Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 51 / Божхона

Айни бир хил товарлар қиймати бўйича

Товарларнинг божхона қийматини назорат қилиш учун ташкилотдан айни бир хил ёки ўхшаш товарларнинг қиймати тўғрисидаги маълумотларни сўрашди. Биз уларга эга эмасмиз. «Бу ҳолда, – дейишди бизга божхона постида, – қийматини ўз маълумотларимиз асосида белгилаймиз». Қизиқ, булар қандай маълумотлар экан, божхоначилар қийматни қандай баҳолашмоқчи?

Б.Носиров.

 

– «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1997 йилдаги 470-I-сон, бундан кейин – Қонун) 12-моддасига мувофиқ божхона қиймати – божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш мақсадида фойдаланиладиган товар қийматидир. Божхона қиймати ўтказиладиган божхона расмийлаштируви вақтида божхона органига декларант томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда маълум қилинади. Уни аниқлаш тўғри ва ҳужжатлар билан тасдиқланган маълумотларга асосланиши лозим.

Қонуннинг 14-моддасига кўра товарнинг божхона баҳоси устидан назоратни амалга оширишда божхона органи қуйидаги ҳуқуқларга эга: декларант эълон қилган товарнинг божхона қиймати тўғри ёки нотўғрилиги ҳақида қарор қабул қилиш; башарти декларант ўзи фойдаланган маълумотларнинг тўғрилигини тасдиқловчи далилларни тақдим этмаса, товарнинг божхона қийматини аниқлашда декларант фойдаланган усулни қўллаш мумкин эмаслиги ҳақида қарор қабул қилиш.

Декларант эълон қилган товарнинг божхона қиймати тўғри аниқланганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлмаса ёки декларант тақдим этган маълумотларни нотўғри ва (ёки) тўлиқ эмас деб ҳисоблаш учун асослар мавжуд бўлса, божхона органи ўзида бор маълумотларга асосланиб, божхона қийматини аниқлаш усулларини бирин-кетин қўллаган ҳолда декларация берилаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш ҳуқуқига эга.

Божхона органи декларантнинг ёзма сўровига биноан, у эълон қилган товарнинг божхона қиймати божхона органи томонидан қабул қилинмаганлигининг сабаблари кўрсатилган тушунтириш хатини унга тақдим қилиши шарт. Дарвоқе, бу божхоначиларнинг ўз манфаатларига ҳам тўғри келади. Зарурат туғилганда ҳужжатлаштирилган таомил юз берган воқеанинг реал манзарасини тиклашда ёрдам беради.

Импорт қилинаётган товарларнинг божхона баҳосини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган товарларнинг божхона қийматини белгилаш бўйича йўриқнома (ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 13.01.1998 йилда 390-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – Йўриқнома) тартибга солади.

 

2-усул бўйича

Айни бир хил товарлар билан тузилган битим қийматига қараб баҳолаш усулининг (2-усулнинг) қўлланилишида айни бир хил товарлар юзасидан тузилган битим қийматига қараб божхона қийматини белгилаш учун база сифатида қабул қилинади. Баҳоланадиган товарлар билан ҳамма жиҳатларига кўра, шу жумладан, қуйидаги белгилари бўйича бир хилда бўлган товарлар худди шундай товарлар деб тушунилади: физик хусусиятлари; сифати ва бозордаги қадри; қайси мамлакатда ишлаб чиқарилганлиги; ишлаб чиқарувчиси (Қонуннинг 19-моддаси; Йўриқноманинг 4.1-банди). Бундай товарларни кўриб чиқишда агар уларнинг бошқа ҳамма хусусиятлари товарларнинг айнан бир хил товарлар деб эътироф этилиши учун қўйиладиган юқорида санаб ўтилган талабларга мувофиқ келса, унда уларнинг ташқи кўринишидаги унчалик жиддий бўлмаган фарқлар (масалан, рангида, шаклида ва миқдоридаги асосий функционал бўлмаган деталлар) уларни айнан бир хил товарлар сифатида кўриб чиқишни рад қилиш учун асос бўла олмайди (Йўриқноманинг 4.2-банди).

 

Эътибор беринг, агар товар баҳоланаётган товар билан айни бир мамлакатда ишлаб чиқарилмаган бўлса, унда у айнан бир хил товар деб ҳисобланмайди (Йўриқноманинг 4.3-банди).

Йўриқноманинг 4.4-бандига мувофиқ агар товарлар қуйидаги шартларга мувофиқ келса, айни бир хил товарларга доир битим нархи божхона қийматини белгилаш учун база сифатида қабул қилинади: Ўзбекистонга олиб келиш учун сотилган бўлса; баҳоланаётган товарлар билан айни бир вақтда ёки улар олиб келинишига қадар 90 кундан кўп бўлмаган вақтда олиб келинган бўлса. Бундай усулни қўллашда божхона органлари имкони борича баҳоланаётган товарлар билан бир хилдаги тижоратчилик шартлари асосида ва кўпроқ ана шунча миқдорларда сотилишидан фойдаланиши лозим. Бунга ўхшаган сотиш ҳоллари аниқланмаганида айнан бир хил товарларнинг қуйидаги учта шартдан бирига мувофиқ ҳолда сотилиши ҳолидан фойдаланиш мумкин:

бир хилдаги тижоратчилик шартлари асосида, бироқ бошқа миқдорларда сотилиши;

турлича тижоратчилик шартлари асосида, бироқ кўпроқ айни бир хилдаги миқдорларда сотилиши;

турлича тижоратчилик шартлари асосида ва турлича миқдорий омилга кўра сотилиши.

Импорт қилинадиган айнан бир хил товарларга доир битимнинг шу тарзда белгиланган қиймати баҳоланаётган товарлар учун божхона қийматини англатади.

 

Бунда шунга эътибор бериш керакки, бошқа тижорат шартлари (улгуржи, чакана ва бошқа) ва (ёки) миқдорларида сотилган тузатиш киритилганда ушбу фарқлар ҳисобга олиниши керак. Бундай тузатиш қийматнинг кўпайишига ёки камайишига олиб келишидан қатъи назар унинг асосланганлиги ва аниқлигини шубҳасиз даражага етказадиган маълумотлар асосида ўтказилади. Ишлаб чиқарувчининг турли шартлар ва турли миқдорларга тегишли нархларни ўз ичига оладиган амалдаги прейскурантлари объектив далиллар сифатида кўриб чиқилиши мумкин.

Масалан, баҳоланаётган импорт қилинган товарлар 10 та бирликдан иборат гуруҳни ташкил этади, божхона органи ва декларант ихтиёрида мавжуд бўлган айнан бир хил импорт қилинган товарларга доир битимнинг ягона қиймати эса 500 та бирликнинг сотилишига тегишлидир. Бунда шу нарса эътироф этилганки, сотувчи миқдор учун чегирмалар тақдим қилади. Бунда талаб этиладиган тузатиш сотувчи прейскуранти ва 10 та бирликнинг сотилишига доир нархдан фойдаланиш ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Бу товар 10 донадан сотилиши кераклигини англатмайди. Чунки ишончли ҳисобланиши мумкин бўлган прейскурантдаги нарх-наво бошқача миқдорлардаги сотишларга ҳам асосланиб тузилгандир.

Бундай тузатиш декларант томонидан ҳақиқатан ҳам ҳужжатлар асосида тасдиқланган маълумотлар орқали амалга оширилиши лозим. Агар ­2-усул қўлланганда айни бир хил товарлар бўйича битимнинг биттадан ортиқ нархи аниқланса, импорт қилинаётган товарларнинг божхона қийматини белгилаш учун уларнинг энг пасти қўлланади.

 

3-усул бўйича

Бундай объектив мезон бўлмаганида божхона қийматини 2-усулга кўра белгилаб бўлмайди. Бунда ўхшаш товарларга доир битим нархи бўйича божхона қийматини белгилаш усулидан (3-усул) фойдаланилади. Ундан фойдаланилганда 2-усулни қўллашдаги каби қоидалар қўлланилади.

Ўхшаш товарлар деганда, гарчи ҳамма жиҳатларига кўра бир хил бўлмаса-да, лекин бир-бирига ўхшаш хусусиятларга эга ва баҳоланаётган товарлар каби функцияларни бажаришга ва тижорат жиҳатдан бирини бири билан алмашлашга имкон берадиган ўхшаш таркибий қисмлардан иборат бўлган товарлар тушунилади.

Масалан, резина покришкалар бир мамлакатда жойлашган иккита турли ишлаб чиқарувчидан импорт қилинади. Ҳар бир ишлаб чиқарувчи ўз савдо русумларидан фойдаланишига қарамасдан покришкалар бир хилдаги стандартлар, сифатга эга, импорт қилувчи мамлакатнинг автомобиль саноатида бир хилдаги эътибор ва талабга эгадир. Ана шундай маълумотлар асосида қуйидагича хулосалар чиқарилиши мумкин:

● ушбу резина покришкалар турли савдо русумларига эгалиги сабабли улар айни бир хил товарлар сифатида кўриб чиқилиши мумкин эмас;

● иккинчидан, гарчи покришкалари ҳамма жиҳатларига кўра бир хил бўлмаса-да, улар бир-бирига ўхшаш хусусиятларга ва таркибий материалларига эгаки, бу ҳам уларнинг бир хилдаги функцияларни бажаришига имкон беради. Товарларнинг бир хилдаги стандартларни ҳисобга олиб бажарилгани, сифати ва бозордаги қадри жиҳатидан бир хилдалиги боис уларни ўхшаш товарлар сифатида кўриб чиқиш керак бўлади.

Йўриқноманинг 5.3-бандига кўра, декларант 3-усулни қўлланишда ўхшаш товарларнинг имкони борича баҳоланаётган товарлар билан бир хилдаги тижорат шартлари асосида ва тахминан шунчалик миқдордаги сотилишига доир ахборотдан фойдаланиши лозим.

Мабодо декларантда айнан бир хил ва ўхшаш товарларнинг божхона қиймати ҳақидаги ахборот мавжуд бўлмаса, унда баҳолашнинг бошқа усулларига – 4 ёки 5-усулга ўтиш лозим бўлади.

 

 

Ҳужжат тили билан

Декларант қуйидаги ҳуқуқларга эга: божхона органига тақдим этилган, божхона қийматини белгилашда фойдаланилган маълумотларнинг тўғрилигини исботлаш; шунингдек божхона қийматини аниқлаш хусусида божхона органи чиқарган қарор устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш.

«Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддаси.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2633 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика