Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 52 / Байрам тадбирлари бухгалтерияси

Ҳаммасини ҳисоблаймиз

Янги йил арафасида мўлжалланган ишлардан бири инвентарлашни ўтказишдир. Йиллик ҳисоботга тайёргарлик айнан шундан бошланади. Шу боис инвентарлашдан мақсад корхона мол-мулкининг ҳақиқатда мавжудлигини, унинг мажбуриятлари ҳолатини текшириш ва уни бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан қиёслашдан иборат. Инвентарлаш бир қарашда оддий кўринадиган, бироқ аслида мураккаб ва мажбурий тадбирдир.  

 

... ИСТИСНО ҚИЛИНАДИ

Корхоналар томонидан мулкчилик шаклидан қатъи назар инвентарлашни ўтказиш ва унинг натижаларини расмийлаштириш 19-сон БҲМС «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш»1 билан тартибга солинади. 19-сон БҲМСнинг 1.5-бандида йиллик молиявий ҳисоботни тузиш олдидан, қуйидагилардан ташқари мол-мулкни инвентарлашнинг мажбурийлиги белгиланган:

● 2014 йилнинг 1 октябридан олдин бўлмаган даврда инвентарлаш ўтказилган мол-мулк;

● асосий воситалар (2 йилда камида 1 марта) ва кутубхона фондлари (5 йилда 1 марта).

Пул маблағлари, пул ҳужжатлари, бойликлар ва қатъий ҳисобдаги бланклар ойда 1 марта, ёнилғи-мойлаш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари – ҳар чоракда инвентарланади.

Инвентарлашнинг ўтказилмаганлиги бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш ҳисобланади, бу эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1751-моддаси бўйича мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, ЭКИҲнинг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Инвентарлаш бошлангунига қадар корхона директори инвентарлаш комиссиясини тузиш ҳақида буйруқ чиқариши лозим. Комиссияни директорнинг ўзи ёки унинг ўринбосари бошқариши мумкин, комиссия таркибига бош бухгалтер ва мутахассислар (муҳандислар, иқтисодчилар, технологлар ва ҳоказолар) киритилади. Шунингдек буйруқда инвентарланиши лозим бўлган мол-мулк турлари ва мажбуриятлар, уни бошлаш ва тугатиш муддатлари қайд этилади.

Қуйидагилар умумий тартибда текширилиши лозим:

 асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий захиралар;

 тугалланмаган ишлаб чиқариш ва келгуси даврлар харажатлари;

 молиявий қўйилмалар;

 пул маблағлари (кассадаги, банкдаги ҳисоб-китоб ва валюта ҳисобварақларидаги, йўллардаги), пул ҳужжатлари ва қатъий ҳисобдаги бланклар;

 дебитор ва кредиторлар – банклар, бюджет, харидорлар ва мол етказиб берувчилар, ходимлар, ҳисобдор шахслар билан ҳисоб-китоблар;

 корхонанинг мулки ҳисобланмайдиган мол-мулк – ссуда шартномаси бўйича олинган, ижарага олинган асосий воситалар ва масъул сақлашда бўлган ва (ёки) комиссияга қабул қилинган товарлар.

Бунда мол-мулкнинг ҳамма турлари ҳам текширилмайди. Масалан, агар 2013 йилнинг охирида йиллик молиявий ҳисобот тузилгунга қадар сиз асосий воситаларни инвентарлашдан ўтказган ёки 2014 йил 20 октябрда (ёки кейинроқ) омборда моддий жавобгар шахс алмашиши чоғида товар-моддий бойликларни инвентарлашни ўтказган бўлсангиз, мазкур мол-мулкни йил охирида инвентарлашдан ўтказиш керак эмас. Тегишинча, у раҳбарнинг буйруғида ҳам кўрсатилмайди.

Инвентарлаш натижалари инвентарлаш рўйхатлари, далолатномалар, солиштириш қайдномаларига қўлда ёзиб қўйилади ёки электрон шаклда киритилади, улар 19-сон БҲМСга 5-иловада келтирилган шакл бўйича натижалар қайдномасида умумлаштирилади.

 

ТОВАР-МОДДИЙ БОЙЛИКЛАРНИ ТЕКШИРАМИЗ

Асосий воситалар, хом ашё, материаллар, тайёр маҳсулот, товарлар ва бошқа бойликларни инвентарлаш уларнинг ҳар бир жойлашган ёки сақланаётган жойи бўйича ўтказилади.

Асосий воситалар (АВ) бўйича инвентарлаш варақчалари, инвентарлаш дафтарлари, рўйхатлар ва шунга ўхшаш бошқа таҳлилий ҳисоб регистрларининг, техник ҳужжатлар, шунингдек корхона томонидан ижарага ва сақлашга топширилган ёки қабул қилинган АВга доир ҳужжатларнинг мавжудлиги ва қандай ҳолатдалиги текширилади. Бу объектларнинг барчаси натурада кўздан кечирилиши, уларга оид маълумотлар эса 19-сон БҲМСга 6-иловада келтирилган шакл бўйича инвентарлаш рўйхатига киритилиши лозим. Ҳисоб регистрлари ва (ёки) техник ҳужжатларда тафовутлар ва ноаниқликлар топилган тақдирда, уларга тегишли тузатишлар ва аниқлаштиришлар киритилиши керак.

Ижарага олинган ёки масъул сақлашда бўлган асосий воситалар уларни масъул сақлаш ёки ижарага қабул қилиш учун асос бўлган ҳужжатлар кўрсатилган ҳолда алоҳида рўйхатга киритилади (19-сон БҲМСга 6-илова).

Ана шу алоҳида расмийлаштириш қоидаси фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган ва тиклаб бўлмайдиган асосий воситалар объектларига ҳам тегишлидир. Уларга оид маълумотларда уларни фойдаланишга топшириш вақти ва яроқсиз ҳолга келтирган сабаблар кўрсатилади.

Агар комиссия АВларни инвентарлашдан ўтказиш чоғида ҳисобга киритилган маълумотлардан четга чиқишларни аниқлаган бўлса, солиштириш қайдномасини тузади (19-сон БҲМСга 17-илова), унда бухгалтерия ҳисоби ва инвентарлаш рўйхатлари маълумотларидаги кўрсаткичлар ўртасидаги тафовутлар акс эттирилади, кейин бу тафовутлар инвентарлашда аниқланган натижалар қайдномасига кўчирилади.

Товар-моддий захираларни (ТМЗ) инвентарлаш уларни санаб чиқиш, тарозида тортиш ва ўлчашдан иборат. Етказиб берувчининг очилмаган ўрамида сақланаётган буюмлар ҳужжатлар асосида, бироқ натурада танлаб олиб текшириш билан инвентарлашдан ўтказилади. Уюм қилинган ва арзон баҳоли улкан буюмлар сони техник ҳисоб-китоблар асосида аниқланади.

ТМЗлар номи, тури, гуруҳи, миқдори ва бошқа зарур маълумотларни (артикули, нави ва ҳоказоларни) кўрсатган ҳолда инвентарлаш рўйхатларига (19-сон БҲМСга 8-илова) киритилади. Агар инвентарлаш 2 ва ундан ортиқ кун давомида ўтказиладиган бўлса, санаб чиқилган товарларга инвентарлаш ёрлиғи (19-сон БҲМСга 7-илова) расмийлаштирилади, у товарга оид маълумотлар билан бирга сақланади.

Алоҳида инвентарлаш рўйхатларига: масъул сақлашда бўлган (19-сон БҲМСга 10-илова); йўлда бўлган, юклаб жўнатилган, харидорлар томонидан ҳақи муддатида тўланмаган; бошқа корхоналар омборларида бўлган (19-сон БҲМСга 9, 11-иловалар) ТМЗ ҳақидаги маълумотлар киритилади. ТМЗ сўнгги гуруҳини инвентарлаш бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақларидаги суммаларни ҳужжатлар асосида текширишдан иборат, ана шу маълумотларга кўра ҳар бир жўнатма бўйича номи (ҳужжат бўйича), миқдори ва қиймати (ҳисоб маълумотларига биноан), юклаб жўнатиш санаси, шунингдек, ушбу бойликлар тегишли ҳисобварақларда ҳисобга олинишига асос бўлган ҳужжатларнинг рақамлари келтириладиган далолатномалар тузилади.

ТМБ инвентарлаш даврида раҳбар ва бош бухгалтернинг ёзма рухсати билан инвентарлаш комиссияси аъзолари ҳозирлигида кирим қилинади ва берилади. Ушбу бойликлар бўйича алоҳида рўйхатлар юритилади, уларда бойликлар келиб тушган (чиқиб кетган санаси), уларни юборган (олиб кетган) шахснинг номи, кирим-чиқим ҳужжатлари (қабул қилиш-топшириш далолатномалари, юкхатлар ва шу кабилар) рақами ва санаси, номи, миқдори ва қиймати кўрсатилади.

Тайёрланган инвентарлаш рўйхатларига комиссиянинг барча аъзолари ва моддий жавобгар шахслар имзо қўядилар. Моддий жавобгар шахслар рўйхат охирида бойликлар улар ҳозирлигида текширилганлиги, комиссия аъзоларига нисбатан ҳеч қандай эътироз-даъволари йўқлиги ва санаб чиқилган бойликлар масъул сақлашга қабул қилинганлиги тўғрисида тилхат берадилар.

 

МОЛ-МУЛК КАМОМАДИ ВА ОРТИҚЧА ЧИҚИШИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

ТМБларни инвентарлашда аниқланган камомадлар ва ортиқча чиқишларни ҳисобга олиш Инвентаризация жараёнида аниқланган мол-мулк камомади ва ортиқчасининг бухгалтерия ҳисоби тартиби тўғрисидаги низом2 (кейинги ўринларда – 1334-сон Низом) билан тартибга солинади. Улар бозор қиймати бўйича баҳоланади.

Аниқланган ортиқча мол-мулклар тегишли мол-мулкни ҳисобга олиш ҳисобварақларида (1000-«Материаллар», 0100-«Асосий воситалар», 2900-«Товарлар» ва бошқалар) 9390-«Бошқа операцион даромадлар» ҳисобварағи билан корреспонденцияда балансга кирим қилинади. Корхоналар учун мол-мулкнинг ортиқчаси Солиқ кодексининг 132-моддаси 5-бандига кўра бошқа даромад бўлиб, жорий йил даромади ҳисобланади. Солиқ солиш мақсадида мазкур ортиқча мол-мулклар қуйидагилар таркибига киритилади:

● фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда – корхонанинг ялпи даромадига;

● ЯСТни ҳисоб-китоб қилишда – ялпи тушумга киритилади ва уларга асосий фаолият тури ставкаси бўйича солиқ солинади.

ТМБ ҳамда корхонага тегишли бошқа мол-мулкнинг камомади ёки бузилишида айбдор шахслар аниқлангунга қадар 5910-«Камомадлар ва қийматликларнинг бузилишидан йўқотишлар» ҳисобварағида мол-мулкни ҳисобга олиш ҳисобварақлари (0100-«Асосий воситалар», 2900-«Товарлар», 1000-«Материаллар») билан корреспонденцияда акс эттирилади. Моддий жавобгар шахс (ёки бошқа ходим) айбдор деб тан олинган ҳолларда бир ойлик ўртача иш хақидан ошмайдиган етказилган зарар суммасини айбдор ходимдан ундириш иш берувчининг фармойишига мувофиқ амалга оширилади. Фармойиш етказилган зарар аниқланган кундан бошлаб 1 ойдан кечикмасдан чиқарилиши мумкин. Агар зарар суммаси ходимнинг ўртача ойлик иш хақидан юқори ёки зарар аниқланган кундан бошлаб бир ой ўтган бўлса, ундириш суд орқали амалга оширилади (1334-сон Низомнинг 2-банди).

Таъкидлаб ўтилганидек, айбдор шахслар томонидан етишмайдиган бойликларнинг бозор қийматлари бўйича ҳисобланган зарар қопланади. Агар бозор қийматлари камомаддан кўрилган зарар суммасидан юқори бўлса, ортиқчасининг суммаси 9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда» ёки 9320-«Бошқа активларнинг чиқиб кетишидан фойда» ҳисобварақларига киритилади ва Солиқ кодексининг 132-моддаси бўйича корхонанинг бошқа даромадлари деб тан олинади. Агар бозор қиймати камомаддан кўрилган зарардан паст бўлса, тафовут 9430-«Бошқа операцион харажатлар» ҳисобварағига ҳисобдан чиқарилади ва фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш чоғида чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланади (Солиқ кодекси 147-моддасининг 23-банди).

Камомаднинг аниқ айбдори топилмаган ёки моддий жавобгар шахслардан ундириб олиш имкони бўлмаган ҳолларда, кам чиққан товар-моддий захираларининг ҳақиқий (баланс) қиймати 9430-«Бошқа операцион харажатлар» ҳисобварағида, уларни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳисобот даврида ҳисобдан чиқарилади. Бунда корхонага етказилган зарар фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегирилмайди (Солиқ кодекси 147-моддасининг 23-банди), ЯСТ тўловчиларида эса у ҳисобга олинмайди.

 

МИСОЛ. Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхонада йиллик молиявий ҳисоботни тузишдан олдин инвентарлаш ўтказилди ва қуйидагилар аниқланди:

ишламаётган сканер (бошланғич қиймати 900 минг сўм, ҳисоблаб ёзилган эскириш суммаси – 360 минг сўм, 8510-ҳисобварақ бўйича кредит сальдоси – 32 минг сўм). Шунга ўхшаш сканернинг бозор қиймати 508 минг сўмга тенг. Айбдор аниқланди, ундан 200 минг сўм ундиришга, қолган суммани корхона харажатларига ҳисобдан чиқаришга қарор қилинди;

бозор қиймати 520 минг сўмга тенг бўлган ҳисобга олинмаган бўёқ захиралари.

Фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда сканернинг бузилишидан 308 минг сўм (900 – 360 – 200 – 32) миқдорида кўрилган зарар чегирилмайди, ҳисобга олинмаган бўёқ қиймати – 520 минг сўм – бошқа даромад сифатида солиқ солинадиган базага киритилади.

Ходим учун 308 минг сўм миқдоридаги зарарга воз кечилган қарз суммаси моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади (Солиқ кодекси 177-моддасининг 5-банди) ва унга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади, бироқ ЯИТ ва фуқаролардан олинадиган суғурта бадаллари солинмайди.

 

Хўжалик
операциясининг мазмуни

 

Сумма (минг сўм)

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Инвентарлаш натижасида аниқланган бўёқ ҳисобга олинди

 

520

 

1050

 

9390

 

Сканернинг бошланғич қиймати ҳисобдан чиқарилди

 

900

 

9210

 

0150

 

Ҳисоблаб ёзилган эскириш ҳисобдан чиқарилди

 

360

 

0250

 

9210

 

Сканерни қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилди

 

32

 

8510

 

9210

 

Зарар суммаси акс эттирилди

 

508

 

5910

 

9210

 

Етказилган зарар ундирилди

 

200

 

4790

 

5910

 

Сканер чиқиб кетишидан зарар акс эттирилди

 

308

 

9430

 

5910

 

 

ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ ИНВЕНТАРЛАШ

Ҳисоб-китобларни инвентарлаш барча контрагентлар билан ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириб чиқишдан иборат. Комиссия бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақларида қайд этилган суммаларнинг асосланганлигини текширади, дебитор ва кредиторлар ҳисобварақлари бўйича қарзларнинг пайдо бўлиш муддатларини аниқлайди, даъво этиш муддатларини ўтказиб юборишда (шундай далиллар мавжуд бўлганда) айбдор шахсларни аниқлайди. Инвентарлашда қуйидагилар билан ҳисоб-китоблар текширилади:

 банклар билан ссудалар бўйича;

 бюджет;

 харидорлар;

 мол етказиб берувчилар;

 ҳисобдор шахслар;

 ходимлар, шу жумладан депонентлар;

 бошқа дебитор ва кредиторлар.

Дебитор ва кредиторлар билан ҳисоб-китоблар (ходимлардан ташқари) ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси* бўйича текширилади, у эркин шаклда тузилади.

Солиштириш далолатномаси шартнома бўйича харидорлар ва мол етказиб берувчилар (пудратчилар) томонидан мажбуриятлар бажарилиши учун асос ҳисобланади. Харидорлар қолган пул маблағларини тўлайдилар, мол етказиб берувчилар эса товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб берадилар ёки уларга келиб тушган пулларни қайтарадилар.

Ҳисоб-китобларни инвентарлаш натижалари 19-сон БҲМСга 16-илова бўйича далолатномада умумлаштирилади. Унда дебиторлик ва кредиторлик қарзлари суммалари кўрсатилиши лозим:

● имзоланган солиштириш далолатномалари асосида ёки суднинг ҳал қилув қарори бўйича бошқа тараф тан олган, тасдиқланган қарзлар;

● солиштириш далолатномаси бўйича контрагент томонидан тасдиқланмаган қарзлар;

● даъво қилиш муддати ўтган қарзлар.

Инвентарлаш чоғида аниқланган даъво қилиш муддати ўтган кредиторлик қарзлари жорий йилнинг бошқа даромадлари таркибида ҳисобга киритилади (9360-« Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар»), уларга фойда солиғи ва ЯСТ (асосий фаолият тури ставкаси бўйича) солинади.

Инвентарлаш чоғида аниқланган, суднинг ҳал қилув қарори бўйича, банкротлик, хўжалик юритувчи субъектларнинг тугатилиши, қарздор жисмоний шахснинг вафот этганлиги ёки даъво муддати ўтганлиги туфайли мажбуриятлар бекор қилиниши оқибатида қарздор томонидан сўндирилиши мумкин бўлмаган дебиторлик қарзлари умидсиз қарзлар деб эътироф этилади. Ушбу қарзлар корхона раҳбарининг фармойиши бўйича жорий йилда қуйидагича ҳисобдан чиқарилади:

бошқа харажатларга (9430-«Бошқа операцион харажатлар» ҳисобварағи);

гумонли қарзлар бўйича захиралар ҳисобварағига (агар у ҳисоб сиёсатида назарда тутилган бўлса).

Бундай қарзлар қарздорларнинг мулкий ҳолати ўзгарган тақдирда қарзларни ундириш имкониятини кузатиб туриш учун ҳисобдан чиқарилган даврдан бошлаб 5 йил мобайнида 007-«Тўлашга қобилиятсиз дебиторларнинг зарарга ўтказилиб ҳисобдан чиқарилган қарзи» балансдан ташқари ҳисобварағида ҳисобга олинади. Ҳар бир қарздор бўйича 007-«Тўлашга қобилиятсиз дебиторларнинг зарарга ўтказилиб ҳисобдан чиқарилган қарзи» ҳисобварағида таҳлилий ҳисоб ҳар бир қарздор бўйича юритилади.

 

МИСОЛ. Инвентарлаш чоғида харидорга тегишли, даъво муддати ўтган 230 минг сўм миқдоридаги дебиторлик қарзи аниқланди. Уни ҳисобдан чиқаришга қарор қилинди. Гумонли қарзлар бўйича захира назарда тутилмаган.

Ҳисобдан чиқаришга қарор қилинган санадаги 230 минг сўмга тенг дебиторлик қарзи 9430-«Бошқа операцион харажатлар» ҳисобварағи дебети бўйича 4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар» ҳисобварағи билан корреспонденцияда кўрсатилади. Мазкур сумма ҳисобдан чиқарилган пайтдан бошлаб 5 йил мобайнида балансда ҳисобда туради (007-ҳисобварақ дебети).

Умидсиз дебиторлик қарзини ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарар фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириладиган харажатлар ҳисобланади (Солиқ кодекси 145-моддасининг 40-банди «в» кичик банди).

 

1МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2МВ, ДСҚ ва МАИМҚВнинг АВ томонидан 6.04.2004 йилда 1334-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

 

*Ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномасини тузишга доир мисол e-gazeta.norma.uz сайтида келтирилади.

 

Байрам тадбирлари бухгалтерияси бўйича тавсияларни «Norma Ekspert» Қорқизлари тайёрладилар.

Прочитано: 4483 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика