Norma.uz

Нархида келиша олмадилар

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

АЖ (Бош пудратчи) ва МЧЖ (Ёрдамчи пудратчи) 2013 йилнинг октябрида 150 млн сўмлик қурилиш пудрати шартномасини туздилар. Шартнома шартларига кўра, Бош пудратчи шартнома имзолангандан кейин 10 банк иш куни давомида шартнома умумий суммасининг 30%и миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириши, қолган 70%ни Бажарилган ишлар (сарфланган харажатлар) қиймати тўғрисидаги маълумотнома-ҳисоб-китоб имзоланган кундан бошлаб 30 кун ичида тўлаши керак эди. Бош пудратчи шартномада кўрсатилган муддатда 30% миқдоридаги олдиндан тўловни тўлади. Ёрдамчи пудратчи ўз навбатида олдиндан тўлов кунидан бошлаб 180 календарь кун давомида қурилиш-монтаж ишларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажарди. Бироқ ишлар бажариб бўлингандан кейин Бош пудратчи Бажарилган ишлар (сарфланган харажатлар) қиймати тўғрисидаги маълумотнома-ҳисоб-китобни имзолашдан бош тортди ва қолган 70% маблағни ўтказмади, бунда у ишлар ҳажми умумий қийматдан 20%га оширилганлигини рўкач қилди. Бош пудратчи 120 млн сўмликка ўзгартирилиб, тузатиш киритилган Маълумотнома-ҳисоб-китобни Ёрдамчи пудратчининг манзилига жўнатди. Хатни олгач, Ёрдамчи пудратчи қолган 105 млн сўмни тўлашини талаб қилиб Бош пудратчига эътирознома ёзди. Лекин Бош пудратчи эътирозномага жавоб қайтармади, шунинг учун 2014 йилнинг февралида Ёрдамчи пудратчи 105 млн сўмлик асосий қарзни, тўловни кечиктирганлик учун 10,5 млн сўм пеняни, 1,155 млн сўмлик давлат божини ва 7 200 сўм почта харажатларини ундан ундириш тўғрисидаги даъво билан хўжалик судига мурожаат қилди.

Биринчи инстанция хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан Ёрдамчи пудратчининг даъволари қисман қаноатлантирилди. Мазкур иш апелляция ва кассация инстанцияларида кўриб чиқилмаган.

 

ЁРДАМЧИ ПУДРАТЧИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

Ёрдамчи пудратчи ўзининг шартнома мажбуриятларини тўлиқ бажарди ва қурилиш-монтаж ишларини ўз вақтида амалга оширди. Бироқ Бош пудратчи бажарилган ишларга тўлиқ ҳажмда маблағ тўламади. Шунинг учун у пудрат шартномасига мувофиқ 105 млн сўм пеня, шунингдек суд харажатларини тўлаши керак.

 

БОШ ПУДРАТЧИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

Қурилиш пудрати шартномаси бўйича нарх 150 млн сўм деб белгиланиб, қурилиш жараёнида аниқлаштирилиши керак эди. Бош пудратчи шартномада назарда тутилганидек 45 млн сўмлик олдиндан тўловни ўз вақтида амалга оширди. Ёрдамчи пудратчи лойиҳа-смета ҳужжатлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмади ва ишлар қийматини 20%га, яъни 30 млн сўмга ошириб юборди. Шунинг учун АЖ асосий қарз миқдорини 20%га камайтиришни, тегишли тарзда даъвогарга тўланиши лозим бўлган пеня ва суд харажатларини ҳам камайтиришни сўрамоқда.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важлари ҳамда жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама этиб, қонун ҳужжатлари қоидаларини таҳлил этиш асосида қуйидаги фактларни тасдиқлади:

АЖ (Бош пудратчи) ва МЧЖ (Ёрдамчи пудратчи) ўртасида 2013 йил октябрида 150 млн сўмлик қурилиш пудрати шартномаси тузилган;

2) шартнома шартларига кўра, Бош пудратчи шартнома имзолангандан кейин 10 банк иш куни давомида шартнома умумий суммасининг 30%и миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириши, қолган 70%ни Бажарилган ишлар (сарфланган харажатлар) қиймати тўғрисидаги маълумотнома-ҳисоб-китоб имзоланган кундан бошлаб 30 кун ичида тўлаши керак эди;

3) Ёрдамчи пудратчи олдиндан тўлов кунидан бошлаб 180 календарь кун давомида қурилиш-монтаж ишларини бажариши керак эди;

4) Бош пудратчи шартномада кўрсатилган муддатда 30% миқдоридаги олдиндан тўловни тўлади;

5) Ёрдамчи пудратчи қурилиш-монтаж ишларини ўз вақтида бажарди;

6) Бош пудратчи Бажарилган ишлар (сарфланган харажатлар) қиймати тўғрисидаги маълумотнома-ҳисоб-китобни имзолашдан бош тортди ва қолган 70% маблағни ўтказмади, бунда у ишлар ҳажми умумий қийматдан 20%га оширилганлигини рўкач қилди;

7) 2014 йилнинг февралида Ёрдамчи пудратчи 105 млн сўмни (асосий қарз), 10,5 млн сўмни (тўловни кечиктирганлик учун пеня), 1,155 млн сўмни (давлат божи) ва 7 200 сўмни (почта харажатлари) ундириш тўғрисидаги даъво билан хўжалик судига мурожаат қилди.

Бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмининг ҳақиқатдаги қийматини белгилаш мақсадида, Хўжалик процессуал кодекси (кейинги – ўринларда – ХПК) 67-моддасига ҳамда Олий хўжалик суди Пленумининг «Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунини хўжалик судлари амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарорининг (4.03.2002 йилдаги 103-сон, бундан кейин – 103-сон Қарор) 11-бандига асосланиб, хўжалик суди суд-қурилиш ва суд-бухгалтерия экспертизаларини тайинлади. Экспертларнинг хулосаларида бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмининг ҳақиқатдаги қиймати 135 млн сўмни ташкил этиши белгиланди. Тегишли тарзда, даъвогар 150 млн сўмга даъво қилишга, жавобгар эса бажарилган ишлар ҳажмини 20%га, яъни 120 млн сўмгача камайтиришни талаб қилишга ҳақли эмас. Шартномада тўлов ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда Бош пудратчи Ёрдамчи пудратчига ҳар бир кечиктирилган кун учун тўланмаган сумманинг 0,4%и миқдорида, лекин 20%дан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлаши кераклиги назарда тутилган, шунинг учун пеня суммаси ишларнинг ҳақиқатдаги қиймати – 135 млн сўмдан келиб чиқиб белгиланган эди.

Экспертларнинг хулосаларига, шунингдек ишдаги мавжуд материалларга асосланиб ва олдиндан тўлов илгари амалга оширилганлигини ҳисобга олиб, хўжалик суди Бош пудратчидан Ёрдамчи пудратчи фойдасига 90 млн сўмлик асосий қарзни, тўловни кечиктирганлик учун 9 млн сўмни, 1,395 млн сўмлик давлат божини ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш ҳал қилув қарорини чиқарди. ХПК 95-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ даъво талабларининг қисман қаноатлантирилиши муносабати билан 115 500 сўм қийматидаги давлат божи даъвогар зиммасига юклатилди.

 

ЮРИСТНИНГ ШАРҲИ

Фуқаролик кодексининг (кейинги ўринларда – ФК) 666-моддасига мувофиқ қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади. Буюртмачи пудратчининг бажарган иши учун сметада назарда тутилган миқдорда, қонун ёки қурилиш пудрати шартномасида белгиланган муддатда ва тартибда ҳақ тўлайди (ФКнинг 673-моддаси). Шунинг учун асосий қарзни тўлаш бўйича даъво талаблари тўлиқ асослангандир.

Бироқ, бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг ҳақиқатдаги суммасига нисбатан юзага келган низони ҳисобга олиб, хўжалик суди ХПКнинг 67-моддаси ва ОХСнинг 103-сон Қарори 11-бандига асосан суд-қурилиш ва суд-бухгалтерия экспертизаларини тайинлади.

Суд томонидан тайинланган экспертизаларнинг кўрсатишича, бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг ҳақиқатдаги ҳажми шартнома суммасидан 10%га оширилган эди, шунинг учун суд илгари тўланган олдиндан тўловни ҳисобга олган ҳолда ундирилиши керак бўлган суммани тўғри аниқлаган.

ФК 333-моддасининг биринчи қисмига асосан қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради. Мажбуриятларни бажаришнинг усулларидан бири неустойка ҳисобланади. Қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан белгиланган, қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кредиторга тўлаши шарт бўлган пул суммаси неустойка ҳисобланади. Неустойка жарима ёки пеня шаклида бўлади.

Қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган ишда қурилиш пудрати шартномасида ишларга ўз вақтида ҳақ тўланмаганлиги учун Бош пудратчининг ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,4% миқдорида, лекин тўланмаган сумманинг 20%идан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлаши назарда тутилган эди. ФКнинг 326-моддасига мувофиқ суд қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олган ҳолда неустойкани камайтиришга ҳақли. Даъво талаблари қисман қаноатлантирилганлиги муносабати билан, ХПК 95-моддасининг биринчи қисмига биноан суд давлат божи суммасининг бир қисмини даъвога зиммасига юклади.

Шуни таъкидлаш керакки, Бош пудратчи (АЖ)нинг эътирозномага эътибор қаратмаганлиги унинг пеня ва суд харажатлари кўринишидаги қўшимча сарфиётлар қилишига олиб келди. Айни вақтда мазкур масалани судловга қадар иш юритиш тартибида ҳал этса бўларди, яъни шунчаки қурилиш пудрати шартномасига шартнома бўйича ҳисоб-китоб муддатини оширишни назарда тутувчи ўзгартириш керак эди. Бундан ташқари, АЖ ФКда назарда тутилган мажбуриятларни бажариш ёки бажаришни таъминлашнинг усулларини (воз кечиш ҳақи, кафиллик, гаров ва бошқалар) ўзгартириш ҳақида келишиб олиши, қарз олиши ёхуд Ёрдамчи пудратчининг розилиги билан қарзни учинчи шахсларга ўтказиши ёки бошқача ҳал этиши мумкин бўларди.

 

Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 837 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика