Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 3 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

«БИР ДАРЧА» ТАМОЙИЛИ БЎЙИЧА

Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.2014 йилдаги 377-сон Қарори билан 2015 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа органлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан давлат бошқа органларида ва ўзга ташкилотларда мавжуд бўлган ҳужжатларни ва ахборотларни, шу жумладан солиқ қарздорлиги ёки коммунал тўловлар бўйича қарзларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларнинг, тадбиркорлик субъекти таъсис ҳужжатларининг, лицензиялар ва рухсат берувчи тусдаги ҳужжатлар нусхаларининг талаб қилиниши тақиқланади.

Давлат органлари ва бошқа органлар энди давлат бошқа органларида ва ташкилотларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатларни ва ахборотларни ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда оладилар.

Давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотларнинг тақдим этилмаганлиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаганлиги, шунингдек давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органи ёки бошқа ташкилот томонидан олинмаганлиги учун айбдор бўлган тегишли мансабдор шахслар жавоб берадилар.

Ҳужжат билан бошқа қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди.

Қарор Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2014 йил 7 апрелдаги ПФ–4609-сон Фармонига мувофиқ қабул қилинди.

 

НОТАРИУС ҚАБУЛИГА ТЕЛЕФОН ОРҚАЛИ ЁКИ ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА ЁЗИЛИШ МУМКИН

Адлия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 30.12.2014 йилда 2646-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Белгиланишича, жисмоний ва юридик шахслар шахсан келиб ёки телефон орқали, ёзма ёхуд электрон шаклда (шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали – my.gov.uz) нотариус томонидан қабул қилинишни сўраб мурожаат қилишга ҳақлилар.

Барча мурожаатлар Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳақидаги мурожаатларни навбатма-навбат қайд этиш дафтарига қайд қилинади. Давлат нотариал идорасида фаолият юритадиган нотариуслар сонидан қатъи назар, давлат нотариал идораларида ягона дафтар юритилади. Бунда келиб тушган мурожаатлар нотариусларнинг иш кунлари ва вақтини инобатга олган ҳолда нотариуслар ўртасида тенг тақсимлаб борилади.

Нотариусларнинг иш кунлари ва иш вақтини ҳудудий адлия органлари белгилаб, шанба ва якшанба кунларида ҳам нотариал ҳаракатлар амалга оширилиши назарда тутилади, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятга бўйсунувчи туман (шаҳар) доирасида фақат битта нотариус фаолият юритадиган ҳоллар бундан мустасно.

Нотариус ёрдамчиси келиб тушган ҳар бир мурожаатни навбат бўйича дафтарга киритади, нотариуснинг иш куни ва вақтини ҳамда мурожаат қилувчи учун қулай вақтни инобатга олган ҳолда, нотариуснинг қабул куни ва соатини белгилайди ҳамда бу ҳақда мурожаат қилувчини хабардор қилади. Бунда мурожаат қилувчи мурожаат келиб тушган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан нотариус томонидан қабул қилиниши лозим.

Мурожаат қилувчи белгиланган вақтда нотариус қабулида ҳозир бўлиши шарт. Мазкур талаб бажарилмаганда мурожаат қилувчини қабул қилиш умумий асосларда ёки қабул вақтини қайтадан белгилаш орқали амалга оширилади.

Белгиланган вақтдан бошқа шахс фойдасига воз кечишга йўл қўйилмайди.

Мурожаат қилувчи нотариус томонидан қабул қилинганда, муайян камчиликлар сабабли тегишли нотариал ҳаракатларни амалга ошириш имкони йўқлиги аниқланган тақдирда, мазкур камчиликларни дарҳол бартараф этиш чоралари кўрилади. Аниқланган камчиликларни дарҳол бартараф этиш имкони бўлмаган тақдирда, мурожаат қилувчига кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш учун етарли муддат берилади. Бунда мурожаат қилувчи берилган муддатдан кейин навбатдан ташқари қабул қилинади ва бу ҳақда дафтарга тегишли изоҳ киритилади.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 31.12.2014 йилдаги 52 (I)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

СОАТБАЙ ҲАҚ ТЎЛАШ МИҚДОРЛАРИ ОШИРИЛДИ

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг қўшма қарори (АВ томонидан 30.12.2014 йилда 2645-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари тасдиқланди.

Президентнинг «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармонига (21.11.2014 йилдаги ПФ–4672-сон) мувофиқ олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва илмий-тадқиқот муассасаларида, қайта тайёрлаш ва малака ошириш муассасаларида, ўқув курсларида ўқув машғулотлари ўтказганлик учун, умумтаълим мактаблари педагог ходимларига ўтган дарси учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари 2014 йил 15 декабрдан бошлаб ўртача 10%га оширилади.

Фанлар академияси академиклари меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари 15%га оширилади. Конкурс ва танловлар жюрилари аъзолари, шунингдек конкурс ишлари тақризчилари меҳнатига ҳақ тўлашда олий таълим муассасалари талабалари билан ўқув машғулотлари олиб борганлик учун тўланадиган соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари қўлланилади.

Курслар тингловчилари, ўрта махсус, касб-ҳунар маълумоти талаб этиладиган лавозимларни эгаллаб турган ишчилар, ходимлар учун ўқув машғулотларини ўтказишда кўрсатиб ўтилган меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари тавсиявий хусусиятга эга.

Шунингдек таъкидлаш жоизки, соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари академик соатдан келиб чиқиб белгиланган ва уларнинг таркибига меҳнат таътили ҳақи киритилган.

Белгиланишича, таълим муассасаларида соатбай ҳақ тўлаш асосида ўқув машғулотларини ўтказиш учун шахсларни жалб қилиш, фақат муайян муассаса штатидаги ўқитувчилар таркиби томонидан ўтказилмайдиган ўқув машғулотлари ва фанлари учун кўзда тутилади.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 31.12.2014 йилдаги 52 (I)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

НОТАРИУС ЛАВОЗИМИГА ТАНЛОВ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ЎЗГАРТИРИЛДИ

Адлия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 30.12.2014 йилда 2165-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзгартиришларга мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссиясининг ишчи органи томонидан марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида, шунингдек Адлия вазирлиги ва тегишли адлия бошқармасининг расмий веб-сайтида танлов ўтказиш тўғрисида эълон чоп этиш учун берилади (илгари – фақат марказий ва маҳаллий газеталарда эълон берилар эди).

Танловда иштирок этиш истагини билдирган шахслар Адлия вазирлигига рўйхати низомда келтирилган ҳужжатларни тақдим этадилар.

Эндиликда ишлаётган нотариусларнинг ҳам танловда иштирок этиш имконияти назарда тутилади. Бунда у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳамда бошқа ҳужжатлар билан бирга нотариус лавозимидан озод этилганлиги ҳақидаги буйруқ нусхаси тақдим этилиши лозим.

Белгиланишича, танловда ғолиб деб топилмаган ва олиниши мумкин бўлган энг юқори баллнинг камида 50%ини тўплаган талабгорларга уларнинг розилиги билан Олий малака комиссиясининг ушбу мажлиси давомида танлов ўтказилган, бироқ унда ғолиб аниқланмаган бошқа бўш нотариус ўрнида ишлаш таклиф этилиши мумкин. Бунда мазкур бўш нотариус ўрни, қоида тариқасида, талабгор танловда иштирок этган ҳудуддаги адлия бошқармаси тизимида бўлиши лозим.

Нотариус лавозимига биринчи марта тайинланган шахсларга ушбу лавозимда камида 3 йил ишлаётган нотариус 1 йил муддатга мураббий-нотариус этиб тайинланади.

Низомда назарда тутилганидек, агар танловда ғолиб деб топилган талабгор нотариус лавозимига тайинлаш тўғрисидаги адлия бошқармасининг буйруғи қабул қилингунга қадар нотариус лавозимига тайинланишдан воз кечса, танловда мазкур талабгордан сўнг энг юқори балл олган талабгор нотариус лавозимига тайинланади. Бунда ушбу талабгор танловда олиниши мумкин бўлган энг юқори баллнинг камида 50%ини тўплаган бўлиши лозим.

Ҳужжат билан бошқа қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 31.12.2014 йилдаги 52 (I)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристларимиз
Сардор ЖУМ
АШОВ ва
Елена ЕРМОХИНА тайёрладилар.

Прочитано: 1278 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика