Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 4 / Божхона

Божхона сарҳадлари хавфсизлиги йўлида

Жаҳон божхона ташкилоти тарихидан

Бу йилги Халқаро божхоначилар куни Жаҳон божхона ташкилоти томонидан «Божхона сарҳадлари бошқарувини мувофиқлаштириш – манфаатдор томонларни бирлаштириш учун инклюзив ёндашув!» шиори остида нишонланмоқда.

Маълумки, ЖБТнинг тарихи 1947 йилдан бошланади. Дастлаб Европанинг 13 та давлатини ўзида бирлаштирган ва Ишчи гуруҳ тарзида фаолиятини бошлаган мазкур бирлашма 1950 йилда Кенгаш тарзида фаолият олиб бориш учун ўз Конвенциясини имзолади. 1952 йилга келиб, мазкур Конвенция кучга киритилди. 1953 йилнинг 26 январида эса Кенгашнинг Инаугурация сессияси бўлиб ўтди. Божхона ҳамкорлиги кенгаши (ҳозирги Жаҳон божхона ташкилоти)нинг 1993 йил 25 январдаги қарорига асосан ҳар йили 26 январда Халқаро божхоначилар куни дунё бўйлаб кенг нишонланади.

1994 йилдан бошлаб Кенгаш Жаҳон божхона ташкилоти номини олди ва унга ҳозирда 180 га яқин давлатлар аъзо ҳисобланади.

Дунё бўйлаб савдо айланмасининг 98% улуши ЖБТга аъзо давлатлар улушига тўғри келади. ЖБТнинг юқори органлари сифатида барча аъзо мамлакатларнинг раҳбарларидан иборат Кенгаш, 24 давлат вакилларини ўз ичига олган Сиёсий комиссия ва 17 мамлакат вакилларидан иборат Молия қўмитаси фаолият юритади. ЖБТнинг доимий ишлайдиган органи – Котибият Брюсселда жойлашган бўлиб, унда 68 давлатнинг доимий вакиллари фаолият юритади. ЖБТ қароргоҳида наркотиклар ва ўта хатарли товарларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашишда ахборотлар алмашинувини таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи Марказий тармоқ (CEN) ташкил этилган бўлиб, у 11 та минтақавий алоқа узели (RILO)ни ўз ичига олади.

ЖБТ фаолиятида соҳага доир халқаро конвенциялар ва божхона ишининг бошқа ҳуқуқий нормаларини ишлаб чиқиш, ўзгартиришлар киритиш ва амалиётга жорий этиш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик орқали мамлакатлар ўртасидаги ўзаро тижорат айирбошловини уйғунлаштиришга эришилмоқда. Натижада бугунга келиб барча товарларни ташишга нисбатан қўлланиладиган халқаро қоидалар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий қилинди.

 

Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти

Халқаро божхоначилар кунини дунёдаги 800 мингдан зиёд божхоначилар кенг нишонлайди. Улар орасида Ўзбекистон божхонасининг салкам 4 минг нафар ходимлари ҳам бор.

Ўзбекистон ЖБТга 1992 йил 28 июлдан аъзо ҳисобланади. Мамлакатимиз 15 та халқаро божхона конвенциясининг аъзоси бўлиб, бугунга келиб ЖБТ ишида фаол иштирок этяпти. Ўзбекистоннинг 1995 йилда Сиёсий комиссия аъзоси этиб, 2001 йилда эса Молия қўмитаси таркибига сайланиши ҳам мамлакатимиз халқаро божхона ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилганидан далолат беради. Ушбу кўп йиллик ҳамкорлик республикамиз ҳуқуқий базасини халқаро конвенциялар ва божхона ишининг бошқа халқаро меъёрларига яқинлаштиришга имкон берди. Божхона соҳасидаги қонунчилигимиз умумқабул қилинган халқаро стандартлар, меъёрлар ва амалиёт билан бирхиллаштирилган ҳамда уйғунлаштирилган ҳолда ривожланмоқда, бу эса амалга ошираётган иқтисодий ислоҳотларимизнинг тўғри йўналишда бораётганидан далолат беради.

Божхона таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисида халқаро конвенциянинг (Киото конвенцияси) 1999 йил июнда маъқулланган янги версияси ЖБТнинг энг катта ва муҳим ютуғи бўлди. Кенгашнинг 2005 йилдаги сессияларида Хавфсизлик ва жаҳонда савдони енгиллаштиришнинг ҳадли стандартлари қабул қилиниши ҳам халқаро божхона ҳамжамияти учун муҳим воқеа бўлди.

Халқаро ҳамкорлик борасида Ўзбекистон божхонаси учун ўтган 2014 йил самарали бўлди дейиш мумкин. Жумладан, ЖБТга аъзо давлатлар божхона хизмати раҳбарлари июнь ойида Бельгия пойтахти Брюсселда ташкилотнинг навбатдаги сессиясида иштирок этишди.

Кенгашнинг ўтган йилги йиғилишида ЖБТ билан савдо жараёнларини янада осонлаштириш бўйича Келишув, ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси юзасидан божхона ҳамкорлиги каби масалалар муҳокама қилинди. Сессияда Ўзбекистон томонидан Давлат божхона қўмитаси раиси З.Дусанов иштирок этди.

Шунингдек, Давлат божхона қўмитаси таклифига биноан ЖБТнинг нуфузли экспертлари Тошкентга ташриф буюришди ва Давлат божхона қўмитаси томонидан Олий ҳарбий божхона институтида «Хавфни бошқариш» мавзусида ташкил этилган семинарларда иштирок этишди.

 

Ўзбекистон ва халқаро ташкилотлар: божхона соҳасида ҳамкорлик

Давлат божхона қўмитасининг халқаро ҳамкорлик фаолияти фақатгина ЖБТ доираси билан чекланиб қолмайди. Республикамиз божхона органлари бошқа йирик халқаро ташкилотларнинг ҳам божхона ишига доир дастур ва лойиҳаларда фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармасининг гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича тажриба алмашишга доир халқаро тадбирларида, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Божхона ҳамкорлиги бўйича махсус ишчи гуруҳи йиғилишларида, МДҲ Божхона хизматлари раҳбарларининг кенгаши мажлислари, Осиё тараққиёт банкининг Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги дастури, Япониянинг JICA ва Кореянинг KOIKA халқаро ҳамкорлик бўйича ташкилотлари ўқув курсларида фаол иштирок этиб келинмоқда.

2014 йил апрель ойида Алмати шаҳрида ШҲТга аъзо давлатларнинг божхона ҳамкорлиги бўйича Ишчи гуруҳининг 21–мажлиси бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва ташкилот котибияти вакиллари иштирок этишди. Йиғилиш иштирокчилари ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида Хавфни бошқариш тизимини қўллаш ва ривожлантириш бўйича Меморандум, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ахборот алмашинуви бўйича Протоколни имзолашди.

Тадбирда ШҲТга аъзо давлатларнинг божхона хизматлари ўртасида Интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича Меморандум доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборотлар тингланди ва аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Божхона соҳасидаги ҳалқаро ҳамкорликнинг узвий бўлагини кинология хизмати ташкил қилади. Ўтган йилнинг октябрида Давлат божхона қўмитаси кинологлари Алмати шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматларининг кинологик тузилмалари ўртасида тўртинчи бор ўтказилган мусобақаларда фаол иштирок этишди. Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия Федерацияси вакиллари иштирокида гиёҳванд моддаларни излаш йўналишида ўтказилган мусобақа натижаларига кўра ўзбекистонлик кинологлар фахрли ­3-ўринни қўлга киритишди.

 

Ахборот технологиялари – божхона хизматига!

Ҳозирги кунда давлат божхона хизмати органлари томонидан республика божхона органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича 2011–2015 йилларга мўлжалланган дастур ижросини таъминлаш мақсадида йирик халқаро ташкилотларнинг ва ривожланган давлатларнинг грант маблағлари ва техник кўмагини жалб этишга оид қатор ишлар амалга оширилмоқда. Натижада республикамизнинг бир қатор чегара божхона постлари замонавий катта ҳажмдаги темир йўл ва мобил сканер қурилмалари билан жиҳозланмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 14 январдаги «Хитой Халқ Республикаси томонидан чегарага туташ божхона постларини ёритиш учун тақдим этилган беғараз ёрдамдан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2110-сон Қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилояти божхона бошқармаларининг бир қатор божхона постлари катта ҳажмдаги юк автотранспорт воситалари ва темир йўл вагонларини сканер қилувчи назорат-кўрик мажмуалари билан таъминланди.

Чегара божхона постларига ўрнатилган мазкур сканер қурилмалари юртимиз сарҳадлари орқали ўтаётган катта ҳажмдаги юк автотранспорт воситаларини ҳамда темир йўл вагонлари таркибини бир неча сония ичида тўлиқ сканердан ўтказиш имконини беради. Қолаверса, ҳозирги кунда барча давлатларга хавф солаётган гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши, контрабанда ва божхона қоидаларининг бузилишига қарши курашишда самарали ёрдам беради ҳамда божхона назоратини енгиллаштириш ва тезлаштириш орқали ташқи иқтисодий фаолият субъектларига қулайликлар яратади.

Мазкур назорат-техник воситаларини қўллаш, уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш божхона органлари ходимларидан махсус билим ва малака талаб этганлиги туфайли бир қатор ҳамкасбларимиз хорижий давлатларда махсус тайёргарлик курсларида қатнашиб, ўз тажрибаларини ошириб қайтишди.

Бундан ташқари, Корея Республикаси ҳукумати грантларини жалб этган ҳолда Ўзбекистонда «Ягона дарча» тизимини жорий этиш орқали тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратишга қаратилган лойиҳа устида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Мазкур «Ягона дарча» лойиҳаси устида кореялик экспертлар ҳамда Ўзбекистоннинг манфаатдор вазирлик ва идоралари вакиллари иштирокида муҳокамалар ўтказилди. Айни пайтда мазкур лойиҳанинг ахборот тизимини ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилмоқда.

 

Йил сарҳисоби

2014 йил республикамиз божхона хизмати учун ниҳоятда самарали йил бўлди. Масалан, 2014 йил 1 майдан Давлат божхона қўмитаси Интернет тармоғида янгидан такомиллаштирилган веб-сайтини ишга туширди. Аввалги версиялардан фарқли ўлароқ, янги сайтда ахборотлар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва жисмоний шахслар учун алоҳида тарзда тақдим қилиб келинмоқда. Сайт орқали кўрсатиладиган 20 га яқин барча интерактив хизматлар ягона «Интерактив хизматлар» бўлимига бириктирилди.

Бундан ташқари, божхона чегараларини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар тўлдириши лозим бўлган йўловчи божхона декларацияларини айнан сайт орқали тўлдириб, хато ва камчиликларни тузатган ҳолда чоп этиб, чегара-божхона постига тақдим этиш имконияти жорий қилинди.

Божхона ишининг ягона қонунчилик базасини халқаро стандартларга мос равишда шакллантириш, божхона маъмуриятчилигининг барча босқич ва даражаларида ҳуқуқий норма ва ёндашувларни бир хилда қўлланилишини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2014 йил 3 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги божхона кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича» 219-сонли фармойишига мувофиқ ўтган йилда янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнлари янада жадаллашди.

Ўз моҳиятига кўра ушбу қонун лойиҳаси амалдаги Божхона кодексидан тубдан фарқ қилади. Унда бошқаришнинг иқтисодий усуллари устун туради. Лойиҳанинг ижобий томонларидан бири шундаки, у товарни олиб кириш ва олиб чиқишдан бошлаб, унинг тақдирини белгилашга қадар бутун экспорт-импорт занжирини тартибга солишни назарда тутади.

 

Божхоначиларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати ҳамиша эъзозланиб, муносиб эътироф қилиб келинмоқда. 2014 йилда божхона органларида ўрнак кўрсатиб хизмат қилиб келаётган 7 нафар ходим, жорий йилда эса 2 нафар божхоначи Президентимиз фармонлари асосида давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлишди.


Ҳусен ТАНГРИЕВ,

«Тошкент-АЭРО» ИБК Ахборот хизмати катта инспектори.

Прочитано: 2396 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика