Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 1 / Биз яшайдиган уй

Уй деганлари иссиққина бўлса-да...

Кўп квартирали уйларда яшайдиган аҳоли учун бу галги иситиш мавсуми янгича қоидалар асосида ўтмоқда. Шунга қарамай, кўпчилик Ўзбекистонда Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – Қоидалар) амал қила бошлаганлигидан хабардор эмас. Мазкур ҳужжат кўпдан буён кутилган бўлиб, иссиқлик таъминоти ташкилотлари ишининг самарадорлиги ошиши, уларни молиявий соғломлаштириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатининг ошиши нуқтаи назаридан олганда унга катта умид боғланмоқда. Моҳият эътибори билан мазкур ҳужжат иссиқлик таъминоти соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларнинг барча субъектлари: иссиқлик етказиб берувчилар, ижрочилар (ХУМШлар, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар), истеъмолчилар учун ҳаракат дастуридир. Қоидалар уй-жой-коммунал соҳани ислоҳ этиш шароитида ана шу учлик ўзаро муносабатларнинг илиқлашиши, уйдаги муҳитнинг яхшиланиши учун қай йўсинда иш олиб бориш лозимлигини кўрсатади. Тўғри, янги ҳужжат қабул қилиниши билан иссиқлик таъминотидаги вазият бир лаҳзада ўзгариб қолмайди, албатта. Зотан бу нарса истеъмолчиларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш тизимига жалб этилган тарафларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларига, жавобгарликни ҳис этишларига боғлиқдир.

 

Коммунал соҳанинг бошқа ҳар қандай тармоғига нисбатан олганда иссиқлик таъминоти учун кўпроқ «мушт кетди» деб юритиладиган усул хос дейиш мумкин. Зотан, ҳаётий фаолият ҳалқасининг бир бўғинидаги ўзгаришлар шу заҳоти кейинги ўзгаришларни етаклаб келади. Истеъмолчилар тармоқ муаммоларининг нозик жиҳатларини унча билмайдилар. Уларни кўпроқ тарифлару, хизматларнинг сифати қизиқтиради. Лекин ана шу муаммолар истеъмолчиларга тўғридан-тўғри таъсир этиши мумкин. Таассуфки, бу таъсир кўпинча салбий ўзанда бўлади. Уй яхши исимаётир, дейлик. Сабаби квартира эгалари иситиш тармоқлари чизмасига аралашиб, ўз билганларича иш тутаман деб, уни бузадилар. Шубҳасиз, бу ҳол тизим ишини ёмонлаштиради, иссиқлик энергиясининг меъёрдан ортиқча истеъмол қилинишига олиб келади. Одамлар сифатсиз хизмат ёки кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ тўламай қўядилар, бунга ўз қўллари билан таъсир этганликларини ўйламайдилар ҳам. Тўловни тўламаслик тармоқ ишини ёмонлаштиради, инфратузилмани ривожлантиришга, тармоқни янгилаш ва капитал таъмирлашга, керакли ускуналар билан жиҳозлашга, ресурсни тежайдиган тадбирлар ўтказишга йўл қўймайди. Булар ҳам, табиийки, хизматлар сифатига таъсир этади.

Қоидаларда ана шу берк доирадан қай йўсинда чиқиб олишнинг, истеъмолчилар манфаатларини тармоқ устуворликлари билан боғлашнинг аниқ механизми белгилаб берилмоқда. Агар барча тарафлар Қоидаларнинг талабларига оғишмай риоя этса, ана шундагина кутилган натижаларга эришилади. Ушбу мавзувий сонда истеъмолчилар ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари, жавобгарликлари борасида нималарни билишлари зарур эканлиги ҳақида сўз юритамиз. «Тошиссиққуввати» ИИБ унитар корхонасининг бош директор ўринбосари Марина НАРТИКОЕВА билан суҳбатимиз янги ҳужжатнинг муҳим янги қоидалари ҳақида борди.

 

ЎЗГАРИШЛАР ДАВРИ

– Марина Алихоновна, янги Қоидаларни ишлаб чиқиш заруратини нималар тақозо этди?

– Янги ҳужжат қабул қилингунига қадар иссиқлик энергиясини етказиб берувчилар билан истеъмолчилар ўртасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасида аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари (АВ томонидан 20.02.1999 йилда 648-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 648-сон Қоидалар) билан тартибга солинар эди. Мазкур ҳужжат универсал хусусиятга эга бўлиб, барча турдаги коммунал хизматларга тааллуқлидир. Аммо ҳужжат қабул қилинган пайтдан буён соҳада улкан ўзгаришлар содир бўлди. Уй-жой-коммунал соҳа ислоҳ этилаётганлигини, бозор иқтисодиётининг мавқеи ва талабларини, замонавий воқеликларни инобатга оладиган янги регламент зарур бўлиб қолди. Уй-жой фондига хизмат кўрсатиш билан машғул коммунал корхоналар фаолиятида юқорида айтилганлар мужассам топган эди. Коммунал хизматларнинг ҳар бир соҳаси бугунги кунда ўзининг ёрқин ифодаланган ўзига хос хусусиятларига эга. Шу сабабли ҳам Қоидаларни тайёрлашда умумийликдан хусусийлик сари юзланиб, айрим ҳужжатларни хизматларнинг ҳар бир тури бўйича, шу жумладан иссиқлик таъминоти бўйича ишлаб чиқишга тўғри келди.

Янги ҳужжат кўп квартирали уйларга иссиқлик энергияси етказиб беришни тартибга солади ва жисмоний шахсларга йўналтирилган. Шундай қилишга тегишли сабаблар бор. Тошкентда тармоққа берилаётган иссиқлик энергияси умумий ҳажмининг 85 фоизи аҳоли улушига тўғри келади. Мамлакатимизда Иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидалари (ВМнинг 22.08.2009 йилдаги 245-сон Қарорига 2-илова) амал қилиб турибди. Лекин бу қоидалар иссиқлик энергияси аҳолига маиший истеъмол учун етказиб берилиши билан боғлиқ муносабатларга татбиқ этилмайди.

Кейинги йилларда кўп квартирали уйларда жой мулкдорларининг умумий мол-мулкини бошқариш ва унга хизмат кўрсатиш соҳасида бир талай янгиликлар пайдо бўлди. Уй ички иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув таъминоти тизимларини шундай янгиликлар сирасига киритиш мумкин. Уларни сақлаш билан профессионал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, ихтисослаштирилган компаниялар ХУМШлар билан тузилган шартнома асосида шуғулланишлари мумкин. Қонун ҳужжатларида уй хўжалигига мулкдорлар жамоасининг бевосита бошқаруви йўли билан, юридик шахс (ХУМШ) тузмаган ҳолда хизмат кўрсатишлари мумкинлиги белгилаб қўйилган. Бугунги кунда кўп квартирали уй квартира эгаларининг бағоят кенг кесмаси йўсинида намоён бўлади. Кўп қаватли уйда турар жой ва яшашга мўлжалланмаган жой мулкдорлари, ижарага берувчилар ва ижарачилар истиқомат қилмоқда. Бир эмас, бир неча турар жойга эгалик қилаётганлар ҳам оз эмас. Мулкдорларнинг ана шу тоифалари билан бўладиган муносабатларни ҳам тартибга солиш талаб этиларди.

Иссиқлик таъминоти соҳаси энергия манбалари билан, бинобарин, энергия ва ресурсни тежаш дастурлари билан чамбарчас боғлиқ. Бу эса уй-жой-коммунал соҳадаги давлат сиёсатининг энг муҳим устуворликларидан биридир. Иссиқлик энергиясини ҳосил қилишда фойдаланилаётган табиий ресурслар қайта тикланмайди. Уларни нооқиллик билан истеъмол қилиш улардан баҳрамандлик имконияти чекланишига, нархи янада қимматлашишига олиб келиши мумкин. Исрофгарчилик, талафот кўпроқ коммунал секторда, шу жумладан иссиқлик таъминоти соҳасида содир бўлмоқда. Шу сабабли иссиқлик энергияси истеъмолини ҳисоблаш асбобларини ўрнатиш ресурсларни тежаш борасида муҳим масалалардан биридир. Аввалги 648-сон Қоидаларда уйнинг умумий ва индивидуал ҳисоблагичларини ўрнатиш, ишлатиш, текширувдан ўтказиш тартиби назарда тутилмаган эди. Бу Қоидаларда иссиқлик етказиб берувчининг зарур кўрсаткичлари, мазкур кўрсаткичлар норма доирасидан чиққанда иссиқлик энергияси ҳақини қайта ҳисоб-китоб қилиш услубияти йўқ эди.

Тошкентда кўп квартирали уйлардаги истеъмолчиларнинг қарийб 66 фоизи иссиқлик сув ҳисобини олиб борадиган индивидуал ҳисоблагичлар билан таъминланган. Яқин келажакда уйдаги умумий ҳисоблагичларни ўрнатиш бошланади. Бироқ янги ҳужжатда инобатга олинган ҳуқуқий, ташкилий, ишлаб чиқариш, техник ва иқтисодий чора-тадбирларни амалга оширмай туриб, бу ишни жойидан силжитиб бўлмайди.

Муҳим жиҳати шундаки, янги Қоидаларда иссиқлик энергияси истеъмоли учун ҳисоб-китоб билан боғлиқ масалалар муфассал тарзда расамадга солинган. Масалан, ҳисоблагич асбоблар ўрнатилган ва бундай ҳисоблагичлар бўлмаган уйларда иссиқлик энергияси ҳақини тўлаш тартиби; узилишлар белгилаб қўйилган муҳлатдан ортиб кетадиган даражада содир бўлганда маҳсулот етказиб берганлик учун тўлов миқдоридаги ўзгаришлар; иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки талаб даражасидаги сифатга эга бўлмаган маҳсулот етказиб берилганлиги ҳолати қайд этилганлиги; иссиқлик таъминоти хизматлари сифатига доир талаблар шу зайил расамадга солинди. 

 

ОРТИҚЧАЛИК ҚИЛМАЙДИ

– Ҳужжатда кўп квартирали уйнинг иссиқлик таъминотини яхшилашда хизмат ижрочиларининг роли кучайтирилган. Бунинг боиси нима?

– Қоидаларда мулк ҳуқуқи, балансга мансублик, фойдаланишдаги жавобгарликдан келиб чиқиб, иссиқлик таъминоти соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар субъектлари аниқлаб қўйилган. Булар маҳсулот етказиб берувчи (иссиқлик таъминоти ташкилоти), ижрочи (ХУМШ, бошқарувчи ташкилотлар, уй-жой мулкдорлари коммунал хизматлар борасидаги вазифаларни бажаришга ваколатли деб белгилаган, уйнинг ички мол-мулки техник ҳолати ва унга хизмат кўрсатиш учун, шу жумладан иситиш ва иссиқлик таъминоти тизимлари техник ҳолати ва уларга хизмат кўрсатиш учун жавоб берадиган бошқа тузилмалар) ва истеъмолчи (кўп квартирали уйдаги жой мулкдори, коммунал хизматлардан баҳраманд бўлувчи мулкдор)дир. Иссиқлик таъминоти ташкилоти иссиқлик энергиясини уйга кираверишга қадар етказиб берилиши учун жавобгардир. Иссиқлик энергиясининг ҳар бир квартирага етиб бориш учун жавобгарлик ХУМШ зиммасида.

Кўпинча одамлар уй иссиқ бўлмаса, иссиқлик энергиясини етказиб берувчилар устидан шикоят қилишади, ҳолбуки айни шу вақтда кўп қаватли уйга қувурлардан сув сизиб чиқиб ётган бўлади – бу қувурлар аллақачон алмаштирилиши керак эди. Кўп қаватли уйда яшовчилар турли идорларга хатлар йўллайдилар, уйнинг ички иссиқлик таъминоти тизим ечимини топиш мушкул кўринган жумбоқларга тўла – қонунга хилоф равишда кесик қилинган, радиаторлар, пол иситкичлари ўрнатиб олинган. Батареяларни балконга чиқариб олишган, радиаторлардан сувни бемалол оқизишади. Квартиралардаги тўсма деворларни олиб ташлашади ва шунинг оқибатида иссиқлик энергияси белгиланган кўрсаткичлардан кўпроқ талаб этилади. Мухтасар қилиб айтганда, бунда рисоладагидек иситишга умид қилиб бўлмайди. Сабабини бошқа жойдан эмас, шу уйнинг ўзидан излаш ва тизим ишини тиклаш лозим. Хўш, бу иш билан ким шуғулланмоғи лозим? Жой мулкдорлари умумий мол-мулк, шу жумладан уйнинг ички тармоқлари асралиши ва унга қараб турилиши мажбуриятини юклаган ширкат шуғулланмоғи керак, албатта.

Яна бир масалага эътиборни қаратамиз. Истеъмолчиларнинг мурожаатига биноан, ширкатга иссиқлик таъминоти ташкилотининг вакили иситиш тизими ишини текшириб кўриш учун келади. ХУМШ раҳбарлари унга ертўлага кириш учун йўл бермайдилар. Негаки, ертўлада қувурлардан сув сизиб томчилаб ётибди, иссиқ сув тўғри канализацияга чиқариб ташланаётган бўлади. Ширкатга бунинг учун жарима солиниши мумкин. Квартирасининг лойиҳа ечимини бузган мулкдорлар ҳам ўз квартираларига уларни қўймайдилар. Айни шу сабабли уйда иссиқлик энергиясининг умумий ҳисоблагичини ўрнатмай туриб иссиқлик энергиясининг реал истеъмолини аниқлаш мушкул. Аммо истеъмолчиларнинг муҳандислик коммуникация ишларига ноқонуний аралашувини кузатиб бориш ширкатнинг бевосита мажбуриятидир. Акс ҳолда бу бутун уйнинг муаммосига айланади.

Ёки бошқа бир жиҳатни олайлик. Маҳсулот етказиб берувчи уйга иссиқлик энергиясини белгилаб қўйилган кўрсаткичлардан четланган ҳолда етказиб бераётганлиги сабабли квартиралар яхши исимаяпти. Бу масалага ойдинлик киритиш иссиқлик таъминоти ташкилоти ва ширкатнинг иши, лекин аҳолининг мажбурияти эмас.

Шу сабабли аллақачон уйнинг ички мол-мулкига, шу жумладан иссиқлик таъминоти тизимига хизмат кўрсатишда ижрочининг ролини кучайтириш зарурати юзага келган. Қоидаларда унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини инобатга олган ҳолда масъулият доираси белгилаб қўйилган. Ижро этувчи: иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимлари қайта жиҳозланишига йўл қўймаслиги; иситиш тизимидан тармоқ сувининг оқиши ва чиқиб кетишига йўл қўймаслиги; етказиб берувчининг буюртманомалари бўйича унинг ваколатли вакилларининг иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимларига монеликсиз киришини таъминлаши; тизимдаги шикастланиш ва бузилишларни вақтида бартараф этиши; кўп квартирали уйни иситиш мавсумига тайёрлаш чора-тадбирлар кўриши шарт (Қоидаларнинг 79-банди).

Ҳужжатда ижро этувчи иссиқлик энергияси сифати кўрсаткичларига риоя қилиш юзасидан етказиб берувчи томонидан, ўз шартномавий мажбуриятлари бажарилиши шарти билан, иссиқлик таъминоти шартномасига мувофиқ иссиқлик таъминоти хизматларини кўрсатиш сифати учун жавоб беради (Қоидаларнинг ­82-банди). У истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек маънавий зарар учун тўлиқ ҳажмда жавоб беради (Қоидаларнинг 83-банди).

 

ШАРТНОМАНИ КИМ ИМЗОЛАЙДИ

– Ҳужжатда назарда тутилишича, хизматлар кўрсатувчи билан иссиқлик таъминоти шартномасини истеъмолчи номидан ижро этувчи тузиши мумкин. Тарафлар ўзаро муносабатларининг бундай шакли афзаллиги нимада?

– «Ижрочи этувчи – маҳсулот етказиб берувчи» шартномаларини тузиш зарур эканлиги 1999 йилда ишлаб чиқилган 648-сон Қоидаларда аллақачон назарда тутилган эди. Ўша кезлари уй-жой фондидан фойдаланиш билан шуғулланувчи турли ташкилотлар (ЖЭКлар, акциядорлик корхоналари, жой мулкдорлари ширкатлари ва шу сингарилар) зиммаларига юкланган вазифаларни, шу жумладан кўрсатилган коммунал хизматлар учун аҳолидан тўловлар йиғимини таъминлаш борасидаги мажбуриятларини тўлиқ уддалай олмасди. Натижада, Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан 2002 йилдан эътиборан, маҳсулот етказиб берувчилар шартномаларни бевосита кўп қаватли уйлардаги уй-жой мулкдорлари билан туза бошладилар. Янги Қоидалар қарор топган шартномавий муносабатларга йўналтирилган бўлса-да, турар жой фондига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан шартномалар тузиш имконияти ҳам унда назарда тутилган. Бу истеъмолчилар учун анчагина қулай ва фойдали усулдир. Чунки, истеъмолчиларнинг аксарияти қонун ҳужжатлари нормаларини, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмайди, иситиш билан боғлиқ муаммо келиб чиққан тақдирда, аризани тузукроқ, билимдонлик билан ёза олмайди, иссиқлик энергияси батамом етказиб берилмаган ёки бундай энергия лозим даражадаги сифат билан етказиб бермаганлик ҳолларини қай йўсинда аниқлашни билмайдилар. Оқибат натижада улар иссиқлик таъминоти ташкилотларига серқатнов бўлиб қоладилар, ҳолбуки муаммонинг катта қисми жавобгарлик ижро этувчи зиммасида бўлган уларнинг ўз уйи ичкарисидадир. Кўп қаватли уйда муаммо келиб чиққан тақдирда энергия етказиб берувчилар учун ширкат ёки хизмат кўрсатувчи ташкилот билан мулоқотда бўлиш қулайроқ. Ширкатлар «Ижро этувчи – маҳсулот етказиб берувчи» шартномалари тузиш зарурлигини англаб олиши учун улар кўп квартирали уй-жой фондини уйнинг умумий ҳисоблагич асбоблари билан жиҳозлаш фикрини англаб олишлари зарур.

– «Ижро этувчи – маҳсулот етказиб берувчи» шартномасида истеъмолчи маҳсулот етказиб берувчи билан ўзаро муносабатлар доирасидан чиқарилган. Уйда иссиқлик энергияси белгилаб қўйилган сифат кўрсаткичларидан чекланган ҳолда берилаётганлиги сабабли, иситиш борасида муаммо келиб чиқди, дейлик. Ширкат ҳеч қандай чора кўрмайди, истеъмолчи эса маҳсулот етказиб берувчига тўғридан-тўғри мурожаат этиш имкониятидан маҳрум. Бундай масалалар Қоидаларда қай йўсинда тартига солинмоқда?

– Ширкат уй-жой мулкдорларининг ташаббуси билан тузилади. Мабодо, унинг раҳбарлари зиммадаги мажбуриятларини уддалай олмаётган бўлса, ХУМШ аъзолари бошқарувни қайта сайлаши, бошқарувчи ташкилотни ишга ёллаши мумкин. Қоидаларнинг 76-бандида белгилаб қўйилишича, истеъмолчилар (ижро этувчи) томонидан иссиқлик таъминоти йўқлиги ёки иссиқлик манбаи параметрларининг шартномавий параметрларга нисбатан пасайиши тўғрисида белгиланган тартибда ариза берилгандан кейин етказиб берувчи 18 соат мобайнида ариза берувчининг вакиллари иштирокида тегишли далолатномани тузиш учун ўз вакили ҳозир бўлишини таъминлаши, шунингдек маҳсулот етказиб берувчининг айби билан етказиб берилмаган иссиқлик энергиясининг қийматини қоплаши ёки етказиб берилмаган иссиқлик энергиясининг қийматини келгуси даврдаги ўзаро ҳисоб-китобларда ҳисобга олиши шарт. Етказиб берилмаган иссиқлик энергияси ҳажми истеъмолчи ва ижро этувчининг вакиллари иштирокида маҳсулот етказиб берувчи томонидан аниқланади ва далолатнома билан расмийлаштирилади.

 

ҲИСОБЛАГИЧ АППАРАТЛАР ТЕЖАМКОРЛИКНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

– Қоидаларда ресурсларни тежашга, хусусан кўп квартирали уйларни индивидуал ҳисоблагичлар ва уйнинг умумий ҳисоблагич аппаратлари билан жиҳозлашга катта эътибор берилади. Бизда ҳисоблагичларни квартирама-квартира ўрнатиш жараёни давом этмоқда. Уйнинг умумий ҳисоблагичлари эса янги ишдир. Уларнинг афзал жиҳатлари нимада, ҳисоблагичлар кимнинг ҳисобидан сотиб олинади?

– Иссиқлик таъминоти соҳасидаги катта муаммо иссиқлик энергиясини белгиланган меъёрдан ортиқча истеъмол этилишидир. Бунга технологик хусусиятдаги омиллар, айтайлик, ортиқча иситиб юбориш (айниқса, ташқарида ҳаво илиқ кезлари квартира жуда исиб кетгач, одамлар деразаларни очиб қўядилар – иссиқлик кўчага чиқиб кетади), шунингдек истеъмолчиларнинг ўзлари томонидан йўл қўйиладиган кўпдан-кўп қоидабузарликлар, хусусан иссиқ сувни оқизиб чиқариб юбориш, қувур тешилиб сув томчилаб ётиши, қонунга хилоф тарзда кесик ўтказиш, уй ичидаги ускуналарнинг талаб даражасида эмаслиги сингари омиллар сабаб бўлади. Кўп қаватли уйларда уйнинг умумий ҳисоблагич асбоблари бўлмагач, бугунги кунда иссиқлик энергиясининг реал сарфини аниқлаш мумкин эмас. Энергиянинг истеъмолига ҳақиқий сарф бўйича эмас, балки меъёрлар бўйича ҳақ тўланади. Мулкдорлар иситиладиган саҳндан келиб чиқиб иситиш учун ҳақ тўлайдилар, иссиқ сув таъминоти учун эса, индивидуал ҳисоблагич асбоби кўрсаткичлари бўйича, бундай ҳисоблагич бўлмаган тақдирда эса, квартирадаги яшовчиларнинг сони бўйича ҳақ тўлайдилар.

Иссиқлик энергиясини етказиб бериш «Тошиссиққуввати» балансидаги магистрал ва тақсимлагич тармоқлар орқали, шунингдек квартира эгаларининг умумий улушли мулки сирасига кирадиган уй ичидаги тармоқлар орқали амалга оширилади. Уйнинг умумий ҳисоблагич асбобларини ўрнатмай туриб, ҳақиқий истеъмол ҳисобини йўлга қўйиш, меъёрдан ортиқча талафотларнинг қандай қисми бирлашма жавобгарлигидаги зонага, ва қандай қисми уйларга тааллуқли эканлигини аниқлаш қийин.

2007 йили пойтахтнинг кўп квартирали уйларида тажриба тариқасида аҳоли томонидан иссиқлик энергиясининг ҳақиқий истеъмолини мониторинг қилиш мақсадида уйнинг умумий ҳисоблагич асбоблари ўрнатилган эди. Вазиятни ўрганиш, бу иш ҳозирги кунга қадар давом этмоқда, шундан далолат берадики, биздаги реал истеъмол, айниқса, қишли-қировли кунларда меъёрий истеъмолдан анчагина ортиб кетади. Негаки, қиш даврида иссиқлик таъминоти тизимига аралашув ва қоидабузарликлар анчагина кўп бўлади. Шу сабабли энергия ресурслари тежалишини таъминлаш учун иссиқлик энергияси истеъмолининг ҳақиқий ҳолати ҳисобга олинишини йўлга қўйиш жуда муҳимдир. Бунинг учун эса, уйнинг умумий ҳисоблагич асбобларни ўрнатиш, бундай энергия етказиб берилиши юзасидан маҳсулот етказиб берувчи билан ижро этувчи ўртасида шартномалар тузиш ва шундан кейин ҳисоб-китобларни ҳисоблагич кўрсаткичлари бўйича амалга ошириш даркор.

Уйнинг умумий ҳисоблагич асбобларини ўрнатиш истеъмолчилар учун иссиқлик таъминоти тизими ишини яхшилаш ҳамда коммунал маҳсулот истеъмоли учун сарф-харажатларни қисқартириш имконияти ҳамдир. Чунки улар уйга берилаётган иссиқлик энергияси ҳажмини қайд этиб боришдан ташқари энергиянинг сифат кўрсаткичларини ҳам қайд этади. Башарти, бу кўрсаткичлардан четланиш ҳоллари бўлса, ХУМШ (хизмат кўрсатувчи ташкилот, мулкдорлар) маҳсулот етказиб берувчига тўловни қайта ҳисоб-китоб қилиш учун асослантирилган талаблар тақдим этишлари мумкин. Уйнинг иссиқлик энергиясини ҳисобини олиб борувчи умумий ҳисоблагич асбоблари талафот уй тармоқларида ёки иссиқлик таъминоти ташкилоти тармоқларида содир бўлаётганлигини аниқлаш ва бунинг учун ким ҳақ тўлашини аниқлаш имконини беради. Шунинг оқибатида аҳолининг иссиқлик истеъмоли учун тўловлари жиддий тарзда қисқариши мумкин. Бу иш бирданига содир бўлмайди, албатта. Энергияни тежайдиган бир қатор тадбирлардан кейин шундай бўлиши аниқ. Ҳисоблагич асбоблар ўзича ресурсларни тежамайди, лекин улар одамларни кейинчалик коммунал маҳсулотлар учун камроқ ҳақ тўлашни кўзлаб уй ичидаги тармоқларни тартибга келтириш лозимлиги ҳақида уйлаб кўришга ундайди.

Кўп квартирали уйлардаги иссиқлик энергиясини уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбобидан уни балансида сақловчининг (кимнинг балансида эканлигига қараб маҳсулот етказиб берувчи ёки ижро этувчининг) маблағлари ҳисобига фойдаланилади ва қиёсловдан ўтказиш амалга оширилади (Қоидаларнинг 37-банди). Вазирлар Маҳкамасининг 6.11.2013 йилдаги 300-сон Қарорига1 биноан (бундан кейин – 300-сон Қарор) кўп квартирали уйларга уйнинг иссиқлик энергияси умумий ҳисоблагич асбобларини ўрнатиш дастури ишлаб чиқилиб молиялаштиришнинг аниқ манбалари белгилаб қўйилди. Ҳозирча бу масала устида иш олиб борилмоқда. Бугунги кунда «Ўзкоммунхизмат» агентлиги иссиқлик энергияси сарфининг тижорий ҳисоблагичларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш ҳақидаги низом устида иш олиб бормоқда.

 

ЯНГИЧА ШАРОИТДАГИ ЯНГИ ШАРТНОМА

– Тарафларнинг ўзаро муносабатларида кўпгина янгиликлар пайдо бўлди. Улар ўртасида иссиқлик таъминоти юзасидан янги шартномалар ишлаб чиқиладими?

– Бугунги кунда маҳсулот етказиб берувчи билан истеъмолчи ўртасида янги шартноманинг намунавий шакли ишлаб чиқилган бўлиб, у «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, иқтисодиёт ва молия вазирликлари, Давлат рақобат қўмитаси ва республика Адлия вазирлиги билан келишиб олинган. Яқин кунлар ичида «Тошиссиққуввати» ИЧБ унитар корхонаси янги шаклда шартномаларни қайта тузишга киришади. Бу эса жуда улкан ва жиддий ишдир. Шу сабабли истеъмолчиларнинг хайрихоҳлигига, иссиқлик энергияси учун ўзаро ҳисоб-китоб тўғри юритилиши учун керакли маълумотлар ва ҳужжатлар тақдим этилишида ёрдам кўрсатилишига умид қилмоқдамиз.

 

ИСТЕЪМОЛЧИ КЕРАКЛИ МАЪЛУМОТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШНИ УНУТМАСА БЎЛДИ

– Иссиқ сув учун истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китоб қилишда бир қанча муҳим жиҳатлар кўндаланг бўлди. Истеъмолчилар бу хусусда нималарни билиб қўймоғи лозим?

– Қоидаларнинг 86-бандига мувофиқ истеъмолчи ҳар ойда ижрочига (маҳсулот етказиб берувчига) иссиқ сув ҳисобини олиб борадиган индивидуал ҳисоблагич асбоби кўрсаткичларини тақдим этиши, бунинг учун эса уларни кўп квартирали уйнинг ҳар бир йўлагида ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг биноларида ўрнатилган металл қутичаларга ташлашлари лозим. Ҳозирча бундай қутичалар ўрнатилмаганлиги сабабли истеъмолчилар ҳар ойда 25-санага қадар индивидуал ҳисоблагич асбоблари кўрсаткичларини қуйидаги ўзларига мақбул алоқа каналлари орқали «Тошиссиққуввати» ИЧБ унитар корхонасига тақдим этишлари мумкин:

  • электрон почта орқали (e-mail) counter@teploenergo.uz;
  • 200-00-56 бевосита мулоқот телефон рақами орқали соат 9.00 дан 18.00 гача (13.00 дан 14.00 гача тушлик танаффус, шанба ва якшанба кунлари, бошқа вақтда автожавоббергич) ишлайди;
  • «Иссиқлик таъминоти» бошқармасининг туман бўлими.

Иссиқ сув ҳисоблагич асбоби кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилмаган тақдирда «Тошиссиққуввати» ИЧБ унитар корхонаси ҳисоб-китоб қилинаётган ой учун иссиқ сувнинг ўртача ойлик сарфи бўйича устама ҳисоблайди (ҳисоблагич асбобнинг қайд этилган кўрсаткичлари бошланган ва тугаган давр учун) кейинги кўрсаткичлар тақдим этиладиган пайтга қадар (ёки «Тошиссиққуввати» вакили ҳисоблагич кўрсаткичларини назорат тартибида ёзиб олгунига қадар) (Қоидаларнинг 96-банди).

«Тошиссиққуввати» кейинги кўрсаткичлар тақдим этилаётганда ҳисоблагичнинг олдинги кўрсаткичларидан буён ўтган давр учун ҳисоблагич асбобининг ҳақиқий кўрсаткичлари бўйича истеъмол этилган иссиқ сув миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилади. Бунда қайта ҳисоб-китоб тузатиш киритилаётган даврдаги ҳисоб-китоб қилинган ой учун амалдаги тариф бўйича амалга оширилади.

Қоидаларнинг 58-банди маҳсулот етказиб берувчи зиммасига йилнинг ҳар чорагида бир марта истеъмолчиларнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимини кўздан кечириб чиқиб, қўлларидаги маълумотларни унинг ўзи индивидуал ҳисоблагич асбоби кўрсаткичларидан олган маълумотлар билан солиштириб кўриш ҳамда иссиқ сувнинг истеъмол этилган ҳажми ҳақида маълумотлар тақдим этиш мажбуриятини юклайди.

Ўз навбатида истеъмолчилар олдиндан келишиб олган вақтда маҳсулот етказиб берувчининг вакили индивидуал ҳисоблагичдан назорат тартибидаги кўрсаткичларни олиш учун хизмат гувоҳномаси бўлган тақдирда монеликсиз киришини таъмин этишлари шарт (Қоидаларнинг 59, 86-бандлари).

Истеъмолчилар шуни ҳам билиб қўйишлари керакки, иссиқ сув ҳисоблагич асбобларини қиёсловдан вақтида ўтказмаган тақдирда (жисмоний шахслар учун 4 йилда бир марта) маҳсулот етказиб берувчи мазкур манзилда қайд этилган (яшаётган) одамлар миқдори бўйича соз асбоб кўрсаткичи охирги қайд этилган кўрсаткичлари пайтдан эътиборан (Қоидаларнинг 42, 43-бандлари) белгилаб қўйилган тарифга нисбатан ошиб борувчи 1,5 коэффициентини қўллаган ҳолда устама ҳақ ёзадилар.

Истеъмолчилар учун қулай бўлсин деб иссиқ сув истеъмолининг индивидуал ҳисоблагич аппаратлари кўрсаткичларини e-hommunal.uz ва smst.uz веб-сайтлари орқали киритиш имконияти ишлаб чиқилмоқда. Иссиқлик энергияси фойдаланувчисининг шахсий кабинети функциялари; истеъмолчининг шахсий ҳисобварағи бўйича, шахсий ҳисобварақ баланси бўйича муфассал ахборот, тўловлар тарихини олиш имконияти; ҳисоблагичларни ўрнатиш, давлат қиёсловидан ўтказиш учун буюртмалар қабул қилиш имконияти ҳам бўлган корпоратив сайт – «Тошиссиққуввати» ИЧБ унитар корхонасининг teploenergo.uz корпоратив сайтини ишлаб чиқиш билан боғлиқ юмушлар самараси ҳадемай амалиётда ўз ифодасини топади.

«Тошиссиққуввати» ИЧБ унитар корхонаси истеъмолчининг шахсий ҳисобварағи бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар ҳақидаги ахборотни индексация қилиш, иссиқлик энергияси тўловини он-лайн ёрдамида Интернет орқали Uzcard EMV, Smart Vista стандарт пластик карточкалари орқали ҳақ тўлаш, шунингдек бу йўсин тўловни мобил телефон орқали e-hommunal.uz вебсайтида шахсий кабинетдан фойдаланган ҳолда ҳамда «SMS-Tо’lov» миллий электрон тўлов сервисидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин («SMS-Tо’lov» сервисидан фойдаланиш имкониятлари тафсилотлари билан smst.uz веб сайтида танишиш мумкин).

 

РЕСУРСНИ КИМЛАР ЕТКАЗИБ БЕРАДИ?

– Хизмат кўрсатувчилар билан ХУМШлар ўртасида кўпдан буён келишмовчиликлар мавжуд эди. Энди ана шу муносабатлардаги асосий масалалардан бири Қоидалар билан тартибга солинди. Бу иссиқлик тармоғининг баланс мансублиги ва фойдаланиш бўйича жавобгарлик чегаралари эди. Янги ҳужжатга кўра, кўп квартирали уйнинг пастки қисми (цоколи) баланс мансублик чегараси ҳисобланади. Бундай қарор қабул қилинишига қандай далиллар асос бўлиб хизмат қилди?

– Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари ва коммунал хизматлар кўрсатувчилар ўртасида мулкнинг бўлиниш чегаралари ҳамда муҳандислик коммуникацияларини сақлаш учун жавобгарлик тўғрисидаги низом2 (бундан кейин – Низом) қабул қилинганлиги муносабати билан келишмовчилик ва ихтилофлар келиб чиққан эди. Бунда асосий масала иссиқлик пунктларининг баланс бобидаги мансублигидир. Зотан, ҳужжатга кўра бундай иссиқлик пунктларининг таъминоти учун жавобгарлик иссиқлик таъминоти ташкилотлари зиммасига юкланади.

Аммо айни шу ўринда бир қатор зиддиятлар юзага келди. Чунончи, Низомнинг 1-бандида белгилаб қўйилишича, кўп квартирали уйларда муҳандислик тизимларини сақлаш учун жавобгарлик чегаралари бириктирилган тармоқлар орқали коммунал хизматларни кўрсатувчилар билан ХУМШлар ўртасида мулкчилик ёки эгалик ҳуқуқи асосида белгиланади. Айни бир вақтда Низомнинг 8-бандида назарда тутиладики, марказлашган иссиқлик таъминоти тизими кўп квартирали уйлардаги иссиқлик тармоқлари ва иссиқлик пунктларини (бошқарув узеллари) ўз ичига олади, гўё булар иссиқлик ва иссиқ сув таъминотини амалга ошириш мақсадида иссиқлик энергияси етказиб берувчисига тегишли ҳисобланади.

Бироқ уй ичидаги иссиқлик (элеватор) узеллари уйнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти ягона тизимининг элементи сифатида лойиҳаланарди. Бунда улар ҳеч қачон иссиқлик энергиясини етказиб берувчига тегишли бўлмаган. Марказлашган иссиқлик таъминоти мавжуд бўлган вақт мобайнида бинонинг пастки қисми (цоколи) кўп квартирали уйдаги баланс (бўлиниш) чегараси бўлиб келган. Ертўла ичидаги ускуналар, шу жумладан иссиқлик узели ҳамиша кўп квартирали уйдаги уй-жой мулкдорларига улушли мулк ҳуқуқида тегишли бўлган.

Низом қонуности ҳужжати эканлиги сабабли ҳам, бўлиниш чегараси масаласини «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг (14.12.2000 йилдаги 160-II-сон, 24.12.2012 йилдаги ЎРҚ-342-сон Қонун таҳририда) 16-моддасига биноан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган амалдаги қонунларга: Фуқаролик кодексининг 211-моддаси, Уй-жой кодексининг 124-моддаси, «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон, бундан кейин – Қонун) 28-моддасига мувофиқлаштирмоқ лозим эди.

Тилга олинган ҳужжатларда белгиланишича, кўп квартирали уйдаги уй-жой ва нотурар жойларнинг мулкдорларига умумий мол-мулк улушли мулк ҳуқуқида тегишли бўлади, у уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, хоналардан ташқаридаги ёки уларнинг ичидаги, биттадан ортиқ хоналарга хизмат кўрсатувчи механик, электр, санитария-техник ва бошқа ускуна ҳамда жиҳозларни ҳам ўз ичига олади. Уй ичидаги бошқа асбоб-ускуналарга нималар киради? Булар қозонхоналар, бойлер, элеватор узеллари (иссиқлик пунктлари), насос ва бошқа муҳандислик ускуналаридир. Қонуннинг 30-моддасида жой мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда зиммаларига олишлари шартлиги белгиланган. Бошқача айтганда, ҳар бир тараф мулкчилик ҳуқуқи ва баланс бўйича тегишлилик доирасида фаолият юритиши ва жавобгарликни зиммасига олиши керак.

Ширкатлар иссиқлик пунктлари ўзига хос жиҳатларга эга бўлганлиги сабабли уларга хизмат кўрсата олмасликлари, бу махсус билимларни талаб этишини айтиб, эътироз билдирдилар. Бироқ, Қонуннинг 34-моддасига мувофиқ, умумий мол-мулкка хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлашни ХУМШ, жой мулкдорлари ёки пудратчилар шартнома асосида амалга оширишлари мумкин.

 

ДЕМОНТАЖ АВВАЛГИДЕК ТАҚИҚЛАНГАН

– Квартираларида иссиқлик йўқлигидан алоҳида иситиш тизимини ўрнатмоқчи бўлган кўпгина истеъмолчиларни иситиш ускуналарини демонтаж қилиш масаласи ташвишга солади. Ушбу масалага ёндашув аввалгича қолмоқда: Қоидаларда демонтаж қилиш тақиқланади. Бироқ фуқаролар ўзларининг нуқтаи назарига кўра ана шундай имкониятни берувчи далил-исботларни кўрсатадилар. Агар радиатор ўрнига квартирага иссиқлик кириш ва чиқиш нуқталари орасида бевосита улагич ўрнатилса, иситиш стоягидаги сув оқими бузилмайди деб ҳисоблайдилар.

– Қоидаларда уй ичидаги иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимидан иситиш ускуналарини демонтаж қилиш тақиқланган (Қоидаларнинг 15, 88-бандлари). Зеро унинг ишига арзимас аралашув ҳам иссиқлик ва гидравлик тартибга солишни бузиши мумкин. Агар уй иситилмаса, ХУМШ иссиқлик таъминоти ташкилот билан биргаликда бунинг сабабини аниқлаши ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриши керак.

Уй-жой кодексининг 24-моддасида хоналарни ўзбошимчалик билан қайта қуриш ва ўзгартиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Ушбу тартибни ШНК 1.04.05-063 белгилайди, унга кўра кўп квартирали уйдаги турар жой мулкдори ўзига тегишли мол-мулкни ўзбошимчалик билан қайта қуриши ва ўзгартириши, уйнинг умумий муҳандислик иссиқлик таъминоти тармоқларининг техник тавсифларини бузиш билан боғлиқ иситиш тизими ишига аралашиш тақиқланган.

 

1«Республиканинг иссиқлик ва сув билан таъминловчи ташкилотларини молиявий соғломлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида».

2«Ўзкоммунхизмат» агентлиги бош директорининг АВ томонидан 27.02.2007 йилда 1659-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

3Биноларнинг мустаҳкамлиги хавфсизлигини таъминловчи кўп квартирали уйларда хоналарни реконструкция қилиш, қайта қуриш ва ўзгартириш тартиби тўғрисида низом (Давархитектқурилишқўмнинг 23.03.2006 йилдаги 20-сон буйруғи билан тасдиқланган).

 

 

ИСТЕЪМОЛЧИ ҚУЙИДАГИ ҲУҚУҚЛАРГА ЭГА:

кўп квартирали уйда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида белгиланган сифатга, ҳажмга эга бўлган, унинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсиз бўлган, унинг мол-мулкига зарар етказмайдиган иссиқлик таъминоти хизматларининг узлуксиз кўрсатилишини талаб этиш;

ушбу Қоидаларга ва иссиқлик таъминоти шартномасига мувофиқ, ушбу хизматлар кўрсатилмаган давр учун иссиқлик таъминоти хизматларига ҳақ тўлашдан тўлиқ ёки қисман озод этилган ҳолда, иссиқлик таъминоти шартномасида (бундан кейин – шартнома) белгиланганидан ортиқча танаффуслар вақти учун иссиқлик таъминоти хизматларига ҳақ тўламаслик;

қонун ҳужжатларида, шартномада назарда тутилган ҳолатларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатилмаганда ёки хизматлар зарур сифат ва тартибда кўрсатилмаганда неустойка (жарималар, пенялар) тўлашни, қайта ҳисоб-китоб амалга оширилишини талаб қилиш;

иссиқлик таъминоти хизматлари учун тўлов бўйича ҳисоб-китобларнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни (шахсан ёки ўз вакили орқали), шунингдек етказиб берилган иссиқлик энергияси учун тўлов бўйича қарзларнинг йўқлиги тўғрисидаги маълумотномаларни бепул олиш;

иссиқлик таъминоти хизматларининг ҳажми ва сифати, уни кўрсатиш шартлари, иссиқлик таъминоти учун тўлов миқдори ва уни тўлаш тартиби ўзгариши тўғрисидаги маълумотларни бепул олиш;

буюртманомалар юборилган пайтдан бошлаб иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатилмаганлиги ёки зарур сифатда кўрсатилмаганлиги ва аниқланган камчиликлар белгиланган муддатда бартараф этилганлиги тўғрисидаги далолатномани 18 соат мобайнида олиш.

Истеъмолчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Қоидаларнинг 85-банди.

 

 

ИСТЕЪМОЛЧИ ҚУЙИДАГИЛАРГА МАЖБУР:

Истеъмолчиларнинг мажбуриятларида пайдо бўлган янгиликлар ҳисобга олиш асбобларини, квартира ичидаги ва уй ичидаги иссиқлик таъминоти тизимларини сақлаш учун улар жавобгарлигини ошириш билан боғлиқ. Чунончи, масалан, индивидуал ҳисобга олиш асбобларининг яққол кўриниб турган носозликлари аниқланганда абонент бу тўғрида ижрочига (ХУМШ ёки хизмат кўрсатувчи ташкилотга) дарҳол хабар бериши, квартира ичидаги асбоб-ускуналарнинг носозликлари аниқланганда уларни бартараф этиш юзасидан мумкин бўлган барча чораларни кўриши шарт. Иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимларидаги авариялар, бошқа бузилишлар бўлганда ижро этувчига ёки етказиб берувчига дарҳол хабар бериш лозим. Индивидуал ҳисобга олиш асбобларидан назорат кўрсаткичларини ёзиб олиш учун етказиб берувчининг вакилини, олдиндан келишилган вақтда қўйишни таъминлаши шарт. Юз берган ўзгаришлар (эгаси, яшовчи одамлар сони, майдон ўзгариши, турар жой фондидан нотурар жой фондига ва нотурар жой фондидан турар жой фондига айлантириш) пайтидан (кунидан) бошлаб 10 иш кунидан кечикмай иссиқлик таъминоти хизматларидан фойдаланиш шартномаси шартлари ўзгарганлиги тўғрисида етказиб берувчини ўз вақтида хабардор қилиши шарт (Қоидаларнинг 86-банди). Истеъмолчи иситиш ва иссиқ сув таъминоти хизматлари кўрсатишнинг сифатига таъсир кўрсатувчи иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимлари бузилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради (Қоидаларнинг 87-банди).

 

 

ИСТЕЪМОЛЧИ УЧУН ҚУЙИДАГИЛАР ТАҚИҚЛАНАДИ:

иситиш тизимидан иссиқлик манбаини чиқариб ташлаш;

уй ичидаги иссиқлик тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб олиш ёки ҳисобга олишнинг умумий ёки индивидуал ҳисобга олиш асбобларини четлаб ўтиб уларга уланиш, тегишли ўзгаришларни белгиланган тартибда киритмасдан иссиқлик таъминотининг уй ичидаги тизимларига ўзгартиришлар киритиш;

турар жой хонасида ўрнатилган иситиш асбобларининг иситиш юзасини хонанинг техник паспортида кўрсатилган параметрлардан ортиқ ўзбошимчалик билан кўпайтириш, шунингдек қўшимча тартибга солувчи ва тик қувур арматурасига ўрнатиш;

кўп қаватли уйнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимидан алоҳида турар ва нотурар жойларнинг иситиш асбобларини демонтаж қилиш орқали иситиш тизимидан узиб қўйиш;

индивидуал ҳисобга олиш асбобларидаги тамғаларни ўзбошимчалик билан бузиш, умумий ёки индивидуал ҳисобга олиш асбобларини қисмларга ажратиш ва уларнинг кўрсаткичларини бузишга ёки шикастлашга йўналтирилган хатти-ҳаракатларни содир этиш;

иссиқлик энергиясидан унинг бевосита вазифасидан (иситиш, иссиқ сув таъминоти) бошқа мақсадда фойдаланиш;

иссиқлик таъминоти шартномасида ва ушбу Қоидаларда белгиланган иссиқлик энергиясидан фойдаланиш тартибини бузувчи хатти-ҳаракатларни содир этиш.

Қоидаларнинг 88-банди.

Прочитано: 2818 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика