади:

оиланинг 3 ва ундан ортиқ меҳнатга лаёқатсиз аъзосига – 292 940 сўм;

оиланинг меҳнатга лаёқатсиз 2 аъзосига – 219 705 сўм (75% х 292 940);

оиланинг меҳнатга лаёқатсиз 1 аъзосига – 146 470 сўм (50% х 292 940).

 

Нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс вафот этган тақдирда вафот этганнинг оила аъзоларига нафақа Низомнинг 15-бандида назарда тутилган тартибда белгиланади. Бунда боқувчисини йўқотганлик нафақаси миқдори иш стажига эга бўлмаган қариялар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларнинг нафақаси миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

 

Чунончи, нафақа миқдори 179 755 сўм бўлса, боқувчисини йўқотганлик нафақаси қуйидаги миқдорни ташкил этади:

оиланинг 3 ва ундан ортиқ меҳнатга лаёқатсиз аъзосига – 179 755 сўм;

оиланинг меҳнатга лаёқатсиз 2 аъзосига – 134 816,25 сўм (75% х 179 755);

оиланинг меҳнатга лаёқатсиз 1 аъзосига – 89 877,5 сўм (50% х 179 755).

 

Уни олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзоларининг барчасига Низомда белгиланган миқдорда битта умумий нафақа тайинланади. Оила аъзосининг талабига кўра унинг нафақадаги улуши ажратилади ва унга алоҳида тўланади. Бунда тайинланган нафақанинг умумий миқдори олувчиларнинг умумий сонига бўлинади.

Бошқа туманда (шаҳарда) яшайдиган оила аъзоси ўзига нафақа улушини тайинлаш ёки ажратиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилганда, Пенсия жамғармаси бўлими оиланинг барча аъзоларига ҳужжатларни расмийлаштирадиган ёки ушбу оиланинг амалдаги ҳужжатлар йиғмажилди турган ПЖ бўлимига тегишли хабарномани юборади. Хабарномага ариза ва янгидан мурожаат қилган оила аъзосининг нафақа олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар илова қилинади. Ушбу ҳолатда нафақа мурожаат қилинган ойдан кейинги ойнинг 1-кунидан бошлаб тайинланади.

Йиғмажилдни расмийлаштиришда барча ҳолларда унга оила ҳар бир аъзосининг нафақага бўлган ҳуқуқини тасдиқлайдиган барча ҳужжатлар тикиб қўйилади.

Оила аъзосига нафақадан улуш ажратилишида нафақа миқдорига доир белгиланган талабларга риоя этилади.

 

 

Паспортсиз ва пенсиясиз

 

Кетган пайтимда онам (82 яшар) биометрик паспортини йўқотиб қўйибди. У кейинги бир неча ой давомида шифокор ҳузурига кўп қатнаган, стационарда даволанган. Билишимча, паспортини ҳеч қаерда қолдириб кетмаган. Бироқ айни пайтда уни уйдан ҳам топа олмаяпмиз. Паспортсиз унга пенсия бермаяптилар. Бундай вазиятда нима қилиш керак? Янги паспорт олгунича анча вақт кетади. Ҳозирча қўшнилар ёки маҳалла қўмитаси вакилларининг тасдиғи билан пенсия олиш имкони борми?

Г.Петрова. Тошкент ш.

 

– Пенсия фақат паспорт тақдим этилганда берилади. Янги биометрик паспортни расмийлаштираётганда паспорт столига мурожаат қилиб, тасдиқланган шаклдаги фуқаронинг шахсини ва паспорт маълумотларини тасдиқловчи вақтинчалик паспорт олишингиз мумкин.

Онангиз вақтинчалик паспорт асосида пенсия олиши мумкин.

 

 

 

Стаж ҳаммага керак

 

11 йиллик стажга эгаман. Болаликдан ногиронларнинг оналари имтиёзли пенсия олишга ҳақли эканликларидан хабарим бор. Қандай ҳолларда уни тайинлашни рад этишлари мумкин?

З.Ҳалилова. Тошкент ш.

 

– Болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари уларни 8 ёшгача тарбиялаган бўлса, иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда белгиланган пенсия ёшини 5 йилга қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (Қонуннинг 12-моддаси «з» банди).

Қуйидаги сабабларга кўра сизга пенсия тайинлашни рад этишлари мумкин:

1) бола 8 ёшга тўлгандан кейин ногиронлиги белгиланганда;

2) 20 йиллик иш стажи мавжуд бўлмаганда.

Болаликдан ногирон болага (I гуруҳ ногиронига ёки ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган, 80 ёшга тўлган қарияларга) қараб турилган вақт ҳам талаб этиладиган 20 йиллик иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Бироқ бу даврлар Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г» бандларида кўрсатилган умумий иш стажи камида 7 йил бўлганда стажга қўшиб ҳисобланади.

Агар иш стажингиз бўлса, болага қараб турган йилларингиз зарур стажга киритилади. 7 йиллик стаж бўлмаганда бу даврлар иш стажига киритилмайди ва, тегишинча, имтиёзли шартлардаги пенсия тайинланмайди.

 

 

10 йил ҳисобга олинмайди

 

Суғурта бадаллари ихтиёрий равишда тўланмаганлиги муносабати билан ишлаш даври охирги 10 йиллик стажга киритилмайдиган ҳолатларни тушунтириб берсангиз. Агар бу давр стажда узилиш бўлган ундан аввалги 10 йилга кўчирилса, бу ҳолда қандай ҳисоб-китоб қилинади? Яна 10 йилга кўчириладими? Стаж узлуксиз бўлиши керакми ёки турли даврларда ишлаган йилларни танлаш мумкинми?

М.О.

 

– Ўзгартиришларга (ВМнинг 27.06.2017 йилдаги 429-сон қарори) мувофиқ, ихтиёрий равишдаги суғурта бадаллари тўланмаганлиги сабабли иш стажига қўшиб ҳисобланмаган даврлар меҳнат фаолиятининг охирги 10 йиллик даврига киритилмайди (252-сон Низомнинг 87-банди).

Амалиётда бу қуйидагича кўриниши мумкин.

Киши 1980 йилдан 1999 йилгача Ўзбекистонда ишлаган. 2000 йилдан 2005 йилгача ишламаган. 2005–2015 йилларда, айтайлик, Россия Федерациясида ишлаган. Бунда РФда ишлаган даврда ЎзР Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишдаги суғурта бадалларини тўламаган.

Янги тартибга кўра пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқаришда ЎзР Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланмаган Россия Федерациясида ишлаган даври (2005–2015 йиллар) меҳнат фаолиятининг охирги 10 йиллик даврига киритилмайди.

Пенсия миқдори иш стажига киритилган меҳнат фаолиятининг бошқа 10 йиллик давридан келиб чиқиб ҳисобланади. Мазкур ҳолда 1989 йилдан 1999 йилгача, сабаби у 2000–2005 йилларда ишламаган.

 

 

Ҳали ҳам кеч эмас

 

Қариндошим болаликдан ногирон фарзандини тарбиялаяпти. У 14 ёшга тўлди. Бу йиллар давомида унинг учун ҳеч қандай ижтимоий нафақа олмаган. Ишини дарҳол ташлашига тўғри келган. Ҳозир у нафақа ёки пенсия сўраб мурожаат қилишга ҳақлими? Бунинг учун қандай ҳужжатлар зарур?

И.Гореева. Тошкент ш.

 

– У болаликдан ногиронлик нафақасини тайинлаш тўғрисидаги ариза билан Пенсия жамғармасига мурожаат қилиши мумкин. У барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда мурожаат қилинган кундан бошлаб тайинланади. Уни ўтган вақт учун олиш ҳуқуқига эга эмас.

Ногирон бола ота-онасининг аризасига қуйидагилар илова қилинади:

 ногирон боланинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

 ногирон боланинг яшаш жойини тасдиқлайдиган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси;

 соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан белгиланган тартибда бериладиган тиббий хулоса;

 ариза берган ота-онанинг паспорти нусхаси (Низомнинг 6, ­9-бандлари, ВМнинг 107-сон қарорига 1-илова).

 

Маълумот учун!

Пенсионернинг ТАНЛАШИГА қараб унга пенсия ёки нафақани ТЎЛАШНИНГ БИР НЕЧТА ШАКЛЛАРИДАН (пластик карточка, банкдаги омонат счёт, нақд пул) фойдаланиб тўлашлари мумкин.

 

 

Фойдали давр

 

Яқинда пенсияга чиқаман. Эшитишимча, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун меҳнат фаолиятининг исталган 5 йилини танлашим мумкин экан. Шу тўғрими?

И.К. Тошкент ш.

 

Ҳа, фақат бутун меҳнат фаолиятидаги эмас, балки, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йилни танлашингиз мумкин (Қонуннинг 31-моддаси 1-қисми). Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун айни шу даврдаги иш ҳақи олинади.

 

 

 

Иш судгача етиб борди

 

Архиви сақланмаган ташкилотдаги иш стажим қўшилмай ҳисобланган пенсияни 6 йил олдим. Ҳозир ўша пайтда мен билан бирга ишлаган иккита гувоҳни кўрсатиб, судга мурожаат қилдим. Суд стажни ҳисобга олиш тўғрисида қарор чиқарди.

Пенсия суммасини қайси вақтдан бошлаб қайта ҳисоблайдилар? У тайинланган кундан бошлабми (яъни ўтган 6 йил учун ҳам) ёки суд қарори қабул қилинган кунданми?

Х.Рўзибоев. Тошкент ш.

 

– Бу суднинг ҳал қилув қарорига боғлиқ. Агар суд муайян корхонада муайян вақт ишлаганлик далилини юридик жиҳатдан белгилаган бўлса, Пенсия жамғармаси бўлимлари пенсияни қайта ҳисоблаш тўғрисида ариза (унга суднинг ҳал қилув қарори илова қилинади) билан мурожаат қилинган ойдан кейинги ойнинг ­1-санасидан бошлаб уни қайта ҳисоблайдилар.

Агар суд Пенсия жамғармаси бўлимининг иш стажини ҳисобга олмаганлигини қонунга зид деб топган бўлса, бир вақтнинг ўзида ушбу стаж қайси санадан бошлаб ҳисобга олиниши кераклиги ҳақида қарор чиқаради.

Суднинг қарорида иш стажи ҳисобга олиниши керак бўлган сана кўрсатилмаган бўлса, ариза берувчи қарор қабул қилган судга тушунтириш беришни, яъни иш стажини ҳисобга олиш санасини аниқлаштиришни сўраб мурожаат қилишга ҳақли.

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР МВ ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш
ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи.

 

 

Вазифалар ва ечимлар

 

Қўллаб-қувватлашни тубдан такомиллаштириш мақсадида

 

Президентнинг 1.08.2017 йилдаги Ф-5006-сон Фармойиши билан ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланди.

 

Ҳужжат билан Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича комиссия ташкил этилди.

Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари сифатида белгиланди:

■ ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни ундаги бўшлиқлар, камчиликлар ва коррупциявий омилларни аниқлаш нуқтаи назаридан инвентаризация ва таҳлил қилиш;

■ ногиронларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳолатини, уларнинг таълим олиш ва ишга жойлашиш ҳуқуқлари амалга оширилишини, шунингдек, ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш соҳасидаги ваколатли органлар фаолиятини танқидий ўрганиш;

■ ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги умум­эътироф этилган нормалар ва стандартларни, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг тавсияларини ўрганиш;

■ тиббий-малакавий комиссиялар ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятини шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, тартиб-таомилларни ўтказишни соддалаштириш ва уларнинг муддатларини қисқартириш мақсадида қайта кўриб чиқиш;

■ ногиронларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш бўйича, биринчи навбатда, ногиронларни иш билан таъминлашга қаратилган ишлар аҳволини таҳлил қилиш;

■ ногиронлар учун протез-ортопедия ва реабилитация техника воситалари ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш ва техник янгилаш, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ўрганишлар ўтказиш ва таклифлар тайёрлаш;

■ ногиронларнинг жамоат транспорти, ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан тўсқинликсиз фойдаланишини таъминлаш ҳолатини таҳлил қилиш;

■ ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш, туғма ва наслий касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш соҳасидаги қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, шунингдек, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни, шу жумладан, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш ишларини тубдан кучайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.

Комиссияга ўзига юклатилган вазифаларни сифатли ва муддатида бажаришни таъминлаш учун ишчи гуруҳлари ташкил этиш (бир ҳафта муддатда), тадбирлар режасини тасдиқлаш ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифларни кириш топширилди (2017 йил 15 сентябрга қадар муддатда).

 

Олег Заманов,

«Norma Online» эксперти.

 

 

Эксперт маслаҳати

 

Пенсионердан солиқ

 

Корхона жисмоний шахсдан савдо майдонини ижарага олади. Ижара тўлови – 29 кв.м учун 480 000 сўм. Ижарага берувчи – II гуруҳ ногирони, пенсионер.

Ушбу вазиятда ЖШДС ушлаб қолиш зарурми?

С.Давлатова, МЧЖ директори.

 

Ҳа, зарур, сабаби ижарага берувчи корхона ходими ҳисобланмайди.

Мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромад мулкий даромад ҳисобланади ва унга ЖШДСнинг белгиланган энг кам ставкасида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 176, 181-моддалари).

II гуруҳ ногиронлари ЖШДСдан қисман – ҳар бир ой учун ЭКИҲнинг 4 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича озод қилиш кўринишидаги имтиёзга эга. Имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки ТМЭКнинг маълумотномаси асосида берилади (Солиқ кодексининг 180-моддаси ­2-қисмининг 5-банди).

Ижарага берувчи пенсионер бўлиб, корхона ходими эмаслиги сабабли жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида ЖШДСни ҳисоблаб чиқаришда имтиёз қўлланади. У ижарага берувчининг яшаш жойидаги солиқ органларига тақдим этилади. Декларация ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелигача топширилади. Корхона ЖШДСни энг кам ставкада (2017 йилда – 7,5%) ушлаб қолади.

Мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга шартномадаги ижара тўлови суммасидан, бироқ белгиланган энг кам ставкалар бўйича ҳисобланганидан кам бўлмаган миқдордан келиб чиқиб ЖШДС солинади.

2017 йилда Тошкент шаҳри бўйича нотурар жой учун ижара тўловининг энг кам ставкаси – ойига 1 кв.м учун 9 000 сўм (27.12.2016 йилдаги ­ПҚ-2699-сон қарорга 26-илова).

Далилга кўра 29 кв.м учун ижара тўлови ойига 480 000 сўмни ташкил этади. 1 кв.м учун ойига – 16 551,72 сўм. Яъни белгиланган энг кам ставкадан кўп. Демак, шартномадаги ижара тўлови суммаси – 480 000 сўмга солиқ солинади:

480 000 х 7,5% = 36 000 сўм ЖШДС.

Корхона ижарага берувчига ҳар ой 444 000 сўм (480 000 – 36 000) тўлайди.

480 000 сўм ЭКИҲнинг 4 бараваридан кам эканлиги сабабли ижарага берувчи корхона ушлаб қолган ЖШДСнинг бутун суммасини бошқа солиқларни тўлаш учун ҳисобга олиши ёки декларация асосида қайтариши мумкин.

Солиқ суммалари солиқ органларига қайтариш тўғрисидаги ариза топширилган санадан эътиборан 30 иш куни ичида қайтарилади (Солиқ кодексининг 57-моддаси).

 

Азизахон Тошхўжаева,

«Norma Online» эксперти.

 

 

P.S.

 

Ўзингизни текширинг

 

Газетамизнинг қанчалик зийрак ўқувчиси эканлигингизни текширадиган вақт келди. Мабодо ниманидир эслолмай қолсангиз, хавотирга тушманг. «Норма маслаҳатчи»ни очиб, билимларингизни такрорлаб олишга доимо имкон бор. Омад ёр бўлсин!

 

1. Пенсия ҳисобланиши учун иш ҳақининг ҳажми қанча бўлиши керак?

а   1 ЭКИҲ.

б   Пенсия тайинлаш ва иш стажини ҳисоблаш учун иш ҳақининг ҳажмига доир алоҳида талаблар мавжуд эмас.

в   Суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги барча даромадлар.

 

2. Пенсияни тўлиқ олиш ҳуқуқига эга бўлган ишлайдиган пенсионерлар тоифасига кимлар киради?

а   Махсус муассасаларнинг ўқитувчилари.

б   Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси ходимлари.

в   «Соғлом авлод» жамғармаси раҳбарлари.

 

3. Қайси ҳолларда кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақа тайинланади?

а   Агар оила ҳар бир оила аъзосига ЭКИҲнинг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромадга эга бўлса.

б   Агар оилада 2 ва ундан ортиқ кичик ёшдаги болалар бўлса.

в   Агар ўртача ойлик жами даромад миқдори 1 ЭКИҲга тенг бўлса.

 

4. Ташкилот раҳбари пенсионерни ишга қабул қилганлиги тўғрисида қайси вақт мобайнида Пенсия жамғармасига хабар юбориши керак?

а   22 иш кунида.

б   3 иш кунида.

в   5 иш кунида.

 

5. Ногиронлик пенсиясидан ёшга доир пенсияга ўтаётганда иш стажи ҳисобга олинадими?

а   Ногиронлик бўйича пенсия тайинлангандан кейинги иш вақти стажга ҳисобланади.

б   Йўқ, ҳисобга олинмайди.

в   Агар ногиронлик ҳарбий мажбуриятни бажараётганда юзага келган бўлса, ҳисобланади.

 

6. Пенсия ҳисобланаётганда туман коэффициенти ҳисобга олинадими?

а   Туман коэффициентини ҳисобга олиб ҳисобланган ҳақиқатдаги иш ҳақи ҳисобга олинади.

б   Ҳа, агар коэффициент охирги 10 йиллик стажнинг 5 йили мобайнида ҳисобланган бўлса, ҳисобга олинади.

в   Йўқ, ҳисобга олинмайди.

 

 

Тўғри жавоблар: 1в, 2б, 3а, 4б, 5а, 6а.

 

Натижалар

 

Ҳар бир тўғри жавоб учун – 1 балл.

Сизнинг натижангиз:

 

6 балл – аъло даражали натижа. Сиз пенсия таъминоти масалаларини яхши тушунасиз.

3-5 баллар – кўп нарсани билар экансиз. Билимларингиз янада юқори бўлиши учун «Норма маслаҳатчи»ни ўқинг ва ҳуқуқ соҳасидаги янгиликлардан доимо бохабар бўлиб туринг.

1-2 баллар – афсус, сиз жуда кам билимга эгасиз. Эсдан чиқарманг, билим – куч демак. Куч-қувват айниқса пенсия ёшида сизга асқотиб қолади. «Норма маслаҳатчи» билан бирга бўлишга ҳаракат қилинг, шунда яхши натижани қўлга киритасиз.

 

Диққат! Ушбу саволларга батафсил жавоблар «Норма маслаҳатчи» газетасининг 23.05.2017 йилдаги 21 ва 18.07.2017 йилдаги 28-сонларида чоп этилган.

 

Мавзувий сонни мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 2309 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика