Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 2 / Хўжалик юритиш қоидалари

Нотариус мажбурий эмас, бироқ бўлгани мақбул

Хусусий корхона 2014 йилнинг биринчи ярми учун молия-хўжалик фаолияти натижалари бўйича фойда олди. Ундан барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаб, муассис соф фойданинг бир қисмини асосий восита – квартира билан олишга қарор қилди. Унинг қарорига асосан квартирани тегишли фойда ҳисобига бериш тўғрисида буйруқ чиқарилди. Бироқ нотариал идора мол-мулкни қабул қилиш-топшириш далолатномасини тасдиқлашдан бош тортди.

Асосий воситани биргина киши берадиган ва оладиган (директор сифатида беради, муассис сифатида эса олади) қабул қилиш-топшириш далолатномасининг намунавий шакли борми?

Қандай қилиб нотариусни далолатномани тасдиқлаш кераклигига ишонтириш, қандай қонунларни асос қилиб келтириш мумкин?

Бунда кўчмас мулк мақоми – турар жой ёки нотурар жой (офис) аҳамиятга эга бўладими?

 

– Аввал шуни аниқлаб оламиз: қонун ҳужжатларига кўра тўланадиган соф фойда ҳисобига ХК мулкдорига квартирани бериш йўли билан уни учинчи шахсга ўтказиш билан боғлиқ битимни нотариал тасдиқлаш шартми? Фуқаролик кодексининг (ФК) 110-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, қуйидаги ҳолларда битимларни нотариал тасдиқлаш шарт:

1) қонунда кўрсатилган ҳолларда;

2) тарафлардан исталган бирининг талаби бўйича.

Сиз тилга олган масалаларга тааллуқли қисмида амалдаги қонунларни ўрганиш турар жой ва нотурар жойлар билан боғлиқ битимларни нотариал тартибда тасдиқлаш қуйидаги ҳолларда назарда тутилганлигини кўрсатди:

олди-сотди (Уй-жой кодексининг (УЖК) 14-моддаси иккинчи қисми; ФКнинг 488-моддаси иккинчи қисми);

айирбошлаш (УЖКнинг 14-моддаси иккинчи қисми; ФКнинг 497-моддаси иккинчи қисми);

умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш (УЖКнинг 14-моддаси тўртинчи қисми; ФКнинг 531-моддаси учинчи қисми);

ҳадя (УЖКнинг 14-моддаси олтинчи қисми; ФКнинг 504-моддаси бешинчи қисми);

фуқаролар ўртасида тузилган турар жой ижараси (УЖКнинг 86-моддаси учинчи қисми; ФКнинг 574-моддаси учинчи қисми (нотурар жой ва иншоотларга тааллуқли) ва 603-моддаси иккинчи қисми);

хусусий уй-жой фондидаги турар жойларни алмаштириш (УЖКнинг 110-моддаси учинчи қисми);

ипотека тўғрисидаги (ФКнинг 271-моддаси учинчи қисми; 4.10.2006 йилдаги «Ипотека тўғрисида»ги ЎРҚ-58-сон Қонуннинг 12-моддаси биринчи қисми; 9.12.1992 йилдаги «Гаров тўғрисида»ги 736-ХII-сон Қонун, 1.05.1998 йилдаги 614-I-сон Қонун таҳририда);

ворислик (ФКнинг V бўлими) шартномаларини тасдиқлашда.

Қонунларнинг бирортасида тижорат ташкилоти томонидан турар жой ёки нотурар жой ўз иштирокчиларига соф фойда ёки дивидендлар ҳисобига берилиши билан боғлиқ битимни нотариус тасдиқлаши шартлиги хусусидаги талаб келтирилмаган. Шу сабабли мазкур ҳолда битимингизни нотариал тасдиқлаш қонунга кўра талаб этилмайди. Бироқ уни тарафларнинг хоҳишига кўра бажариш мумкин. Агар уларда битимни нотариусда тасдиқлатиш хоҳиши бўлмаса, ер ресурслари ва давлат кадастри бўйича ҳудудий бошқармада турар жой (нотурар жой)га ҳуқуқлар ўтишини рўйхатдан ўтказиш ХК мулкдорининг қарорига асосан амалга оширилиши керак. Бундай битимни нотариал тасдиқланмаганлиги сабабли рўйхатдан ўтказишдан бош тортиш ноқонунийдир.

Соф фойда (дивидендлар) ҳисобига тижорат ташкилоти иштирокчисига оид асосий воситани (у бошқа шахсга берилганда) қабул қилиш-топшириш намунавий далолатномасига келсак, қонунга биноан унинг тасдиқланган шакли мавжуд эмас. Шу боис сиз уни эркин шаклда тузишингиз мумкин. Асосийси, унда бирламчи ҳисоб ҳужжатларининг мажбурий реквизитлари бўлсин. «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) 9-моддаси тўртинчи қисмига кўра, қуйидагилар бошланғич ҳисоб ҳужжатларининг мажбурий реквизитлари ҳисобланади:

корхонанинг (муассасанинг) номи;

ҳужжатнинг номи ва рақами, у тузилган сана ва жой;

хўжалик операциясининг номи, мазмуни ва миқдор ўлчови (натура ҳолида ва пулда ифодаланган ҳолида);

масъул шахсларнинг шахсий имзолари.

Агар мулкдор шарҳланаётган битимни тасдиқлатишни хоҳласа, нотариус ФКнинг 110-моддаси иккинчи қисми 2-бандига ва «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг (26.12.1996 йилдаги 343-I-сон, бундан кейин – 343-I-сон Қонун) 43-моддасига асосланиб, буни қилиши шарт. Фикримизча, юқорида кўрсатилган меъёрий қоидаларга асосланиб, нотариусни битимни тасдиқлаш лозимлигига ишонтириш мумкин.

У сизга керак бўлган нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этган тақдирда бу ҳақда нотариус 3 кундан кечиктирмасдан қарор чиқариши керак ва сизнинг илтимосингизга биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши лозим (343-I-сон Қонуннинг 38-моддаси иккинчи ва учинчи қисмлари). Агар сиз бундай қарорни нотўғри деб ҳисобласангиз, бу хусусда нотариал идора турган жойдаги судга шикоят қилишга ҳақлисиз (343-I-сон Қонуннинг 39-моддаси).

Жойни соф фойда ҳисобига беришда унинг турар жой ёки нотурар жой эканлигининг аҳамияти йўқ.

 

Камол МУЗАФФАРОВ, эксперт-юристимиз.

Прочитано: 2409 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика