Norma.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси тўғрисида ахборот

12 январь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Парламент қуйи палатасининг биринчи мажлисини қонун хужжатларига мувофиқ марказий сайлов комиссиясининг раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов очди.  

 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимиз Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, марказий органлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Депутатлар еттита масаладан иборат кун тартибини тасдиқладилар.

Марказий сайлов комиссиясининг раиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисида ахборот берди. Бунда Ўзбекистонда парламент сайлови сифат жиҳатидан янги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий шароитларда, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик каби демократик принциплар асосида, қонун ҳужжатларининг талабларига, умум эътироф этилган халқаро нормалар ва андозаларга тўла мувофиқ тарзда ўтказилганлиги алоҳида таъкидланди.

Сайлов кампанияси давомида сиёсий партияларга ташвиқот ўтказиш, ўз сайловолди дастурларининг қоидаларини оммавий ахборот воситалари орқали аҳоли кенг қатламларига етказиш учун тенг шароитлар яратилди. Қонунга мувофиқ мамлакатимиз фуқаролари ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш учун кенг имкониятларга эга бўлдилар. Сайлов жараёнига тайёргарлик кўриш ва унинг боришини дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган юзлаб халқаро ва мамлакатимиз кузатувчилари кузатиб бордилар.

Умуман олганда, бўлиб ўтган сайловлар электоратнинг фаоллиги, сиёсий ва ҳуқуқий етуклиги ўсганлигини ёрқин намойиш этди. Сайлов Ўзбекистон халқининг демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, халқ фаровонлиги ва Ватан равнақини оширишга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлидаги уюшқоқлигининг кўзгуси бўлди.

Илгарироқ Қонунчилик палатасига сиёсий партиялардан ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатларнинг таъсис йиғилишлари бўлиб ўтиб, мазкур йиғилишлар якунларига кўра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракциялари, шунингдек Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи шакллантирилди, уларнинг раҳбарлари сайланди. Мажлис чоғида палата аъзолари сиёсий партиялар фракцияларини ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилдилар.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, шунингдек сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳининг таклифига кўра қуйи палата аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери ва унинг ўринбосарлари лавозимларига номзодлар кўрсатиш бўйича Оқсоқоллар кенгашини туздилар.

Оқсоқоллар кенгашининг таклифига кўра, депутатлар яширин овоз бериш йўли билан Нурдинжон Исмоиловни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайладилар.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари лавозимларига ҳар бир номзод бўйича овоз бердилар ҳамда бу лавозимларга Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Содиқжон Турдиевни, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратовни, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Хотамжон Кетмоновни, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси раҳбари Наримон Умаровни, Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи раҳбари Борий Алихановни сайладилар.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ қўмита раиси лавозимлари депутатларнинг қайси партияга ёки гуруҳга мансублиги ҳамда сайловда олинган сайловчилар овозлари сони ҳисобга олинган ҳолда аниқланади. Қўмита раиси лавозимига номзодлар юзасидан таклифлар депутатлар бирлашмаларининг раҳбарлари томонидан ўзаро маслаҳатлашувлар асосида киритилади. Шу муносабат билан Қонунчилик палатасининг депутатлари томонидан қуйи палата қўмиталарининг рўйхатини тасдиқлаш ҳамда қўмиталар раисларининг лавозимларини сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳи ўртасида тақсимлаш тўғрисида яхлит қарор қабул қилинди.

Шунингдек депутатлар парламент қуйи палатаси қўмиталари раисларини ҳам сайладилар.

Кўриб чиқилган барча масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов сўзга чиқди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси ўз ишини якунлади.

 

www.parliament.gov.uz

Прочитано: 2637 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика