Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 2 / Шахсий манфаатлар

Туристни суғурталаш – заруратми ёки кераксиз харажат?

Янги йилни ям-яшил арча атрофида эмас, балки энли, сербар барглари соя солиб турган пальма остида ўтказишни ният қилган бўлсангиз ва орзуингиз ушалиши учун туристик фирмага мурожаат қилиб, денгиз ортидаги ҳавоси мўътадил, иссиқ мамлакатга йўлланма олишдан ташқари суғурта тўлови тўлаш зарур эканлигини биласиз. Аксига олиб бундай қўшимча харажатларни таътил учун мўлжаллаган сарфиётда назарда тутмагансиз. Хўш, суғурта тўлови нима учун ва кимларга керак?

Чет эл сафарига жўнаб кетаётганлар нимадан суғурта қилинишини ва нималардан суғурта қилинмаслигини, шунингдек суғурта полиси эгаси нималарни ёдида сақлаши лозимлигига бир назар ташлайлик.

 

НИМА УЧУН ЗАРУР БУ ИШ?

Сайёҳларнинг суғурта қилиниши уларни, яъни сизни даволаниш, багаж-юк йўқолиб қолиши билан боғлиқ, кўзда тутилмаган харажатлардан ҳамда полисда назарда тутилган бошқа ҳоллар билан боғлиқ таҳдид-таваккалчиликлардан ҳимоя этади.

Тропик минтақадаги оролда дам олишга нима етсин! Лекин денгиз, сахий қуёш нурлари, пальма дарахтининг соя-салқинида ҳордиқ чиқаришга, таассуфки, безгак юқтириб олиш, ноёб ҳашарот чақиши, бирон-бир мева аллергия келтириб чиқариши, қуёшда терини куйдириб олиш ёки моторли қайиқдан сувга қулаб тушиш сингари таҳдид ва таҳликалар ҳар дам «ҳамроҳ» бўлиши мумкин. Бундан ташқари, иқлим кескин ўзгарганда сурункали касалликлар кучайиши ёки организмда бундан буён ҳам бир чеккада мудраб ётавериши эҳтимоли бўлган қандайдир янги касалликлар ўзини кўрсатиб қўйиши мумкин. Зотан, одатланиб қолинган ҳарорат ва намлик режимида улар пинҳонийлигича, «захира»да қолаверган бўлар эди.

Суғурта агентлари ўртасида шундай ҳазил юради: «Умрингизда биринчи марта керак бўлиб қолганда, ихтиёрингизда парашют бўлмаса, у сизга иккинчи бор керак бўлмайди». Бу қанчалик бадбин ҳазил бўлмасин, таг-замирида мутлақо ҳақиқат ётади. Мабодо ана шу айтилган гаплар, бамаъни важ-сабаблар сизни суғурта полиси олишга тўла ишонтирган бўлса ёки суғурта тўловисиз сизни киритишмайдиган мамлакатга йўл олаётган бўлсангиз, у ҳолда мазкур масалани турли тарафдан кўриб чиққанимиз маъқул.

 

МАЖБУРИЙ ВА ИХТИЁРИЙ СУҒУРТА ТЎҒРИСИДА 

Суғурта тўлови тўланган бўлиши шарт эканлиги бориш мўлжалланаётган мамлакатга боғлиқ. Шундай давлатлар борки, уларга суғурта тўловисиз ташриф қилиб бўлмайди. АҚШ ҳамда Шенген шартномаси зонасидаги мамлакатлар шулар жумласидандир. Айтиш жоизки, бунда тиббиёт суғуртаси полиси визанинг бутун амал қилиш даврини қопламоғи керак; Шенген шартномасига қўшилган барча мамлакатларда амал қилмоғи лозим; камида 30 000 евро миқдоридаги суғурта жавобгарлиги лимитига эга бўлиши лозим; франшизсиз (унча кўп бўлмаган муайян миқдордаги сумма доирасида тўловлар чеклови) расмийлаштирилади. Бундан ташқари, суғурта тўлови амалда барча тиббий харажатларни, яъни юзага келган ҳар қандай вазиятларда, шу жумладан жабрланувчини мамлакатига олиб бориб қўйиш ёки вафот этган тақдирда репатриация қилиш билан боғлиқ тиббий харажатларни қопламоғи керак. Ана шу мамлакатларга отланган туристлар, хоҳласа-хоҳламаса суғурталанмоғи шарт.

Осиё, Африка, Жанубий Америка, Яқин Шарқ мамлакатларининг аксарияти суғурта полиси бўлишини мажбурий талаб деб билмайди. Бинобарин, бу мамлакатларга отланаётганда сайёҳ суғурта қилдирмаслиги мумкин. Бироқ муайян ҳолатларда бундай шарт назарда тутилган бўлиши мумкин. Айтайлик, сайр ёки сафар амалий хусусиятга эга бўлганда иш берувчининг талабида шу нарса ўз аксини топган бўлиши мумкин. Қолаверса, туристик агентликларнинг аксарияти сизга йўлланмани расмийлаштирилган суғурта тўлови билан бирга сотадилар. Саёҳатга чиқаётганнинг ўзи ҳам шахсий хавфсизлигини ўйлаши, суғурта тўлови тўлаб қўйиш яхшимасмикан деб чуқурроқ ўйлаб кўргани маъқул.

 

ПОЛИС ҚИЙМАТИГА НИМАЛАР ТАЪСИР ЭТАДИ

Бир галги сафарларда суғурта тўлови қиймати чет элда бўлиш муддатига тўғридан-тўғри боғлиқдир. Тез-тез хорижда бўладиганлар суғурта шартномасини бир йил муддатга тузишлари мумкин. Ана шунда суғурта полиси суғурта шартномасининг амал қилиш давридаги барча сафарларга татбиқ этилади.

Суғурта полисининг қиймати кўпгина кўрсаткичларга боғлиқ. Борилаётган мамлакат, у ерда бўлиш муддати, суғурта қопламаси суммаси, ташриф мақсади ёки дам олиш тури, саёҳат қилаётган одамнинг ёши, эътиборга олинган таҳдид-таваккалчиликлар миқдори ва бошқа қатор омиллар шундай кўрсаткичлар сирасига киради. Чет элда қанча узоқроқ бўлсангиз, суғурта қопламасининг суткалик суммаси шунча арзон бўлади. Спортнинг экстремал турлари билан шуғулланувчи туристларнинг полислар бўйича суғурта мукофотлари қўшимча ортиб борувчи коэффициентни ҳам назарда тутади. Бундай коэффициент уруш бўлаётган мамлакатларга бораётганларнинг, ёши 60–65 дан ошган сайёҳларнинг суғурта тўловларига ҳам татбиқ этилади. Суғурта компаниялари ҳисоб-китоб учун фақат ўзларигагина хос мезонлардан ҳам фойдаланишлари мумкин.

 

МИСОЛ ЎРНИДА. Уч кишидан, яъни эр, хотин ва ўн яшар боладан иборат оила бир ҳафтага Италияга йўл олмоқда дейлик. «А» суғурта компанияси улар учун энг кам суғурта тўлови қийматини қуйидаги йўсинда ҳисоблаб чиқаради. Шенген шартномаси мамлакатига 7 суткага бораётган 65 дан ёш ҳар бир кишининг полиси 20 минг сўм туради. 21 ёшга тўлмаган боланинг суғурта тўлови қиймати ҳам айни шу мезон билан, аммо 20 фоиз чегирма қилган ҳолда ҳисоблаб чиқилади, демак унинг суғуртаси 16 минг сўм бўлади. Бинобарин, мазкур оиланинг суғурталаш харажатлари суммаси 56 минг сўмни (20 минг + 20 минг + 16 минг) ташкил этади.

«В» суғурта компанияси ҳисоб-китобда таянч қилиб оладиган энг кам миқдор эса унча фарқланмайди. Уларда катта ёшли бир кишининг суғурта тўлови 19 минг сўмга тушади, аммо болалар учун сийлов ёки чегирма қилинмайди, бунинг устига 2 ёшга тўлмаган болалар учун ортиб борувчи коэффициент қўлланилади (биз кўриб чиқаётган ҳолатга бу тааллуқли эмас). Натижада юқорида айтилган оила ўз саёҳати суғуртаси учун «В» компаниясига 57 минг сўм тўлайди (19 минг х 3).

 

Ҳар хил компанияларда сайёҳларнинг мажбурий ва ихтиёрий тўловлари шартлари фарқ қилиши мумкин. АҚШ ва Шенген шартномаси доирасидаги мамлакатларга саёҳат қилувчиларнинг баъзилари учун суғурталаш бошқа мамлакатларга бораётганларникига нисбатан қимматроққа тушиши мумкин. Бошқа суғурталовчиларда суғурта қиймати ҳисоб-китоби борилаётган мамлакатга боғлиқ эмас. Таъкидлаш жоизки, компанияларнинг вакиллари одатда ўзлари таклиф этадиган суғурта маҳсулотлари ҳақида телефон орқали тўлиқ маълумот беришга тайёрдирлар.

 

Бизнинг маълумотнома. Молия вазирлигининг маълумотларига қараганда Ўзбекистонда ҳозирги вақтда 30 та суғурта компанияси ишлаб турибди. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам хорижга жўнаб кетаётганларни суғурталаш билан шуғулланадилар деб бўлмайди. Уларнинг манзили ва телефонларини «Norma» компаниялари гуруҳининг маҳсулотларидан бири – Yellow Pages маълумотномасидан фойдаланган ҳолда билиш мумкин. 

 

ШУНАҚА СУҒУРТА ҲОДИСАСИ ҲАМ БЎЛГАНДИ

Туристларни суғурталашнинг стандарт полислари тиббиёт хизматлари учун катта харажатларни назарда тутмайди. Одатда улар шикастланганда, овқатдан заҳарланганда, ўткир юқумли касалликка чалинганда, сурункали хасталик бирдан кучайганда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатганлик харажатларини компенсация қилишга мўлжаллангандир. Суғурта компаниялари кўрсатган хизмати учун шифокор сизга ёзиб берган ҳисобварақ, тиббиёт муассасасига транспортда олиб борганлик, ташхис қўйиш, стационар шифохонада бўлганлик ва даволанганлик, яшаш жойига элтиб қўйганлик, суғурталанган шахс вафот этган тақдирда майитни юртига олиб бориб қўйганлик учун ҳисобварақларингиз тўловини тўлайди.

Кенгайтирилган рўйхатда суғурта билан боғлиқ бошқа таҳдид-таваккалчиликлар ҳам бўлиши мумкин. Айтайлик, профессионал ва ҳаваскор спортчилар учун спорт билан шуғулланиш, фаол дам олиш (дайвинг, тоғ чанғиси, серфинг ва шу кабилар), сафар бекор бўлганлиги, багаж-юк йўқолиб қолганлиги суғуртаси, шошилинч тарзда стоматология хизматлари кўрсатганлик суғурталанган шахс чет эл сафарига борган транспорт воситаси йўқолган ёки шикастланган ҳоллардан суғурталаш киради.

Шуни унутмаслик жоизки, кутилмаган касаллик туфайли келиб чиққан харажатларгагина суғурта тўлови тўланади. Саёҳатчида илгарилари ҳам ўзини кўрсатиб турган сурункали касалликларни даволашнинг бунга алоқаси йўқ.

 

ПОЛИСНИ ҚАЕРДАН ОЛСА БЎЛАДИ?

Полис суғурта компаниясида олинади-да, албатта. Аммо амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, туристларнинг кўпчилиги суғурталовчини онгли равишда танлаш ҳақида бош қотириб ўтирмайдилар, суғурта бозоридаги таклифларни ўрганиш ва текширишга вақт сарфламайдилар ҳам. Улар шошилинчда, кўпинча полис шартлари билан танишиб чиқмасданоқ уни сотиб олиш ҳақидаги шартномани имзолайверадилар. Буни ўзлари учун ортиқча иш, ўринсиз зарурат деб биладилар.

Шу сабабли суғурта компанияси ва муайян бир суғурта маҳсулотини танлаш ишини саёҳатчилар учун туристик компания, авиация ёки темир йўл ташувчиси, касаба уюшмаси ташкилоти, жамоа, делегация ёки гуруҳ раҳбари амалга ошириб қўя қолади. Шуниси ҳам борки, бунда уларнинг вакиллари чет эл сафарига ўзлари олиб кетаётган кишиларни суғурталаш билан боғлиқ шартлар ҳақида кўпинча бош қотириб ўтирмайдилар ҳам.

Аммо чет эл сафарига отланаётганда шуни билиб қўйиш керакки, муайян бир туристик оператордан ҳам йўлланмани, ҳам суғурта полисини харид этиш шарт эмас. Жўнаб кетиладиган ва қайтиб келинадиган аниқ вақтдан воқиф бўлгач, суғурта полисини ўзлари учун қулай шароитда қўлга киритишлари мумкин. Бу гап хизмат сафарига бораётганларга ҳам, ўз ташаббуси билан саёҳат қилаётганларга ҳам бирдек тааллуқлидир. Суғурта компанияси чет элга жўнаб кетаётганларнинг суғурта шартномасини тузиш учун суғурталанувчининг паспорти (ёки унинг нусхаси) ҳамда саёҳатнинг аниқ санаси зарур.

 

СУҒУРТА ТОВОНИНИ ОЛИШ ТАРТИБИ

Суғурта ҳодисаси юзага келган тақдирда суғурта товонини олиш учун:

ассистанс-компания – суғурталовчингизнинг хорижий шериги билан боғланмоқ зарур. Шерик билан алоқа боғланадиган рақамлар суғурта полисида кўрсатилган бўлади. Мазкур шерик суғурта компанияси билан унинг ҳамкорлари (тиббиёт марказлари, туристик агентликлар, транспорт ташкилотлари) ўртасида воситачи ҳисобланади. Ассистанслар тиббий хизмат кўрсатилаётганда кўмаклашадилар (улар ҳамкорлик келишуви бўлган клиникаларни кўрсатиб беришлари мумкин), суғурта ҳодисаси оқибатларини чегаралаш билан шуғулланадилар, суғурта ҳодисасининг келиб чиқиш сабаблари тўғрисида экспертиза ўтказадилар ва экспертлик хулосасини берадилар, етказилган зарар миқдорини баҳолайдилар ҳамда унинг оқибатларини бартараф этиш ишларини ташкил этадилар, иддао ва даъволарни бартараф этиш билан шуғулланадилар;

суғурта ҳодисасини тасдиқловчи ҳамма ҳужжатларни – клиника хулосасидан кўчирма, чеклар, юк-багаж йўқолган тақдирда унинг йўқолганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни, ассистанс компания томонидан ўтказилган экспертизанинг (агар бунга эҳтиёж бўлса) хулосасини йиғиш лозим.

Сизга полис сотган компанияда суғурта товони тўғрисидаги ариза бланкасини тўлдиришингиз ва ўзингиздаги бор далилларни унга илова қилишингиз керак. Аризангиз кўриб чиқилгач, 1–2 иш куни мобайнида компания қарор қабул қилади. Суғурта товонининг Марказий банк курси бўйича миллий валютадаги суммасини иш ҳақи ўтказиладиган пластик карточкангизга ҳам, махсус янги очилган пластик карточкангизга ҳам ўтказиб берадилар.

Юқорида айтилганларни якунлаб шуни яна бир бор эслатиш жоизки, суғурта полиси сайёҳларга чет элга қилинган сафар вақтида зарурати туғилиб қолган тиббий, юридик, маъмурий ва бошқа хил ёрдам билан боғлиқ кўзда тутилмаган харажатлар қопланишини таъминлайди. Суғурта полиси бўлиши шарт деб қаралмайдиган мамлакатга сафарга отланаётганда эса бундай полисни сотиб олиш ёки сотиб олмаслик ҳар кимнинг шахсий иши, албатта. Фақат шуни таъкидлаш мумкинки, тажрибали сайёҳлар шундай полисга эга бўлишни маслаҳат берадилар. Ажнабий юртларда узоқ муддат бўлинадиган ҳолларда, шунингдек ҳаёт ва соғлиқ учун қандайдир таҳдид-таҳлика билан боғлиқ сафарга чиқилаётганда эса, бундай полисни сотиб олиш шарт эканлигини уқтирадилар.

Ёдингизда бўлсинки, Ўзбекистонда суғурта бўйича кўрсатиладиган хизматларни тартибга солувчи асосий ҳужжат «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонундир (5.04.2002 йилдаги 358-II-сон). Суғурта хизматларидан фойдаланувчи фуқароларнинг манфаатлари, шунингдек «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун (26.04.1996 йилдаги 221-I-сон) билан ҳам ҳимоя этилган.

 

Саида ЖОНИЗОҚОВА,

мухбиримиз.

Прочитано: 1246 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика