Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 30 / Мустақиллик меваси

Тараққиётимизнинг қудратли намойиши

 

Ўзбекистонда биринчи автомобиль ишлаб чиқарилганига 21 йил тўлди

 

Бундан чорак аср муқаддам тез орада мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий автомобиллар йўлларимизни тўлдириб юради, деса, биров ишонмасди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан қисқа фурсатда қурилган автомобиль заводи мустақиллик йилларида мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бирига айланди. Ўзбекистон дунёда ўз автомобиль саноатига эга саноқли мамлакатлардан бири бўлиш билан бирга, бу тармоқни муттасил ривожлантириб бормоқда.

 

Асака автомобиль заводида дастлаб «Damas», «Nexia» ва «Tico» русумли автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2008 йилда мазкур завод негизида «GM Uzbekistаn» қўшма корхонаси ташкил этилди. Бу мамлакатимиз автомобилсозлик саноатининг янги даврини бошлаб берди. Бугунги кунда Chevrolet бренди остида ишлаб чиқарилаётган «Spark», «Laсetti», «Cobalt», «Orlando», «Сaptiva», «Labo», «Malibu» каби халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий автомобиллар нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам харидоргир.

Ўтган йилдан эътиборан Т-250 лойиҳаси доирасида «Еvro-5» талабларига мос «Ravon» бренди остидаги дастлабки «Neхia-R3» автомобиллари харидорларга етказиб берила бошланди. Италия технологияси асосида метан газига мослаштирилган «Laсetti» ишлаб чиқариш бўйича дастлабки қадам қўйилди.

Ўнлаб халқаро стандартлар билан тақдирланган «GM Uzbekistan» АЖ автомобиллари дастлаб Россия, Қозоғистон, Беларусь, Украина, Грузия, Туркманистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Арманистон ва Молдова каби 10 дан зиёд мамлакатга экспорт қилинган бўлса, ҳозир улар сафига Гана, Кот-д’Ивуар, Иордания, Ливан, Габон, Ливия, Кабо-Верде, Ироқ, Сенегал, Нигерия, Мадагаскар, Афғонистон, Тожикистон каби давлатлар ҳам қўшилган. Экспорт географиясини янада кенгайтириш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Йилига 300 мингга яқин автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга «GM Uzbekistan» АЖда бугунги кунда 10 мингдан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг 70 фоизи ёшлардир.

Республика Президентининг жорий йил 26 майдаги «Женерал Моторс Ўзбекистон» АЖ ишлаб чиқараётган маҳсулотларга нархлар шаклланишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида шу йилнинг 1 июнидан бошлаб «GM Uzbekistan» АЖнинг барча автомобиль моделларини ички бозорда миллий валюта – сўмга сотиш йўлга қўйилди.

Ички бозорда автомобилларни сотиш бўйича электрон база шакллантирилган. У 2 босқичда амалга оширилади. Дастлабки босқичда харидорлардан электрон аризаларни қабул қилиш ва электрон навбат йўлга қўйилган бўлиб, иккинчи босқичда ягона портал орқали шартномалар расмийлаштирилади.

Мамлакатимиз автомобилсозлик саноатида янги давр бошланмоқда. Бу Президентимизнинг 2017 йил 13 июндаги «Хорижий инвестициялар иштирокидаги «Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive» корхонасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорида ўз аксини топди.

Айни кунларда «Жиззах» ЭИЗда «Ўзавтосаноат» АК «Пежо Ситроен» гуруҳи билан ҳамкорликда барпо этаётган автомобиль заводининг қурилиши қизғин паллада.

Янги заводда йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган «Peugeot» ва «Citroеn» енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқарилади. Қўшма корхонанинг устав капитали 30 млн евро. Лойиҳани амалга оширишга умумий қиймати қарийб 130 млн евролик инвестиция жалб этилаётир. 2019 йилда корхона маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлайди ва йилига 16 минг дона замонавий автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Маҳсулот ички бозордан ташқари яқин ва узоқ хориж давлатларига ҳам экспорт қилинади.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 1493 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика