Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 48 / Божхона

Қатъиятли бўлинг: қайтар алоқадан фойдаланинг

Божхона постларимиз ишининг баъзи «хусусиятлари» мени ушбу хатни ёзишга ундади. Улар билан нафақат мен, балки ташқи иқтисодий фаолиятнинг бошқа иштирокчилари ҳам тўқнаш келадилар. Бир неча йилдан бери ғалати тамойил кузатилади: баъзи божхоначилар ўз талаблари билан импортчиларни ҳуқуқбузарликлар қилишга мажбур этадилар.

Бу ҳол қандай юз беради? Айтайлик, тадбиркор Хитойда ускуна буюртирди, импорт шартномаси тузди, маблағ ўтказди. Юк ёпиқ контейнерда тегишли ҳужжатлар билан келтирилади, уларда ускунанинг номи, сони ва нархи кўрсатилган. Божхона пости инспектори контейнерни очмасдан, товарларни кўздан кечирмай, ўлчамай, фақат илова қилинган ҳужжатларга асосланиб импортчини декларация топширишга мажбур қилади. Буларнинг ҳаммаси Божхона кодексининг (БК) 100-моддасига зид, унга кўра декларант божхона декларациясини топширгунга қадар божхона назорати остида товарлар ва транспорт воситаларини кўздан кечиришга, божхона органининг рухсати билан намуналар ва нусхалар олишга ҳақли. Бу ерда эса импортчининг БЮД топширмасдан товарларни кўздан кечириш учун божхона омборига юкни олиб чиқиши рад этиляпти. Ахир, Божхона кодексининг 93-моддаси иккинчи хатбошисига кўра, берилган божхона декларацияси юридик аҳамиятга молик фактлардан далолат берувчи ҳужжатга айланади.

Бошқача айтганда, декларация топширгач, импортчи мазкур контейнерда илова қилинган ҳужжатларда кўрсатилган оғирлик ва миқдордаги муайян ускуна келтирилганлиги тўғрисида гувоҳлик беради. Агар олдиндан кўздан кечирмасдан туриб БЮД топширилгандан кейин ускунага хитойлик ҳамкорлар эҳтиёт қисмларни ва (ёки ) биринчи даражали сарфлаш материалларини ҳам юклаб, бироқ уларни илова қилинган ҳужжатда кўрсатмаган бўлишса ва бу ҳол контейнерни очганда маълум бўлса, нима қилиш керак?

Амалиётда бундай вазиятдан чиқишнинг икки йўли бор. Биринчиси – кўздан кечирувчи инспектор билан келишиш. Иккинчиси – инспектор божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги баённомасини расмийлаштиради, бу эса маъмурий (ёки жиноий) иш қўзғатишга олиб келади. Импортчи нотўғри декларациялаш учун ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима билан жазоланади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22722-моддаси), эҳтиёт қисмлар ва сарфлаш материаллари эса давлат фойдасига мусодара қилинади. Контейнерда нималар келтирилганлигини аниқ билмаган импортчи эса божхона органларининг ҳаракатлари туфайли ҳуқуқбузарга айланади.

Агар божхона органлари қатъий қонунга мувофиқ ишлашса, импортчи улар назорати остида контейнерни очган, барча товарларни ўлчаган, ортиқча товарларга чет эллик ҳамкоридан ҳужжатлар олган ва шундан кейингина соф виждон билан келтирилган барча товарларга декларация топширган бўларди.

Ўзбекистоннинг қонунга итоаткор фуқароси сифатида менга давлат органининг бундай позицияси тушунарсиз.

Ўзбекистон тадбиркори.  

 

ДЕКЛАРАНТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

Ҳақиқатан ҳам, Божхона кодексининг (БК) 100-моддасида очиқ-ойдин айтилишича, декларант божхона декларациясини топширгунга қадар божхона назорати остида товарлар ва транспорт воситаларини кўздан кечиришга, божхона органининг рухсати билан намуналар ва нусхалар олишга ҳақли.

Декларант номидан божхона расмийлаштируви бўйича ҳаракатларни содир этувчи шахс (божхона брокери)нинг ҳуқуқлари рўйхати Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис тўғрисидаги низом1 билан белгиланган. Чунончи, хусусан, ўз фаолиятини амалга ошираётганда мутахассис божхона назорати остида товарлар ва транспорт воситаларини кўздан кечириш, уларни тарозида тортиш ва миқдорни бошқача белгилаш, шунингдек божхона органининг рухсати билан товарлардан намуналар ва нусхалар олиш ҳуқуқига эгадир. Дастлабки операцияларни амалга ошираётганда у божхона мақсадлари учун зарур бўлган ҳужжатлар лойиҳалари тузишга, товарлар ва транспорт воситаларини вақтинча сақлаш омборига жойлаштиришга ҳам ҳақли.

 

ВАҚТИНЧА САҚЛАШ

Хатда кўрсатилишича, божхона органлари божхона юк декларациясини топширмасдан товарларни кўздан кечириш учун божхона омборига юкни олиб чиқишида импортчига рад жавоби беряптилар.

БКнинг 24-моддасига кўра олиб кирилган товарлар божхона органига тақдим этилган пайтдан бошлаб чиқаришга рухсат берилгунга қадар танланган режимга мувофиқ божхона омборида бож, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмасдан вақтинча сақланади2. Улар, «Вақтинча сақлаш» божхона режими тўғрисидаги низомга3 кўра, етказиш жойидаги божхона органига тақдим этилган пайтдан бошлаб ва шу боис автоматик равишда вақтинча сақлашда турувчи мақомини оладилар4.

Товарларнинг Ўзбекистон божхона ҳудудига келтирилиши ва етказиб берилиши жойи фақат очиқ ёки ёпиқ турдаги божхона омбори бўлиши мумкин. Унда вақтинча сақлашда турган товарларни божхона органи ходимининг ҳозирлигида товарларга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахс, унинг вакиллари кўздан кечиришлари ва ўлчашлари мумкин. Уларни ўзгармас ҳолатда сақланишини таъминлаш учун улар билан зарур операцияларни, шу жумладан шикастланган ўровни тузатиш, омбор доирасида олиб ўтишни, амалга ошириш мумкин.

БКнинг 24-моддасига мувофиқ товарларни вақтинча сақлаш режимига жойлаштиришда қисқа декларация қўлланилади (БКнинг 87-моддаси).

Божхона юк декларациясига келсак, БКнинг 92-моддасига кўра, у божхона органлари томонидан белгиланган муддатларда топширилади. Бу муддатлар товарлар ва транспорт воситалари кўрсатилган кундан эътиборан 15 кундан ошмаслиги лозим.

 

«ИШОНЧ ТЕЛЕФОН»ИДАН ФОЙДАЛАНИНГ

Давлат божхона қўмитасида 2010 йилдан бери «Ишонч телефони» ишлаб турибди, у божхона органлари ишидаги камчиликларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек божхона соҳасидаги жиноятларни аниқлаш ва йўқ қилиш ишига кўмак бериш учун ташкил этилган. Ҳозирги вақтда «Ишонч телефонлари» ДБҚнинг барча ҳудудий божхона бошқармаларида фаолият кўрсатяпти.

Улар орқали қўнғироқ қилиш ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги, порахўрлик, тамагирлик, божхона хизмати ва унинг постлари мансабдор шахсларининг номуносиб хатти-ҳаракатлари тўғрисида хабар қилишга ҳар бир фуқаро ва ТИФ иштирокчиси ҳақлидир. Ахборот берган шахснинг хавфсизлиги ва сир сақланиши кафолатланади.

«Ишонч телефони» куну тун ишлайди. Мурожаат қилувчи мурожаатнинг моҳиятини баён этиши керак. Божхона органларининг масъул ходими фамилияси, исм-шарифи, лавозимини маълум қилиб, ўзини таништириши шарт. Қўнғироқ қилувчи ўз саволига моҳиятига кўра жавоб олиши мумкин. Бунинг учун ўзини таништириши ва ўз телефон рақами ёки манзилини билдириши лозим.

ДБҚ ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг навбатчи қисмларига келиб тушган барча ахборот (хабарлар, аризалар, шикоятлар, таклифлар ва ҳоказо) журналларда рўйхатдан ўтказилиб, қабул қилиш вақти кўрсатилади ва божхона хизмати раҳбариятига топширилади. Резолюция қабул қилинганидан кейин у ижро этиш учун тегишли бўлинмаларга юборилади. Ҳар бир мурожаат бўйича пухта текширув ўтказилади. Агар божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, божхоначиларнинг ноқонуний ҳаракатлари далиллари тасдиқланса, ушбу мансабдор шахсларга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар кўрилади.

ДБҚ раҳбарияти «Ишонч телефонлари» орқали келиб тушадиган ахборотнинг катта аҳамиятга эгалигини таъкидлайди, зеро у божхона соҳасидаги жиноятларни очишга ёрдам беради, божхона органларидаги порахўрлик, сансалорлик ва бошқа хил суиистеъмолликларни бартараф этишда кўмак беради, божхона назорати ва божхона расмийлаштирувини бузиш далилларига тезкор муносабат билдириш имконини беради.

 

 

Диққат! Агар сизга Ўзбекистон божхона органлари мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари маълум бўлиб қолса, дарҳол customs.uz сайти ёки (0371) 120-76-27 рақамли «Ишонч телефони» орқали Давлат божхона қўмитасига мурожаат қилишингиз мумкин.

Шунингдек ҳудудий божхона бошқармаларининг қуйидаги «Ишонч телефонлари»га ҳам мурожаат қилиш мумкин:

 

Марказий аппарат                             (8371) 120-76-33

Қорақалпоғистон Республикаси      (8361) 224-02-68

Андижон вилояти                             (8374) 226-76-60

Бухоро вилояти                                 (8365) 770-06-30

Жиззах вилояти                                 (8372) 223-31-63

Қашқадарё вилояти                           (8375) 221-05-01

Навоий вилояти                                (8436) 223-08-65

Наманган вилояти                             (8369) 234-33-01

Самарқанд вилояти                           (8366) 234-39-57

Сирдарё вилояти                               (8367) 227-89-45

Сурхондарё вилояти                         (8376) 225-24-51

Тошкент вилояти                               (8371) 120-86-10

Тошкент шаҳри                                  (8371) 120-76-76

Фарғона вилояти                               (8373) 244-67-31

Хоразм вилояти                                 (8362) 226-93-61

«Тошкент АЭРО» ИБК                      (8371) 120-86-30

 

1ДБҚ қарори билан тасдиқланган, АВ томонидан 15.09.2003 йилда 1272-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

2Вақтинча сақлаш божхона расмийлаштируви босқичи сифатида улар божхона органига тақдим этилганидан кейин 3 соат мобайнида товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви якунланган ҳоллардагига қўлланмаслиги мумкин. Бунда товарлар ва транспорт воситалари доимий божхона назорати остида бўлишлари керак.

3ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 17.06.1998 йилда 447-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

4Божхона юк декларациясининг божхона расмийлаштирувини амалга оширадиган божхона пости.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 1071 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика