Norma.uz

Давлат инспектори тўловни қабул қилиш мақсадида терминал билан келади

 

Президентнинг 23.06.2017 йилдаги Ф-4977-сон Фармойиши билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг самарали фаолиятини таъминлашга доир чора-тадбирлар қабул қилинди.

 

Ҳужжатга мувофиқ турар ва нотурар жой фонди, шунингдек электр энергияси ва газ истеъмолини ҳисобга олиш приборлари тўлиқ инвентаризациядан ўтказилади. Унинг натижаларига кўра 1,1 млн электр ҳисоблагичлар электр энергияси истеъмоли ҳисобини назорат қилувчи автоматлаштирилган тизимга (ЭИҲНАТ) уланади, 1,5 млн таси – замонавийларига алиштирилади, 21,5 мингтаси эса илгари ҳисоблагичлар бўлмаган нуқталарга ўрнатилади. Газ ҳисоблагичларининг алмаштирилиши эса тахминан 2,3 млн нуқтани қамраб олади, 903,8 мингта нуқтада ҳисоблагичлар илк бор ўрнатилади. Улар ҳам табиий газни назорат қилувчи ва ҳисобга олувчи автоматлаштирилган тизимга уланади. Бундан ташқари, барча ҳисоблагичларни Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш, электр ва газ таъминоти хизматлари ягона биллинг тизимига бирлаштириш режалаштирилмоқда.

Бунда ҳисобга олиш приборлари энергия таъминоти ташкилотлари ҳисобидан алмаштирилади.

Бошқа тадбирлар билан бир қаторда ташкил этилган Бюрони 4 386 та тўлов терминали билан жиҳозлаш назарда тутилмоқда. Шундан 4 193 та терминал электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини назорат қилувчи давлат инспекторларига берилади. Инспекторларга янада тез ҳаракатланишлари учун мопедлар берилади.

Ҳар қандай хоҳловчи электр энергияси ва табиий газнинг ноқонуний истеъмол қилиниши далиллари ҳақида хабар бера олиши учун 1107 рақамли ишонч телефонини ташкил этиш ҳам режалаштирилмоқда.

Муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилади. Қайта тикланадиган энергия манбаларидан энергия тежовчи технологиялар, шу жумладан ўзимизда ишлаб чиқарилган қуёш панеллари ва батареялари, сув иситиш тизимлари, энергетик жиҳатдан самарали иситиш қозонлари ўрнатилишини қурилаётган кўп хонадонли ва шахсий турар жойлар, шунингдек уларга туташ ҳудудларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларига киритиш мажбурий шарт қилиб қўйилади.

Истеъмолчилар – жисмоний шахсларни амалдаги энергия ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйган ҳолда муқобил энергетика манбаларидан фойдаланганлик учун мол-мулк солиғи ва ер солиғидан озод қилиш ҳам қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этишга доир рағбатлантирувчи чора-тадбирлар сирасига киради.

Шунингдек ижро ишини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш назарда тутилмоқда:

► ижро ҳужжатларида ундирилаётган қарз юзага келган давр кўрсатилади;

► ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш муддати 5 кундан 15 кунга узайтирилади;

► суд ёки бошқа орган қайтарилган ижро ҳужжати келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни давомида унда йўл қўйилган қоидабузарликларни бартараф этиб, уни давлат ижрочисига умумий тартибда такроран йўллаши тартиби белгиланади.

 

Самир Латипов,

«Norma Online» эксперти.

 

 

Норматив лойиҳалар

 

Газни ҳисобга олиш приборлари 48 ойда 1 марта текширилади

 

ҚҲТБТ порталида Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг «Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинди.

 

Лойиҳа қуйидагилар таърифлари билан тўлдирилди:

► газ таъминоти ташкилотлари;

► маиший истеъмолчи;

► текширув ўтказиш ишлари.

Чунончи, маиший истеъмолчи – газ таъминоти ташкилотидан газ харид қилувчи ва ундан маиший эҳтиёжлар учун ёқилғи сифатида фойдаланувчи жисмоний шахс. Юридик шахслар ҳужжат матнидан чиқариб ташланган, тегишинча, Низомнинг янги таҳрири фақат жисмоний шахсларга татбиқ этилади.

Газни ҳисобга олиш приборлари:

► даврий текширувдан;

► навбатдан ташқари текширувдан;

► эксперт текширувидан (фақат суриштирув, тергов, прокуратура органлари ёхуд суд қарори ёки ажрими асосида) ўтказилади.

Лойиҳага биноан даврий текширувлар оралиғидаги интервал 48 ойда 1 мартани ташкил этади (амалдаги Газни ҳисобга олиш приборларини текшириш тўғрисидаги низомда ушбу муддат жисмоний шахслар учун – 4 йилда 1 марта, юридик шахслар учун эса – 2 йилда 1 марта). Шу тариқа, кейинги текширувдан у ўтказилган аниқ календарь санага қараб ўтиш зарур бўлади.

Газ таъминоти ташкилоти текширувлар оралиғидаги интервал тугашидан бир ой олдин текширув ўтказилиши ҳақида хабардор қилади. Ҳисобга олиш прибори ечиб олинган кундан бошлаб 15 кун давомида текшириш ишлари ўтказилиши керак. Истеъмолчи тегишли ишлар бошлангунча текширув ўтказиш ҳақини тўлайди.

Прибор ечиб олингандан кейин, агар газ таъминоти ташкилотида текширувдан ўтган газни ҳисобга олиш приборлари бўлса, ечиб олинганининг ўрнига айирбошлаш фондидаги ҳисоблагични ўрнатиш мумкин бўлади. Бунда истеъмолчига сертификат нусхаси берилади.

Лойиҳага мувофиқ газ таъминоти ташкилотининг ходими ҳисобга олиш приборини ўзи ечиб олади, ечиб олганлик тўғрисидаги далолатнома билан бирга 3 иш куни давомида метрология хизматига топширади ва уни ўзи қайтиб ўрнатади.

Лойиҳага ўзгартириш, қўшимчалар киритилиши ёки у рад этилиши мумкин.

 

 

Моҳина Мирзаева,

«Norma Online» эксперти.

 

 

Мавзуга доир савол

 

Форс-мажор қачон юзага келади

 

Газ етказиб берувчи форс-мажор ҳолатлар юзага келганда уни узатишни чеклаб, бунинг учун жавобгар бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолатларга нималар киради?

А.Аҳмедова.

 

– Шартнома тарафлари газ етказиб бериш-қабул қилишни тўхтатиш ёки камайтиришга ҳақли бўлган ва бунинг учун жавобгар бўлмайдиган форс-мажор ҳолатлар қуйидаги ҳолларда юзага келади:

а) тарафлар олдиндан кўра билиши ва (ёки) олдини олиши мумкин бўлмаган табиий офатлар (зилзила, кўчки, бўрон, қурғоқчилик ва б.) оқибатида зиммаларига олган вазифаларни бажара олмаганда;

б) газ конлари, газ тармоқларида кутилмаган вазиятлар сабабли юзага келувчи аварияларда (Чакана истеъмолчига табиий газ етказиб бериш шартномасининг 9.1-банди).

 

 

 

Хориж тажрибасидан

 

Россияликларни ҳисоблагичларни текширишдан озод қилмоқчилар

 

Росстандарт раҳбари Алексей Абрамов аҳолини УЖКХдаги «текшириш юки»дан озод қилиб, маиший ҳисобга олиш приборларини текшириш мажбуриятини бошқарувчи компанияларга юклашга ундади. Идора раҳбарининг фикрича, бу масалани жорий йилдаёқ ҳал этиш лозим.

 

Агар қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар қабул қилинса, бу ҳисобга олиш приборларини текшириш хизматларини тиқиштириш билан боғлиқ кўплаб товламачилик ҳолларига чек қўяди. Ҳозир фирибгарлар уй-жой мулкдорлари ҳисоблагичлар текширилишини мустақил таъминлашлари шартлигидан фойдаланадилар. Улар уй эгаларига қўнғироқ қиладилар, йўлакма-йўлак юрадилар ва эълонлар ёпиштирадилар, қонунда ёки қандайдир жадвалда белгиланган муддат ўтаётганлиги ва «жамоа» текшируви ўтказилаётганлигини айтадилар. Рад этган фуқароларни эса коммунал маҳсулотлар учун катта миқдор ҳисобланиши билан қўрқитадилар. Идорада айтишларича, аслида «жамоа» текширувларини ўтказишнинг иложи йўқ – ҳар битта ҳисобга олиш приборини текширишнинг ўз муддати бор.

Шу муносабат билан амалдорлар ҳатто расмий мурожаат ҳам қилиб, кўп квартирали уйлар аҳлини фирибгарларнинг янги схемаси ҳақида огоҳлантирдилар: қўнғироқлар ўрнига УЖКХ учун расмий квитанцияларга жуда ўхшаш бланкаларда пўписа қилинган хатлар келмоқда.

Уй-жой-коммунал бизнес экспертлари амалдорлар ғоясини баҳсли деб топдилар. Бир томондан, оддий одамлар текширув ўтказишга ҳақли ташкилотни излаш, кейин эса устани соатлаб кутиш ташвишидан қутуладилар (квартирага уста эмас, ўғри кириб келса-чи?). Бошқа томондан – янги модель уй аҳли учун қўшимча харажатни юзага келтириши – уйни сақлаш харажатларини ошириши хавфи мавжуд. Зеро уй бошқарувчилари янги ишни текинга бажармайдилар. Бунинг устига, бошқарувчи компаниялар суиистеъмолчиликлар қилишини истисно этиб бўлмайди.

Экспертларнинг таъкидлашича, янги модель жорий этилиши билан фирибгарлар сони камайиши кутилмоқда. Ҳар бир бошқарувчи компания қайси квартирада қачон текширувлар оралиғидаги интервал ўтишини аниқ (ҳатто кунигача) билади. Уй бошқарувчилари аккредитацияланган тузилмалар мутахассисларини аниқ манзилларга жўнатадилар. Фуқаронинг фирибгарга йўлиқиши истисно этилади.

«Энергияни тежаш тўғрисида»ги қонунга тегишли тузатишларни 2017 йил кузигача ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

 

Интернет тармоғи материалларидан.

 

 

 

Ҳуқуқий саводхонлик мактаби

 

Пломба носозлиги учун ким жавоб беради?

 

Туман электр таъминоти корхонаси менга тегишли компаниядан ҳисобга олинмаган электр энергияси ҳажмининг йирик миқдордаги қийматини ундириш ҳақида даъво тақдим этди.

Гап шундаки, ТЭТК ходимлари навбатдаги айланиб чиқиш чоғида корхонамдаги ҳисоблагичнинг ҳолатини ўрганиб, клемма қопқоғи ва пломба жойида бўлмаганлиги учун Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги тўғрисида далолатнома тузганлар. Аслида ТЭТКнинг бошқа ходимлари ҳисоблагични бундан олдин кўздан кечираётганларида ҳисоблагич клеммаси қопқоғи ундаги шикастланмаган пломба билан бирга тушиб кетган. Клемма қопқоғидаги пломбага зиён етмаган, сабаби у фақат қопқоққа маҳкамланган эди. Бундан ташқари, ТЭТК ходимлари далолатномада биз қонун ҳужжатларининг қандай нормаларини бузганлигимизни кўрсатмаганлар. Бундай вазиятда ТЭТКнинг даъво қилиши тўғрими?

С.Ю.

 

– Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг (ВМнинг 22.08.2009 йилдаги 245-сон қарорига 1-илова) ­63-бандига мувофиқ: «Истеъмолчининг (маиший истеъмолчидан ташқари) айби билан ҳисобга олишни назорат қилиш прибори шикастланишига (пломбаси бузилишига, ойнасининг синишига ва шу кабиларга) йўл қўйилган тақдирда ... ҳудудий электр тармоқлари корхонаси вакили белгиланган шакл бўйича қоидани бузиш далолатномасини тузади». Қоидаларнинг мазкур бандида ушбу далолатнома асосида ҳисобга олишни назорат қилиш прибори истеъмолчининг айби билан шикастланган (пломбаси бузилишига йўл қўйилган, ойнаси синган ва шу кабилар) ёки айланиб чиқишда кўз билан кўриб аниқланадиган энергия бошқа усулда ўғирланган тақдирда, охирги марта айланиб чиқилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатда истеъмолчи электр тармоғидан узиб қўйилиши ва энергия таъминоти шартномасида кўрсатилган истеъмолчининг иш соатлари сони ҳисобга олинган ҳолда электр қабул қилгичларнинг уланган қуввати бўйича ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори қиймати ҳисоб-китоб қилиниши ҳам назарда тутилган. Яъни Қоидаларда истеъмолчининг ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлари билан электр таъминоти корхонасига етказилган зарар электр ҳисоблагич одатдагидек ишлаганда электр энергиясининг энг кўп сарфиётидан келиб чиқиб қопланиши белгиланган.

Айни пайтда истеъмолчининг айби (атайлаб қилган ёки эҳтиётсизлик оқибатидаги хатти-ҳаракатлари) исботланиши керак. Унинг айби муайян ҳолатлардан, ҳисоблагични кўздан кечиришдан келиб чиқиб тўпланган ҳақиқатдаги маълумотлар асосида исботланади.

Сизнинг ҳолатда пломба шикастланмаган бўлса, клемма қопқоғини атайлаб ёки билмасдан очишдаги айбингизни тўғридан-тўғри исботлаб бўлмайди, сабаби пломба клемма қопқоғини берухсат очишдан тўсиш учун мўлжалланган. Бундай вазиятларда ҳисобга олинмаган электр энергияси ҳажми қийматини Қоидаларнинг 65-бандига мувофиқ ҳисоблаш лозим. Унда назарда тутилишича: «Электр энергиясини ҳисобга олиш истеъмолчининг айбисиз вақтинчалик бузилганда етказиб берилган қилинган электр энергияси учун ҳисоб-китоб ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг қарори бўйича, ҳисобга олиш бузилишига қадар бўлган олдинги ҳисоб-китоб давридаги ёки ҳисобга олиш тиклангандан кейинги даврдаги ўртача суткалик сарф бўйича амалга оширилади».

Туман электр таъминоти корхонаси ходимлари далолатномада қонун ҳужжатларига ҳавола қилмай, юқоридаги Қоидаларнинг 2-бандини бузганлар, унда ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан вакил қилинган шахс белгиланган намунадаги далолатномани расмийлаштириши назарда тутилган. Ўз навбатида белгиланган намунада истеъмолчи бузган нормага ҳавола қилиш талаб этилган устун бор.

Бундан ташқари, агар сиз ҳисоблагич кўрсаткичларини камайтириш ниятида уни атайин очганингизда ҳисоблагич уланган электр истеъмоли ҳисобини назорат қилувчи автоматлаштирилган тизим (ЭИҲНАТ) унинг ишига аралашганлик ва ҳисобга олиш прибори кўрсаткичлари камайтирилганлигини қайд этиши лозим эди. Агар бундай ҳолат аниқланмаган бўлса, бу сиз қоидабузарликка йўл қўймаганингизнинг яна бир исботи бўлади.

Бунинг устига, Қоидаларнинг 120-бандида айтилишича, айланиб чиқишда кўз билан кўриб аниқланадиган қоида бузишларга йўл қўйилган тақдирда охирги марта айланиб чиқилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатдаги давр учун ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори қиймати ҳисоб-китоб қилинади. Бироқ Қоидаларда ҳам, бошқа бирон-бир норматив ҳужжатда ҳам айланиб чиқишлар даврийлиги белгиланмаганлиги, даъво муддати эса 3 йилни ташкил этишини ҳисобга олиб, ТЭТК ходимлари охирги марта қачон ҳузурингизга келганларини аниқ белгилашни тавсия этамиз. Айланиб чиқиш далили, у ўтказилган сана ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишда фойдаланишингиз учун ҳужжатлар билан қайд этилган бўлиши керак.

Афсуски, электр таъминоти корхоналарининг инсофсиз ходимлари ҳуқуққа зид хатти-ҳаракат қилган бўлишлари ҳам мумкин. Бундай ходимлар жаримадан қочиш мақсадида истеъмолчи билан келишиб олиш ниятида ҳисоблагичлардаги пломбаларни атайин узиб ташлаган ёки бошқа йўл билан бузган ҳоллар учраган.

Кўрсатилган далиллардан фойдаланган ҳолда судга ёки Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига мурожаат қилиб, қонуний ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишингиз мумкин. Қўмита бу сингари истеъмолчилар манфаатлари бузилиши ҳолатларини индивидуал тартибда кўриб чиқади ва электр таъминоти корхоналарига ноқонуний талабларини бекор қилиш тўғрисида кўрсатмалар юборишга ҳақли.

Шу билан бирга, истеъмолчилар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бошқа ташкилотларга ҳам мурожаат қилишлари мумкин. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бўлинмалари ана шу вазифани бажарадилар.

Ҳисоблагич носозлигида ТЭТК ходимларининг ўзи айбдорлиги хусусида шубҳангиз бўлса, бу ҳақда электр энергиясини етказиб берувчига тўғридан-тўғри хабар беринг ёки ТИИБ ёхуд прокуратурага мурожаат қилинг.

Шикастланган электр ҳисоблагични қонунчиликда белгиланган тартибда ҳамда етказиб берувчи билан хизмат истеъмолчиси ўртасидаги шартнома шартларига мувофиқ тиклаш лозимлигини назарда тутинг.

 

Рустамбек Жанабаев,

«Victory Yurconsalt» МЧЖ юрисконсульти.

 

 

 

Таҳририят почтасидан

 

Жониворлар учун эгаси масъул

 

Тепа қаватда яшовчи қўшнимизнинг учта мушуги ва битта ити бор. Ит кўпинча вовуллаб, атрофдаги ҳаммани безовта қилади. Қўшним уларга бақиради, уларни уради, кўпинча кўчага чиқариб юбориб, уйига киргизмайди. Улар оч-наҳор, қаровсиз аҳволда юрадилар, кўпинча йўлакда ухлайдилар. Ҳайвонларнинг эгаси танбеҳимизга жавобан: «Сизнинг ишингиз бўлмасин. Менинг ҳайвонларим, ҳушимга келганини қиламан» дейди.

Ҳайвонлар билан бундай муомала қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилганми? Уларни кўп квартирали уйларда сақлашга оид қандайдир қоидалар мавжудми? Агар эгаси лозим даражада парвариш қилишга қодир бўлмаса, шунча ҳайвонга эга бўлиши мумкинми?

Н.Сувонова.

 

Кўп қаватли уйнинг алоҳида квартирасида қўшниларнинг ва ХУМШнинг розилиги билан биттадан ортиқ бўлмаган итни ва битта мушукни сақлашга рухсат берилади (Қоидаларнинг 9-банди, ВМнинг 8.07.2011 йилдаги 202-сон қарорига 4-илова). Итлар очиқ жойларда сайр қилдирилганда ва турар жой биноларида итларнинг эгалари тинчлик сақланишини таъминлашлари – эрталаб соат 8.00 гача ва кечқурун 22.00 дан кейин итларнинг вовиллашининг олдини олишлари керак (Қоидаларнинг 10-банди).

Ҳайвон уй аҳлига тинчлик бермаса, уларнинг норозилигини келтириб чиқарса, эгасидан суднинг қарорига кўра ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар бўйича олиб қўйилиши мумкин (Қоидаларнинг 18-банди).

Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ит ва мушук боқишнинг қоидаларини бузиш, худди шунингдек мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни туттириш чораларини кўрмаганлик фуқароларга ЭКИҲнинг 1/10 қисмидан 1/2 қисмигача, мансабдор шахсларга эса – 1/2 қисмидан 1 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик фуқароларнинг соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етишига олиб келса, фуқароларга ЭКИҲнинг 1/2 қисмидан 1 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 1 бараваридан 2 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 110-моддаси).

Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш ЭКИҲнинг 1/2 қисмидан 2 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 111-моддаси).

 

 

Жамғармаларнинг бир қисмини беришлари лозим

 

ХУМШда айтишларича, биз кўп квартирали уйдаги турар жойларнинг мулкдорлари ва шу билан бирга ўз ҳисобимиздан тутиб туришимиз керак бўлган умумий мол-мулк эгалари ҳисобланар эканмиз. Турар жой мулкдорларининг умумий мол-мулкига нималар киришидан бехабармиз. Ширкат мол-мулкка эга саналадими, унга нималар киради?

Уйимиз аҳли катта ХУМШ таркибидан чиқиб, бир уйли ширкат ташкил этишга қарор қилди. Ширкат мол-мулкининг қайсидир қисмига даъвогарлик қилишга ҳақлимизми?

А.Пак.

 

– Қуйидагилар турар жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулки ҳисобланади:

► кўп квартирали уйнинг умумий жойлари (масалан, холлар, аравачалар қўйиладиган жойлар, ахлат камералари хоналари ва ҳ.к.);

► таянч ва тўсиқ конструкциялар (масалан, балконлар, пешайвонлар деворлари, пардеворлари, конструкциялари, фасадларнинг ойнаванд жойлари);

► квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўралма) пиллапоялар;

► зинапоялар (йўлакдаги, ташқи, бинога кириш жойларидаги);

► лифтлар;

► лифтнинг шахталари ва бошқа шахталар (масалан, вентиляцион);

► даҳлизлар;

► техник қаватлар;

► ертўлалар;

► чердаклар ва томлар;

► уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари;

► жойлар ташқарисида ёки ичида жойлашган ва биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар ва қурилмалар («Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддаси).

Ширкатнинг мол-мулки:

► ширкатнинг пул маблағлари;

► бинолар;

► иншоотлар;

► ускуналар;

► асбоб-анжомлар;

► транспорт воситалари ҳамда ХУМШ маблағлари ҳисобига ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа усулларда олинган ўзга мол-мулкдан, шунингдек ширкатнинг ер участкасидаги кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш элементларидан иборат бўлади.

Ширкатнинг пул маблағлари қуйидагилардан таркиб топади:

► ширкат аъзоларининг мажбурий бадаллари;

► ширкат аъзоларининг ихтиёрий бадаллари;

► юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайриялари;

► тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар (фойда);

► қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар ва тушумлар.

Алоҳида кўп квартирали уйдаги жой мулкдорлари ширкат аъзолигидан чиққан тақдирда, бу кўп квартирали уйни капитал таъмирлаш учун жой мулкдорлари томонидан маблағларни мақсадли жамғариш ҳисобига тўпланган ширкат пул маблағларининг бир қисми янги тузилаётган ширкатга белгиланган тартибда ўтказилиши керак (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 37-моддаси).

 

 

Бадал ўрнига қурилиш материаллари

 

Квартирамни таъмирлаганимдан кейин қолган бўёқ, бошқа қурилиш материалларини ширкат мажбурий бадалнинг бир қисми ўрнига қабул қила оладими? Айни пайтда у йўлакларни таъмирламоқчи. Агар шундай вариантни қўллаб бўлса, материалларнинг касса чеклари бўлмаганда у қандай нархларда қайта ҳисоб-китоб қилади?

Т.Саидқосимов.

 

– Айрим ҳолларда ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилиши жой мулкдори томонидан мажбурий бадалларнинг бир қисмини тўлашнинг пул шаклини унинг умумий харажатлардаги иштирокининг бошқа турларига алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин (Қонуннинг 30-моддаси). Яъни ширкат ХУМШ аъзосидан унинг мажбурий бадали ўрнига қурилиш материалларини қабул қилиш мумкин. Бироқ бунда, бир неча марта ёзганимиздек, муайян механизмга риоя этиш шарт. Агар йўлакларни таъмирлаш режалаштирилган, смета билан ҳисобланган бўлса, ширкат сиздан материалларни қабул қилиб, унинг доирасидан чиқмайди. Агар у бадалларингиз миқдорини камайтириб, материалларни ғамлаб қўйса, қандайдир режалаштирилган ишга пули етмаслиги мумкин.

Агар ширкат касса чекисиз бадаллар ҳисобига қурилиш материалларини қабул қилган бўлса, қайта ҳисоб-китоб қилаётганда жорий даврдаги бозор нархларидан келиб чиқиши шарт. Бунинг учун шунга ўхшаш материалларни сотувчи бир нечта дўконга қўнғироқ қилиб, мониторинг ўтказишингиз ва уларни аризангизда қайд этишингизга тўғри келади. ХУМШ бошқаруви ҳам худди шу ишни қилиши лозим. Шундан кейин тарафлар ягона фикрга келиб, буни баённомада акс эттирадилар. 

УЖКХ: тарифлар

 

 

Коммунал хизматлар нархлари ўзгарди

 

Июль ойининг иккинчи ярмидан коммунал хизматлар истеъмолчилари учун тарифлар яна оширилди. «Ўзтрансгаз», «Ўзбекэнерго», Тошкент шаҳар «Сувсоз» ДУК ва «Тошиссиққуввати» ИЧБ УК ўзларининг расмий сайтларида янги нархлар тўғрисида хабар бердилар. 

 

 

Жорий йилнинг 15 июлидан табиий газга янги тарифлар жорий этилди.

 

1. Аҳоли томонидан фойдаланилган табиий газ учун тарифлар*

Т/р

 

Номи

 

Ўлчов бирлиги

 

Тариф

 

Аҳолига етказиб бериладиган газ:

 

1.1

 

газ ўлчагичи бор бўлганда

 

10 м3

 

2 634,00 сўм

 

1.2

 

газ ўлчагичи йўқ бўлганда:

овқат пишириш ва иссиқ сув таъминоти учун

10 м3

 

4 555,10 сўм

 

иситиш учун*

 

10 м3

 

2 112,45 сўм

 

 

 

2. Газ ўлчагичлари йўқ ҳолатда коммунал-рўзғор эҳтиёжларига ишлатиладиган газ учун тарифлар

Т/р

 

Истеъмолчи тавсифи

 

Ўлчов бирлиги

 

Тариф бўйича тўловлар

 

йиллик*

 

ойлик

 

2.1

 

Марказий (якка) иссиқ сув таъминоти бор уйларда овқат пишириш газ плиталари

 

бир яшовчидан – 11,0 м3

 

60 127,20 сўм

 

5 010,60 сўм

 

2.2

 

Газда сув иситиш ускунаси ҳамда марказий иссиқ сув таъминоти йўқ уйларда овқат пишириш газ плиталари

 

бир яшовчидан – 15,0 м3

 

81 991,80 сўм

 

6 832,65 сўм

 

2.3

 

Марказий иссиқ сув таъминоти бўлмаган ёки вақти-вақти билан ишлайдиган иссиқ сув таъминоти бор уйларни иссиқ сув билан таъминлаш учун газли иситгичлар

 

бир яшовчидан – 16,0 м3

 

87 457,80 сўм

 

7 288,15 сўм

 

2.4

 

Иситиш газ ускуналари туридан қатъи назар, уй ва квартираларни 5 ойлик иситиш мавсуми давомида иситишда газдан фойдаланганлик учун ойига:

 

иситиладиган хонанинг 1 м3 учун

 

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси ва

Хоразм вилоятида

хонанинг 1 м3 учун – 6,0 м3

 

6 337,25 сўм

 

1 267,45 сўм

 

Тошкент шаҳри ва

бошқа вилоятларда

хонанинг 1 м3 учун – 5,76 м3

 

6 083,75 сўм

 

1 216,75 сўм

 

2.5

 

Дағал ва илдизмевали озуқаларни буғлаш ҳамда ичириш ва санитария мақсадлари учун сув иситишни ҳисобга олган ҳолда ҳайвонларга озуқа тайёрлаш

 

1 бош:

 

 

 

отга – 5,6 м3

 

30 610,20 сўм

 

2 550,85 сўм

 

сигирга – 23,7 м3

 

129 547,20 сўм

 

10 795,60 сўм

 

қўй (эчки)га – 2,2 м3

 

12 025,20 сўм

 

1 002,10 сўм

 

чўчқага – 12,5 м3

 

68 326,80 сўм

 

5 693,90 сўм

 

 

 

*Иситиш ҳақи 5 ойлик иситиш мавсуми давомида тўланади.

 

Шунингдек 15 июлдан электр энергияси тарифлари оширилди.

I

гуруҳ

Саноат ва уларга тенглаштирилган истеъмолчилар, уланган қуввати 750 кВА ва ундан юқори.

Икки ставкали тариф:

бир йилга 1 кВт энг юқори юклама учун тўлов

 

336 000 сўм

 

1 кВт-соат истеъмол қилинган энергия учун тўлов

 

158 сўм 10 т.

 

II

гуруҳ

Саноат ва уларга тенглаштирилган истеъмолчилар, уланган қувват 750 кВАгача

 

Бир ставкали тариф

 

204 сўм 30 т.

 

III

гуруҳ

Ишлаб чиқариш қишлоқ хўжалиги истеъмолчилари, шу жумладан бюджетдан молиялаштириладиган насос станциялари

 

204 сўм 30 т.

 

IV

гуруҳ

Электрлаштирилган темир йўл ва шаҳар транспорти (электр тортиш)

 

204 сўм 30 т.

 

V

гуруҳ

Носаноат истеъмолчилар, бюджет ташкилотлари, шаҳар кўчаларини ёритиш

 

204 сўм 30 т.

 

VI

гуруҳ

Савдо ташкилотлари, кафе, ресторанлар ва хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари

 

208 сўм 50 т.

 

VII гуруҳ

 

Аҳоли, аҳоли пунктлари

 

204 сўм 30 т.

 

Электр плиталар билан жиҳозланган турар жой аҳолиси

 

102 сўм 15 т.

 

VIII гуруҳ

 

Иситиш, иссиқ сув билан таъминлаш ва совутиш (кондициялаш) эҳтиёжларига ишлатиладиган электр энергияси

 

215 сўм 60 т.

 

IX

гуруҳ

Реклама ва иллюминация

 

215 сўм 60 т.

 

X

гуруҳ

Энергетика тизимининг хўжалик эҳтиёжларига

 

204 сўм 30 т.

 

 

 

Ушбу тарифлар ҚҚС билан ўрнатилган ва Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган (29.06.2017 йилдаги 19-03-22-06-РУз-29-2017-сон реестр).

 

21 июлдан иссиқ ва совуқ сув таъминотига янги тарифлар амалга киритилади.

 

Юридик шахслар учун иссиқлик энергиясига корхоналар ва ташкилотлар учун улгуржи тариф Гкал учун 68 700 сўм (ҚҚСсиз) ёки Гкал учун 82 440 сўм (ҚҚСни ҳисобга олиб) миқдорида белгиланган.

Иссиқ сувни ҳисобга олиш приборларига эга бўлмаган юридик шахслар (кўп квартирали турар жойларда жойлашганларидан ташқари) учун иссиқлик энергияси икки баравар оширувчи коэффициентни қўллаган ҳолда етказиб берилади.

 

Аҳоли учун қуйидаги тарифлар белгиланади:

► марказий иситиш – иситиладиган 1м2 майдон учун 1 323,86 сўм;

► иссиқ сув таъминоти:

ҳисобга олиш прибори бўлганда – 1 м3 сув учун 3 915,9 сўм;

ҳисобга олиш приборларисиз – бир кишидан ойига 15 292,52 сўм;

умумий душхонали ётоқхоналарда – бир кишидан 11 376,16 сўм.

 

Пойтахтда водопровод ва шаҳар канализациясидан фойдаланганлик учун 1 м3 учун қуйидаги миқдорда тўлашга тўғри келади:

► водопровод суви – 285 сўм;

► канализация хизматлари – 155 сўм.

Кўп квартирали уйлар квартираларида ҳисоблагич бўйича ҳақ тўлаганда 1 м3 қиймати қуйидаги миқдорни ташкил этади:

► марказлаштирилган иссиқ сув таъминоти бўлган – 500 сўм;

►  марказлаштирилган иссиқ сув таъминоти бўлмаган – 345 сўм.

Хусусий секторда 1 м3 сув учун тариф қуйидаги миқдорни ташкил этади:

► канализацияли уйларда – 345 сўм;

► канализациясиз уйларда – 190 сўм.

 

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 1639 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика