Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 48 / Бевосита мулоқот

Фойдани қимматли қоғозлар билан тўласа бўладими?

Хусусий корхонанинг (ЯСТ тўловчиси) асосий фаолият тури – улгуржи савдо. Ҳисобот даври натижаларига кўра у соф фойдага эга. Етказиб берувчилар олдидаги қарз боис уни пул маблағлари билан тақсимлашнинг имкони йўқ. Корхона пул мавжуд бўлган даврда уларни қимматли қоғозларга (акцияларга) инвестициялаган. Ҳозирги вақтда корхона муассиси соф фойдани натура ифодасида тақсимлашни хоҳлаб, қимматли қоғозларни юридик шахсдан жисмоний шахсга уларнинг номинал ёки баланс (қолдиқ) қиймати бўйича бермоқчи.

Хусусий корхона соф фойдани мулкдорга қимматли қоғозлар билан тўлаш ҳуқуқига эгами? Бу ҳолда унда қандай солиқ оқибатлари вужудга келади?

О.Дятлова,

МЧЖ бош бухгалтери.


– «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг (11.12.2003 йилдаги 558-II-сон) 15-моддасига кўра хусусий корхона мулкдори хусусий корхонанинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган фойдасидан ўз ихтиёрига кўра фойдаланиш, шунингдек хусусий корхонага тегишли мол-мулкни бошқа шахсга бериш ҳуқуқига эгадир.

Солиқ кодексининг (Кодекс) 22-моддаси мол-мулкни эгалик қилиш, фойдаланиш, тасарруф этиш объектлари бўла оладиган моддий объектлар, шу жумладан пул маблағлари, қимматли қоғозлар, улушлар (пайлар, ҳиссалар) ҳамда номоддий объектлар сифатида талқин этади. Шу тариқа, корхона балансида бўлган акцияларни мулкдорга соф фойдани тўлаш ҳисобига бериш қонунийдир.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий инвестицияси ҳисоби 12-сон БҲМС «Молиявий инвестицияларни ҳисобга олиш»га (МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 16.01.1999 йилда 596-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ юритилади. Ушбу Стандартнинг 22-бандида белгиланишича, инвестицияларни сотишдан тушган маблағ билан баланс қиймати ўртасидаги тафовут харажатлар (брокер ёки дилер хизмати ҳақи) чиқариб ташлангандан сўнг даромад ёки харажат сифатида эътироф этилади.

Агар қисқа муддатли молиявий инвестициялар балансда харид қиймати ёки бозор қийматидан иборат икки қийматнинг энг ками бўйича ҳисобга олинган бўлса, уларни сотиш чоғида даромад ёки зарар сотиш нархи билан харид нархи ўртасида тафовут сифатида аниқланади. Агар инвестиция илгари қайта баҳоланган ёки бозор қиймати бўйича ҳисобга олинган, баланс қийматининг кўпайиши эса қўшимча баҳолаш суммасининг ҳисобига ўтказилган бўлса, у ҳолда хўжалик юритувчи субъект қўшимча баҳолашдан келадиган миқдорни даромад ҳисобига кредитлаш ёки уни тақсимланмаган фойда ҳисобига ўтказишни назарда тутувчи ҳисоб сиёсатини тасдиқлаши лозим.

Ушбу Стандартни қўлланиш натижасида вужудга келадиган солиқ муаммоларини ҳисобга олиш Солиқ кодексига мувофиқ амалга оширилади (12-сон БҲМСнинг 27-банди). Солиқ тўловчининг асосий воситалари ва бошқа мол-мулки чиқиб кетишидан олинадиган даромадлар бошқа даромадларга киради (Кодекс 132-моддасининг 1-банди) ва корхонанинг асосий фаолият тури учун белгиланган ягона солиқ тўлови ставкалари бўйича солиқ солинади (Кодекснинг 353-моддаси).

Эътиборингизни шунга қаратмоқчимизки, агар тарафларнинг бири бўлиб акцияларига корхонангиз эгалик қилаётган акциядорлик жамиятининг аффилланган шахси ҳисобланса ёки ушбу битим натижасида ана шундай шахс бўлиши мумкин бўлса, олдиндан битим тузишга акциядорлик жамиятининг ёзма розилигини олиш лозим («Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда) 9-боби). Бунинг учун сиз режалаштирилаётган битим, шу жумладан унинг иштирокчилари, предмети, тегишли шартноманинг муҳим шартлари тўғрисидаги маълумотларни батафсил кўрсатган ҳолда ёзма билдириш юборишингиз шарт. Акциядорлик жамиятининг ижро органи битимни маъқуллаш (унга рози бўлмаслик) тўғрисида қарор қабул қилиш таомилини ўтказиб, сизни бу ҳақда ёзма хабардор қилиши керак.

Бундан ташқари, монополияга қарши органнинг акцияларни харид қилиш бўйича битимларга доир муайян талаблари мавжуд («Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг (6.01.2012 йилдаги ЎРҚ-319-сон) 17-моддаси). Агар улар сизнинг ҳолатингизга татбиқ этилса, битим тузишга монополияга қарши органнинг розилигини олдиндан олиш лозим.

 

Елена ГУСЕВА,

экспертимиз.

Прочитано: 836 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика