Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 28 / Стратегия – амалда

Нодавлат нотариуслари институти тикланади

 

«Ривожланиш стратегияси» марказида «Нотариал идоралар халқ учун ишлаши керак» мавзуидаги ижтимоий сўров натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

 

Тадбирда адлия вазири ўринбосари А.Усмонов, Адлия вазирлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари И.Қудратов, Тошкент адлия бошқармаси бошлиғи А.Сафоев, Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Сарабеков қатнашдилар.

Марказнинг расмий сайтида ўтказилган сўровда Ўзбекистоннинг барча вилоятидан 1 104 фуқаро қатнашди. Респондентларга нотариал идораларнинг хизмат кўрсатиш тартиби, давлат божлари миқдорлари ва ҳ.к. ҳақида хабардорликларига оид саволлар берилди.

Марказ ижрочи директори А.Бурҳонов сўров якунлари ҳақида хабар берди:

1) фуқароларнинг 32,1%и сўнгги ойда нотариуслар хизматларидан фойдаланган;

2) респондентларнинг 64,9%и нотариал идоралар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлган;

3) респондентларнинг 678 нафари нотариал идоралар ходимлари прейскурантда кўрсатилганидан кўпроқ тўлов сўраган;

4) сўралганларнинг 788 нафари нотариал тасдиқ олишни узоқ кутган;

5) 771 респондент талаб этилаётган ҳужжатлар рўйхатини қисқартириш, ҳужжатлар айланишини мақбуллаштириш ва ягона маълумотлар базасини яратиш зарур деб ҳисоблайди;

6) 691 киши нотариал хизматлар учун тўловлар тизимини қайта кўриб чиқиш ва уларнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш лозим деб ҳисоблайди;

7) 588 респондент нотариат соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва хусусий нотариуслар ҳисобига идоралар сонини кўпайтириш кераклигини айтган.

Сўров натижаларини шарҳлар экан, адлия вазири ўринбосари А.Усмонов ҳақиқатан нотариал идоралар фаолиятида қатор камчиликлар мавжудлигини айтди. Ноқонуний хатти-ҳаракатларни фош этиш мақсадида 312 та рейд ўтказилган. Натижада 5 нафар нотариус ишдан бўшатилган, 27 та ходимга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган, 67 нафарига нисбатан эса интизомий жазо қўлланган.

Хизматлар нархи оширилиши юзасидан вазир ўринбосари йўриқномага биноан нотариуслар аҳолидан тўғридан-тўғри пул олишга ҳақли эмасликларини айтди. Давлат божларини нотариал идораларга бевосита яқин орада жойлашган банклар кассаларида тўлаш зарур. Давлат божларининг аниқ миқдорлари кўрсатилган прейскурантлар идораларнинг ҳам, банкларнинг ҳам махсус эълонлар тахтасида илиб қўйилган.

Узоқ навбат кутиш муаммоси ҳақида гапирар экан, И.Қудратов у ёки бу туманда нотариуслар сонини кўпайтириш ёки камайтириш ҳақидаги қарор йиллик мониторинг ва уларнинг фаолияти таҳлили якунларига кўра қабул қилинишини йиғилганларга маълум қилди.

 

Бугунги кунда Ўзбекистонда 541 та нотариал идора фаолият юритади, уларда 747 нафар нотариус ишлайди.

 

Нотариуслар сўрайдиган ҳужжатларни қисқартириш юзасидан мунтазам иш олиб борилади. Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ «Нотариус» ахборот тизимлари мажмуи ишга туширилади, у идоралараро ҳужжатлар айланиши воситасида зарур маълумотномалар тўплашни автоматлаштириш имконини беради. Оддий қилиб айтганда, нотариуслар барча маълумотномаларни мустақил равишда сўрайдилар ва оладилар, бу кўрсатилаётган хизматлар сифатини сезиларли даражада оширади, фуқаролар ва тадбиркорларнинг вақтини тежайди. Электрон навбат тизими ҳам синовдан ўтказилмоқда ва яқин орада ишга тушади. Адлия вазирлиги сайтида нотариал хизматлар ҳақини ҳисоб-китоб қилиш учун калькулятордан фойдаланиш мумкин.

Турар жой ёки автомобиль олди-сотдисида мол-мулк бошқа шахсга берилиши тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги ҳақида албатта маълумотнома талаб қиладилар. Мол-мулкнинг ахборот базаси яратилса, ушбу ҳужжатни тақдим этиш зарурати йўқолади. Жорий йилнинг тўртинчи чорагида ҳужжатлар нусхалари тўғрилигини шаҳодатлаш вазифаси нотариус ёрдамчиларига топширилади. Нотариал тартибда албатта тасдиқланадиган битимлар сонини ҳам камайтириш режалаштирилмоқда.

Рақобатни ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ва аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида нодавлат, бюджетга қарашли бўлмаган нотариуслар фаолиятига рухсат этилиши ҳам кутилмоқда. Қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, у йил охиригача қабул қилиниши мўлжалланган.

 

Жаҳонгир Тўрахонов,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1686 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика