Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 20 / Солиқ солиш

Даромадга қараб солиқ

 

Масъулияти чекланган жамият балансида асосий воситалар – енгил автомобиллар бор, уларни:

1) жисмоний ёки юридик шахсга оператив ижарага бермоқчи;

2) жисмоний ёки юридик шахсга текин фойдаланишга бермоқчи.

Бунда автомобилларни бериш МЧЖнинг асосий фаолият тури ҳисобланмайди.

Ушбу ҳолатларнинг ҳар бирида қандай ҳужжатларни расмийлаштириш керак бўлади ва қандай солиқ оқибатлари юзага келади?

Олег,

МЧЖ аудитори.

 

1

Мулк ижараси (ижара) шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади. ­Яъни ижарага берувчи ижарага олувчига мол-мулк беради, ижарага олувчи эса ўз навбатида ижара ҳақини тўлайди (ФКнинг 535-моддаси).

Транспорт воситасининг жисмоний ёки юридик шахсга оператив ижарага берилиши қуйидагилар билан расмийлаштирилади:

► мулкий ижара шартномаси;

► транспорт воситасини қабул қилиш-топшириш далолатномаси.

Ижара хизматларини кўрсатишга ҳар ойда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади.

Мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик шахслар, шунингдек фуқаролар ва юридик шахслар ўртасида тузиладиган автомототранспорт воситалари билан боғлиқ барча турдаги битимлар (шу жумладан ижарага ва текин фойдаланишга бериш) нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Ижара шартномаси нотариал тартибда тасдиқланган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида ҳисобга қўйиш учун тақдим этилади (ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 11-банди).

Транспорт воситаларини ижарага бериш тартиби ФКнинг «Мулк ижараси» 34-боби «Транспорт воситалари ижараси» 3-параграфи билан белгиланади.

 

Ижарага берувчи корхонадаги солиқ оқибатлари

Фойда солиғини ҳисоблашда умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхоналар учун жами даромадни ҳисоблаб чиқаришда ва солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўлловчи корхоналар учун ЯСТни ҳисоблаб чиқаришда мол-мулкни ижарага беришдан даромад асосий фаолият тури саналмаса, бошқа даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 132-моддаси). Ижара тўловининг суммаси мол-мулкни оператив ижарага беришдан олинадиган даромаддир (Солиқ кодексининг 134-моддаси).

Юридик шахсларга фақат давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун энг кам ижара ҳақи ставкалари белгиланади (27.12.2016 йилдаги ­ПҚ-2699-сон қарорнинг 5-банди). Яъни транспорт воситалари ижарага берилганда даромад ижара ҳақининг шартномавий суммасидан келиб чиқиб аниқланади. У ижарага берувчининг ижара хизматлари кўрсатиш харажатларини инобатга олиши керак. Агар ижара ҳақи ижара хизматлари таннархидан паст бўлса, солиқ солиш мақсадида даромад таннархга қараб аниқланади.

 

Ижарага олувчидаги солиқ оқибатлари

Ижарага олувчи учун ижара қиймати – унинг харажатлари, шу сабабли унда солиқ оқибатлари юзага келмайди.

2

Текин фойдаланиш (ссуда) шартномаси бўйича бир тараф (ссуда берувчи) иккинчи тарафга (ссуда олувчига) ашёни вақтинча текин фойдаланиш учун бериш мажбуриятини олади ёки беради, иккинчи тараф эса бу ашёни қандай олган бўлса, нормал ейилишни ҳисобга олиб худди шундай ҳолатда ёки шартномада назарда тутилган ҳолатда қайтариб бериш мажбуриятини олади (ФКнинг ­617-моддаси).

Транспорт воситасининг жисмоний ёки юридик шахсга текин фойдаланишга берилиши қуйидагилар билан расмийлаштирилади:

► мол-мулкдан текин фойдаланиш (ссуда) шартномаси;

► транспорт воситасини қабул қилиш-топшириш далолатномаси.

Мол-мулкни текин фойдаланишга бериш хизматларини кўрсатишга ҳар ойда «Тўловсиз» белгиси қайд этилган ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади.

Транспорт воситаларини текин фойдаланишга бериш тартиби ­ФКнинг «Текин фойдаланиш» ­36-боби билан белгиланади.

 

Ссуда берувчи корхонадаги солиқ оқибатлари

Автотранспортни бериш хизматлари текинга кўрсатилганда ссуда берувчининг даромади солиқ солиш мақсадида унинг таннархига (Солиқ кодексининг 130, 355-моддалари), ­яъни ссуда берувчи хизматни кўрсатиш бўйича зиммасига олган жами харажатларга қараб аниқланади.

 

Ссуда олувчи корхонадаги солиқ оқибатлари

Корхона мол-мулкдан фойдаланиш хизматлари текинга олинишини фойда солиғи ёки ЯСТни ҳисоблаб чиқаришда (солиқ солиш тизимига қараб) бошқа даромадлар таркибига киритиши керак (Солиқ кодексининг 132-моддаси).

Хизматлар текин асосда олинаётганда олувчи шахснинг даромадлари бозор қиймати бўйича белгиланади. Хизматларнинг бозор қиймати ҳужжатлар билан тасдиқланиши мумкин (Солиқ кодексининг 135-моддаси). Хизмат кўрсатилганлигидан далолат берувчи ҳужжатлар бошқалар қатори шундай ҳужжатлар деб эътироф этилади.

Шу сабабли, битим текин асосда эканлигига қарамай, корхонангиз – ссуда берувчи ва ссуда олувчида солиқлар тўғри ҳисобланиши учун шартномада ва ҳисобварақ-фактураларда хизмат қийматини кўрсатишни тавсия этамиз.

 

Жисмоний шахс – ссуда олувчидаги солиқ оқибатлари

Мол-мулкдан фойдаланиш хизматлари текинга олинишидан даромадлар моддий наф тарзидаги даромадлар ҳисобланиб, улар жисмоний шахснинг жами даромадига киритилади ва уларга ЖШДС солинади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 2-банди). Хизматлар текин асосда олинганда олувчи шахснинг даромадлари уларнинг таннархига қараб белгиланади.

Даромад тўлаш манбаи корхона ҳисобланиши боис у солиқ агенти ролида чиқади ва жисмоний шахсдан ЖШДС ушлаб қолиши керак. Бироқ даромад натура ҳолида (автомобиль) олингани сабабли жисмоний шахс корхона бухгалтериясига ундан солиқни ушлаб қолмаслик тўғрисида ариза тақдим этиши мумкин. Бу ҳолда жисмоний шахс олинган даромаддан солиқни даромадлар тўғрисидаги декларация асосида бюджетга тўлаши керак, у яшаш жойидаги ДСИга даромад олинган йилдан кейинги йилнинг 1 апрелигача топширилади.

 

Азиз АЛИМОВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1875 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика