Norma.uz

Оширилган ставкадаги қарз

 

Ўзбекистон Марказий банки жорий йилнинг 28 июнидан бошлаб қайта молиялаштириш ставкасини йиллик 14%гача оширди. Ушбу қарор қабул қилинишини инфляция суръатларининг тезлашиши ва инфляция хатарлари ошишини чеклаш зарурати тақозо этди.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йил 1 январдан буён 9%лик қайта молиялаштириш ставкаси амал қилар эди.

 

МБ матбуот хизмати: «Истеъмол бозоридаги нархлар барқарорлашишига ва инфляция хатарлари камайишига қараб қайта молиялаштириш ставкаси камайтириш томон қайта кўриб чиқилиши мумкин».

 

Қайта молиялаштириш ставкасининг оширилиши солиқ солишга қандай таъсир кўрсатади?

2017 йил 1 январдан бошлаб фоизсиз қарз олинаётганда қарз олувчининг даромади қарзни олиш санасидаги Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади (Солиқ кодексининг 135-моддаси).

Қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлган ставкада фоизлар тўлаш шарти билан берилган қарзлар бўйича даромад ҳам шундай аниқланади. Қарз олувчининг даромади МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси билан қарз шартномасида назарда тутилган ставка ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади.

2017 йил 28 июндан бошлаб олинган фоизсиз қарзлар бўйича қарз олувчиларнинг даромади 14%лик ставкадан келиб чиқиб аниқланади.

 

 

Қайта молиялаштириш ставкаси ошиши муносабати билан юзага келиши мумкин бўлган саволларга жавоб берамиз.

 

Юридик шахслар 2017 йил 28 июндан бошлаб қарз бераётганда қарз шартномасида камида 14%лик фоиз ставкасини белгилашга мажбурми?

 

– Йўқ, Солиқ кодексининг 135-моддаси қоидалари билан хўжалик юритувчи субъектларга қарз шартномалари бўйича фоизларни МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлмаган миқдорда белгилаш мажбурияти юклатилмаган.

Фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кўра, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади. Қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади (ФКнинг 1, 354, 734-моддалари). Қарз шартномалари бўйича фоизлар қарз олувчидан мажбурий ундирилиши қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.

Шу сабабли юридик шахслар қарз шартномаси бўйича фоиз ставкасини мустақил равишда ҳамда тарафлар келишган исталган миқдорда белгилашга ҳақли.

 

2017 йил 28 июнгача, яъни ошишидан аввал олинган фоизсиз қарзлар бўйича қарз олувчининг даромади қайта молиялаштиришнинг қандай ставкасида аниқланиши керак?

 

– Солиқ кодексининг 135-моддасига мувофиқ, фоизсиз қарзлар ва қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлган ставкада фоизлар тўлаш шарти билан берилган қарзлар бўйича қарз олувчининг даромадини аниқлашда қарзни олиш санасидаги МБ томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкаси қўлланади.

Яъни 2017 йил 28 июнгача олинган фоизсиз қарзлар бўйича қарз олувчининг даромади уларни олиш пайтида амал қилган қайта молиялаштириш ставкаси – 9%дан келиб чиқиб аниқланиши лозим.

 

Агар 2017 йил январда олинган фоизсиз қарз бўйича 9%лик фоиз ставкаси белгиланган бўлса, МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси 14%гача оширилиши муносабати билан қарз олувчи 2017 йил 28 июндан бошлаб даромадни МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси (14%) билан қарз шартномасида назарда тутилган фоиз ставкаси (9%) ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб аниқлаши шартми?

 

– Йўқ, шарт эмас.

Қарз олувчининг даромадини аниқлаш чоғида қарзни олиш санасида белгиланган МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси асос сифатида қабул қилинади. 2017 йил январда 9% миқдоридаги МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси амал қилган эди.

 

Агар фоизсиз қарз шартномаси қайта молиялаштириш ставкаси ошгунига қадар (масалан, 2017 йил 27 июнда) тузилган, қарз маблағларини эса қарз олувчи ставка ошганидан кейин (айтайлик, 29 июнда) олган бўлса, унинг даромади МБнинг қандай қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиқиб аниқланиши керак?

 

– Солиқ кодексининг 135-моддаси талабларидан келиб чиқилса, қарз олувчининг даромадини аниқлаш чоғида шартномани тузиш санаси эмас, балки қарзни олиш санаси ҳисобга олинади.

Шу сабабли қарз олувчининг ҳисоб-китоб счётига қарз пул маблағлари бевосита келиб тушган санани эътиборга олиш лозим.

Агар у 2017 йил 28 июнда ёки ушбу санадан кейин, яъни қайта молиялаштириш ставкаси оширилгандан сўнг қарз олувчининг ҳисоб-китоб счётига келиб тушган бўлса, қарз олувчининг даромади 14%лик ставкада аниқланиши керак.

Солиқ кодексининг 135-моддаси қоидалари қарз шартномалари бўйича товарларни беришга ҳам татбиқ этилади. ФКнинг 732-моддасига мувофиқ, қарз шартномаси бўйича нафақат пул, балки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёлар ҳам берилиши мумкин, қарз олувчи уларни қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб қайтариб бериши шарт.

Товар қарз олувчига берилишига асос бўлган товарга илова қилинувчи ҳужжатлар асосида товар қарзи бўйича олиш санаси аниқланади. Масалан, ҳисобварақ-фактура ёки қабул қилиш-топшириш далолатномаси санасидан келиб чиқилади.

 

Агар қарз шартномасига кўра қарз маблағларининг бир қисми қайта молиялаштириш ставкаси оширилгунча, бошқа қисми эса – ундан кейин келиб тушган бўлса, қарз олувчининг даромади қандай аниқланади?

 

– Бу саволга жавобни шартли мисол ёрдамида кўриб чиқамиз.

 

Иккита юридик шахс 100 млн сўмлик суммадаги фоизсиз қарз шартномасини тузди. Қарз олувчи маблағларнинг бир қисмини (60 млн сўм) 2017 йил 25 июнда, қолган 40 млн сўмни эса – 28-нчида олди. Шартномага кўра қарз олувчи қарзни 2017 йил 31 декабрда қайтариши керак.

 

Қарз олувчилар – фойда солиғини тўловчилар ҳам, ЯСТни тўловчилар ҳам – фоизсиз қарзлар бўйича солиқ солинадиган даромадни ҳар чоракда, уни тўлиқ сўндиргунга қадар қарздан фойдаланадиган бутун давр учун ортиб борувчи якун билан белгилашлари шарт.

Мисолда қарз қисмлаб ва ҳар хил кунларда олинганлиги сабабли қарз олувчининг даромадини унинг ҳар бир қисми бўйича алоҳида аниқлаш керак бўлади.

 

2017 йил II чораги учун

II чоракда қарз олувчи қарз маблағларидан қуйидагича фойдаланган:

25 июнда олинган 60 млн сўмдан – 6 кун давомида;

28 июнда олинган 40 млн сўмдан – 3 кун давомида.

 

Қарзнинг 60 млн сўмлик қисми олинган пайтда (25 июнда) йиллик 9%лик қайта молиялаштириш ставкаси амал қилган. Қарзнинг 40 млн сўмлик қисми олинган пайтда (28 июнда) эса – йиллик 14%.

 

Қайта молиялаштиришнинг тегишли ставкасидан келиб чиққан ҳолда олинган қарзнинг ҳар бир қисми бўйича қарз олувчининг даромадини аниқлаймиз:

60 000 000 сўм х (9% / 365 кун х 6 кун) = 88 767,12 сўм;

40 000 000 сўм х (14% / 365 кун х 3 кун) = 46 027,4 сўм.

2017 йил II чораги учун қарз олувчининг фоизсиз қарз бўйича солиқ солинадиган даромади 134 794,52 сўмни (88 767,12 + 46 027,4) ташкил этади.

 

2017 йил III чораги учун

2017 йил III чораги давомида қарз олувчи 92 календарь кун фоизсиз қарздан фойдаланади. Бу даврда унинг даромади суммаси:

60 000 000 сўм х (9% / 365 кун х 92 кун) = 1 361 095,89 сўм;

40 000 000 сўм х (14% / 365 кун х 92 кун) = 1 411 506,85 сўмни ташкил этади.

2017 йил III чораги учун қарз олувчининг фоизсиз қарз бўйича солиқ солинадиган даромади 2 772 602,74 сўмни (1 361 095,89 + 1 411 506,85) ташкил этади.

Қарз олувчининг III чорак учун солиқ ҳисоб-китобларига ортиб борувчи якун билан киритиладиган даромади умумий суммаси 2 907 397,26 сўмга (134 794,52 + 2 772 602,74) тенг бўлади.

 

Қарз олувчининг йил якунларига кўра даромади ҳам худди шундай тартибда аниқланади.

Фойда солиғини тўлайдиган қарз олувчи фоизсиз қарз бўйича даромад суммасини бошқа даромадлар таркибида жами даромадга киритиши шарт (Солиқ кодексининг 129-моддаси).

ЯСТни тўлайдиган қарз олувчи эса ушбу даромад суммасини солиқ солинадиган ялпи тушумга киритиши ва унга асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ЯСТ ставкасида солиқ солиши керак (Солиқ кодексининг 355-моддаси 2-қисми 2-банди).

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1510 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика