Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 34 / Жавоб берамиз

«Текинга сут беришлари керак»

 

Корхонанинг кимёвий лабораториясида хом ашё (титан икки оксиди, хром оксиди, марганец октоати ва б.) сифати таҳлил қилинади. Таҳлилларни ўтказиш билан шуғулланадиган лаборатория ходимлари текинга сут олишга ҳақлимилар, уни қанча миқдорда олишлари мумкин?

Н.Расулова.

 

– Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида (Меҳнат кодексининг 217-моддаси; «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг ­13-моддаси) меҳнат шароити ноқулай (зарарли ва хавфли) ишлаб чиқаришларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича:

сут (шунга тенг бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари);

даволаш-профилактика озиқ-овқати;

газли шўр сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун);

махсус кийим-бош ва пойабзал, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланиши кафолатланган.

Сут ҳимояловчи профилактик восита сифатида касб касалликлари ривожланишининг олдини олиб, токсинларни нейтраллаштиради ва зарарли омиллар таъсири остидаги организмнинг қаршилик кўрсатиш қобилиятини оширади. Уни физик ишлаб чиқариш омиллари (очиқ кўринишдаги радиоактив моддалар) ва токсик моддаларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва қўллашда улар билан мунтазам алоқада бўладиган шароитда ишловчи шахсларга бериш кўрсатилган. Ходимларга сут олиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқариш муҳитининг физик ва кимёвий омиллари рўйхати Меҳнат шароити зарарли ишларда бевосита банд бўлган ходимларга сут ёки шунга тенг бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини бепул бериш тартибида (Бош давлат санитария врачи, соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари томонидан 6.10.2003 йилда тасдиқланган, бундан кейин – Тартиб) келтирилган.

Сизнинг ҳолатда санаб ўтилган моддалар – титан икки оксиди, хром оксиди, марганец октоати титан, хром ва марганец кимёвий бирикмалари тоифасига киради (Рўйхатнинг 35, 38, 40-бандлари). Шу сабабли мазкур кимёвий моддалар билан мунтазам алоқада бўлувчи лаборатория ходимлари сут олиш ҳуқуқига эгалар. Ҳар бир корхонада ушбу ҳуқуқ тегишли локал ҳужжатлар асосида амалга оширилади, уларда ўз навбатида белгиланган меъёрлар – корхона қайси тармоққа мансублиги ва кимёвий бирикма тоифасидан қатъи назар, 8 соатлик иш сменасидан келиб чиқиб 0,5 л сут ҳисобга олиниши керак (Тартибнинг 3-банди). Таъминотни бериш меъёрлари, тартиби ва шартлари жамоа келишувлари (шартномалари) билан белгиланади, агар улар тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишувга кўра белгиланади. Бундан ташқари, иш берувчи меҳнат шароити зарарли бўлганлиги муносабати билан сут олиш ҳуқуқини берувчи ишлар ва касблар рўйхатини тасдиқлаши шарт (у жамоа шартномасига илова сифатида расмийлаштирилиши мумкин). Бироқ ушбу рўйхат тузилиб, тасдиқлангунига қадар корхонада Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 15.09.2014 йилдаги 263-сон қарорига 1-илова) мувофиқ ишчилар аттестациядан ўтказилиши керак. Аттестациядан ўтказиш давомида корхонада ишлаб чиқариш (технологик) жараёнлари ва (ёки) штатдаги фаолиятини амалга оширишда ишлаб чиқариш муҳитининг омиллари (ходимга таъсир кўрсатувчи кимёвий, биологик, физик омиллар) даражаларини ва меҳнат жараёнини инструментал ўлчаш ва баҳолаш йўли билан меҳнат шароитлари баҳоланади. Аттестация натижалари ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли ишларда ва меҳнатнинг бошқа алоҳида шарт-шароитларида банд бўлган ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва компенсацияларни белгилаш учун асос бўлади (Низомнинг 5-банди).

Агар корхонангизда белгиланган тартибда аттестация ўтказилган, лаборатория ходимлари касбларининг рўйхати тузилган бўлса, ҳар бир ҳақиқатда ишланган смена учун ҳар куни 0,5 литрдан текинга сут берилиши керак. Табиий сут ўрнига шунча миқдордаги (0,5 л) махсус ивитилган қатиқ (кефир), чучук қатиқ, ацидофилли сут бериш мумкин. Шунингдек сут ўрнига творог (100 г), қаймоғи олинмаган қуруқ сут (55 г), қуюлтирилган стерилланган шакарсиз сут (200 г) берилиши мумкин. Алмаштиришни Давсанэпидемназорат маҳаллий маркази билан келишиш лозим.

Текинга бериладиган сут фақат ходимлар меҳнат шароити зарарли бўлган ишлаб чиқаришлар, цехлар, участкалар ва бошқа бўлинмаларда ҳақиқатда ишларни бажарган кунларда, агар улар ушбу ишларда камида ярим иш куни (сменаси) банд бўлган бўлсалар, берилади. Ходим таътилда бўлган, касал бўлган ёки бошқа сабабларга кўра ҳозир бўлмаган (сут берилиши белгиланмаган бошқа цехга вақтинча ўтказилган) кунлар учун сут берилмайди.

Ноқулай муҳитда ишловчиларни соғломлаштириш учун сут ва сут маҳсулотлари даволаш-профилактика озиқ-овқати – инсон аъзолари ва тизимларини зарарли меҳнат омиллари таъсиридан ҳимоялашга йўналтирилган махсус озиқ-овқат таркибида ҳам берилиши мумкин. Даволаш-профилактика озиқ-овқати, шу жумладан сут беришга кўрсатмалар ва унинг меъёрлари 0053-96-сон махсус СанПиН (Бош давлат санитар врачи томонидан 19.03.1996 йилда тасдиқланган); 0184-05-сон СанПиН (Бош давлат санитар врачи томонидан 18.02.2005 йилда тасдиқланган) билан белгиланган. Даволаш-профилактика озиқ-овқатини оладиган ходимлар алоҳида текин сут билан таъминланмайдилар.

Тиббий кўрсатмалар бўйича тайинланган сут ёки даволаш-профилактика озиқ-овқатини пул маблағлари ёки бошқа қимматликлар билан компенсациялаш тақиқланган.

Сут ёки даволаш-профилактика озиқ-овқати билан текинга таъминланадиган ходимлар учун кўрсатилган маҳсулотлар қиймати уларнинг даромади ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг ­171-моддаси ­2-қисми 1-банди) ва, тегишинча, уларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ЯИТ, суғурта бадаллари солинмайди. Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхоналар учун сут ёки даволаш-профилактика озиқ-овқати билан таъминлаш харажатлари солиқ солинадиган базани аниқлашда чегириладиган харажатлар ҳисобланади (Солиқ кодексининг 145-моддаси 51-банди), ЯСТ тўловчиларда эса ягона солиқ тўлови суммасига таъсир кўрсатмайди.

Корхонада 0,5 литрдан ортиқ сутни ҳам бериш меъёрлари тасдиқланиши мумкин, бироқ ушбу меъёрдан ортиқча берилган сутнинг қиймати ЖШДС ва фуқароларнинг суғурта бадаллари ушланадиган ходимнинг компенсация тўловлари тарзидаги даромади ҳисобланади (Солиқ кодексининг 174-моддаси 13-банди). Меъёрдан ортиқ сутнинг қиймати ҳам Солиқ кодексининг 143-моддаси 6-банди «л» кичик бандига мувофиқ фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани аниқлашда чегирилади. ЯСТни ҳисоблаётганда ушбу харажатлар ҳисобга олинмайди.

 

Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.

Прочитано: 3162 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика