Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 4 / Долзарб мавзу

Жўнатмалар юборишнинг янги қоидалари

Почта экспресс хизматларининг жисмоний шахслар учун товарлар олиб киришини тақиқлайдиган қарор чиқарилганлиги тўғрими? Шахсий фойдаланиш учун харид қилган товарим етиб келди, бироқ божхона уни бермаяпти. Жўнатмам очиқ жойда турибди, у барча лозим бўлган таомиллардан ўтказилган, бироқ божхоначилар ҳозир ҳеч кимга жўнатмаларни бермаётганликларини айтишди. Наҳотки хориждан Интернет орқали харидлар учун барча йўлларни ёпиб қўйишса?

* * *

Мен Америкадан товарлар етказиб бериш билан шуғулланадиган курьерлик хизмати фаолиятидан фойдаландим. Товарлар Интернет-дўкондан сотиб олинган ва ушбу компаниянинг Америкадаги омборига етказиб берилган. Уларнинг бир қисми Тошкентга келтирилган ва Шимолий вокзал яқинидаги божхона омборида ётибди. Жўнатмаларни беришмаяпти, жисмоний шахслар учун имтиёзни бекор қиладиган қандайдир янги қонун қабул қилинганлиги, ҳар қандай товарларни олиб кирганлик учун бож тўлаш кераклиги тўғрисида гапиришяпти, ҳолбуки улар сотиш учун эмас, балки ўз эҳтиёжларим учун буюртирилган ва уларнинг қиймати 500 АҚШ долларидан ошмайди.

* * *

Интернет-дўкондан буюртма қилаётганимда мен «Полар-экспресс» хизматларидан фойдаландим. Жисмоний шахслар учун уларнинг хизматлари бекор қилинганлиги ва уларнинг барча жўнатмалари оддий почта орқали жўнатилиши кераклиги тўғрими? Мен почтага ишонмайман, чунки танишларимнинг жўнатмаларида баъзи нарсалар йўқолган эди. Агар эшитганим тўғри бўлса, янги қоидалар Интернет орқали савдо фаолиятини ва харидорларни қийин аҳволга солиб қўяди. Бизда эса ушбу соҳа эндигина ривожланмоқда.

 

 

– Бир ҳафтада таҳририятга келиб тушган кўпдан-кўп мурожаатларнинг фақат учтасини келтирдик. Интернет савдоси операторлари етказиб бераётган халқаро почта жўнатмалари берилишини тўхтатиб қўйиш турли ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинди ва ҳозиргача муҳокама қилинмоқда.

Яқинда Давлат божхона қўмитасининг матбуот хизмати ушбу вазиятни шундай изоҳлади.

Давлат божхона қўмитаси томонидан жисмоний шахслар манзилига келиб тушадиган товарларнинг божхона расмийлаштируви тўхтатиб қўйилмаган. Ўзбекистон Божхона кодексининг 14-моддасига мувофиқ жисмоний шахслар нотижорат мақсадлари учун мўлжалланган товарларни божхона чегараси орқали қонун ҳужжатларида назарда тутилган соддалаштирилган, имтиёзли тартибда олиб ўтишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида товарларни олиб ўтишнинг имтиёзли тартиби Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бож олинмайдиган товарларни олиб киришнинг чегараланган меъёрларида (10.09.1996 йилда 279-сон билан рўйхатдан ўтказилган) назарда тутилган, улар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний шахслар томонидан истеъмол товарларини олиб киришни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ белгиланган.

Ҳозирги вақтда жисмоний шахслар номига хорижий давлатлардан товарлар жўнатмалар (посилкалар) тарзида келиб тушяпти. «Почта алоқаси тўғрисида»ги Қонунга кўра уларга почта ҳамда курьерлик жўнатмалари киради.

Бироқ юқорида кўрсатилган товарларни олиб ўтишнинг имтиёзли тартиби фақат республика ташқарисидан жисмоний шахслар номига келиб тушадиган халқаро почта жўнатмаларига нисбатан назарда тутилган. Қолган барча халқаро жўнатмаларга (шу жумладан курьерлик жўнатмаларига) божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзларни қўлламаган ҳолда божхона расмийлаштируви талаблари татбиқ этилади.

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ:

1. Барча халқаро почта жўнатмалари, фақат уларнинг почта жўнатмалари мақоми тасдиқланган тақдирдагина, божхона тўловларини тўлашга доир имтиёзларни қўллаган ҳолда белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

2. Курьерлик жўнатмаларининг барчаси белгиланган тартибда божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзларни қўлламасдан расмийлаштирилади, чунки амалдаги қонун ҳужжатларида улар назарда тутилмаган.

Мазкур масалани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун ДБҚ мурожаатни почта алоқаси бўлинмалари ишини тартибга соладиган ваколатли орган – Ўзбекистон Республикасининг Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасига юборди.

Почта ва курьерлик хизмати, халқаро курьерлик ва халқаро почта жўнатмалари бир-биридан қандай фарқланишини таҳлил қилиб кўрамиз.

 

ПОЧТА ХИЗМАТЛАРИ ВА ХПЖ

Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларининг1 (бундан кейин – Қоидалар) 15-бандига кўра қуйидагилар почта хизматлари ҳисобланади:

почта жўнатмалари ва пул ўтказмаларини, шу жумладан, халқаро почта жўнатмалари ва халқаро пул ўтказмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш);

тезкор почта жўнатмаларини, шу жумладан, халқаро тезкор почта жўнатмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш).

Ўзбекистон Республикасидан ташқарига жўнатиш учун қабул қилинадиган ва унинг ҳудудига бошқа давлатдан келадиган ёки транзит бўлиб ўтадиган халқаро почта жўнатмаларига (ХПЖ) бошқа ХПЖ билан бир қаторда посилкалар (одатдаги, қиймати эълон қилинган) киради. Улар Ўзбекистон доирасида ички почта жўнатмалари учун белгиланган муддатларда юборилади ва етказиб берилади (топширилади).

 

Маълумот учун! Посилкалар почта алоқаси объектларида берилади. Адресатнинг илтимосига кўра ва почта алоқаси оператори, провайдерида имкониятлар бўлганда, улар қўшимча ҳақ эвазига уйга етказиб берилиши мумкин (Қоидаларнинг 126-банди). Посилкани олишда адресат шахсини тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотларни хабарномада кўрсатиши керак.

Маълумот учун! Халқаро посилкаларда қонун ҳужжатларига мувофиқ чет элга жўнатиш рухсат этилган ва белгиланган мамлакатга олиб кириш тақиқланмаган саноат моллари, узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари, маданий-маиший аҳамиятга эга бўлган товарлар жўнатилади.

 

Қоидаларга 2-иловага мувофиқ халқаро почта жўнатмаларининг энг кўп оғирлиги – 20 кг ни ташкил этади, ўровнинг энг кўп миқдорлари: ўлчамлардан бири учун 1,5 м ёки узунлиги ва узунликдан бошқа йўналишда олинган энг катта айлана йиғиндиси 3 м дан ошмаслиги керак; энг кам ҳажмлари: 2 мм га оғиш билан, 90 х 140 мм дан (энг кам қалинлиги 50 мм бўлганда) ошмаслиги керак.

 

Маълумот учун! Халқаро почта алмашинуви жойларида жойлашган божхона органлари томонидан божхона тўловлари ҳисобланган халқаро почта жўнатмалари адресатларга фақат почта алоқаси объектларида ҳисобланган божхона тўловлари тўланганда, уларни пул ўтказмаси билан жўнатиш учун тўлов ва божхона кўригига тақдим қилиш учун йиғимлар тўлангандан сўнг берилади.

 

ХПЖнинг оғирлик параметрлари Жаҳон почта конвенцияси2 II қисми «Ёзма хат-хабарлар ва почта жўнатмаларига нисбатан қўлланадиган қоидалар» талабларига мувофиқ келади: Конвенция аъзоси бўлган мамлакатлар оғирлиги 20 кг га қадар бўлган почта жўнатмаларини қабул қилиш, уларга ишлов бериш, ташиш ва етказиб беришни таъминлайдилар!

Тегишинча, ушбу оғирликдан ошадиган почта жўнатмаси халқаро жўнатма ҳисобланмайди, бинобарин, унга бож тўланмайдиган олиб кириш меъёри – 1 000 АҚШ доллари татбиқ этилмайди (Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бож олинмайдиган товарларни олиб киришнинг чегараланган меъёрлари3).

 

КУРЬЕРЛИК ХИЗМАТЛАРИ ВА ЖЎНАТМАЛАРИ

Қоидаларнинг 45-бандида таъкидланишича, курьерлик жўнатмалари, шу жумладан, халқаро курьерлик жўнатмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш) бўйича хизматлар курьерлик хизматлари ҳисобланади. Улар икки томонлама битимлар билан белгиланган муддатларда жўнатилади ва етказиб берилади (топширилади). Халқаро курьерлик жўнатмаларини йўллаш тартиби почта алоқаси операторлари томонидан ва икки томонлама битимлар билан белгиланади.

Халқаро курьерлик жўнатмаларига почта варақчалари, хатлар, посилкалар, тегишли ўровдаги босма нашрлар киради.

Халқаро курьерлик жўнатмаларининг чекланган ўлчамлари ва оғирлиги Қоидаларга 5-иловага мувофиқ почта алоқаси операторлари томонидан белгиланади. Чунончи, посилка бўлинадиган жойланма билан – 10 кг дан, бўлинмайдиган жойланма билан – 15 кг дан оғир бўлмаслиги керак. Унинг габаритлари ХПЖ учун белгиланган миқдорларга айнан ўхшашдир.

 

ХУЛОСА

Жисмоний шахс томонидан шахсий фойдаланиш учун товарлар хориждаги Интернет-дўконлардан харид қилинганда бож тўламасдан олиб кириш (1 000 АҚШ долларигача эквивалентда) бўйича имтиёз, башарти халқаро почта жўнатмаси Ўзбекистон почта хизмати, хусусан унинг EMS экспресс-оператори орқали келиб тушганда, қўлланади.

Курьерлик компанияси (DHL, FedEх, UPS ва бошқалар) орқали келиб тушган жўнатмани олувчи товарлар импорт қилинганда қуйидаги барча тегишли божхона тўловларини тўлайди:

Президентнинг «Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори (5.08.2009 йилдаги ПҚ-1169-сон) билан белгиланган миқдорда божхона божи;

Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарорига (4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон) 13-2-иловада назарда тутилган ставкада акциз солиғи (акциз солиғига тортиладиган товарларга);

ҚҚС – товарнинг божхона қийматидан 20%;

божхона расмийлаштируви учун йиғим – товар божхона қийматининг 0,2%и, бироқ камида 25 АҚШ доллари ва 3 000 АҚШ долларидан ортиқ эмас (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги «Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида»ги 204-сон Қарори).

Курьерлик жўнатмаси, бу ҳам Қоидаларнинг V боби 3-§ида назарда тутилган, адресат уни олишдан бош тортган тақдирда (мисол учун, тўланиши назарда тутилмаган божхона харажатларининг суммаси юқорилиги туфайли) жўнатувчининг манзилига қайтарилиши мумкин.

Ижтимоий тармоқлардаги мунозаралар иштирокчиларининг кўпчилиги почта орқали етказиб берилган жўнатмаларда кўпинча рўйхатда кўрсатилган жойланмаларнинг етишмаслигидан шикоят қиладилар. Қоидаларнинг 132-бандида назарда тутилишича, жойланмаларнинг рўйхати бўлган почта жўнатмалари ва нуқсонли рўйхатга олинадиган почта жўнатмалари адресатга топшириш вақтида почта алоқаси ходими томонидан очилиши керак. Жойланма текширилганда у бутун бўлса ёки рўйхатга мос келса, почта жўнатмаси адресатга белгиланган тартибда берилади, бунда далолатнома тузилмайди.

ХПЖ очилганда жойланманинг етишмаслиги, алмаштирилганлиги, тўлиқ ёки қисман шикастланганлиги ёки бузилганлиги аниқланса, далолатнома тузилади, далолатнома почта алоқаси объекти раҳбари (бошлиғи), почта алоқаси ходими ва адресат томонидан имзоланади. Далолатноманинг бир нусхаси ХПЖнинг божхона расмийлаштируви амалга оширилган халқаро почта алмашинуви жойига берилади (юборилади).

 

Ҳужжат тили билан

курьерлик жўнатмалари – жўнатилиши қисқа муддатларда қўлдан-қўлга етказиб берилган (топширилган) ҳолда амалга ошириладиган почта варақчалари, хатлар, бандероллар, посилкалар, босма нашрлар.

Почта жўнатмалари – манзили кўрсатилган ёзма хат-хабарлар, посилкалар ва тегишли ўровдаги босма нашрлар.

«Почта алоқаси тўғрисида»ги Қонун (31.08.2000 йилдаги 118-II-сон, 22.04.2009 йилдаги ЎРҚ-211-сон Қонун таҳририда) 3-моддаси.

 

P.S.

Газетхонларнинг мурожаатларига қараганда, трансчегаравий Интернет-савдо ва унинг товарларини етказиб беришда иштирок этувчи операторларга оид саволлар оз эмас. Курьерлик хизматларига нисбатан янги талаб қўйилган 6 январга қадар жўнатмалари келиб тушган адресат жисмоний шахсларга оид бож олмасдан олиб кириш меъёри амал қиладими? Нима учун фуқаролар бу хусусда олдиндан хабардор қилинмаганлар? У қандай меъё­рий ҳужжат билан тартибга солинган? Агар ана шу меъёр аввалдан қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, нима учун у илгари ижро этилмаган? Ана шу ва халқаро почта жўнатмаларига тааллуқли бўлган бошқа саволларга ваколатлар доирасига етказиб бериш хизматларини тартибга солиш кирадиган давлат тузилмаларидан жавоб кутиб қоламиз.

 

1Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директорининг АВ томонидан 18.04.2011 йилда 2219-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2Женева, 12.08.2008 йил. Президентнинг 4.03.2011 йилдаги ПҚ-1495-сон Қарори билан тасдиқланган.

3МВ ва БББ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 10.09.1996 йилда 279-сон билан рўйхатдан ўтказилган.


Гулнора АБДУНАЗАРОВА,
махсус мухбиримиз
.

Прочитано: 3093 раз(а)

Комментарии к статье (2)

2015-01-30 12:05:17, Гость_ali:
qaytirib yuborilsa pochta jo'natuvchi yana pul to'laydi
2015-10-10 23:44:33, Гость_:
Тахриятга саволим бор эди. Мен четда ишловчи кариндошимга майиз, бодом, урик коки, асал жунатмокчийдим. Хаммаси булиб 2 кг огирликда. Мен уларни жунатишим учун хар бирига сертификат олишим керакми ?

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика