Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 7 / Биз яшайдиган уй

Маърифий мавзудаги тўплам

 

Соннинг бош мавзуси

 

Йиллик умумий йиғилишни ўтказдингизми?

 

Календарга кўз ташлаймиз – февраль ойи ўтиб боряпти... Демак, ХУМШдаги асосий воқеа – йиллик умумий йиғилишни ўтказиш вақти келди. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (бундан кейин – ХУМШ тўғрисидаги Қонун) 20-моддасида у молия йили тугаганидан кейин 60 кундан кечиктирмай чақирилиши белгиланганига қарамай, аксарият ХУМШлар бу ишни февралга қолдирадилар. Шу сабабли йиллик умумий йиғилишни қандай қилиб тўғри ўтказиш ҳақидаги маслаҳатларимиз айнан ҳозир қўл келади.

 

Нима учун уни йилнинг асосий воқеаси деб ҳисоблайдилар? Чунки бу йиғилишда ўтган йилги молиявий-хўжалик фаолиятининг якунлари чиқарилади, ширкатнинг жорий йилдаги иш механизми йўлга қўйилади. ХУМШ муваффақияти кўп жиҳатдан бошқарув унга қандай тайёрланишига боғлиқ бўлади. Бошқача айтганда, уни ўтказишга жиддий ёндашиш зарур.

Кўпгина ширкатлар раҳбарлари унга юзаки қарашларини тан олиш лозим. У киши кўзига, шошма-шошарлик билан ёки умуман фақат қоғозда ўтказилади. ХУМШ аъзоларини йиллик йиғилиш чақирилиши ҳақида хабардор қилмайдилар, бошқарув аъзолари унга қандай қилиб тўғри тайёргарлик кўришни билмайдилар. Бунинг оқибати дарҳол кўзга ташланади. Уй аҳли бадалларни нима учун тўлаётганларини, улар нималарга сарфланаётганини ва нималардан шаклланаётганини, уларнинг назарида муҳим бўлган ишлар нега режага киритилмаганини, уларни бажариш ҳақидаги талабга эса доим бир хилдаги «Пул йўқ!» деган жавобни олишлари сабабини билмайдилар. Бунинг олдини олиш учун уй-жой мулкдорлари келаси йилда умумий мол-мулкни сақлашга доир ишлар режалари ҳақида тасаввурга эга бўлишлари, уларни ҳамда ширкатнинг ўтган йилги ҳисоботини тасдиқлашлари зарур.

ХУМШ бошқаруви ва аъзолари кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулк уй-жой мулкдорларига тегишли эканлигини унутмасликлари лозим. Бу мол-мулк уларнинг ҳисобига тутиб турилади, шу сабабли улар бошқарув мақсадларини белгилашга, умумий йиғилишда қатнашишга, уни сақлаш юзасидан қарорлар қабул қилишга ҳақлилар. Бу йиғилишга тайёргарлик кўришда бошқарув ХУМШ аъзолари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши лозимлигини, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва хоҳиш-истаклари билан танишиш ва уларни умумлаштиришни тақозо этишини англатади.

 

 

Йиллик умумий йиғилишни муваффақиятли ўтказиш учун нималарни билиш зарур? Унинг ташкилотчилари кўп тўқнаш келадиган саволлар юзасидан тавсияларимиз бошқарув аъзоларига ҳам, уй-жой мулкдорларига ҳам қўл келиши мумкин.

 

 

Йиғилишга тайёргарлик

ХУМШ аъзоларининг йиллик умумий йиғилишида қандай масалалар кўриб чиқилади?

– Йиллик умумий йиғилишдаги асосий масалалар келаси йилда умумий мол-мулкни сақлаш ишларининг режалари, даромадлар ва харажатлар сметаси, мажбурий бадал миқдори лойиҳаларини ва уларнинг ўтган йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни, ХУМШ тафтиш комиссиясининг ўтган йил учун ҳисоботини кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш ҳисобланади.

ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 20-моддасида назарда тутилганидек, бошқарув мазкур ҳужжатларнинг лойиҳалари тасдиқлангунига қадар ширкат аъзоларини улар билан таништириши шарт.

 

Ишлар режасининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот лойиҳасини тайёрлашда бошқарув нималарга ­эътибор бериши керак?

– Одатда қуруқ рақамлар ХУМШ аъзоларига тушунарсиз ва қизиқарсиз бўлади. Ширкат ўтган йили қўйилган вазифаларни уддалаганига гувоҳ бўлишлари учун ҳисоботда режалаштирилган ва амалда бажарилган ишлар бўйича таққослама маълумотлар келтирилиши керак. Бундан ташқари, бошқарув ишларнинг бир қисми бажарилмай қолгани сабабларини таҳлил қилиб бериши зарур.

 

Даромадлар ва харажатлар сметасининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот лойиҳасига нималарни киритиш муҳим?

– Унда ҳам режалаштирилган ва бажарилган маълумотлар таққосланиши, кўзланганни рўёбга чиқаришга халал берган сабаблар таҳлил қилиниши шарт. Масалан, нима учун даромадлар келиб тушишини таъминлашга эришилмади. Бунга уй эгаларининг тўловларни тўламаганлиги сабаб бўлгани эҳтимолга яқин. Уларнинг бадал тўламасликлари ишлар бажарилишига қандай таъсир кўрсатишига иқрор бўлишлари учун умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадаллар бўйича қарзнинг умумий суммасини, натижада қайси ишлар бажарилмай қолганлигини эътиборларига ҳавола қилган маъқул. Тўламаслик сабабларини таҳлил қилиш, қарзларни йўқотиш учун ширкат қандай иш олиб боргани ҳақида маълумот бериш ҳам ўринли. Агар ўтган йилда мўлжалланган харажатлар ошиб кетган бўлса, бунга батафсил тўхталиб ўтиш лозим. Эҳтимол, бунга кўзда тутилмаган авария ишлари сабабчи бўлгандир. Сабаблар таҳлили жорий йилга сметаларни тасдиқлашда муваффақиятсизликларнинг олдини олиш имконини беради.

 

Биттадан ортиқ уй мулкдорлари бирлаштирилган ХУМШ учун йиллик умумий йиғилишни тайёрлаш ва ўтказишнинг ўзига хос жиҳатлари мавжудми?

– ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 23-моддасида белгиланишича, бир нечта уй аъзоларини бирлаштирган ширкатларда аъзоларнинг ҳар йилги умумий йиғилиши ўтказилгунига қадар ширкатдаги ҳар бир уйнинг жой мулкдорлари йиғилишлари ўтказилиши шарт. Ҳар бир уйнинг жой мулкдорлари йиғилиши ширкат йиғма режаси ва сметасининг бир қисми сифатида ҳар бир уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш ишлари режасини, даромадлар ва харажатлар сметасини, шунингдек ўтган йил учун режа ва сметанинг ижросига доир ҳисоботларни тасдиқлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади. Бироқ ушбу норма деярли ишламайди, чунки бошқарув аъзолари бундай ёндашув сермеҳнат, кўп вақт олади деб ҳисоблайдилар. Аслида бу фақат муайян уй эҳтиёжларидан келиб чиқиб ишлар ва харажатларни режалаштириш, шунингдек мажбурий бадал миқдорини ҳисоблаб чиқариш мумкин бўлган ижтимоий адолат позициясидан умумий мол-мулкни сақлаш масалаларини ҳал этишга имконият яратади. Мулкдорларнинг катта ҳамжамиятида бу очиқ-ойдинлик, ишончлиликни, бинобарин, ХУМШ аъзоларининг тўлов интизомини таъминлаш имконини беради. Бир уй аҳлининг маблағларини бошқасининг эҳтиёжларига қайта тақсимлаш уларнинг норозилигига сабаб бўлиши тайин.

 

Келаси йилга жой мулкдорларининг умумий мол-мулкини сақлаш ишлари режаси, даромадлар ва харажатлар сметаси лойиҳаларини ишлаб чиқишда нималарни унутмаслик керак?

– Ишлар режасини ишлаб чиқишда умумий мол-мулкнинг техник ҳолати, айланиб чиқиш, кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича, шунингдек муайян ишларни бажариш зарурати ҳақидаги ширкат аъзолари фикрини ҳисобга олган ҳолда унинг амалдаги ҳолатига берилган баҳодан келиб чиқиш лозим. Бу ишларни устуворлигига ва навбатига қараб режалаштириш лозим. Агар уларни бажаришга харажатлар ХУМШ ҳамёнига тўғри келмаса, уларнинг хоҳишига кўра жуда муҳим бўлмаган ишларни ишлар режасидан чиқариб, истиқбол режасига ўтказиш мумкин.

Ишларни бажаришга харажатларни баҳолаётганда ширкатдаги ҳар бир ходимнинг штат ходими иш ҳақи миқдорини умумий йиғилиш кўриб чиқиши учун тақдим этиш ва сметага киритишни унутманг. Одатда бу ҳақдаги ахборотнинг йўқлиги ХУМШ аъзоларининг норозилиги ва зиддиятларни келтириб чиқаради. Аслида ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатларига бошқарув раисига, аъзоларига ва тафтиш комиссияси аъзоларига тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаш; ХУМШ ходимларининг, шу жумладан бошқарувчининг (ижрочи директорнинг) иш ҳақи миқдорини ва уларни тақдирлаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш киради. Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ масалаларнинг очиқ муҳокама қилиниши ва тасдиқланиши ХУМШда очиқ-ойдинлик, бир-бирини тушуниш, ишончга асосланган муносабатлар мустаҳкамланишига замин яратади.

Кўпинча қайсидир мўлжалланган ишлар уй хўжалигида кутилмаган вазиятлар юзага келганлиги сабабли бажарилмай қолади. Шу сабабли сметада кутилмаган ишлар ҳақини тўлаш учун захира фондини ҳисобга олиш мақсадга мувофиқдир.

Сметани ишлаб чиқишда ўзгармас қоидага амал қилиш лозим: харажат қисми даромад қисмидан ошиб кетмаслиги керак.

 

Ишлар режаси ва смета лойиҳаларини тайёрлашда ХУМШ аъзоларининг фикрини инобатга олиш учун бошқарув улар билан қандай ҳамкорлик қилади?

– Бошқарув аъзолари келаси йилги ишлар режаси ва смета лойиҳаларини тайёрлашда жой мулкдорларининг истакларини билиш учун улар орасида анкета сўрови ўтказишлари, ўтган йилдаги мурожаат ва шикоятларини таҳлил қилишлари, улар билан суҳбатлар, учрашувлар ўтказишлари мумкин.

 

ХУМШ аъзоларини ишлар режаси, даромадлар ва харажатлар сметаси лойиҳалари, ўтган йил учун ҳисоботлар билан қандай таништириш мумкин?

– Кичик ширкатларда энг мақбул вариант – ХУМШ аъзоларини ҳужжатлар лойиҳалари билан квартирама-квартира айланиб таништириш. Буни уйбоши ва йўлакбошилар қилиши мумкин. Умумий йиғилиш олдидан ҳужжатлар лойиҳалари билан ширкат офисида танишиш мумкинлигини ХУМШ ­аъзолари эътиборига етказиш мумкин. 

 

Умумий мол-мулкни сақлаш учун мажбурий бадални белгилашда нималарга аҳамият бериш керак?

– Аксарият ХУМШ аъзолари мажбурий бадал миқдори нималардан ташкил топишини тасаввур қилмайдилар. Улар бадал миқдорини осмондан оладилар деб ўйлайдилар. Кўпинча қўшни ХУМШда унинг миқдори камлиги, ўзлариники эса жуда юқорилигидан шикоят қиладилар. Йиллик умумий йиғилиш – уй эгаларини бадал таркиби, уни ишлаб чиқиш механизми билан таништириш учун яхши имконият. Агар бошқарув бунинг уддасидан чиқса, ўзига бўлган ишончни қозонганлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Мажбурий бадал шаклланишига ёндашув иккита муҳим омил: «маблағга яраша иш бажарилади» ва «харажатлар даромадлардан ошмаслиги керак» омилига таянишини жой мулкдорларига тушунтириш лозим. Мулкдорлар ҳар қандай ишни бажаришга харажат қопланиши кераклигини англашлари керак. Уй аҳли кўпроқ иш қилинишини истаяптими, уларнинг ҳақини тўлаши шарт. Агар бадал миқдори жуда юқори деб ҳисобласалар, режани мушкуллаштирувчи ишларни ундан чиқариб ташлашлари мумкин, бироқ шу билан бирга уларни бажаришни ҳам талаб қилмасликлари керак. Бадал миқдори даромадлар ва харажатлар сметаси асосида ҳисоблаб чиқарилади. ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, мажбурий бадалларнинг миқдорини тасдиқлаш умумий йиғилиш ваколатига киради.

 

Мажбурий бадал миқдори қандай ҳисоблаб чиқарилади?

– Йил мобайнида режалаштирилаётган харажатлар суммасини ХС, даромадлар суммасини ДС, ХУМШ аъзоларининг мажбурий бадаллари суммасини Сбд, бадалларни чегирган ҳолда режалаштирилаётган даромадлар суммасини эса ДС* деб белгилаймиз. Бунда ХС = ДС ёки ХС < ДС бўлади. Бу ҳолда режалаштирилаётган даромадлар суммасини қуйидагича ифодалаш мумкин: ДС = Сбд + ДС*.

Агар квартира умумий майдонининг 1 м2 учун ойлик мажбурий бадаллар миқдорини Бд*, уйдаги барча турар ва нотурар жойларнинг умумий майдонлари суммасини эса СМум деб олсак, бадал миқдорини қуйидагича ҳисоблаб чиқариш мумкин: Бд* = ХС – ДС* / СМум х 12. Битта уйли ширкатлар учун бундай ёндашувни қўллаган мақбул.

 

 

ХУМШ аъзоларини йиғилиш ўтказилиши ҳақида хабардор қилиш

Кўпинча ХУМШ аъзолари йиллик умумий йиғилиш ўтказилиши ҳақида хабардор этмасликларидан шикоят қиладилар. Уларга ушбу ахборотни қандай қилиб етказган маъқул?

– Бу масалани Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг намунавий устави (ВМнинг 30.05.2006 йилдаги 100-сон қарорига 1-илова) батафсил тартибга солади. Намунавий уставнинг 11.4.5-бандида белгиланишича, ХУМШ аъзолари умумий йиғилишнинг ўтказилиш жойи, санаси, вақти, кун тартиби ва кимнинг ташаббусига кўра ўтказилаётгани, шунингдек ширкат ҳужжатлари лойиҳалари ва ҳисоботлар билан таништириш тартиби ҳақида умумий йиғилиш ўтказиладиган санадан камида 10 кун аввал огоҳлантирилади.

Умумий йиғилиш ўтказилиши ҳақида белгиланган жойларда эълонлар осиб қўйиш (уйнинг йўлакларида, уй атрофидаги ҳудудда); огоҳлантириш варақасида имзо чектириш орқали оғзаки ёки ёзма огоҳлантириш; почта жўнатмаси (буюртма хат) жўнатиш орқали ёзма огоҳлантириш усуллари қўлланилиши мумкин.

 

 

Умумий йиғилишнинг қарорлар қабул қилиши

 

ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилиши қачон ваколатли ҳисобланади?

– Умумий йиғилиш, агар унда ХУМШ аъзоларининг ёки улар вакилларининг 50%идан кўпроғи ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади. Биттадан ортиқ уйдаги жой мулкдорларини бирлаштирган ширкатлардаги йиғилишда кўп квартирали ҳар бир уйдаги жой мулкдорларининг ёки улар вакилларининг камида 50%и ҳозир бўлиши керак (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 20-моддаси).

 

Умумий йиғилишни ўтказиш учун кворум етарли бўлмаганда қандай йўл тутиш лозим?

– Кворум етарли бўлмаган тақдирда бошқарув йиғилиш ўтказилишининг янги санаси ва вақтини белгилайди, бу ҳақда ХУМШнинг барча аъзолари қўшимча равишда огоҳлантирилади. Янги белгиланган умумий йиғилиш илгари қолдирилган умумий йиғилишдан 10 кундан кечикмай ўтказилади (Намунавий уставнинг 11.5-банди).

 

ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг қарори қачон ваколатга эга ҳисобланади?

– Умумий йиғилишнинг қарори учун ХУМШ аъзоларининг 50%идан кўпроғи овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади. Ширкатнинг ҳар бир аъзоси умумий йиғилишда бир овозга эга бўлади (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 20-моддаси).

 

Нотурар жой мулкдорлари ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишида қатнашишлари ва кун тартибидаги масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишлари мумкинми?

Нотурар жой мулкдорлари ХУМШ аъзолари ҳисобланмайди. Шу сабабли улар умумий йиғилишнинг кун тартибидаги масалалар бўйича қарорлар қабул қила олмайдилар. Бироқ Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати билан кўп квартирали уйдаги турар жойга мўлжалланмаган бино мулкдори ўртасидаги намунавий шартноманинг (ВМнинг 30.05.2006 йилдаги 100-сон қарорига 2-илова) 2.3-бандига кўра, у уйдаги турар жойлар мулкдорлари йиғилишида ва умумий мулкни сақлаш бўйича биргаликда қарор қабул қилишда, шунингдек ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишида маслаҳат овози билан иштирок этиш ҳуқуқига эга.

 

ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишида қарорларни қай йўсинда қабул қилиш мумкин?

– ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилишда бевосита иштирок этиши ва овоз беришидан ташқари, йиғилиш кун тартибидаги масалалар бўйича ширкат аъзосининг қарори кўрсатилган ва имзоси қўйилган ҳолда йиғилишга ёзма шаклда берилган овозлари ҳисобга олинишига йўл қўйилади (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 22-моддаси). Бироқ кўп ҳолларда умумий йиғилишлардаги қарорлар ХУМШ аъзоларининг вакиллари томонидан қабул қилинади.

 

Вакилликни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин?

– Аксарият ХУМШда ширкатлар аъзоларининг вакиллари умумий йиғилишларда қарорлар қабул қилаётганда қоидабузарликларга йўл қўядилар. Кўпинча ХУМШ раҳбарлари уларнинг рухсатисиз вакилларни тайинлайдилар. Вакиллар умумий йиғилишларда ва овоз беришда иштирок этмайдилар, йиғилишлар қарори баённомасида эса ҳаммаси жойида бўлади.

ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 21-моддаси бу масалага ойдинлик киритади. Жой мулкдорининг оддий ёзма шаклдаги ишончномасига эга бўлган шахс умумий йиғилишда ХУМШ аъзосининг вакили бўлиши мумкин. Ширкат аъзосининг – жисмоний шахснинг ишончномасида унинг паспортидаги маълумотлар кўрсатилади ва шахсий имзоси билан тасдиқланади. ХУМШ аъзосининг – юридик шахснинг ишончномаси раҳбарнинг имзоси ва муҳр билан тасдиқланади. Ишончнома вакилга битта умумий йиғилишда ёки кўрсатилган вақт давомида барча йиғилишларда унинг номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб сўзга чиқиш ҳамда битта йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан ёхуд барча ҳолларда овоз бериш ваколатини бериши мумкин.

 

Ишончнома қандай кўринишда бўлиши керак?

– Ишончноманинг намунавий нусхасини эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

 

«______________» ХУМШ аъзоларининг йиллик умумий йиғилишида (умумий йиғилишларида)
қатнашиш учун ширкат аъзоси вакилига

Ишончнома

Мен, ______________________________________________________________________

(Ф.И.Ш., ишонч билдирувчининг паспорт маълумотлари)

______________ ш. _____________ кўчаси ________-сон уйдаги _______-сон квартира мулкдори

__________________________________________________________________________________ га

(Ф.И.Ш., ишонч билдирилган шахснинг паспорт маълумотлари)

«___» ________ 20___ йилда ўтказиладиган ХУМШ аъзоларининг йиллик умумий йиғилишида (барча умумий йиғилишларида) қатнашиш ва йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан менинг номимдан овоз беришини ишониб топшираман.

 

Ишонч билдирувчининг имзоси                  ______________________

Ишонч билдирилган шахснинг имзоси        ______________________

 

 

ХУМШнинг бир нечта аъзоси вакили умумий йиғилишда қандай овоз бериши керак?

– Агар бир шахс жой мулкдорларидан бир нечтасининг вакили бўлса, у умумий йиғилишда манфаатларини ифодалаётган ҳар бир ХУМШ аъзосининг номидан алоҳида-алоҳида овоз беради (ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 21-моддаси). Ишонч билдирилган шахс ўзига ишонч билдирганларга овоз бериш натижалари ҳақида ахборот бериши жуда муҳим, бу эса амалда қилинмайди ва вакиллик ғоясига путур етказади.

 

Қандай қилиб ишончномани бекор қилиш мумкин?

– Ширкат аъзоси ўз вакилига берган ишончномани йиғилиш раисига ишончномани қайтариб олгани ҳақидаги хабарномани бериш орқали ёки умумий йиғилишда шахсан иштирок этиш йўли билан бекор қилади (Намунавий уставнинг 11.9.6-банди).

 

 

 

 

ХУМШ аъзоларининг йиллик умумий йиғилишини ўтказишда йўл қўйиладиган 12 та қонунбузарлик

 

1      Бошқарув йиллик умумий йиғилиш ўтказилиши ҳақида ХУМШ аъзоларини хабардор этмади.

2      ХУМШ аъзоларига келаси йилги ишлар режаси, даромадлар ва харажатлар сметаси лойиҳалари ҳамда ўтган йил учун ҳисоботлари билан олдиндан танишиш имконияти берилмади.

3      Биттадан ортиқ уйдаги жой мулкдорларини бирлаштирган ширкатларда ХУМШнинг умумий йиғилиши ўтказилгунига қадар ҳар бир уйда йиғилишлар ўтказилмади, ҳар бир уйнинг ишлар режалари, даромадлар ва харажатлар сметалари, шунингдек ўтган йил учун ҳисоботлар тасдиқланмади.

4      Йиғилиш раиси кўпчилик овоз билан сайланмаган.

5      Умумий йиғилишда кворум (ХУМШ аъзолари ёки улар вакилларининг 50%идан ортиғи) таъминланмади.

6      Кун тартибидаги масалалар бўйича қарорлар, улар юзасидан ХУМШ аъзоларининг 51%идан кам овоз берган бўлса-да, қабул қилинган деб ҳисобланди.

7      Умумий мулкни сақлашга мажбурий бадал миқдорини ХУМШ аъзолари тасдиқламаган.

8      ХУМШ аъзоларига мажбурий бадални ошириш зарурати асосланмаси тақдим этилмади.

9      Умумий йиғилишда ХУМШ аъзолари вакилларининг ишончномалари белгиланган тарзда расмийлаштирилмаган.

10    Вакиллар умумий йиғилиш қарорлари ҳақида ХУМШ аъзоларини хабардор қилмаганлар.

11    ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилиши баённома билан расмийлаштирилмаган.

12      Умумий йиғилиш баённомасига йиғилиш раиси ва котиби имзо чекмаган.

 

 

 

«Босимга қарши таблетка»

 

Мамлакатимизда эълон қилинган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалдорлар халққа янада яқин бўладилар деган умиддамиз. Турар жойларни сақлаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда фаолроқ кўмак беришларини, уй эгаларини ташвишлантирувчи масалаларга масъулият билан, амалдаги қонун ҳужжатлари позициясидан туриб ёндашишларини кутамиз. Бундай мулоқот қилиш уй-жой-коммунал соҳадаги самарали иш учун жавоб берувчи шахсларнинг тўғридан-тўғри мажбуриятига киради. Улар учун бу белгиланган йил доирасидаги кампания эмас, балки ҳар кунги амалиёт бўлиши лозим.

 

Халқ овозини эшитиш учун мамлакатимизда жамоат қабулхоналари ишлай бошлади. Бу – маъқул иш. Бугунги кунда ижтимоий тармоқ ҳам УКХдаги ишлар аҳволидан хабар топиш имконини берувчи барометр саналади. Ҳар бир кунни ушбу сайтларни ўрганишдан бошловчи, уй-жой-коммунал соҳани бошқарувчи тузилма ишга туширилса эди... Унинг мутасаддилари жуда кўп қизиқарли маълумотларни олган бўлардилар. Шу жумладан, қандай қилиб ишни самарадорроқ қилиш, уй аҳли билан амалий мулоқот ўрнатиш мумкинлигидан хабар топардилар. Зеро, муаммоларни аниқлашдан ташқари, интернет-ҳамжамиятларда уларни ҳал этиш йўллари ҳам таклиф этилади.

Фейсбукдаги «ХУМШ ва у билан қандай яшаш лозим» гуруҳи постларидан бири айни сонимиз мавзусига бағишланган эди. Унда умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадални шакллантириш ҳақида сўз юритилган.

«Ширкат аъзолари йиғилишида ХУМШ директори Президент Фармонига асосан ҳокимлик бадал миқдорини 2 баравар: 1 м2 учун 300 сўмдан 600 сўмга ошириш мажбуриятини юклаганини эълон қилди, Шундай Фармон борми ва бундай ёндашув қанчалик тўғри?» – деган саволи билан гуруҳ қатнашчиси мунозара мавзусини белгилаб берди.

Тўғрисини айтганда, бундай саволлар кишини ҳайратга солади. Бу нимаси? Мажбурий бадаллар қандай шаклланиши ҳақида тасаввурга эга бўлмаган ХУМШ директорининг саводсизлигими? Балки раҳбарият қонун ҳужжатларини бузган ҳолда ўз хоҳишига кўра бадал миқдорини ошириб, ўзини оқлаш ниятида буни мавжуд бўлмаган фармойишга йўйиб, буни атайин қилаётган, ХУМШ аъзоларини чалкаштираётгандир? Қўлингиздан ҳеч нима келмайди, юқоридан буйруқ келгани боис бадални оширамиз қабилида иш тутаётгандир. Ахир бу туҳмат, давлат ҳокимияти органини обрўсизлантириш бўладику?

Тўғри, бугунги кунда 1 м2 учун 300 сўмга кўп иш қилиб бўлмайди. Жорий хизмат кўрсатишга зўрға етади. Ана шуни раис ёки ижрочи директор умумий йиғилишда жой мулкдорларига тушунтириши керак. Уларнинг вазифаси – бадал нималардан ташкил топишини кўрсатиш, 1 м2 учун 300 сўмга ҳеч қандай таъмирлаш ишини бажариб бўлмаслигини асослаш.

Бироқ, маълум бўлишича, мажбурий бадал миқдорини оширишга четдан кўрсатма берилганлиги далили кўп учрар экан. Гуруҳнинг кўпгина иштирокчилари уларнинг ХУМШда ҳам тарифни ошириш зарурат (режалаштирилган ишларга харажатларнинг ошганлиги) сабабли эмас, балки мутасаддилар ёки ҳокимлик ходимларининг талаби деб асосланган. Ўз ишини биладиган, принципиал раҳбарлар бундай қилишдан бош тортадилар, бадални ошириш умумий йиғилишнинг қарори билан тасдиқланиши, ХУМШнинг ичидаги иш дея эътироз билдирадилар.

Бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Мутасаддилар айтганларини қилдириб ва бу билан қонунни бузиб, ширкатни ҳам қоидабузарлик қилишга мажбурлаб, унинг ичида зиддият уйғотиб, ХУМШ ишига ноқонуний аралашяптиларми?

Муаммонинг муҳокамасида унга тўғри ёндашаётганларини кўриб қувондик: «Директорнинг ўзбилармонлиги... Фармонни кўрсатсин... Бундай Фармон бўлмаган ва бўлмайди ҳам. ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддасида белгиланишича, мажбурий бадалларни тасдиқлаш ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг ваколатига киради... Ширкат – ҳокимликдаги ходимларнинг эмас, уй аҳлининг бирлашмаси... Ижрочи директор шартнома бўйича ишлайди. Агар у ХУМШ аъзоларининг талабига жавоб бермаса, умумий йиғилиш қарорига кўра у билан шартномани бекор қилиш мумкин... Агар ширкатга четдан ҳукм ўтказаётган бўлсалар, улар измида борманг, мутасаддиларни йиғилишга чақиринг, кишилар олдида сўзга чиқсинлар... Ҳокимлик ширкатга бирон-бир шарт қўйишга ҳақли эмас, ХУМШ унга бўйсунмайди» ва ҳ.к.

ХУМШ раислари ва ижрочи директорлари мутасаддилар ва ҳокимликлар ходимларининг ширкат ишларига аралашишларига, ХУМШ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини билмасликларига оид далиллар келтирдилар. Бундай асоссиз талаблардан қандай халос бўлиш мумкин? Ширкатларнинг принципиал раҳбарлари кўпинча мутасаддилардан «Ишдан ҳайдайман, қамоққа ўтқизаман» қабилидаги пўписани эшитадилар. Гуруҳдагилар муаммони муҳокама қилар экан, қонун саводсизлик, ўзбошимчалик ва ваколатларни суиистеъмол қилишга қарши ҳимоя воситаси бўлиши кераклигини қайд этганлар. Баъзилар диктофон ёрдамида бунга қарши кураша оладилар. Бошқалар ноқонуний талабларни ёзма равишда қўйишларини сўрайдилар. Бундай «босимга қарши таблетка» ҳам самара беради.

Муаммони юзага келтирувчи сабабларни таҳлил қилар экан, гуруҳ қатнашчилари фуқароларнинг ҳуқуқий саводсизлигини, бу эса уларни исталган кўйга солиш имконини беришини қайд этганлар. «ХУМШдаги ҳамма ишни директор ҳал этмаслигини уй аҳлига етказиш жуда мушкул. ХУМШда улар «директор», улар раҳбар». «Кишилар жуда бефарқ. Эшиклардаги эълонлар икки ойлаб илиниб туради, уларни ўқигилари келмайди». «Модомики уй аҳли ҳаракат қилмас экан, ҳеч нима ўзгармайди». Уй аҳли ХУМШ иши ҳақида ахборот ола билиши учун Интернетда ширкатларнинг сайтлари, саҳифаларини яратиш таклифи ҳам билдирилди. Яна бир жиҳат – ширкат аъзолари саводсизлигини тугатиш ҳақида ҳужжат ишлаб чиқиш, ҳокимлик ходимлари ва мутасаддиларни эса унинг ижроси учун масъул этиб тайинлаш таклиф қилинди. Қарабсизки, ўз билим даражаларини ҳам ошириб олишларига имкон бўлади.

 

 

 

Таҳририят почтасидан

 

Ўтган йиллардаги қарз

 

2017 йилда ХУМШ кутилмаганда квартира ижарачисига 2012 йилдан бери қарзи борлиги ҳақида даъво тақдим этди. Афсуски, у қарзни тўлаш талаби асоссизлигини тасдиқловчи квитанцияларни сақлаб қолмаган экан.

Уй-жой-коммунал хизматлар бўйича даъво қилиш муддатлари ҳақида ҳужжат борми? 5 йил ўтгач қарзни тўлашни талаб қилиш тўғрими?

И.Абдураҳмонова.

 

– Биринчидан, ХУМШ – хусусий уй-жой мулкдорларининг бирлашмаси. Шу сабабли сизга мулк қилиб расмийлаштирилган хусусийлаштирилган квартирада яшаётган бўлсангиз, квартира ижарачиси эмас, турар жой соҳиби ҳисобланасиз.

Абонентнинг коммунал хизматлар ҳақини тўлаганлиги ва умумий мол-мулкни сақлаш учун бадалларни тўлаганлиги ҳақида квитанцияларни сақлаш муддати қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган. Бироқ сўнгги пайтда коммунал хизматларни етказиб берувчилар ва ХУМШ раҳбарлари мулкдорларга ўтган йиллар учун қарзни тўлаш талабларини қўяётганликларини инобатга олган ҳолда квитанцияларни иложи борича узоқроқ сақлаган маъқул.

Даъво муддати – шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир. Умумий даъво муддати – 3 йил. Бироқ шунга эътибор қаратиш лозимки, даъво муддати (3 йил) суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади (ФКнинг 149, 150, 153-моддалари).

Яъни етказиб берувчи қарзни тўлашингиз ҳақида судга даъво аризаси берган бўлса, у даъво муддатини ҳисобга олмаган ҳолда бутун суммани тўлаш талабини қўйишга ҳақли. Агар суд жараёни давомида истеъмолчи сифатида даъво муддатини қўллаш зарурати ҳақида ариза бермасангиз, суд унинг талабларини ҳақли равишда қондиради.

 

 

 

Уй иситилмаётганлигини қандай исботлаш мумкин?

 

Иссиқлик етказиб берилмаётгани ёки ушбу хизмат лозим даражадаги сифатда тақдим этилмаётганлиги далилини қандай белгилаш мумкин?

Ш.Алихонов.

 

– Бу масалани Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 1-илова) тартибга солади. Иссиқлик энергияси етказиб берилмаган ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилган тақдирда истеъмолчи етказиб берувчини ёхуд ижро этувчи – бошқарув компанияси ёки ХУМШни хабардор қилади (Қоидаларнинг 126-банди).

Бу ҳақдаги хабар истеъмолчи томонидан ёзма шаклда ёки оғзаки (шу жумладан, телефон орқали) берилиши мумкин. У албатта рўйхатдан ўтказилиши керак. Бунда истеъмолчи ўз фамилияси, исми ва отасининг исмини, аниқ яшаш манзилини, шунингдек етказиб берилмаган иссиқлик энергияси турини (иситиш, иссиқ сув таъминоти) ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлигини маълум қилиши шарт. Етказиб берувчи ёки ижро этувчи истеъмолчига буюртманомани олган шахс тўғрисидаги маълумотларни (фамилияси, исми ва отасининг исмини), буюртманомани рўйхатдан ўтказиш рақамини ва уни қабул қилиш вақтини хабар қилиши шарт (Қоидаларнинг 127-банди).

Агар иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлигининг сабаблари маълум бўлса, етказиб берувчи ёки ижро этувчи бу ҳақда дарҳол истеъмолчига хабар бериши ва буюртмаларни рўйхатдан ўтказиш дафтарида тегишли ёзувни қайд этиши шарт. Ушбу белги иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги ҳолати етказиб берувчи ёки ижро этувчи томонидан эътироф этилиши учун асос ҳисобланади (Қоидаларнинг 128-банди).

Агар иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги сабаблари етказиб берувчига ёки ижро этувчига маълум бўлмаса, улар кўрсатиб ўтилган ҳолатларни аниқлашнинг ва иссиқлик энергияси сифатини текширишнинг аниқ вақти ва санасини истеъмолчи билан келишиши шарт. Текшириш натижалари бўйича далолатнома тузилади, у истеъмолчи ва етказиб берувчи (ижро этувчи) ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади (Қонуннинг 129-банди).

Агар томонлар иссиқлик энергияси сифатига ёки иссиқлик таъминоти кўрсатилишига нисбатан ягона қарорга келмасалар, у ҳолда иссиқлик энергияси сифатини баҳолашнинг янги вақти ва санасини белгилайдилар. Унга маҳаллий давлат ҳокимияти органи, стандартлаштириш органлари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоат ташкилотлари, ваколатли давлат органлари вакиллари ҳамда етказиб берувчи ва ижро этувчининг вакиллари таклиф этилади.

Иссиқлик энергиясининг сифатини такроран баҳолаш натижалари бўйича иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги тўғрисида далолатнома тузилади. У истеъмолчи ва етказиб берувчи (ёки уларнинг вакиллари) томонидан имзоланади. Кўрсатиб ўтилган шахслар билан биргаликда далолатномани маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари имзолаши мумкин (Қоидаларнинг 130-банди).

Далолатномада сифат параметрлари бузилиши, иссиқлик энергиясини етказиб бериш тўхтатилиши бошланишининг ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлигининг вақти ва санаси кўрсатилади. Далолатнома иссиқлик таъминоти бўйича хизматлар учун тўлов миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилиш учун асос ҳисобланади (Қоидаларнинг 131, 132-бандлари).

Етказиб берувчи ёки ижро этувчи ёки учинчи шахслар томонидан истеъмолчининг ёки у билан бирга яшайдиган шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига, кўп квартирали уйдаги хоналарнинг мулкдорлари умумий мулкига зарар етказилган тақдирда, етказиб берувчи, ижро этувчи ва истеъмолчи (ёки уларнинг вакиллари) далолатномани имзолайдилар, унда бундай зарар етказилганлиги ҳолати қайд этилади. Мазкур далолатнома истеъмолчи мурожаат қилган пайтдан бошлаб 12 соатдан кечикмай етказиб берувчи ёки ижро этувчи томонидан тузилиши ва тегишли равишда унинг ваколатли вакили томонидан имзоланиши керак. Далолатномани истеъмолчи (ёки унинг вакили) томонидан имзолаш имконияти бўлмаган тақдирда, у фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг вакиллари томонидан имзоланиши керак (Қоидаларнинг 133-банди).

Иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги тўғрисидаги далолатнома 2 нусхада тузилади, улардан бири истеъмолчига (ёки унинг вакилига) берилади, иккинчи нусхаси етказиб берувчида ёки ижро этувчида қолади (Қоидаларнинг 134-банди).

 

 

 

Ортиқча батарея ўрнатдингизми – тўловни тўланг

 

Ҳақ тўланадиган майдонга нималар киради?

Ш.Ҳамроев.

 

– Қоидаларнинг 2-бандига мувофиқ, иситиладиган майдон – турар жой хоналарининг умумий майдони. Иситиш асбоблари (иситиладиган юзалар билан) ёки иссиқлик таъминотининг уй ички тизимларига уланган хоналарга бирлаштирилган ҳолда қайта режалаштирилган (иситиладиган юзалар билан) пешайвонлар, балконлар, айвонлар ва террасалар майдони иситиладиган майдон ҳажмига киради.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

 

Прочитано: 1533 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика