Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 50 / Атроф муҳит

Шаҳринг озода ва ораста бўлганига нима етсин!

● Чиқиндиларингизни сараланг

● Кўчалардаги ахлат қутиларни асрайлик

● Биоҳожатхоналар қачон пайдо бўлади? 

 

Жорий йилнинг ноябрь ойидан эътиборан Тошкент шаҳар ҳокимлиги бошқармаларининг раҳбарлари журналистлар билан учрашувлар ўтказиб, пойтахтимизда яқин вақтлар ичида амалга ошириладиган ишларга оид ўз режалари ҳақида сўзлаб беришни одат тусига киритдилар. Режалаштириб олинган туркум учрашувларнинг дастлабкиси 25 ноябрь куни бўлиб ўтди (декабрга ҳам брифинглар белгиланган). Учрашувда пойтахт ҳудудларини ободонлаштириш, хусусан ахлатларни олиб чиқиб кетиш, кўкаламзорлаштириш, автомобиль йўлларини таъмирлаш масалалари муҳокама этилди. Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармасининг бошқарувчиси Абдувоҳид Каримов ва «Махсустранс» ишлаб чиқариш бирлашмаси раҳбари Камолиддин Набиев қилинган ишлар ҳақида гапириб ўтдилар, келгуси режаларни ўртоқлашдилар ҳамда журналистларнинг саволларига жавоб бердилар.

 

АХЛАТ БОСИБ КЕТМАСЛИГИ КЕРАК-КУ!

Пойтахтимизга меҳмон бўлиб келган кишилар кўпинча «Тошкент озода шаҳар экан» дейишади. Баъзи туманларнинг аҳолиси бу гапга балким ҳайрон бўлар. Аммо шуни ҳам эътироф этайликки, кейинги йилларда шаҳримиз янада кўркам ва озода бўлиши йўлида кўп иш қилинди. Хусусан, пойтахтнинг турар жой мавзеларида ахлат ташлаш учун янги идишлар ўрнатилмоқда, мавжудлари таъмир этилиб яхшиланмоқда.

Камолиддин Набиев мазкур соҳани ривожлантириш истиқболлари тўғрисида гапирди. Жумладан, Маиший чиқиндиларни саралаш, тўплаш, йиғиш, ташлаш ва ташкилий тартибда олиб чиқиб кетиш қоидалари (Тошкент шаҳар ҳокимининг 7.07.2012 йилдаги 579-сон қарори билан тасдиқланган) жорий этилганлигини айтиб ўтди. Ана шу Қоидаларга кўра, юридик ва жисмоний шахслар чиқиндиларни ҳар хил рангдаги махсус пакет-қопчиқларга сараламоқлари даркор.

15 000 та рангдор контейнер сотиб олиш режалаштирилмоқда. Чиқиндиларнинг ҳар бир тури махсус автомобилларда олиб чиқиб кетиладиган бўлади. Бундай автомобилларни сотиб олиш ҳам назарда тутилган.

Одамлар гавжум жойлардаги ахлат қути ва идишлари сони кўпайтирилади. Абдувоҳид Каримовнинг айтишича, бундай қути ва идишлар ҳар куни бўшатиб ахлати олиб кетилади. Аммо ахлат ташлаш бобида ҳамшаҳарларимиздан лоқайдликка, пала-партишликка йўл қўймаслик талаб этилади. Ахлат идишларини ишдан чиқариб, яроқсиз қилиб қўяётган, уларни ағдариб ичидагилари ўша атрофни «безаши»га йўл қўяётганлар ҳам йўқ эмас. Туман ҳокимликлари ҳам, тошкентликларнинг ўзлари ҳам буни назорат этишлари лозим. Бундай номаъқулчиликларга бепарво бўлмаслик керак, ахир!

 

КЎЧАДАГИ ЗАРУРХОНАЛАР

Матбуот конференциясида... биоҳожатхоналар ҳақида ҳам гап борди. Ер юзидаги кўпгина мамлакатларда ҳамма жойда бундай зарурхоналар мавжудлиги одатий ҳол саналади. Аммо Тошкентда улар ҳозирча кам. Брифинг ташкилотчилари бу йўналишда иш олиб борилаётганлигини айтишди. Тўғри, шаҳримиз кўчаларида ҳожат чиқариладиган «дарчали уйчалар» қачон пайдо бўлиши муддатлари ҳақида ҳеч нарса дейилмади.

Ободонлаштириш соҳаси мутасаддилари билан учрашув иштирокчилари пойтахт кўчаларида ўриндиқлар камлигини ҳам қайд этиб ўтдилар. А.Каримов эса ҳозирги пайтда уларнинг сонини етарли деб ҳисоблайди. Шу йилнинг ўзида 700 та янги ўриндиқ, шу жумладан қимматбаҳо, пишиқ-пухта ўриндиқлар ўрнатилибди. Пойтахт аҳли орасидаги баъзи «қўли қичийдиган»лар энди уларга ўз «санъат»лари, «ҳунар»ларини кўрсатиб, расво қилмасалар бас.

 

ЯШИЛ ЛИБОСГА БУРКАБ

Тошкент туристларга яшил шаҳар бўлиб туюлади, хотираларида шундай сақланиб қолади ҳам. Буни пойтахт ландшафтини яхшилаш, ландшафт дизайнини ривожлантириш борасидаги фаол ишларнинг шарофати дейиш мумкин. 2014 йили шаҳарда 5 млн тупдан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари ўтказилди.

Аммо брифингда соғлом, қуримаган дарахтларни кесиш масаласи ҳам кўтарилди. Тадбир иштирокчилари бу масалани ҳал этиш шаҳар ҳокимлигининг ободонлаштириш бўйича бошқармаси ваколатига кирмаслигини айтишди. Дов-дарахтларни кесиш муаммолари юзасидан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига мурожаат этмоқ керак.

 

Ободонлаштириш соҳаси мутасаддилари билан учрашиб, уларга саволлар берган мухбиримиз Ольга КИРЬЯКОВА бўлди.

Прочитано: 2237 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика