Norma.uz

Қандай ҳолатларда меҳнат шартномалари тўхтатилади?

Меҳнат мажбуриятлари бузилганлигининг қайси ҳолатларини Меҳнат кодекси бир марта қўпол равишда бузиш деб ҳисоблаб, улар содир этилганлиги учун ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин?

Х.Бакиев,

касаба уюшмаси қўмитаси аъзоси.

 

– Меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлик Меҳнат кодексининг (МК) 100-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган бошқа қоидабузарликлар сингари меҳнат мажбуриятларини бузганлиги (бажармаганлиги) учун меҳнат шартномасини тўхтатиш учун асос бўлиши мумкин. МКнинг 100-моддаси иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган асосларнинг қўлланилиш тартиби турличадир. Агар 3-банд бўйича меҳнат мажбуриятларига сурункали риоя қилинмаганлиги ҳолатларидагина меҳнат шартномалари тўхтатилиши мумкин бўлса, 4-банд бўйича ходим агар у қўпол равишда бўлса, меҳнат мажбуриятларини бир марта бузганлиги учун ишдан бўшатилиши мумкин.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида меҳнат вазифаларини қўпол равишда бузиш тушунчаси мавжуд эмас. Ҳар бир муайян меҳнат мажбуриятлари бузилишлари ҳолатларида «қўполлилик» даражасини аниқлаш масаласи содир этилган ҳаракат ва у келтириб чиқарган ёки келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳаракатнинг оғир-енгиллигидан келиб чиқиб ҳал этилади.

Ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишгача олиб келадиган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишлар рўйхати ички меҳнат тартибининг қоидалари билан, яъни корхона томонидан мустақил белгиланади. Бунда иш берувчида ходим бир марта қўпол бузилишга йўл қўйганлигини исботловчи далиллар бўлиши шарт.

Идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилот ички меҳнат тартибининг намунавий қоидаларининг (Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.06.1999 йилда 746-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2.38-бандида қўпол равишда бузишларнинг намунавий рўйхати келтирилган бўлиб, уларни бир марта бузганлик ишдан бўшатишни келтириб чиқариши мумкин. Хусусан, уларга қуйидагилар киритилади:

ижро интизомини бузиш (Президентнинг фармонлари, фармойишлари ва топшириқларида, Ҳукуматнинг қарорлари ва фармойишларида, юқори орган, ҳокимлик ва иш берувчининг қарорларида қўйилган вазифаларни амалга оширишни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда таъминламаганлик);

ишга узрсиз сабаблар билан чиқмаслик (ишда узрсиз сабаблар билан иш куни мобайнида узлуксиз ёки вақти-вақти билан жами ____ соатдан кўпроқ бўлмаганлик);

ишга алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик ёки заҳарвандлик воситаларини истеъмол қилиб келиш, буни гувоҳларнинг кўрсатмалари ёки тиббий хулоса тасдиқлаган бўлса;

иш жойида корхонанинг мол-мулкини ўғирлашни содир этиш, буни гувоҳлар тасдиқлаган бўлса;

тарбиячилик вазифаларини бажараётган ходимнинг мазкур ишда ишлашни давом эттириш мумкин бўлмаган ғайриаҳлоқий иш-ҳаракатни содир этиши;

корхона ходимларининг, шу жумладан, тартиббузарнинг ҳам ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган тарзда хавфсизлик техникасини, ишлаб чиқариш технологиясини қўпол равишда бузиш;

ходим томонидан меҳнат мажбуриятлари бузилиб, Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг ______ баравар ҳажмида моддий зарар етказилиши;

махфийлиги меҳнат шартномасида шарт қилиб қўйилган тижорат сирининг ходим томонидан ошкор қилиниши;

бевосита пул ёки товар бойликларига хизмат кўрсатадиган ходим томонидан айбли хатти-ҳаракатлар содир этилиши, агар бу ҳатти-ҳаракатлар иш берувчи томонидан унга нисбатан ишончнинг йўқолиши учун асос бўлса.

Мазкур рўйхат батафсил эмас. Иш берувчи уни қўллаётганда корхона фаолиятининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда рўйхатни кенгайтиришга ҳақлидир. Рўйхатга киритилган ҳар бир қоидабузарлик, ҳатто ходимда интизомий жазолар мавжуд бўлмаганда ҳам, меҳнат шартномасини тўхтатиш учун мустақил равишда асос бўлиши мумкин.

Юқорида айтиб ўтилган асосларга кўра ишдан бўшатиш ҳолатлари интизомий таъсир чоралари ҳисобланади. Шу боис меҳнат шартномасини тўхтатишда интизомий жазоларни қўллаш муддати ва тартибига риоя қилиниши лозим (МКнинг 25, 100, 101, 102, 110, 151, 181, 182, 246-моддалари).

Агар корхонада ички меҳнат тартиби қоидалари мавжуд бўлмаса, уларни тасдиқлашнинг белгиланган тартиби (МКнинг 174-моддаси) бузилган бўлса ёхуд уларда ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш деб ҳисобланиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлар рўйхати аниқ санаб ўтилмаган бўлса, МК 100-моддаси иккинчи қисмнинг 4-бандига кўра ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинишига йўл қўйилмайди (ОС Пленумининг 17.04.1998 йилдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланиши ҳақида»ги 12-сон Қарорининг 34-банди).

 

Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.

Прочитано: 3408 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика