Norma.uz

Ҳисобга турмасдан ишга жойлашиш

Бизнинг ташкилотимиз Тошкентда доимий пропискага эга бўлмаган кишини ишга олиш ва у билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани тузиш ниятида. МЖТКнинг 223-моддаси тўртинчи қисмига кўра паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, худди шунингдек вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилиш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шу муносабат билан қуйидаги саволлар туғилади.

1. Корхона Тошкентда вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги (меҳнат шартномаси эмас) шартномалар тузиш ҳуқуқига эгами? Ушбу шахслар Ўзбекистон минтақаларида (Тошкент вилоятида эмас) доимий пропискага эгалар, Тошкентга турли муддатларга (3 кундан 10 кунга қадар) келадилар.

2. Иш берувчи Тошкентда доимий пропискаси бўлмаган жисмоний шахсларни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича ишга қабул қилганлик учун МЖТКнинг 213-моддаси тўртинчи қисми бўйича жавобгар бўладими?

И.Маҳкамов.

 

– Ҳақиқатан ҳам, кўп ҳолларда корхоналар муайян хизматларни бажариш учун ходимларни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича жалб этадилар. Агар жисмоний шахс ташкилотда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома (бундан кейин – ФҲТШ) бўйича, масалан, пудрат шартномаси (Фуқаролик кодексининг (ФК) 631-моддаси) ёки ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси (ФКнинг 703-моддаси) бўйича ишласа, унинг корхона билан ўзаро муносабатлари Меҳнат кодекси билан тартибга солинмайди. ФҲТШни тузиш меҳнатга оид муносабатларнинг вужудга келишига олиб келмайди, шартнома бўйича ижрочига ходимларга меҳнат шартномалари бўйича бериладиган ҳуқуқ ва кафолатлар ҳамда Меҳнат кодекси ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган иш берувчининг жавобгарликка тортиш чоралари татбиқ этилмайди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖТК) 223-моддаси тўртинчи қисмида назарда тутилган, мансабдор шахсларни паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, худди шунингдек вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобга турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун жарима тарзида жазолаш меҳнат шартномалари тузган иш берувчиларга татбиқ этилади.

ФҲТШда меҳнатга оид муносабатларнинг вужудга келиши назарда тутилмаганлиги боис, корхона Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаган ёки турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқаролар билан бундай шартнома тузиши мумкин деб ҳисоблаймиз. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, ФҲТШни тузаётганда (меҳнатга оид муносабатлардан фарқ қилиб) паспорт тизимини ва, тегишинча, МЖТКнинг 223-моддасини бузганлик учун жавобгарлик буюртмачи-корхонанинг мансабдор шахслари зиммасига эмас, балки ижрочи – жисмоний шахс зиммасига юкланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 16.02.2012 йилдаги 41-сон Қарорига 1-илова) 12-бандига кўра, фуқарони Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш фуқарони доимий яшаш жойидан пропискадан чиқармасдан 5 кундан 6 ойгача муддатга амалга оширилади ҳамда бу Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турар жой сотиб олиш, шунингдек доимий ишга ва ижтимоий кафолатларга эга бўлиш учун асос ҳисобланмайди.

Эътиборингизни шунга қаратамизки, ходим меҳнат шартномаси ёки ФҲТШ бўйича ишлашидан қатъи назар, агар у Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида 5 кундан ортиқ турса, ҳисобга туриши шарт. Мазкур меъёрни бажармаслик паспорт тизими ҳамда пойтахт ва пойтахт вилоятида бўлиш қоидаларини бузиш ҳисобланади.

41-сон Низомнинг 12-банди учинчи хатбошиси билан белгиланишича, ҳисобга қўйилган фуқаро ҳисобга олиш муддатидан ортиқ бўлмаган даврда вақтинча ишга эга бўлиш ҳуқуқига эгадир. Шу тариқа, унга вақтинчалик иш олиш имконияти берилади, бироқ бу ҳол шахсни вақтинча ҳисобга қўйиш учун мажбурий шарт ҳисобланмайди. Фуқаро меҳнат шартномаси бўйича ишлаши ёки ФҲТШ бўйича хизматлар кўрсатиши ёхуд ҳеч қаерда ишламаслиги мумкин, бироқ у Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида 5 кундан кўп вақт бўлганда вақтинчалик ҳисобга туриши шарт.

Ушбу тушунтириш аниқ (сиз келтирган) вазиятга тааллуқли. Узоқ муддатларга қайта-қайта ФҲТШ тузиш назорат қилувчи органларда бундай муносабатларнинг хусусияти тўғрисида шубҳа туғдириши мумкин. Бундай шартномалар буюртмачи (иш берувчи) учун нохуш оқибатларга олиб келувчи меҳнатга оид муносабатларнинг яширин шакли деб эътироф этилиши мумкин.

 

Тимур МЎМИНОВ,

эксперт-юристимиз.

Прочитано: 3026 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика